Г. Миқцорий қонунлар даври. XVII асрда кимёнинг асосий вазифаларидан бири табиий минераллар таркиби ва хоссаларини ўрганиш эди. XVIII асрда эса кимёвий элементлар ўзаро хоҳлаган микдорда бирика оладими, ёки улар бир-бири билан бирикишида қандайдир чекланишлар борми? деган муаммони ҳал этиш кимё фани учун асосий масала бўлиб қолди. Бу муаммони ҳал этишда бошланғич моддалар ва маҳсулотлар орасидаги миқдорий нисбатларни ўрганиш, илгари олинган маълумотларни қайта кўриб чиқишга ва Ж. Пруст билан К. Бертолле орасидаги кўп йиллик мунозарани Пруст фойдасига ҳал этилишига ва таркибнинг доимийлик қонунини таъриф этилишига олиб келди, А. Л. Лавуазьенинг кислород назарияси ҳамда таркибнинг доимийлик қонуни XIX аср бошланишида тараққий этган кимёвий таҳлил имкониятлари бошланғич моддалар билан бир қаторда маҳсулотлар таркибини мукаммал ўрганишни, минераллар таркибини чуқур билишни, янги элементлар кашф этишни, уларнинг хоссаларини чуқур ўрганиш каби муҳим амалий ишларни ривожлантиришга сабаб бўлди. Бундай изчил йўналишга эга бўлган изланишлар натижасида муҳим маълумотлар тўпланди, анорганик моддалар турлари ва синфларга бўлиш усуллари шаклланди.
XIX аср бошларида Ж. Дальтоннинг кимёвий атомистикаси, А. Авогадронинг молекуляр назарияси, атом-молекуляр назариянинг ривожланиши ва унинг тантанаси юзага чиқадиган давр бошланди. Бу даврда валентлик ва кимёвий боғланиш ҳақидаги таълимот юзага келди. Авогадронинг атом-молекуляр фарази яратилди, атом массаларни аниқлашга қаратилган тадқиқотлар амалга оширила бошланди. Канниццаронинг атом ислоҳоти амалга ошди ва пировардида, «атом», «молекула», «эквивалент» каби тушунчалар аниқ маъно касб этишига йўл очилди.
Кимёвий элементлар ҳақидаги илмий асослар, уларнинг атом-молекуляр назарияси билан биргаликда кимёвий бирикмалар ҳақидаги билимларнинг кенгтарқалиши, улар асосида эса, даврий қонун яратилишига замин тайёрланди. А. М. Бутлеровнинг (1861 йил) органик бирикмаларнинг кимёвий тузилиш назарияси ва Д. И. Менделеевнинг (1869 йил) кимёвий элементларнинг даврий қонунини ва даврий системасининг кашф этилиши кимёнинг назарий асосларини чуқурлаштирди.
Кимёнинг фан сифатида мураккаб ва баъзан бир-бирига зид бўлган йўлларда ривожланиш жараёни кўпчилик муҳим назарий муаммоларни ҳал этиш, вужудга келган янги назарияларда учрайдиган нотўлиқлик ва чекланишларни бартараф қилиш учун зарур бўлган тортишувларни келтириб чиқарган бўлсада, халқаро илмий тортишув прогрессив жараён бўлиб, у XX асрнинг ўрталарига қадар ўз моҳиятини сақлаб қолди. Ҳозирги кунда ҳам илмий журналларда фаннинг баъзи масалаларини муҳокама этиш, ҳар бир мамлакат ва халқаро миқёсда ўтказиладиган илмий анжуман ва симпозиумлар назарияни амалиётга таянган ҳолда бойитиш вазифасини бажаради.
Do'stlaringiz bilan baham: |