7-боб. Сайлов кампанияси бошланганлигини эълон қилиш, сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этиши
36-модда. Сайлов кампанияси бошланганлигини эълон қилиш
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови бўйича сайлов кампанияси бошланганлиги уларнинг ваколатлари муддати тугашидан камида уч ой олдин Марказий сайлов комиссияси томонидан оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
LexUZ шарҳи
Қаранг: мазкур Кодекснинг 14-моддаси биринчи, учинчи хатбошлари.
37-модда. Номзодлар кўрсатиш ҳуқуқи
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод, Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод, маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзод кўрсатиш ҳуқуқига сиёсий партиялар эгадир.
LexUZ шарҳи
Қаранг: мазкур Кодекснинг 62, 68-моддалари, Ўзбекистон Республикасининг «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги Қонунининг 12-моддаси биринчи қисми биринчи, тўртинчи хатбошилари.
38-модда. Имзоларни тўплаш тартиби
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ва Қонунчилик палатаси депутатлари сайлови бўйича Марказий сайлов комиссияси томонидан сиёсий партияларга белгиланган намунадаги имзо варақаларининг бланкалари берилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сиёсий партия ўзининг ваколатли вакили рўйхатга олинганлик гувоҳномасини олганидан кейингина сайловчиларнинг имзосини тўплашга ҳақли. Бу санага қадар тўпланган имзолар ҳисобга олинмайди.
LexUZ шарҳи
Қаранг: мазкур Кодекснинг 34-моддаси.
Сайловчилар битта ёки бир нечта сиёсий партияни ёхуд Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни қўллаб-қувватлаб имзо қўйишга ҳақли. Бунда сайловчи ўз фамилиясини, исмини, отасининг исмини, туғилган йилини (ёши ўн саккизда бўлса, қўшимча равишда туғилган куни ва ойини), яшаш жойи манзилини, паспортининг серияси ва тартиб рақамини, шунингдек имзо қўйилган санани кўрсатади. Мазкур маълумотлар қўлда ёзиб киритилади. Имзо варақасига ўз имзосини қўядиган сайловчи тўғрисидаги маълумотлар сайловчининг илтимосига кўра имзо тўплашни амалга ошираётган шахс томонидан киритилиши мумкин.
Имзо варақаси имзони тўплаган шахс томонидан ўз фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилган ҳолда имзоланади, шунингдек тегишли сиёсий партиянинг туман, шаҳар тузилмаси раҳбари томонидан муҳр босиб тасдиқланади.
Сайловчиларнинг имзосини тўплаш иш, хизмат, ўқиш, яшаш жойида, сайловолди тадбирларида, шунингдек ташвиқот юритиш ва имзо тўплаш қонун билан тақиқланмаган бошқа жойларда амалга оширилади. Имзо тўплаётган шахс томонидан сайловчиларни мажбурлаш ва ўзига оғдириб олишнинг ҳар қандай шакли қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.
Имзо тўплаш тамомланганидан сўнг сиёсий партиянинг ваколатли вакили Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича алоҳида-алоҳида қилиб тикилган имзо варақаларини Марказий сайлов комиссиясига топширади.
LexUZ шарҳи
Қаранг: мазкур Кодекснинг 14-моддаси биринчи, ўн тўққизинчи хатбошилари, 34-моддаси биринчи қисми, 63-моддаси иккинчи қисми, 68-моддаси биринчи, учинчи хатбошилари, 69-моддаси биринчи қисми биринчи, тўртинчи хатбошилари.
Do'stlaringiz bilan baham: |