Тарбиячи: Болажонлар, мана ўтлоққа ҳам чиқдик. Ўтлоқда ҳайвонлар тушлик қилишмоқда. Даврадаги олмахонда 1 та ёнғоқ, айиқда-чи 1 та асалли кўза, типратиконда 1 та олма, қуёнчада эса нимагадир ҳеч нарса йўқ. Болажонлар, қуёнча нима ейишни яхши кўради? Тўғри, болажонлар, қуёнча сабзи ейишни яхши кўради, шу сабабли қуёнчага 1 та сабзи чизиб берамиз. Қани қаламларни ишга солинг, қуёнчани хурсанд қилинг. Сўнг ҳайвонларни санаб чиқинг. Нечта экан? (4 та). Ўтлоқдаги ҳайвонлар ичида энг каттаси қайси ҳайвон? Энг кичкинаси-чи?
Болалар фаолияти.
Тарбиячи: Болажонлар, мана бу дарахт шохидаги олмахонларни санангчи улар нечта экан. (5 та) Олмахонларнинг ҳар бирида нечтадан ёнғоқ бор? (1 тадан) Ҳамма олмахонда нечта ёнғоқ бор? Қани болажонлар, ёнғоқларни санаб чиқамиз. Ёнғоқлар нечта экан? (5 та).
Тарбиячи: Болажонлар, ўрмонда шундай чиройли кўл бор экан—а! Кўлда нечта оққушлар сузиб юришибди. Қани санаб кўрингларчи. (6 та) Энди йўлда давом этамиз.
Тарбиячи: Болажонлар, қаранглар, 100 ёшга кирган дарахт ёнидан чиқиб қолдик. Унинг тагида қўзиқоринлар ўсади. Дарахтнинг ўнг томонидаги 6 та қўзиқорин кўриниб турибди-ю, чап томонидаги 1 та қўзиқорин кўринмай турибди. Сиз ўзингиз дарахтнинг чап томонига 1 та қўзиқорин чизиб қўя қолинг. Энди санаб чиқинг, жами қўзиқоринлар нечта бўлди? (7 та).
Тарбиячи: Дарахтда 8 та чумчуқ бор эди. “Пир” этиб ҳаммаси учиб кетди. Лекин расмдагидек,-осмонда уларнинг еттитаси кўринди. Жами 8 та бўлиши учун нечта қуш чизишингиз керак? (1 та) Энди ҳаммасини сананг, нечта бўлди? (8 та).
Болалар фаолияти.
Тетиклаштирувчи машқ.
Тарбиячи: Қушлар осмонда мазза қилиб учади, тўғрими, болажонлар? Ҳаммамиз ўрнимиздан турамиз. Қўлларимизни 2 томонга ёйиб, худди қушларнинг қанотидек силкитамиз. Калламизни ўнгга, чапга бурамиз, яна қўлларимизни силкитамиз.
Энди ўтириб яна ўрмондаги саёҳатимизни давом эттирамиз.
Болажонлар, қаранглар қандай чиройли гуллар. Қанча гуллар очилиб турибди? (8 та) Гуллар 9 та бўлиши учун яна нечта гул чизишимиз керак? Тўғри, 1 та гулни чизинглар ва очилиб турган гуллар 9 та бўлсин.
Тарбиячи: Болажонлар, қаранглар, бу олма дарахти-ку!
Зап олмалар пишибди,
1 таси ерга тушибди,
9 таси шохда-ширин
Териб енг бирин-кетин!
Ҳаммаси, айтинг нечта?
12 та дейсизми? Ҳеч-да... (10 та)
Дарахтда нечта олма бор экан? (9 та)
Энди, ерга тушган олмани чизинг. Жами 10 та олма бўлсин.
Тарбиячи: Болажонлар, чизган расмларингизни бўяб чиқинг. Мен ҳозир расмларингизни кўриб чиқаман. Болажонлар, ҳаммаларингиз жуда яхши расмлар чизибсизлар, баракалла. Расмларни “Ижодий ишлар” бурчагига илиб қўямиз.
Болалар билимини текшириш ва мустаҳкамлаш учун саволлар:
1. Қўзичоқ неча боғ беда еди?
2. Кўлда нечта оққуш сузаётган экан?
3. Дарахт шохида олмахонлар нечта эди?
4. Дарахт шохида нечта олма бор эди? Нечта олма ерга тушган эди?
5. Нечта қушнинг расмини чиздингиз? Ҳамма қушлар нечта бўлди?
6. Нечта гул очилиб турган эди? Сиз яна нечта гул чиздингиз?
7. Жами олмалар нечта бўлди?
8. Сизга расмли топшириқлар ёқдими?
Машғулот охирида барча болаларни рағбатлантириш.
2- МАШҒУЛОТ
Геометрик шакллар
Мавзу: Квадрат ва тўғри тўртбурчак шаклларини фарқлашга доир машқлар
Мақсад:
Болаларга квадрат ва тўғри тўртбурчак шаклларини фарқлашни ўргатиш.
Кутилаётган натижалар:
Болаларнинг квадрат ва тўғри тўртбурчак шаклларининг ўхшаш ҳамда фарқли жиҳатлари ҳақидаги билимлари мустаҳкамланади.
Керакли жиҳозлар:
Квадрат (бўйи 8 см, эни 8 см) ва тўғри тўртбурчак шакллари (бўйи 5 см, эни 8 см).
Квадрат ва тўғри тўртбурчаклар тасвирланган карточкалар (ўлчами: бўйи 6 см, эни 10 см).
Қоғоз варағидан квадрат ва тўғри тўртбурчак шакллари Тарқатма жиҳозлар ҳар бир болага алоҳида берилади.
Машғулотнинг бориши:
Тарбиячи: Болажонлар, агар эътибор берган бўлсангиз баъзи геометрик шакллар ўхшаш, шу билан бирга уларнинг фарқли жиҳатлари ҳам бор. Бу шакллар нима деб аталади?
Болалар: Тўғри тўртбурчак ва квадрат.
Тарбиячи: Биз квадрат билан тўғри тўртбурчакни таққослаб, улар нимаси билан ўхшаш ва нимаси билан фарқ қилишини билиб оламиз. Болалар қўлингизга квадратни олинг ва унинг четидан бармоқ юритиб чиқинг. Квадратда нималар бор? (Болалар квадратнинг томонлари ва бурчакларини топишади ҳамда кўрсатишади.)
Тарбиячи: Энди тўғри тўртбурчакни қўлингизга олинг ва унинг атрофидан бармоқ юритиб чиқинг. Тўғри тўртбурчакда нималар бор? Тўғри тўртбурчакда ва квадратда нечтадан томон ва нечтадан бурчак бор?
Болалар томон ва бурчакларни санаб чиқадилар.
Тарбиячи: Квадрат ва тўғри тўртбурчакда бурчаклар сони тенгми?
Болаларнинг жавоби.
Тарбиячи: Квадрат ва тўғри тўртбурчакнинг томонлари нечтадан?
Болаларнинг жавоби.
Тарбиячи: Квадрат ва тўғри тўртбурчак томонларининг узунлиги ҳақида нима дейиш мумкин? Уларнинг томонларини қандай ўлчаш мумкин? Квадрат ва тўғри тўртбурчакни устма-уст қўйиб ўлчаймиз. Уларнинг томонлари тенг эканми? Болажонлар, квадрат билан тўғри тўртбурчакнинг фарқини билиб олдик. Демак, квадратнинг ҳамма томонлари тенг экан. Тўғри тўртбурчакнинг қарама-қарши томонлари тенг бўлиб, икки томони узун, икки томони калта экан.
Болажонлар, ҳаммамиз қўлимизга квадрат шаклидаги сариқ рангли қоғоз варағини оламиз ва уни тўғри тўртбурчак шаклига келтириш учун бир томонидан озгинасини қўлимизда йиртиб ташлаймиз. Квадратимиз тўғри тўртбурчак шаклига айланди.
Энди тўғри тўртбурчак шаклидаги қизил рангли қоғоз варағини оламиз ва уни квадрат шаклига келтириш учун аввал бир томонидан иккинчи томонга тенг қилиб ўлчаймиз, бунда иккита тенг учбурчаклар ҳосил бўлади. Мана шу учбурчаклардан ортган жойини чизиб оламиз. Кейин чизилган жойидан қайириб белгилаб оламиз. Белгилаб олган чизиғимиздан йиртиб олиб ташласак тўғри тўртбурчагимиз квадрат шаклига айланади.
Болалар учун амалий иш.
Карточкалар билан ишлаш:
1. Тўғри тўртбурчакларни чизиқлар ёрдамида бирлаштириб чиқинг.
2. Квадратларни чизиқлар ёрдамида бирлаштириб чиқинг.
3. Нечта квадрат борлигини сананг ва квадрат ичига шунча нуқта қўйинг.
4. Нечта тўғри тўртбурчак борлигини сананг ва тўртбурчак ичига шунча нуқта қўйинг.
4. Ёнингиздаги ўртоғингизнинг ишини кўриб чиқинг ва тўғри бажарган бўлса квадрат, нотўғри бажарган бўлса тўртбурчак расмини чизинг.
Билимларни мустаҳкамлаш учун ўйин: “Пост” лар қўйиш.
Болалар кетма-кет туриб туриб марш қилиб юрадилар. Командир олдинда боради. Командир (қарсак чалиб) сигнал берганда охирги кетаётган бола дарҳол тўхтаб, қимирламай постда туради, қолганлари юришда давом этади. Мана шундай қилиб командир ҳамма болаларни ўзи белгиланган тартибда постга қўйиб чиқади, натижада бирор геометрик шакл ҳосил бўлади (катта ва кичик квадрат, катта ва кичик тўртбурчак, учбурчак, доира ва ҳоказо). Сўнг болалардан улар қандай шаклни ясаганликлари сўралади. Кейин янги командир сайланади ва ҳар бир бола командир бўлгунига қадар ўйин давом этади.
Ўйин болаларни тинчлантиради ва уюшқоқликни таъминлайди. Болаларнинг геометрик шакллар тўғрисидаги тасаввурлари мустаҳкамланади.
Болаларнинг билимини ошириш ва мустаҳкамлаш учун саволлар:
1. Квадрат ва тўғри тўртбурчакнинг қандай ўхшаш жиҳатлари бор?
2. Квадрат ва тўғри тўртбурчакнинг қандай фарқли жиҳатлари бор?
3. Квадратни тўғри тўртбурчак шаклига келтириш учун нима қилиш
керак?
4. Тўғри тўртбурчакни квадрат шаклига келтириш учун нима қилиш
керак?
5. Сизга қайси шакл ёқади квадратми ёки тўғри тўртбурчак?
Машғулот якунида болаларни рағбатлантириш.
3- МАШҒУЛОТ
Миқдор (Катталик)
Мавзу: 10 гача бўлган нарсаларни баланд-паст, узун-қисқалигига кўра жойлаштириш
Мақсад:
Болаларга 10 гача бўлган нарсаларни баланд-паст, узун-қисқалигига кўра жойлаштиришни ўргатиш.
Кутилаётган натижалар:
Болалар 10 гача бўлган нарсаларни ўлчамига кўра тартиблаштиришни ўрганадилар.
Болаларда 10 гача бўлган нарсаларнинг ўлчамига кўра ортиб ва камайиб бориши ҳақида тушунча ҳосил бўлади.
Узун, узунроқ, қисқа, қисқароқ сўзларини нутқда тўғри қўллашни ўрганадилар.
Керакли жиҳозлар:
Турли ўлчамда 10 та ўйинчоқ.
Турли узунликда 10 та лента.
Нуқталар қўйилган карточкалар (ҳар бир болага), карточкаларнинг ўлчами: бўйи 6 см, эни 10 см.
Машғулотнинг бориши:
Тарбиячи: Болажонлар, ўйинчоқларимизни янада чиройли қилиш учун, уларга бозордан ленталар сотиб олиб келдим. Ҳозир сизлар билан қайси лента-қайси ўйинчоқга тўғри келишини аниқлаймиз ва ўйинчоқларга ленталарни тақиб қўямиз. Бунинг учун ўйинчоқларимизни бўйининг баландлигига қараб териб чиқамиз. Қани болажонлар, айиқча, тойчоқ, хўроз, қўзичоқ, улоқча, қўғирчоқ, жўжа, чумчуқ, олмахон ва кучукчаларни олиб бўйига қараб бир қаторга териб чиқинг.
Болажонлар, кўриб турганингиздек ўйинчоқларимизнинг бирига узун, бирига калтароқ, яна бирига калта лента керак. Ленталаримиз ҳам ҳар хил узунликда. Бу ленталарнинг қайси бири, қайси ўйинчоғимизга тўғри келишини қандай аниқлашимиз мумкин? Тўғри, ленталарни ҳам ўлчаб узундан қисқасигача териб чиқасизлар.
Болалар ленталарни бир-бири билан ўлчаб тахлаб чиқадилар.
Болажонлар, узун лентадан калта лентагача ленталарнинг узунлиги қисқариб боради.
Калта лентадан узун лентагача, ленталарнинг узунлиги ортиб боради.
Энг узун лентамиз нечанчи ўринда турибди?
Энг калта лента нечанчи ўринда турибди?
Болажонлар, эътибор берган бўлсангиз ленталарнинг ранглари ҳам ҳар хил. 1-турган энг калта лента тўқ сариқ рангда, 2-лента сариқ рангда, 3-лента кулранг, 4-лента оқ рангда, 5-лента яшил рангда, 6-лента кўк рангда, 7-лента бинафша ранг, 8-лента жигарранг, 9-лента қора рангда, 10-лента қизил рангда.
-Оқ рангдаги лента нечанчи ўринда турибди?
-Кўк лента нечанчи ўринда турибди?
-Жигариранг лента нечанчи ўринда турибди?
-Яшил рангдаги лента нечанчи ўринда турибди?
Болажонлар, энди иккитадан бўлиб ўйинчоқларга ленталарни чиройли қилиб тақиб қўйинг. Ўйинчоқларимизга ленталари ярашдими? Жуда яхши баракалла болалар.
Болалар учун амалий иш.
1-топшириқ.
Тарбиячи: Болажонлар, ушбу карточкада нуқталар берилган. Нуқталарни бир-бири билан горизонтал ҳолда туташтиринг ва энг узун чизиқ нечанчи ўринда эканлигини, энг қисқа чизиқ нечанчи ўринда эканлигини аниқланг. Энг узундан калтароғи нечанчи ўринда турибди? Энг калтадан узунроғи нечанчи ўринда турибди?
-
. .
. .
. .
. .
. .
. .
. .
. .
. .
. .
|
Тетиклаштирувчи машқ.
Тарбиячи: Болажонлар, ленталар ичидан ўзимизга ёққанини танлаб оламиз ва давра бўлиб туриб оламиз. Лента ёрдамида машқ бажарамиз. Лента билан машқни ким бажартиришни хоҳлайди? Марҳамат, ўртага чиқиб кўрсатади, биз бажарамиз.
2-топшириқ.
Рангли қаламларнинг рангларини тўғри бўяб чиқинг:
1. Энг узун қалам кўк рангда.
2. Энг узун қаламдан калтароғи сариқ рангда.
3. Энг калта қалам яшил рангда.
Бошқа қаламларни ўзингиз хоҳлаган рангга бўянг.
Болалар билимини текшириш ва мустаҳкамлаш учун саволлар:
1. Бўйи энг баланд ўйинчоғимиз қайси ўйинчоқ?
2. Энг баланд ўйинчоғимизга ленталар ичидан энг узунини тақдикми ёки калтароғиними?
3. Энг калта лентани қайси ўйинчоққа тақдик?
4. Энг узунидан калтароғини қайси ўйинчоққа тақдик?
5. Энг узун қалам қандай рангда?
6. Энг калта қалам қандай рангда?
Машғулот якунида болаларни рағбатлантириш.
4- МАШҒУЛОТ
Фазовий тасаввур
Мавзу: Фазовий тасаввурларни мустаҳкамлаш (ўнг- чап, олдинда- орқада, узоқда- яқинда)
Мақсад:
Болаларнинг ўнг-чап, юқорига-пастга, олдинга-орқага, узоқда-яқинда каби фазовий тасаввурларини мустаҳкамлаш.
Кутилаётган натижалар:
Болалар фазодаги ўзининг ва атрофидаги нарсаларнинг жойлашишини тўғри аниқлашни ўрганадилар.
Болалар ўнгда, чапда, олдинда, орқада сўзларини нутқда тўғри ифодалашни ўрганадилар.
Керакли жиҳозлар:
Турли ўйинчоқлар.
Юлдузчалар.
Варраклар тасвирланган тугалланмаган расмлар (қоғоз ўлчами бўйи 8 см, эни 15 см).
Машғулотнинг бориши:
Тарбиячи: Болажонлар, биз сизлар билан олдин ҳам ўнг-чап, юқори-паст, олдин-орқа, узоқ-яқин ҳақида гаплашганмиз. Бугун сизларнинг билимларингиз қанчалигини билиб оламиз. Менинг столимга турли ўйинчоқлар қўйилган-кучукча, мушук, сигир, бузоқча, қўй, қўзичоқ, эчки, қуён, от, тойчоқ. Болажонлар, келиб стол устидаги ҳайвонларга яхшилаб эътибор беринг ва саволларга жавоб беринг:
-Сигирнинг ёнида нима турибди?
-Мушукдан чапда нима турибди?
-Қўйнинг ўнг томонида нима турибди?
-Мушукнинг ёнида қайси ҳайвон турибди?
-Мушукдан узоқда қайси ҳайвон турибди?...
Тарбиячи ўйинчоқларни бир-бирининг орқасида турадиган қилиб аралаштириб қўяди ва сўрайди:
-Қайси ҳайвон биринчи кетмоқда?
-Сигир қайси ҳайвондан кейин кетмоқда?
-Қўйдан олдин қайси ҳайвон кетаяпти?...
Болалар тескари қараб турадилар. Тарбиячи ўйинчоқлардан бирини олиб қўяди ва қайси ўйинчоқнинг олдидаги ҳайвон олинганини айтишни сўрайди:
-Болажонлар, қайси ҳайвоннинг олдидаги ҳайвонни олиб қўйдим?
-Болажонлар, қайси ҳайвондан кейинги ҳайвонни олиб қўйдим?
Болалар учун амалий иш.
Тарбиячи: Болажонлар, булар сиз севиб ўйнайдиган варраклардир. Варраклар нечта? Варракларнинг ўнг томонини бошқа рангга, чап томонини бошқа рангга бўянг.
Биринчи варракнинг “думи”да нечта учбурчаклар бор?
Учинчи варракнинг “думи”да учбурчаклар нечта?
Иккинчи варракнинг “думи”да нечта учбурчак бор?
Варраклар қайси шаклга ўхшайди?
Тетиклаштирувчи машқ.
Тарбиячи: Болажонлар, энди ўрнимиздан туриб машқ бажарамиз.
Бу машқда пиктограмма усулида томонлар шартли белгилар билан белгилаб олинади ва мусиқа остида кўрсатилган белги бўйича ҳаракат қилинади. Қайси белгида қандай ҳаракатни бажариш олдиндан ўргатилади.
- Олдинга - Чапга
- Орқага - Ўнгга
Олдинга белгиси кўрсатилганда олдинга 1 қадам, орқага белгиси кўрсатилганда орқага 1 қадам юрилади. Чапга, ўнгга белгисига 1 қадам чапга ва ўнгга юрадилар.Тарбиячи болаларга “Сизнинг олдингизда нималар ва кимлар бор?” деб мурожаат қилади. Бир бола олдида стул, бошқаси- олдида стол, учинчиси-Мафтуна, тўртинчиси-Жамолбек борлигини айтади. Тарбиячи 3-4 боланинг жавобини эшитгач, “Сизнинг чап томонингизда нималар ва кимлар бор?”, деб сўрайди. Тарбиячи сўраган болалар ўзларининг чап томонида турган турли предметларни бошқа ўртоқларини такрорламай айтиб берадилар. Болаларга ҳар бир тўғри жавоб учун юлдузча берилади. Ўйин охирида олинган юлдузчалар санаб чиқилади ва ғолиблар аниқланади.
Болалар билимини ошириш ва мустаҳкамлаш учун саволлар:
1. Қайси қўлингиз чап?
2. Ўнг қўлингизни кўрсатинг?
3. Сизнинг олдингизда ким ўтирибди?
4. Орқангизда ким ўтирибди?
5. Ёнингизда ким ўтирибди? Сиздан энг узоқда ўтирган ўртоғингизнинг исми нима?
Машғулот якунида болаларни рағбатлантириш.
5- МАШҒУЛОТ
Вақт ҳақида тасаввур
Мавзу: Сутка қисмлари-эрталаб, кундузи, кечқурун, тун каби тушунчаларни мустаҳкамлаш
Мақсад:
Болаларнинг вақт ҳақидаги тушунчаларини мустаҳкамлаш.
Кутилаётган натижалар:
Болаларнинг сутка қисмлари ҳақидаги тушунчалари кенгаяди.
Болалар нутқда сутка қисмлари: эрталаб, кундузи, кечқурун, тун сўзларини маъносини тушунган ҳолда тўғри қўллайдилар.
Керакли жиҳозлар:
Сутка қисмларини тасвирловчи рангли қоғозлар (ўлчами: бўйи 10 см, эни 10 см).
Сутка қисмларини тасвирлаш учун доира (диаметри 12 см).
Сутка қисмлари тасвирланган суратлар (бўйи 8 см, эни 8 см).
Машғулотнинг бориши:
Тарбиячи: Болажонлар, бизлар эрталаб, кундузи, кечқурун ҳақида сизлар билан олдин ҳам гаплашганмиз.
Шунинг учун ҳозирги саволларимга қийналмай жавоб берасизлар. Мана менинг қўлимда 3 хил - оч пушти ранг, сариқ ва тўқ кўк рангдаги қоғозлар.
1. Оч пушти ранг куннинг қайси вақтида ўхшайди?
(Эрталабга).
2. Кўк ранг куннинг қайси вақтига ўхшайди?
(Кечқурунга).
3. Сариқ ранг куннинг қайси вақтига ўхшайди?
(Кундузга).
4. Болажонлар, мана бу қора рангни қайси вақтга
ўхшатиш мумкин? (Болаларнинг жавоби)
Тарбиячи: Тўғри тунга ўхшайди. Болажонлар, биз ҳозир эрталаб, кундузи, кечқурун ва тун ҳақида гаплашдик. Эрталаб, кундузи, кечқурун ва тун- ҳаммаси биргаликда 1 суткани ҳосил қилади. Ҳозирги гапимда сизларга нотаниш бўлган қандай сўзни ишлатдим? Тўғри, сутка сўзини ишлатдим. Эрталаб, кундузи, кечқурун ва тун-булар сутканинг қисмлари экан. Сутка ҳар доим шу қисмлардан иборат. Эрталабдан кейин кундуз келади, кундуздан кейин кечқурун, кечқурундан кейин тун, тундан кейин эрталаб келади.
Болалар учун амалий иш.
Т арбиячи: Болажонлар, “Сутка қисмлари” деб номланган доирани 4 та қисмини сутка қисмларига мос рангларга бўянг.
Эрталаб Кундузи
Тун Кечқурун
Болалар ишни тугатганларидан сўнг, тарбиячи улардан ўз расмларини кўрсатиб сутка қисмларидан қайсини қандай рангга бўяганлигини айтиб беришни сўрайди.
Тетиклаштирувчи машқ
Тарбиячи: Болажонлар, ҳозир сизлар билан “Сутка” ўйинини ўйнаймиз. Мен “Кун” десам турасиз, “Тун” десам ўтириб кўзларингизни юмасиз, “Эрталаб” десам туриб, ювиниш ҳаракатини бажарасиз, “Кечқурун” десам рақсга тушасиз.
Билимларни мустаҳкамлаш учун ўйин: “Тўғри жойлаштир”.
Болалар ёнига Билмасвой келади. Болалар билан саломлашади. Тарбиячи нега у ғамгин эканлигини сўрайди. Билмасвой расмлар олиб келганини, болаларга тартиби билан: сутка қисмларини кўрсатмоқчи эканини, аммо ҳаммасини аралаштириб юборганини, уларни тўғри жойлаштира олмаётганини айтади. Тарбиячи расмларни тартибга солишда Билмасвойга ёрдам беришни таклиф қилади. Болалардан расмларни қандай жойлаштириш кераклигини сўрайди.
Сутка қисмлари тасвирланган расмлар тўплами ичидан болалар бир суткага тегишли қисмларни тартиб билан йиғадилар.
Тарбиячи болаларнинг жуда ақлли эканлигини таъкидлаб, сутка қисмлари кетма-кетлигини уларнинг исталганидан бошлаб тартиб билан қўйиб тушунтириб бера олишини айтади. Болалар Билмасвойга ўргатиш мақсадида сутка қисмларини исталган вақтидан бошлаб йиғиб тушунтириб берадилар.
Болалар билимини текшириш ва мустаҳкамлаш учун саволлар:
1. Эрталаб, кундузи, кечқурун ва тунни биргаликда қандай аташимиз мумкин?
2. Бир сутка қандай қисмлардан ташкил топади?
3. Бир сутка давомида қандай ишларни қилиш мумкин?
4. Кундуздан кейин сутканинг қайси вақти келади?
5. Тундан кейин сутканинг қайси вақти келади?
Машғулот якунида болаларни рағбатлантириш.
6- МАШҒУЛОТ
Сон ва саноқ
Мавзу: 10 дан 1 гача тескари санашни ўргатиш
Мақсад:
Болаларда 10 дан 1 гача тескари санай олиш кўникмасини ҳосил қилиш.
Кутилаётган натижалар:
Болаларнинг 1 дан 10 гача тўғри ва 10 дан 1 гача тескари санаш кўникмалари мустаҳкамланади.
Болаларда мустақил фикрлаш, ижодкорлик қобилиятлари ривожланади.
Керакли жиҳозлар:
Саноқ чўплари 10 та.
Амалий иш учун расм (бўйи 25 см, эни 20 см), қалам.
Машғулотнинг бориши:
Тарбиячи: Болажонлар, ҳаммамиз қўлларимизда нечта бармоқлар борлигини биламиз-а. Нечта? Келинглар, яна бир санаб кўрамиз: 1, 2, 3, 4, 5, 6,7, 8, 9, 10. Бармоқларимиз 10 та экан. Энди 10 та саноқ чўпларини санаб қўйиб чиқамиз. Бу санашимиз тўғри санаш дейилади. Сонларни 10 дан бошлаб 1 гача ҳам санаш мумкин. Бундай санаш тескари санаш дейилади. Саноқ чўпларини 10 дан 1 гача тескари санаб чиқамиз. 10, 9, 8, 7, 6, 5, 4, 3, 2, 1.
Болалар тўғри санашни ўрганиб олгансизлар, тўғрими? Тескари санашни ҳам ўрганиб олиш мумкин. Рақамлар ёрдамида ҳам тескари саноқни ўрганиш мумкин:
10, 9, 8, 7, 6, 5, 4, 3, 2, 1.
Келинглар, энди бармоқларимиз ёрдамида тескари санашни ўрганамиз. (Болалар билан бармоқлар ёрдамида тескари санаш машқ қилинади, бир неча марта).
Болалар учун амалий иш.
Тарбиячи: Болажонлар, ушбу расмда қандай шакллар тасвирланган? Расмларда нечта кубик, доира, квадрат, учбурчак ва тўртбурчак тасвирланган бўлса, квадратларнинг ичига шунча нуқта қўйинглар.
Болалар билимини мустаҳкамлаш учун ўйин: “Тескари саноқ”.
Болалар доира бўлиб турадилар. Улар навбатма-навбат сонларни тескари тартибда айтишлари керак. Биринчи ўйинчи масалан “10” рақамини айтганда, иккинчиси-“9”, учинчиси-8 ва бошқа болалар ҳам шу тариқа “1” гача давом эттиришади. Ўйин шу тариқа давом этади. 10 дан-1 гача 5-6 марта (бундан кўпроқ) санаб ўрганишлари мумкин.
Бу ўйинда барча болалар иштирок этадилар. Болалар тарбиячи билан бирга бир вақтнинг ўзида оддий йўл билан 10 дан-1 гача тескари санашни ўрганиб оладилар.
Болалар билимини текшириш ва мустаҳкамлаш учун саволлар:
1. 10 сонидан олдин қайси сон жойлашган?
2. Бармоқларингиз нечта?
3. 10 дан 1 гача тескари санашда бармоқларингиздан фойдалана оласизми? Санаб беринг.
4. 5 сонидан олдин қайси сон жойлашган?
5. 9 сонидан олдинги ва кейинги сонни айтинг.
Машғулот охирида барча болаларни рағбатлантириш.
7- МАШҒУЛОТ
Геометрик шакллар
Мавзу: Таёқчалардан турли шакллар ҳосил қилишни ўргатишни давом эттириш
Мақсад:
Болаларнинг геометрик шакллар (учбурчак, квадрат, тўғри тўртбурчак), узунлик (энг узун, калтароқ, энг калта), саноқ (10 ичида) ҳақидаги тасаввурларини мустаҳкамлаш.
Кутилаётган натижалар:
Болаларда саноқ, геометрик шакллар ва миқдор (катталик) ҳақидаги тасаввурлар мустаҳкамланади.
Махсус машқлар ёрдамида болаларнинг фазовий тасаввурлари (чапроқ, ўнг томонда, пастда, юқорида, ўртасида) мустаҳкамланади.
Болалар таёқчаларнинг рангларини аниқлаш ва фарқлаш кўникмасини эгаллайдилар.
Керакли жиҳозлар:
Турли ҳажмдаги рангли таёқчалар тўплами.
Ҳар бир бола учун биттадан қўғирчоқ.
Машғулотни ташкиллаштириш: болалар ярим доира шаклида жойлашадилар. Ҳар бир болада биттадан қўғирчоқ бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |