Мавзу: 10 гача бўлган нарсаларнинг тартибини сонлар ёрдамида ифодалашни ўргатиш
Мақсад:
10 гача бўлган сонларни ёзувда фарқлашни ўргатиш.
Кутилаётган натижалар:
Болалар 10 гача бўлган сонларнинг ёзилиши билан танишадилар.
Болаларнинг миқдор, катталик ва фазовий тасаввурлари ривожланади.
Болаларда мустақил равишда саволлар тузиш ва жавоб бериш кўникмалари шаклланади.
Керакли жиҳозлар:
Фланелограф.
Ясси рангли таёқчалар.
Ҳайвонларнинг расмлари (ўлчами 5х5 см).
1 дан 10 гача рақамлар.
Машғулотнинг бориши:
Тарбиячи: Болажонлар, саёҳатни ёқтирасизларми?
Болалар жавоби.
Тарбиячи: Бўлмаса топингчи, бугун биз саёҳатга қандай транспортда борамиз?
Узун нарвон,
Устида карвон. Бу нима?
Болалар жавоби: Бу поезд.
Тарбиячи: Қани ўзимизнинг поездимизни тайёрлайликда, йўлга чиқайлик. (Тарбиячи фланелографда кўрсатиб бажаради). Рангли таёқчалардан “поездингизни” тузинг. Энг калтасидан-энг узунигача таёқчаларни бирин-кетин бир чизиққа тузиб чиқинг. Биринчи вагонни сариқ рангдаги таёқчадан қиламиз. Кейинги вагонлар тўқ сариқ, оч яшил, тўқ яшил, қизил, тўқ қизил, оч кўк, тўқ кўк, бинафша, кулранг. Поездларни тузиб олдингизми? Унда кетдик.
Поездларингизда нечта вагон бор. Сариқ вагон нечанчи? Олтинчи вагон қандай рангда? Оч яшил ва қизил вагонлар ўртасида қандай вагон бор? Оч кўк вагоннинг чап томонида турган вагон қандай рангда? Ўнг томондагисичи? Вагончаларингизни чапдан ўнг томонга тартиб билан санаб чиқинг. Энди ўнг томондан чапга қараб сананг.
Вагонларнинг узунлигини айтаман, сиз уларни кўрсатасиз. Энг узун, калтароқ, энг калта. Энди тескарисини айтамиз: энг калта, узунроқ, энг узун. (Болалар саволларни давом эттирадилар).
Поезд вагонларига рақамлар қўйингчи. (Болалар ҳар бир “рангли таёқча” ёнига тўғри келадиган рақамларни қўядилар).
Тарбиячи: 9-вагон қандай рангда? 1-вагон қандай узунликда? Охиргиси-чи? (Бир нечта боладан сўрайди). Охирги вагонда нечта йўловчи бор? (“Рангли таёқча” бўйлаб оқ квадратчалар қўйилади ва саналади). Энди сизлар ҳам шу саволга ўхшаган саволлар тузинг.
Саккизинчи ва еттинчи вагонларда қанча йўловчи бор? Қандай билдингиз? 5 та йўловчи нечанчи вагонда кетяпти?
Тарбиячи: Болажонлар, темир йўлда поездларимиз қаршисидан бошқа бир йўналиш бўйича поезд келмоқда. (Рангли таёқчалардан “поезд” тузилади). Бошқа йўналишда келаётган поезд йўловчилари-фил, сигир, мушук, ит турли ҳайвонлардан иборат. Ушбу поездда сичқонча ҳам бор, лекин у яшириниб олган, шунинг учун кўринмайди. Топиб олинглар-чи. Сичқон қайси вагонда экан. Биз биламизки сичқонча мушук ва фил билан бир вагонда эмас. Сичқонча сигир билан бир вагонда келаётган бўлса керак, чунки мушук уни еб қўйиши мумкин.
Пассажир поездида юриш мазза, тўғрими? Яна юк поездлари ҳам бор, улар жуда керакли: юк поездларини бир хил рангдаги “тайёқчалар”дан тузинг.
Болажонлар, бизнинг поездимиз вокзалга жадвал бўйича етиб келди. Аммо вокзал биносининг ўзи йўқ, уни қуриб қўйишимиз керак. Мана сизларга топшириқ: ушбу рақамларга мос таёқчалардан фойдаланиб қурилиш қиламиз.
(Болаларга рақамлар тарқатилади ва болалар “вокзал биносини” қурадилар). Ниҳоясига етказилган қурилиш текшириб чиқилгандан сўнг болалар доира шаклида туриб оладилар.
Болалар билимини мустаҳкамлаш учун ўйин: “Савол-жавоб”
Тарбиячи коптокни бир болага ирғитиб савол беради: “Сизга поезд ўйини ёқдими?”. Бола коптокни илиб олади ва саволга жавоб беради ҳамда коптокни тарбиячига қайтаради. Тарбиячи коптокни иккинчи болага отади ва савол беради: “Ўйинда энг қийин бўлган топшириқ қайси бўлди?” Бола коптокни илиб олади ва саволга жавоб беради, коптокни тарбиячига қайтаради. Ўйин шу тариқа давом этади. Саволлар:
1. Ўйинда ўзингиз хоҳлагандай яхши иштирок этдингизми?
2. Ўйин давомида қайси сонлар кўп ишлатилди?
3. 10 сони қайси сонлардан ташкил топган?
Машғулот якунида тарбиячи болаларни рағбатлантиради.
18- МАШҒУЛОТ
Геометрик шакллар
Мавзу: Геометрик шакллар ҳақидаги тасаввурларни ривожлантириш
Мақсад:
Болаларнинг геометрик шакллар ҳақидаги тасаввурларини ривожлантиришни давом эттириш.
Кутилаётган натижалар:
Болаларда геометрик шакллар ва атрофдаги нарсалар орасидаги ўхшашликлар ҳақида тушунчалар мустаҳкамланади.
Бир тўплам геометрик шакллардан аниқ буюмларни, нарсаларни ва иморатларни ясай олишни ўрганадилар.
Болалар мустақил фикрлашга ва ҳар бир ишга ижодий ёндашишга ўрганадилар.
Керакли жиҳозлар:
Турли геометрик шакллардан медальионлар.
Турли ўлчамдаги геометрик шакллар.
Геометрик шакллар атрибути.
Машғулотнинг бориши:
Тарбиячи: Болажонлар, сизлар геометрик шаклларни жуда яхши танийсизлар, тўғрими?
Азиз болажонлар, бугун мен сизларга геометрик шакллар мамлакати ҳақида ҳикоя қилиб бераман. Бир бор экан, бир йўқ экан, фақат геометрик шакллар яшайдиган мамлакат бор экан. Бу мамлакатда ҳамма шакллар тинч, тотув яшар эканлар. Учбурчак шаклининг уйи учбурчак, доираники доира, квадратники квадрат шаклида экан.
Бу мамлакатга Учбурчак шакли подшолик қилар экан. Унинг бошчилигида турли байрамлар, танловлар ўтказилиб турилар экан. Ҳозир сиз бу ажойиб мамлакатнинг танлов шартларини бажариб қанчалик қобилиятли эканлигингизни намоён қилишингиз мумкин. Бунинг учун кичик жамоаларга бўлиниб оламиз. Кичик жамоаларга бўлиниш учун ҳар бир бола турли геометрик шакллар медальионидан биттасини танлаб олади ва шу шакл турган столга бориб ўтиради.
Мана “Учбурчак”, “Квадрат”, “Доира”, “Тўртбурчак” номли жамоаларга бўлиниб олдик. Энди биринчи шартнинг топшириғи билан танишиб олинг:
1-шарт. Ҳар бир жамоа турли геометрик шакллардан шаҳар барпо этади ва шаҳарнинг биноларига таъриф беради.
2-шарт. Ҳар бир жамоа ўз столидаги геометрик шакллардан нақшли гиламчалар ясайди ва гиламчани номлайди.
Болалар гиламчани ясаб бўлганларидан сўнг унинг номини айтадилар ва таърифлайдилар.
“Қуёшжон” гиламчаси
Билимларни мустаҳкамлаш учун ўйин: “Кластер”.
Болаларга доира, учбурчак, квадрат, овал, тўртбурчак шаклларидаги атрибутлардан биттадан берилади ва болалар атрибутларни тақиб оладилар.
Полда катта доира-унинг атрофига кичик доиралар, катта учбурчак-унинг атрофига кичик учбурчаклар, катта тўртбурчак-унинг атрофига кичик тўртбурчаклар, катта овал-унинг атрофига кичик оваллар, катта квадрат-унинг атрофига кичик квадратлар чизилган бўлади.
Ўйиннинг бориши:
Агар тарбиячи “Шакллар юришибди” деса, болалар юрадилар, “Шакллар катта уйга” деса, кимда қандай шакл бўлса, худди шундай катта шаклнинг ичига йиғиладилар. “Шакллар ўйинга чиқдилар” дейилса, болалар катта шаклдан чиқиб ўйнаб юрадилар, “Шакллар кичик уйларга” дейилса кимда қандай шакл бўлса ўша кичик шаклларга турадилар. “Учбурчаклар кичик уйларга” дейилса, учбурчак шаклини таққан болалар кичик учбурчакларга туриб оладилар. “Шаклларни алмаштиринг” дейилса болалар шаклларни алмаштирадилар. Болалар хоҳлаганича ўйинни давом эттириш мумкин.
Болалар билимини текшириш ва мустаҳкамлаш учун саволлар:
1. Қайси топшириқни бажариш сиз учун осон бўлди?
2. Гиламчани безатишда нечта учбурчакдан фойдаландингиз?
3. Гиламчанинг ўртасига қандай шаклларни қўйдингиз?
3. Шаҳарда нечта бино қурдингиз?
5. Қайси бино энг баланд?
Машғулот якунида барча болаларни рағбатлантириш.
19-МАШҒУЛОТ
Миқдор (Катталик)
Мавзу: Нарсаларни 4 та тенг қисмга бўлишни ўргатишни давом эттириш
Мақсад:
Болаларнинг бутун билан унинг қисмлари орасидаги муносабатлар ҳақидаги билимларини мустаҳкамлаш.
Кутилаётган натижа:
Болалар қисмлар бўйича бутунни ва бутун бўйича қисмларни топишни ўрганадилар.
Катта ва кичик шаклларни 4 қисмга бўлиш ва катта ва кичик қисмларни фарқлашни билиб оладилар.
Болалар катта ва кичик шаклларнинг қисмларининг ўлчамлари бир-биридан фарқ қилиши ҳақида тушунчага эга бўладилар.
Керакли жиҳозлар:
10х10 см катта ва 6х6 см кичкина квадрат шакллари (ҳар бир болага 2 тадан).
Катта ва кичик шаклларнинг бўлаклари.
“Мозаика” ўйини учун суратлар (бўйи 10 ёки 15 см).
Машғулотнинг бориши:
Тарбиячи: Болажонлар, биз сизлар билан шаклларни 2 ва 4 та тенг қисмларга бўлишни ўрганиб олган эдик. Ҳозир сизлар билан яна бутун ва қисм ҳақида гаплашамиз. Ҳаммамиз катта квадрат шаклини олиб уни буклаймиз, яна буклаймиз, энди букланган чизиқлардан қирқиб чиқамиз. Бутун квадратни биринчи қирққанимизда неча қисмга бўлдик? Бу бўлакларни яна бир марта бўлсак нечта қисм ҳосил бўлди?
Болажонлар, энди кичкина квадратни олиб 2 марта буклаймиз ва қирқамиз. Биринчи қирққанимизда нечта қисм ҳосил бўлди? Бу қисмларни яна бир марта бўлсак нечта қисм ҳосил бўлади?
Энди катта квадратнинг бир қисмини фланелаграфга маҳкамлаймиз, кичкина квадратнинг бир қисмини ҳам унинг ёнидан қўямиз. Бу икки қисм бир-биридан нимаси билан фарқ қилади? Ўлчамлари билан. Катта квадратнинг 4 дан 1 қисми, кичик квадратнинг 4 дан 1 қисмидан катта. Кичик квадратнинг 4 дан 1 қисми, катта квадратнинг 4 дан 1 қисмидан кичик.
Демак болажонлар, агар буюм катта бўлса унинг қисми ҳам катта бўлади, агар кичкина бўлса унинг қисми ҳам кичкина бўлади.
Болалар учун амалий иш.
Стол устига катта ва кичик шакллар 4 та қисмга бўлиб аралаштириб қўйилади. Болалар қисмларни тўғри топиб бирлаштириб, катта ва кичик шаклларни ясайдилар.
Ҳар бир шакл алоҳида рангда бўлса болалар уларни бирлаштиришда қийналмайдилар. Топшириқни мураккаблаштириш учун ҳамма шаклларни бир хил рангда қилиш ҳам мумкин.
Тетиклаштирувчи машқ.
Тарбиячи: Болажонлар, доира шаклида туриб олинг. Энди лента ёрдамида доирани тенг 2 га бўламиз. Бунинг учун икки томондаги иккита бола ипни ушлайди. Доирамиз тенг 2 га бўлинди. Доирани 4 та тенг қисмга ҳам бўлишимиз мумкин. Бунинг учун икки томондаги яна иккита бола лентани ушлайди. Мана доирамиз ленталар ёрдамида 4 та тенг қисмга бўлинди.
Билимларни мустаҳкамлаш учун ўйин: “Мозаика”.
Қушлар, ҳашаротлар, гуллар, ҳайвонлар, идишларнинг расмлари тасвирланган катта ва кичик тўртбурчак шаклларини 4 қисмга бўлиш.
Болалар шаклдаги тасвирни ва шаклнинг қисмларини тўғри топган ҳолда бирлаштирадилар.
Ўйинни мусобақа шаклида олиб бориб янада қизиқарли қилиш мумкин.
Болалар билимини текшириш ва мустаҳкамлаш учун саволлар:
1. Шаклларда сурат тасвирланган бўлса йиғиш осонми ёки суратсиз
бўлсами?
2. Катта шаклнинг 1 қисми каттами ёки кичик шаклнинг 1 қисмими?
3. Катта шаклнинг 1 қисми кичикми ёки кичик шаклники?
4. Бир хил рангдаги шаклларни йиғиш осонми ёки ҳар хил
рангдагилариними?
5. Мозаика ўйини ёқдими? Нимаси билан ёқди (ёқмади)?
Машғулот якунида болаларни рағбатлантириш.
20- МАШҒУЛОТ
Фазовий тасаввур
Мавзу: Кўрсатилган йўналиш бўйича ҳаракат қила олишга, ўз вазиятини берилган шарт бўйича аниқлашга ўргатишни давом эттириш
Мақсад:
Болаларнинг фазовий тасаввурларини кенгайтириш.
Кутилаётган натижалар:
Болаларда ўнг, чап, олдинга, орқага ҳаракат қилиш кўникмаси мустаҳкамланади.
Аниқ топшириқ ва машқларда берилган йўналишда ҳаракат қилиш кўникмаси такомиллашади.
Болалар шартли белгилар ёрдамида ҳаракат қилишни ўрганадилар.
Керакли жиҳозлар:
Хариталар (ўлчами бўйи 12 см, эни 20 см).
Буратино (ёки бошқа эртак қаҳрамони).
Турли шаклдаги байроқчалар.
Машғулотнинг бориши:
Тарбиячи: Болажонлар, сизлар кўрсатилган йўналиш бўйича ҳаракат қилишни жуда яхши ўрганиб олгансизлар. Бугун мен сизларга жуда қизиқ топшириқ тайёрлаб қўйдим. Иккитадан бўлиб мана бу карталардан бирини оласиз. Хонамиздаги нарсалар карталарда маълум белгилар билан белгилаб қўйилган. Аввал белгилар нималарни билдиришини ўрганиб оласизлар. Кейин эса шу белгилар ва уларга қўйилган сонлар бўйича ҳаракат қиласизлар. 1 сони қўйилган жойни топасиз ва шу жойдан бошлаб стрелка бўйича 2 сони қўйилган томонга ҳаракатланасиз. Сўнг 3, 4, 5, 6 сонлари билан белгиланган жойларга ҳаракатланиб маррага етиб келасиз.
1-тарбиячининг столи
2-шкаф
3-болалар столи
4-тинчланиш хонаси
5-сўри
6- марра
Бу харита билан ишлаш учун қуйидаги саволларга жавоб беришларингиз керак:
1. Харитада қандай геометрик шакллар тасвирланган?
2. Харитада нечта геометрик шакллар чизилган?
3. Биринчи шакл хонадаги қайси буюмга ўхшайди?
4. Иккинчи шакл хонадаги қайси буюмга ўхшайди?
5. 4-шакл хонанинг қаерида жойлашган?
6. 3-шакл ниманинг шакли?
7. 5-шакл хонанинг қаерида жойлашган?
8. 5-шакл ниманинг шакли?
Билимларни мустаҳкамлаш учун ўйин: “Байроқчага қараб юр”.
Бу ўйин болаларнинг хотирасини, диққатини ривожлантиради. Болаларнинг фазовий тасаввурларини мустаҳкамлайди.
Тарбиячи машғулот бошланишидан олдин хонанинг турли жойларига байроқчалар қўйиб чиқади. Буратино ёки бошқа эртак қаҳрамони тарбиячи ёрдамида болаларга топшириқ беради: “Деразагача бориб, ўнгга 3 қадам юр ва учбурчак шаклидаги байроқчани ол”, бола топшириқни бажариб байроқчани топади. Болалар бундай топшириқларни осонгина бажарсалар, топшириқлар мураккаблаштирилади. Масалан: “5 қадам олдинга юр, чапга ўгирил, яна 2 қадам юр, ўнгга бурил. У ерда тўртбурчак шаклидаги байроқчани топасан”. Ўйин бир неча марта такрорланади.
Болалар билимини текшириш ва мустаҳкамлаш учун саволлар:
1. Харита билан ҳаракатланиш осон бўлдими ёки айтиб турилган топшириқ асосида ҳаракатланишми?
2. Харита асосида маррага етиш учун нечта жойдан ўтдингиз?
3. Чап қўлингизни баландга кўтаринг, ўйин давомида неча марта чапга юрганлигингизни эслай оласизми?
4. Ўнг қўлингизни баландга кўтаринг, ўйин давомида неча марта ўнг томонга юрганлигингизни эслай оласизми?
Машғулот якунида болаларни рағбатлантириш.
21- МАШҒУЛОТ
Вақт ҳақида тасаввур
Мавзу: Йил фасллари билан таништириш ва фаслларнинг номини тўғри айтишга ўргатиш
Мақсад:
Болаларда йил фасллари тўғрисида тушунча ҳосил қилиш.
Кутилаётган натижалар:
Болаларда йил фасллари-қиш, баҳор, ёз, куз ҳақида тушунча ҳосил бўлади.
Болалар қиш, баҳор, ёз, куз, йил фасллари сўзларини нутқда тушунган ҳолда қўллаш кўникмасини эгаллайдилар.
Керакли жиҳозлар:
Йил фасллари тасвирланган суратлар (ўлчами: бўйи15 см, эни 20 см).
4 хил рангдаги доира шакли.
Бўйи 12 см, эни 20 см ўлчамдаги қоғозда тугалланмаган расмлар (ҳар бир болага).
Машғулотнинг бориши:
Тарбиячи: Болажонлар, ҳеч эътибор берганмисиз, баъзида ҳаво иссиқ бўлади, баъзида ёмғир ёғади, баъзида ҳаво совуқ бўлиб қор ёғади. Табиатдаги бу ўзгаришлар маълум вақтларда бўлади ва бу вақтларнинг ўз номи бор.
Ҳозир сизларга топишмоқ айтаман, топишмоқ нима ҳақида эканлигини топасизлар:
Келиб кетар бир йилда,
Тўрт оғайни ҳар хилда. (Тўрт фасл)
Болалар топишмоқни топганларидан кейин тарбиячи фасллар тасвирланган суратларни кўрсатиб фасллар ҳақида тўлиқ тушунча беради ва сўрайди:
-Болажонлар, баҳор, ёз, куз, қишни биргаликда қандай аташимиз мумкин? (Болаларнинг жавоблари).
-Болажонлар, ҳозир қайси фасл? (Болаларнинг жавоблари).
Тетиклаштирувчи машқ.
Тарбиячи: Болажонлар, ҳозир сизлар билан “Фасллар” ўйинини ўйнаймиз.
Болалар доира бўлиб ўтирадилар ва навбат билан “қиш”, “баҳор”, “ёз”, “куз” деб фаслларни айтиб чиқадилар. Тарбиячи бошловчи бўлади. Бошловчи “баҳор” деса, “баҳор” сўзини айтган болалар ўрнидан туриб, жойларини алмаштирадилар. Бошловчи турганларнинг биттасини ўрнига ўтириб олиши лозим. Ўтира олмаган бола бошловчи бўлади ва бошқа фаслнинг номини айтади. Ўйин шу тарзда давом этади.
Болалар учун амалий иш.
Болаларга 4 та фаслни билдирувчи 4 хил рангдаги доира шакли берилади: оқ-қиш, яшил-баҳор, қизил-ёз, сариқ-куз. Ҳар бир болага биттадан тугалланмаган расм берилади. Болалар ранглардан бирини олиб- фасллардан бирини танлайдилар ва шу фаслни тасвирлаб тугалланмаган расмни тугатадилар. Амалий иш якунида болалар қайси фаслни тасвирлаганларини ва бу фасл бошқа фасллардан қандай жиҳати билан фарқ қилишини айтадилар. Ҳар бир бола 1 та жиҳатни айтади.
Болалар билимини текшириш ва мустаҳкамлаш учун саволлар:
1. Фаслларнинг номини билиб олдингизми? Айтиб берингчи.
2. Қиш, баҳор, ёз ва кузни биргаликда қандай номлашимиз мумкин?
3. Бир йилда нечта фасл бор?
4. Баҳордан кейин қайси фасл келади?
5. Куздан кейин қайси фасл келади?
6. Ёздан кейин қайси фасл келади?
7. Қишдан кейин қайси фасл келади?
8. Баҳор ва куз фаслларининг ўртасида қайси фасл бор?
9. Сизга энг ёқадиган фасл қайси? Нима учун?
10. Куз ва баҳор фаслларининг орасида қайси фасл бор?
Машғулот якунида болаларни рағбатлантириш.
22- МАШҒУЛОТ
Сон ва саноқ
Мавзу: 15 гача бўлган сонлар билан таништириш ва тартиб билан санашга ўргатиш
Мақсад:
Болаларга 15 гача санашни ўргатиш.
Кутилаётган натижалар:
Болалар 15 сони ичида тартиб билан санашни ўрганадилар.
Болаларда мустақил фикрлаш ва ижодкорлик ривожланади.
Керакли жиҳозлар:
Саноқ таёқчалари 15 та.
Қалин ва юпқа иплар.
Геометрик шакллар: доира 11 та, квадрат 12 та, учбурчак 14 та, тўртбурчак 15 та.
Копток.
Машғулотнинг бориши:
Тарбиячи: Болажонлар, биз сизлар билан 10 гача санашни ўрганиб олганмиз, тўғрими? Бугун сизлар 10 сонидан кейинги сонларнинг 5 таси билан танишасизлар.
Бунинг учун ҳаммамиз олдимиздаги саноқ таёқчаларидан фойдаланамиз. Олдин 10 та таёқчани санаб стол устига териб оламиз: 1, 2, 3, 4, 5, 6, 7, 8, 9, 10. Кейин 10 та таёқчага яна 1 та таёқча қўшамиз ва санаймиз 11 (ўн бир). Ҳаммамиз биргаликда айтамиз- ўн бир. Энди 11 та таёқчага яна 1 та таёқча қўшамиз ва санаймиз 12. Ҳаммамиз биргаликда айтамиз-ўн икки. 12 та таёқчага яна 1 та таёқча қўшамиз ва санаймиз-ўн уч. 13 та таёқчага яна 1 та таёқча қўшамиз ва санаймиз-ўн тўрт. 14 та таёқчага яна 1 та қўшамиз ва санаймиз-ўн беш. Болалар биз нечагача санашни ўргандик?
Болалар: 15 гача.
Тарбиячи: Тўғри, болажонлар, биз 15 гача санашни ўргандик. Келинглар, ҳаммамиз биргаликда яна бир марта санаймиз: 1, 2, 3, 4, 5, 6, 7, 8, 9, 10, 11, 12, 13, 14, 15.
Болалар учун амалий иш.
Тарбиячи: Болажонлар, столларингиз устида турли геометрик шакллар, қалин ва юпқа иплар турибди. Оқ рангдаги қалин ипни доира шаклида қўясиз ва унга 11 та доира шаклини терасиз. Қизил рангдаги қалин ипни квадрат шаклида қўясиз ва унга 12 та квадрат шаклини териб чиқасиз. Сариқ рангдаги қалин ипни учбурчак шаклида қўясиз ва унга 14 та учбурчак шаклини териб чиқасиз. Кўк рангдаги қалин ипни тўртбурчак шаклида қўясиз ва унга 15 та тўртбурчак шаклини териб чиқасиз. Болажонлар, энди эътибор бериб санаб чиқинг ва биз шаклларни нечтадан териб чиқанимизни айтинг. Биз ҳозир шаклларни териб чиққанда 11 дан 15 гача бўлган қайси сонни ишлатмадик? Болажонлар, энди ҳаммамиз 15 гача санаймиз.
Тетиклаштирувчи машқ.
Тарбиячи: Болалар, энди ҳаммамиз ўрнимиздан турамиз. Доира бўлиб туриб оламиз. Қўлларимизни ёнга чўзамиз ва қўлимизнинг кафтини бир-биримизникига 15 марта теккизамиз. Қўлларимизни юқорига кўтариб 15 марта чапак чаламиз, 15 марта бармоқларимизни мушт қилиб очамиз.
Билимларни мустаҳкамлаш учун ўйин: “Ким билса-давомини санасин”.
“Ким билса- давомини санасин” ўйини сонларнинг натурал қаторининг тартибига амал қилишга, тўғри ва тескари ҳисоблаш машқлари, хотира, диққатни ривожлантиришга қаратилади. Ўйинда коптокдан фойдаланилади. Болалар ярим доира ёки доира бўлиб турадилар. Доиранинг ўртасида ўйинни олиб борувчи туради. Тарбиячи ўйин бошланишидан олдин болалар билан улар қандай тартибда (тўғри ёки тескари) санашларини келишиб олади. Олиб борувчи болалардан бирига коптокни отади ва рақамни айтади. Коптокни илиб олган ўқувчи кейинги рақамни санаши керак.
Ўйин тезлик темпида ўтади ва болаларнинг унда энг кўп қатнашишига имкон бериш учун шунча марта қайтарилади. Ўйин давомида болаларнинг 15 гача тўғри санаш малакалари мустаҳкамланади.
Болалар билимини текшириш ва мустаҳкамлаш учун саволлар:
1. Биз бугун нечагача санашни ўргандик?
2. 10 дан кейин қайси сон келади?
3. 13 дан олдинги ва кейинги сонларни айтинг.
4. 12 дан олдин қайси сон туради?
5. 14 дан кейинги сонни айтинг.
Машғулот якунида барча болаларни рағбатлантириш.
23- МАШҒУЛОТ
Геометрик шакллар
Мавзу: Таёқчалардан ҳосил бўлган геометрик шакллардан бир нечта таёқчани олиш усули билан кўринишини ўзгартириш
Мақсад:
Болаларнинг математик тафаккурини ўстириш ва муаммоли вазиятларда тўғри ечим топишни ўргатиш.
Кутилаётган натижалар:
Болалар берилган маълум шаклнинг баъзи қисмларининг жойини ўзгартириш билан янги шакл ясаш мумкинлигини билиб оладилар.
Болалар муаммоли вазиятда тўғри ечим топишни ва муаммони ҳал қилишни ўрганадилар.
Болаларда ижодкорлик ва эътиборлилик ошади.
Керакли жиҳозлар:
Машғулотнинг бориши:
Тарбиячи: Азиз болажонлар, таёқчалар ёрдамида турли шаклларни ҳосил қилишни сизлар билан ўрганган эдик. Ҳозир эгаллаган билимларимизни эслаб 8 та таёқчадан квадрат шаклини ясаймиз. Бу квадратнинг ичига яна 4 та таёқча олиб шундай қўйингки, битта катта квадратда 4 та кичик квадрат ҳосил бўлсин.
Жавоб:
Болажонлар, ушбу 12 та таёқчадан ясалган 4 та кичик ва 1 та катта квадратнинг 3 та таёқчасини олиб шундай қўямизки, натижада 3 та бир-бирига тенг квадрат ҳосил бўлади.
Жавоб:
Болажонлар, 3 та таёқчани олиб квадратларнинг сонини ва жойлашишини ўзгартиришни билиб олдингиз. Энди мустақил ҳолда ўзингиз ҳам худди шу квадратнинг сонини ва жойлашишини ўзгартиришга ҳаракат қилиб кўрасизлар.
1-топшириқ. Болажонлар, 12 та таёқчадан ясалган 4 та кичик ва 1 та катта квадратнинг 4 та таёқчасини олиб шундай қўйингки, натижада яна бошқача кўринишда турган 3 та квадрат ҳосил бўлсин.
Жавоб:
Тетиклаштирувчи машқ.
“Ботиртой” ўйини. 10 та 10 смли таёқчанинг ўртаси 5 смли тахтага, бир учи полга қўйилади. Таёқчаларнинг учи тахтадан чиқиб туриши керак. Битта бола таёқчаларни қўриқлайди. Бошқа болалар қўриқчига тутқич бермасдан таёқчаларни сочиб юборишлари лозим, сўнг сочилган таёқчаларни қайтадан теришлари керак. Қўриқчи ушлаган болалар ўйиндан чиқади. Таёқларнинг ҳаммаси йиғилса ёки барча болалар ушланса ўйин қайтадан бошланади.
Болалар билимини текшириш ва мустаҳкамлаш учун саволлар:
1. Болажонлар, топшириқлардан қайси бири сизга кўпроқ ёқди?
2. Катта квадратдан 4 та кичик квадратлар ясаш учун нечта
таёқчадан фойдаландик?
3. 12 та таёқчадан ясалган 4 та кичик квадратлар ва битта катта
квадратнинг 4 та таёқчасининг жойини алмаштириб нечта
квадрат ясадик?
4. 12 та таёқчадан ясалган 4 та кичик квадратлар ва битта катта
квадратнинг, 3 та таёқчасини жойини алмаштириб нечта квадрат
ясадик?
Машғулот охирида барча болаларни рағбатлантириш.
24- МАШҒУЛОТ
Миқдор (Катталик)
Мавзу: Болаларнинг кўз билан чамалаш қобилиятларини ривожлантириш
Мақсад:
Болаларнинг кўз билан чамалаш малакаларини ривожлантириш.
Кутилаётган натижалар:
Болалар буюмларнинг катталикларини (баландлиги ва узунлигини) кўз билан чамалаш орқали фарқлашни ўрганадилар.
Болаларнинг кўз билан чамалаш малакалари ривожланади.
Керакли жиҳозлар:
Турли узунликдаги тахтачалар.
Турли машиналар.
Турли узунликда ленталар.
Машғулотнинг бориши:
Тарбиячи: Болажонлар, сиз йўлда юрганда ҳар хил кўприкларга эътибор берганмисиз. Ҳозир ўша кўприкларни бир эслаб кўринг. Кўприкларни нималардан қуриш мумкин? Тахтадан, темирдан, темирбетондан қуришимиз мумкин. Ҳатто бир мамлакатда шишадан ҳам кўприк қуришмоқчи бўлишган экан.
Биз бугун сизлар билан, тахталардан кўприк қурамиз. Бунинг учун кўпригимиз узунлиги ва баландлиги қанча бўлишини белгилаб оламиз. Масалан, кўпригимизнинг узунлигини мана бу тахта узунлигида қиламиз. Бунинг учун аввало кўз билан чамалаб кўрамиз, қайси тахтанинг узунлиги қўлимдаги тахтанинг узунлигига тенг. Кейин қўлимдаги тахтани чамалаган тахтамиз устига қўйиб ўлчаб кўрамиз. Уларнинг узунлиги тенг экан. Бошқа тахталарни ҳам худди шу усулда ўлчаб кўриб ажратиб оламиз.
Кўприкнинг баландлигини қуриш учун ҳам битта тахтани белгилаб оламиз ва шу тахта узунлигида бошқа тахталарни кўз билан чамалаб кўрамиз. Тўғри келса керак, деб ўйлаган тахтамизни қўлимиздаги тахтанинг устига қўйиб ўлчаймиз. Уларнинг узунлиги тенг экан. Мана буниси билан ўлчаб кўрамиз. Буниси озгина калта экан, демак бу тахта тўғри келмайди.
Ҳамма тахталарни ажратиб олганимиздан кейин кўприк қуришни бошлаймиз. (Кўприк қуришда барча болалар иштирок этишади). Кўпригимиз тайёр, энди машиналарни кўприкдан ўтказиб кўрамиз.
Билимларни мустаҳкамлаш учун ўйин: “Бир хилини топ”.
Стол устига турли узунликдаги ленталар тўплами қўйилади. Болалар стол устидаги ленталарнинг узунлигини ўлчаб, бир хил ленталарни ажратиб чиқадилар. Ажратилган ленталарни олиб доира бўлиб турадилар ва ленталар ёрдамида турли машқларни бажарадилар.
Болалар билимини текшириш ва мустаҳкамлаш учун саволлар:
1. Кўз билан чамалаш усулидан бир хил узунликдаги
тахталарни ажратишда қандай фойдаландик?
2. Кўприк қуришда нечта бир хил тахтадан фойдаландик?
3. Бир хил узунликдаги ленталарни қандай танладингиз?
Машғулот якунида болаларни рағбатлантириш.
25-МАШҒУЛОТ
Фазовий тасаввур
Мавзу: Қоғоз варағининг ўнг, чап, юқори, паст, ўртасини аниқлашга ўргатиш
Мақсад:
Болаларга қоғоз варағининг ўнг, чап, юқори, паст, ўртасини аниқлашни ўргатиш.
Кутилаётган натижалар:
Болалар аниқ топшириқ ва машқларда қоғоз варағининг ўнг, чап, юқори, пасти ва ўртасини аниқлашни ўрганадилар.
Болаларда мустақил фикрлаш, ижодкорлик ривожланади.
Керакли жиҳозлар:
Оқ қоғоз (бўйи 20 см, эни 30 см).
Геометрик шакллар.
Рангли қаламлар.
Машғулотнинг бориши:
Тарбиячи: Болажонлар, сизлар билан ўнг-чап, юқори-паст ҳақида олдин ҳам жуда кўп гаплашганмиз. Бугун битта қоғоз варағининг ўнг ва чап томонини, юқориси, пасти ва ўртасини аниқлашни ўрганамиз. (Тарбиячи доскага илинган қоғоз варағида кўрсатиб беради).
Бунинг учун ҳаммамиз олдимиздаги қоғоз варағининг ўнг қўлимиз томонига, юқорисига сариқ квадратни қўямиз. Бу томон қоғознинг юқориги ўнг бурчаги бўлади.
Қоғоз варағининг ўнг томони пастига яшил учбурчакни жойлаштирамиз. Бу томон қоғоз варағининг пастки ўнг бурчаги бўлади.
Қоғоз варағининг чап қўлимиз томонига, юқорисига кўк доирани қўямиз. Бу томон қоғоз варағининг юқори чап бурчаги бўлади.
Қоғоз варағининг чап томони-пастига тўқ сариқ тўртбурчак шаклини қўямиз. Бу томон қоғоз варағининг пастки чап бурчаги бўлади.
Қоғоз варағининг ўртасига қизил рангдаги катта доирани жойлаштирамиз. Демак катта қизил доирамиз варақнинг ўртасига қўйилди.
Энди ҳамма ёнидаги ўртоғининг ишни қандай бажарганлигини текшириб чиқади. Мен бўлсам сиздан кейин ҳамманинг ишини текшириб чиқаман. (Топшириқни тўғри бажармаганларга ёрдам берилади).
Билимларни мустаҳкамлаш учун ўйин: “Ҳа-йўқ”.
Ҳозир биргаликда “Ҳа-йўқ” ўйинини ўйнаймиз. Аввал ўйиннинг шарти билан танишиб чиқамиз. Мен қоғоз варағининг қайси жойида қандай шакл турганлигини айтаман, сиз “ҳа” ёки “йўқ” деб жавоб берасиз.
Қоғоз варағининг юқориги чап бурчагига қизил доира қўйилган. (Ҳа)
Юқориги ўнг бурчагига кўк доира қўйилган. (Йўқ)
Пастки чап бурчагига тўқ сариқ тўртбурчак қўйилган. (Ҳа)
Қоғоз варағининг ўртасида катта қизил доира қўйилган. (Ҳа)
Пастки чап бурчагига яшил учбурчак қўйилган. (Йўқ)
Юқориги чап бурчагига тўқ сариқ квадрат қўйилган. (Йўқ)
Ҳамма яхши қатнашди. Қарсак чалиб бир-биримизни олқишлаймиз. Баракалла болалар.
Болалар учун амалий иш.
Болажонлар, расм чизишни яхши кўрасизларми? Ҳозир ҳаммамиз биргаликда расм чизамиз. Асосий чизадиган нарсаларни мен айтиб тураман, қолганини сиз ўзингиз хоҳлаганингизча давом эттиришингиз мумкин.
Ҳаммамиз қўлимизга сариқ қаламни оламиз ва қоғоз варағининг юқориги ўнг бурчагига қуёш расмини чизамиз. Ҳамма чиздими?
Оч кўк қаламни олиб варақнинг юқориги чап бурчагига булут расмини чизамиз. Сиз қандай тасаввур қилсангиз шундай чизаверинг.
Қора қаламни олиб варақнинг пастки ўнг бурчагига уйча чизамиз.
Варақнинг пастки чап бурчагига дарахт ва ўтларнинг расмини чизамиз. Бунда қандай рангдан фойдаланамиз? (Болаларнинг жавоби). Жуда тўғри.
Қоғоз варағининг ўртасига учаётган қуш расмини чизамиз.
Энди, болажонлар расмни ўзингиз хоҳлагандай давом эттиришингиз мумкин.
Болажонлар, энди ҳаммамиз расмимизни “Ижодий ишлар кўргазмасига” илиб қўямиз ва бир-биримизнинг ишимизни кўриб чиқамиз.
Болалар билимини текшириш ва мустаҳкамлаш учун саволлар:
1. Қоғознинг юқориги чап бурчагига ниманинг расмини чиздик?
2. Қоғознинг пастки ўнг бурчагига нималарнинг расмини чиздик?
3. Қуёш расмини қоғознинг қайси бурчагига чиздик?
4. Қоғознинг пастки чап бурчагига ниманинг расмини чиздик?
5. Булутни қоғознинг қайси бурчагига чиздик?
Машғулот якунида барча болаларни рағбатлантириш.
26-МАШҒУЛОТ
Вақт ҳақида тасаввур
Мавзу: Йил фасллари: “Бу қачон содир бўлади ?” ўйини орқали билимларни мустаҳкамлаш
Мақсад:
Болаларнинг йил фасллари ҳақидаги билимларини мустаҳкамлаш.
Кутилаётган натижа:
“Бу қачон содир бўлади?” ўйини орқали, болаларнинг йил фасллари тўғрисидаги билимларини мустаҳкамлаш.
Болалар йил фаслларида содир бўладиган ҳодисаларни билиб оладилар.
Керакли жиҳозлар:
1, 2, 3, 4 сонлари тасвирланган медальионлар.
1 дан 4 гача рақамлар тасвирланган карточкалар (8х8 см).
Йил фасллари тасвирланган йиғма кубиклар (ёки мозаика).
Машғулотнинг бориши:
Тарбиячи: Болажонлар, мен сизларга бир эртак айтиб бераман.
“Бор эканда, йўқ экан, оч эканда, тўқ экан. Ҳозирги замонда тўрт оға-ини яшар экан. Ҳар бир оға-ини бир йилда уч ой ўзига яраша ишларни қилар ва яна булутлар орасидаги гўзал гўшага “Булутлар қасрига” қайтар экан. Улар навбати билан тўққиз ой дам олар экан”.
Болалар, эртак нима ҳақидалигини билиб олдинглар деб ўйлайман, билиб олмаганлар эртагимнинг давомини эшитсин.
“Бу ака-укалар, албатта фасллардир. Улардан биринчи бўлиб қиш қилич яланғочлаб кириб келар экан ва кунлар совуб, қор ёғар экан. Қуёш ҳам кўп чиқмас экан. Лекин, яхши томонлари ҳам бор экан. Болалар мазза қилиб қор ўйнашар, “Янги йил” байрамини орзиқиб кутишар экан. Қишнинг кунлари аста якунлангач, қиш фасли одамлардан мамнун ҳолда, ўрнини баҳор фаслига қолдириб, “Булутлар қасри”га йўл олар экан.
“Баҳор” фасли ўзи билан дўсти “бойчечакни” олиб келар экан. Узоқ ўлкаларга учиб кетган қушлар яна ўлкамизга қайтиб келар экан. Баҳор фаслида одамлар янада қувноқ бўлар экан, сабаби бу ойда ёмғир ёғиб “Камалак” чиқар, гуллар очилиб, дарахтлар гуллаб- олам гулларга бурканар экан. Баҳор фаслида ойижонларимизнинг байрами “8-март” ва “Наврўз” байрамини нишонлаймиз. Баҳор ойи мамнуният билан “Булутлар қасри”га қайтиб кетар экан.
Баҳордан кейин навбат “Ёз” фаслига келар экан. “Ёз” фаслида ҳаво жуда иссиқ бўлгани учун кўплаб экинлар, сабзовотлар, мевалар пишиб етилар экан. Ёзда болалар мазза қилиб оромгоҳларда дам олишар, чўмилишар, турли ўйинлар ўйнаб, спорт билан шуғулланиб куч тўплашар экан.
“Ёз” фасли якунлангач, “Куз” келар экан. Кузда ҳаво салқин бўлиб, баъзида ёмғир ёғар экан. “Куз”да ўлкамиздаги кўп қушлар иссиқ ўлкаларга учиб кетади. Дарахтларнинг барглари ҳар хил рангга киради ва тўкилади. Барча экинлар ва мевалар пишади. “Куз” фасли ҳам ҳар хил шўхликлар қилиб ўз қасрига қайтар ва “Қиш” бобо яна фаслларни давом эттирар экан ”
Тарбиячи: Болалар, қайси фаслда нима содир бўлишини билиб олдик, яна бир такрорлаймиз.
Қор ёғади, қуёш кам чиқади, совуқ ҳаво бўлади, “Янги йил” байрами ўтказилади. Бу қачон содир бўлади? Қишда
Ёмғир ёғади, осмонда “Камалак” пайдо бўлади, турли хил гуллар очилади, дарахтлар гуллайди, “Наврўз” байрами нишонланади. Деҳқонлар турли экинларни экишади. Қушлар узоқ ўлкалардан учиб келишади. Бу қачон содир бўлади? Баҳорда
Турли сабзовотлар, мевалар пишади, ҳаво жуда иссиқ бўлади. Болалар таътилга чиқиб дам оладилар.
Бу қачон содир бўлади? Ёзда
Кунлар аста совийди, дарахтларнинг барги тўкилади, қушлар қишлаш учун иссиқ ўлкаларга учиб кетади, ёмғир ёғади.
Бу қачон содир бўлади? Кузда
Билимларни мустаҳкамлаш учун ўйин: “Йил фасллари”.
Болаларга 1, 2, 3, 4 сонлари тасвирланган медальионлар тарқатилади, болалар медольионларни тақиб оладилар. 1 сонини олганлар 1 сони турган столга, 2 сонини олганлар 2 сони турган столга, 3 сонини олганлар 3 сони турган столга, 4 сонини олганлар 4 сони турган столга бориб ўтирадилар. Шу тариқа 4 та кичик жамоа ҳосил бўлади.
Бу сонлар фаслларни билдиради. Масалан, 1 қишни, 2 баҳорни, 3 ёзни, 4 кузни. 1 сони бўйича йиғилган болалар қиш фаслини, 2 сони бўйича йиғилган болалар баҳор фаслини, 3 сони бўйича йиғилган болалар ёз фаслини, 4 сони бўйича йиғилган болалар куз фаслини кубиклар (ёки мозаика)дан йиғадилар. Бу фасл ҳақида билганларини ҳикоя қилиб берадилар. Шу фасл ҳақида шеърлар, топишмоқлар айтишлари мумкин.
Болалар билимини текшириш ва мустаҳкамлаш учун саволлар:
1. Бир йилда нечта фасл бор?
2. Қайси фаслда ҳаво иссиқ бўлади?
3. Қайси фаслда қор ёғади?
4. Қайси фаслда дарахтларнинг барглари тўкилади?
5. Сиз қайси фаслни яхши кўрасиз?
6. Қайси фаслда “Наврўз” байрамини нишонлаймиз?
7. Қайси фаслда туғилганингизни биласизми?
8. Ёз фаслидан кейин қайси фасл келади?
Машғулот якунида барча болаларни рағбатлантириш.
27-МАШҒУЛОТ
Сон ва саноқ
Мавзу: 20 гача бўлган сонлар билан таништириш ва тартиб билан санашга ўргатиш
Мақсад:
Болаларга 20 гача санашни ўргатиш.
Кутилаётган натижалар:
Болалар 20 сони ичида тартиб билан санашни ўрганадилар.
Болаларнинг математик тасаввурлари ривожланади.
Керакли жиҳозлар:
Турли ўйинчоқлар -20 та.
Кнопка қадалган карточкалар (бўйи 8 см, эни 12 см).
Ип ва мунчоқлар.
Саватча ва майда ўйинчоқлар.
Машғулотнинг бориши:
Тарбиячи: Болажонлар, сизлар билан нечагача санашни ўрганган эдик?
Болалар: 15 гача
Тарбиячи: Тўғри, болажонлар, биз 15 гача санашни ўрганиб олганмиз. Бугун сизлар билан 20 гача санашни ўрганамиз. Болажонлар, эътибор берган бўлсангиз столларимизда ўйинчоқлар ҳар сафаргидан анча кўп. Ҳозир биргаликда санаб кўрамиз, нечта экан?
1, 2, 3, 4, 5, 6, 7, 8, 9, 10, 11, 12, 13, 14, 15
15 та ўйинчоқга яна битта ўйинчоқ қўшсак, 16 та бўлади.
Ҳаммамиз биргаликда айтамиз, 15 та ўйинчоққа яна битта ўйинчоқ қўшсак 16 та бўлади. 16 та ўйинчоққа яна битта ўйинчоқ қўшсак 17 та бўлади. 16 та ўйинчоққа яна битта ўйинчоқ қўшсак нечта бўлар экан? Тўғри, 17 та бўлар экан. 17 та ўйинчоққа битта ўйинчоқ қўшсак, ўйинчоқларимиз сони 18 та бўлади. 18 та ўйинчоққа яна битта ўйинчоқ қўшамиз ва ўйинчоқларимиз 19 та бўлади. 19 та ўйинчоққа яна битта ўйинчоқ қўшсак 20 та бўлади. Энди ўйинчоқларимизнинг ҳаммасини яна бир марта санаймиз:
1, 2, 3, 4, 5, 6, 7, 8, 9, 10, 11, 12, 13, 14, 15, 16, 17, 18, 19, 20.
Ўйинчоқлар нечта экан?
Болалар: 20 та.
Болалар учун амалий иш.
1-топшириқ. Болаларга 20 та кнопканинг бир томони тикилган мато берилади. Болалар кнопканинг иккинчи томони тикилган матодаги кнопкаларни санаб ёпиб чиқиши керак.
2-топшириқ. Болаларга кўп миқдорда мунчоқ берилади. Болалар мунчоқнинг 20 тасини ипга тизишлари лозим. Ҳар бир бола ипга тизган мунчоқларини санаб беради.
Билимларни мустаҳкамлаш учун ўйинлар: “Топинг, нечта ўйинчоқ”.
Жиҳозлар: Саватчага солинган турли ўйинчоқлар.
Тарбиячи: Болажонлар, ҳозир сизлар билан “Топинг, нечта ўйинчоқ?” ўйинини ўйнаймиз. Бу ўйинда мен савол бераман, сиз жавоб берасиз. Саволлар:
1. Саватчадаги коптокларнинг сони 15 тадан кўп, 17 тадан кам. Ким айтади коптоклар нечта экан? Қани келиб санаб кўрингчи, тўғри айтибсизми?
2. Саватчадаги қуёнчаларнинг сони 18 тадан кўп, 20 тадан кам. Ким айтади, қуёнчалар нечта экан? Қани келиб санаб кўрингчи, тўғри айтибсизми?
3. Саватчадаги кубикларнинг сони 17 тадан кўп, 19 тадан кам. Ким айтади, кубиклар сони нечта? Келиб санаб кўрингчи, тўғри айтибсизми?
Ўйинда барча болаларнинг иштирок этишига имкон яратиш керак.
Тетиклаштирувчи машқ.
Тарбиячи: Болажонлар, энди ҳаммамиз ўрнимиздан турамиз ва кетма-кетликда туриб доира ясаймиз. Қўлларимизни ўзимиздан олдинги боланинг орқасига қўямиз ва секин-секин 20 марта шапатилаб массаж қиламиз.
Болалар билимини текшириш ва мустаҳкамлаш учун саволлар:
1. Биз бугун нечагача санашни ўргандик?
2. 10 сони каттами 20?
3. 16 дан кейин қайси сон келади?
4. 18 дан кейин қайси сон келади?
5. 19 дан олдинги ва кейинги сонни айтинг.
Машғулот якунида барча болаларни рағбатлантириш.
28-МАШҒУЛОТ
Геометрик шакллар
Мавзу: Махсус шакллар тўпламидан фойдаланиб, намунадаги нарсаларни ҳосил қилишни ўргатиш
Мақсад:
Болаларга махсус геометрик шакллар тўпламидан намунадаги нарсаларни ясашни ўргатиш.
Кутилаётган натижа:
Болалар махсус геометрик шакллар тўпламидан намунадаги нарсаларни ясашни ўрганиб оладилар.
Болаларда мустақил ҳолда ижодкорлик билан нарсалар ясашга қизиқиш уйғонади.
Керакли жиҳозлар:
Оқ қоғоз (бўйи 20 см, эни 30 см), елим (ҳар бир болага).
1-топшириқ учун ҳар бир болага 4 та учбурчак ва 1 та доира шакли.
2-топшириқ учун 2 та кичик квадрат, 2 та катта учбурчак, 1 та ромб, 1 та тўртбурчак шакллари.
3-топшириқ учун катта ва кичик доира, 2 та тўртбурчак, 1 та квадрат.
Машғулотнинг бориши:
Тарбиячи: Болажонлар, биз сизлар билан геометрик шакллардан ҳар хил нарсаларни олдин ҳам ясаганмиз. Бугун янада қизиқарли нарсалар ясашни ўрганамиз. Олдин мен фланелографда кўрсатиб бераман. Мана 4 та ҳар хил катталикдаги учбурчак ва 1 та доира шакли. Бу шакллардан жўжа ёки мушукча ясашимиз мумкин.
Эътибор беринглар, катта учбурчакка доирани бирлаштирамиз, доирага энг кичик учбурчакнинг иккитасини бирлаштирамиз. Катта учбурчакнинг ўнг томони пастига охирги учбурчакни қўямиз, натижада Мушукча тасвири келиб чиқади.
1-топшириқ.
Тарбиячи: Болажонлар, сизлар, худди шу шакллар тўпламидан жўжа шаклини тасвирга қараб ясанг. Қани болажонлар, ишга киришди.
Жўжа шаклини ясаш қийин эмасми? Шаклларни худди тасвирдагидай қўйиб олинг. Худди тасвирдагидай бўлиши керак, чунки тасвирда ва сизларда бир хил геометрик шакллар, уларнинг ўлчами ҳам бир хил.
Амалий иш
2-топшириқ.
Болаларга қуйидаги шакллар тўпламидан кучукча тасвирини тузишни таклиф этиш:
3-топшириқ.
Қуйидаги шакллар тўпламидан трактор тасвирини тузишни таклиф этиш:
4- топшириқ.
Жиҳозлар: Елим, оқ қоғоз, турли геометрик шакллар.
Тарбиячи: Болажонлар, сизлар махсус шакллар тўпламидан турли нарсалар ясашни ўрганиб олдингиз. Энди сизларга ҳар хил шакллар берилади, сиз мустақил ҳолда ўзингиз хоҳлаган нарсани ясаб, мана шу оқ қоғозга елимлайсиз.
Болаларнинг ишлари «Ижодий ишлар» бурчагига қўйилади.
Болалар билимини текшириш ва мустаҳкамлаш учун саволлар:
1. Болажонлар, мушукчани ясашда қандай шакллардан фойдаландик?
2. Кучукчани ясашда сизга нотаниш бўлган шаклдан фойдаландикми?
3. Жўжани ясашда қандай шакллардан фойдаландик?
4. Трактор шаклини ясашда қандай шакллардан фойдаландик?
Жўжани ясашда нечта учбурчак шаклини ишлатдик?
Болаларнинг бажарган ишлари “Ижодий ишлар” бурчагига қўйилади.
Машғулот якунида барча болаларни рағбатлантириш.
29-МАШҒУЛОТ
Миқдор (Катталик)
Мавзу: “Қалин-юпқа”, “катта-кичик” “узун-калта” нарсаларнинг ўлчамини аниқлашга ўргатишни давом эттириш
Мақсад:
Болаларнинг катталик, миқдор тўғрисидаги тушунчаларини мустаҳкамлаш.
Кутилаётган натижалар:
Болалар нарсаларнинг турли ўлчамини аниқлашни ўрганадилар.
Болалар нутқда “қалин-юпқа”, “катта-кичик” “узун-калта” сўзларини тўғри қўллашни билиб оладилар.
Керакли жиҳозлар:
Турли қалинликдаги ва катталикдаги китоблар.
Китоблар расми чизилган қоғоз (бўйи 15 см, эни 20 см), рангли қаламлар.
Сеҳрли қопча ва турли қалинликдаги ва узунликдаги тасмалар, турли узунликдаги қаламлар.
Машғулотнинг бориши:
Тарбиячи: Болажонлар, уйда сизнинг китобларингиз борми? Гуруҳимиздаги “Китоблар бурчаги”да китоблар қанча? Жудаям тўғри, китобларимиз кўп. Жамолбек, сизга қайси китобимиз ёқади? Ўзингиз энг яхши кўрган китобни олиб келинг. Нима учун бу китобни яхши кўрасиз? Баракалла! Мафтуна, сиз ҳам ўзингиз ёқтирган китобни олиб келинг. Нима учун бу китобни яхши кўрасиз? Менга бўлса, мана бу китоб жудаям ёқади. Бу китобдаги турли топишмоқлар ва жумбоқларни ечишни яхши кўраман.
Болажонлар, бу китобларнинг фақат ичидаги мазмунда эмас, балки ташқи кўринишида ҳам фарқлар бор, тўғрими?
Сиз нима деб ўйлайсиз, қандай фарқлар бор?
Тўғри, болажонлар 1-китобимиз қалин ва катта, 2-китобимиз юпқа ва катта, 3-китобимиз кичик ва қалин. Китоб қалин бўлиши учун унинг варақлари кўп бўлиши керак.
Мана бу йиғма китобимиз юпқа ва узун.
Болаларга 10 тагача китобни худди шундай бир-бирига таққослаб қалин-юпқалиги, катта-кичиклиги ва узун-калталигини аниқлаш ўргатилади.
Болалар учун амалий иш.
Тарбиячи: Болажонлар, ҳозир сизларга турли қалинликдаги ва катталикдаги китоблар чизилган расмларни тарқатаман. Сиз уларни ўзингиз хоҳлаган рангга бўяйсиз ва қайси китобни қандай рангга бўяганингизни айтасиз. Масалан: Мен қалин ва катта китобни кўк рангга бўядим. Юпқа ва кичик китобни сариқ рангга бўядим.
Билимларни мустаҳкамлаш учун ўйин: “Сеҳрли қопча”.
Болалар доира бўлиб турадилар, тарбиячи доира ўртасида туради, тарбиячининг қўлида “Сеҳрли қопча”, қопчада турли қалинликда ва узунликдаги матолар, қаламлар бўлади. Болалар биттадан келиб қопчадан бир нарсани ушлаб унинг нималигини ва қандайлигини айтадилар, ҳамда қопчадан чиқараб рангини ҳам айтадилар. Болалар тўғри топган буюмлар олиб қўйилади.
Болалар билимини ошириш ва текшириш учун саволлар:
1. Китобнинг варақлари кўп бўлса у қалин бўладими ёки юпқами?
2. Қаламнинг узунлиги унинг рангига боғлиқми ёки бўйигами?
Машғулот якунида болаларни рағбатлантириш.
30-МАШҒУЛОТ
Фазовий тасаввур
Мавзу: Фазода бошқа одамга, бошқа буюмларга нисбатан мўлжал олишни ўргатиш
Мақсад:
Болаларнинг фазовий тасаввурларини ривожлантириш.
Кутилаётган натижалар:
Болалар бошқа одамларга, буюмларга нисбатан мўлжал олишни ўрганадилар.
Болаларда атрофидаги одамларга, буюмларга нисбатан эътибор ошади.
Керакли жиҳозлар:
Машғулотнинг бориши:
Тарбиячи: Болажонлар, сизлар ўнг-чап, орқа-олдин, ёнида-узоқда каби тушунчаларни жуда яхши тушунасизлар. Ҳозир сизлар билан турли ўйин-топшириқларни бажарамиз ва билимларингизни синовдан ўтказамиз.
“Ўнгда-чапда, олдинда-орқада” ўйини.
Бу ўйин орқали болалар бошқа одамларга нисбатан мўлжал олишни ўрганадилар. Болалар доира бўлиб турадилар. Тарбиячи ҳам улар қаторида туради.
Тарбиячи: Болажонлар, ҳаммамиз 1-2 деб санаймиз ва қайси сонни айтганимизни эслаб қоламиз. Мен бошлаб бераман, менинг чап томонимдаги бола давом эттиради. 1... (Тарбиячидан кейин чап томонидаги боладан бошлаб санашни бошлайдилар).
Ҳамма санаб бўлганидан кейин, тарбиячи топшириқ беради: Болажонлар, кимлар 2 деб санаган бўлса, 1 деб санаган боланинг ўнг томонига туриб олсин. Кимлар 1 деб санаган бўлса, 2 деб санаган болаларнинг орқасига туриб олсин. 2 деб санаган болалар 1 деб санаган болаларнинг чап томонига туриб олсинлар. Ўйин шу тариқа давом этади.
“Ҳаракатдаги велосипед” ўйини.
Бу ўйин ёрдамида болалар буюмларга нисбатан мўлжал олишга ўргатилади. Болалар доира бўлиб турадилар.
Тарбиячи: Болажонлар, энди сизлар билан “Ҳаракатдаги велосипед” ўйинини ўйнаймиз. Ҳозир мен турли транспортлар ҳақида топишмоқлар айтаман. Топишмоқни топган бола велосипедни ҳаракатлантиради. Диққат қилинг, топишмоқ:
Ёзда тойча,
Қишда хуржун. (Велосипед)
Топишмоқнинг жавобини айтган бола велосипедга ўтириб ҳайдайди ва бир боланинг олдига, бирининг орқасига, яна бирининг ўнг томонига, бошқасининг чап томонига бориб туради. Бола велосипед ўзининг қайси томонида эканлигини айтиши лозим.
“Қўнғироқча қаерда жиринглаяпти” ўйини.
Мақсад: Фазода мўлжал олиш малакасини мустаҳкамлаш, бола луғатида ўнгда-чапда, олдинда—орқада, юқорида-пастда каби сўзларни фаол ишлатиш, эшитиш қобилиятини ривожлантириш.
Бир боланинг кўзи боғланади. Иккинчи бола гуруҳ хонаси бўйлаб қўнғироқча билан юради. Қўнғироқчани турли жойларда жиринглатади. Биринчи бола ўзидан қайси томонда жиринглаётганини айтади. (Мендан ўнг томонда чалинди ва ҳокозо.)
Ким бир қанча марта қўнғироқ овози чиққан томонни тўғри топса, ўша ғолиб бўлади ва қўнғироқчани чалади. Товуш томонни тўғри аниқлаётган болаларга вазифани мураккаблаштириш мумкин. Масалан: Олдин 2-3 томонда навбат билан қўнғироқ чалинади ва товушлар қайси томондан келаётганини бола гапириб бериши керак. “Биринчи товуш олдинда, иккинчиси чапда, учинчиси ўнгдан эшитилди”.
Болалар билимини мустаҳкамалш ва текшириш учун саволлар:
1. Бугун қайси ўйинларни ўйнадик?
2. Ўнг ва чап, орқа ва олдинни биласизми? Кўрсатиб айтиб беринг.
Машғулот якунида барча болаларни рағбатлантириш.
31-МАШҒУЛОТ
Вақт ҳақида тасаввур
Мавзу: Ҳафта кунларининг номларини билиш ва кетма-кет келиши ҳақидаги билимларни мустаҳкамлаш
Мақсад:
Болаларнинг ҳафта кунлари ҳақидаги билимларини мустаҳкамлаш.
Кутилаётган натижалар:
Болалар ҳафта кунларининг номларини билиб оладилар.
Ҳафта кунларининг кетма-кетлигини тўғри айтишни ўрганадилар.
Керакли жиҳозлар:
1-7 гача рақамлар ёзилган медальионлар.
Do'stlaringiz bilan baham: |