Долзарб мавзу ва кластернинг афзаллиги
Кластер услубини қўллаш, айниқса бир-бири билан боғлиқ булган корхоналар мавжуд ҳудудлар учун катта ахамиятга эга. Кластерлар ҳудудларнинг иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлашда катта рол ўйнайди. Ушбу ёндашув иқтисодий жиҳатдан устувор тармоқлар ва лойиҳаларни аниқлаш имконини беради.
Ҳудудлар иқтисодиётининг ривожланишида кластерли ёндашувнинг асосий афзалликларидан бири – иқтисодий омилларнинг ролини кучайтириш ва маъмурий омилларнинг ролини камайтиришдан иборат. Ҳудудий маъмуриятларнинг роли фақат дастлабки босқичда юқоридир. Масалан, янги кластерларни ташкиллаштиришда, айнан шу ҳудуд манфаатларни ҳисобга олган ҳолда, истиқболли кластерларни танлашда ҳудуд маъмуриятининг роли юқори бўлади. Кейинчалик эса, ҳудудий маъмуриятларнинг роли камайиб боради ва бозор иқтисодиёти қонунлари ва омиллари олдинга планга чиқади. Худуд ҳокимиятларининг роли энг муҳим ва истиқболли кластерларни қўллаб-қувватлаш ва «ўйин қоидалари» ни тартибга солишдан иборат бўлади.
Совет Иттифоқи парчаланиб кетгач, Ўзбекистон пахтачилик соҳасидаги кўплаб ютуқлар билан бир қаторда анча жиддий комплекс муаммоларни ҳам мерос қилиб олди. Уларни ҳал этиш эса кўп вақт ва куч талаб этади. Асосий муаммолар орасида соҳанинг ўта юқори даражада тартибга солингани ва мажбурий меҳнат кабилар алоҳида ажралиб туради. Бир томондан, давлат томонидан соҳанинг юқори даражада тартибга солиниши уни ушбу маҳсулотни етиштиришнинг барча жараёнида имтиёзли кредитлаш, имтиёзли шартларда қишлоқ хўжалиги техникасига ёқилғи етказиб бериш каби кучли қўллаб-қувватлаш имконини беради. Аммо, бошқа томондан, мажбурий меҳнат элементларини мужассам этган «режалаштирилган» ёндашув фермерни пахта етиштиришга бўлган рағбатини сўндиради. Ҳосил йиғим-теримига мажбуран жалб этилган «кўнгиллилар» ҳақида эса гапирмаса ҳам бўлади.
Давлат имтиёзларини сақлаб қолиш билан бир қаторда, кластер услубини жорий этиш соҳанинг тартибга солинганлик даражасини, маҳаллий ҳукуматнинг пахта етиштириш жараёнига аралашувини камайтиради, унга фақат «ўйин қоида»ларини белгиловчи вазифасини юклайди, холос. Кластер азолари якуний натижага жамоавий равишда жавобгар бўладилар. Ҳар бир кластер иштирокчисининг, шу жумладан деҳқоннинг сай-ҳаракати ушбу кооперативнинг якуний даромадини, демак, ҳар бир иштирокчининг даромадини белгилаб беради. Микро даражадаги иқтисодий тизимнинг элементи сифатида фермер харажатларини минималлаштириш ва даромадини максималлаштиришдан манфаатдор. Фермер учун рағбат манбаси ва мажбурий меҳнатни йўқ қилиш чораси мана шунда. Агрокластер – тажриба сифатида
Сирдарё вилоятидаги Ўзбекистон-Британия қўшма корхонаси «Vek cluster» МЧЖ агросаноат соҳасида биринчи кластер сифатида ташкил этилди. Ушбу лойиҳани амалга ошириш доирасида пахта ва бошқа экинларни етиштириш учун 18 минг гектар ер ажратилган. Пахта ва тўқимачилик фаолияти билан бир қаторда, ушбу кластер бошқа қишлоқ хўжалиги экинларни етиштириш, гўшт ва сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда уларни қайта ишлашга ихтисослашган. «Vek cluster» МЧЖ ҚК тузилмасига пахта ва бошқа экинларни етиштириш учун фермер ва деҳқон хўжаликлари, ҳамда қуйидаги фаолиятлар юритадиган корхоналар киради:
пахтани қайта ишлаш;
ёғ-мой маҳсулотлари ишлаб чиқариш;
тўқимачилик корхоналари;
сут, гўшт ва тухум маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларни қайта ишлаш (чорва ва паррандачилик хўжаликлари);
қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш.
Лойиҳанинг умумий қиймати 165 миллион АҚШ долларини ташкил етади.
Сирдарё вилояти хокимияти маъсул давлат органлари билан биргаликда ирригация ва мелиорация тизимларининг мунтазам равишда тозалаб турилишини ва кластернинг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун узлуксиз сув билан таъминлаб беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |