Тарбиячи: Болажонлар, келинглар, қўғирчоқларимиз (машиналаримиз) учун рангли таёқчалардан уйча қурамиз (ясаймиз). Қўлингизга 4 та тўқсариқ таёқча олингда, улардан квадрат ясанг. Демак, уйчанинг “деворлари” тайёр бўлди. Энди 2 та таёқчадан том ясаймиз. Томимиз қандай шаклда бўлди?
Болалар жавоби: Учбурчак шаклида.
Тарбиячи: Уйнинг девори ва томидан бошқа яна нимаси бўлади?
Болалар жавоби: Дераза, эшик, мўри.
Тарбиячи: Тўғри, 4 та кўк таёқчадан дераза ясанг. Дераза қайси шаклга ўхшайди? 3 та сариқ таёқчадан эшик ясанг, 1 та қизил таёқчадан мўри ясаймиз. Эшик билан мўри қандай шаклга ўхшайди? Қаранг, қандай чиройли уйчалар пайдо бўлди. Энди айтинг, мўридан нима чиқади?
Болалар жавоби: Тутун.
Тарбиячи: Қайси рангдаги таёқчалардан тутун ясаймиз? Қанча таёқча керак бўлади? (болаларнинг ҳар хил жавоблари). Дераза қандай шаклга ўхшайди? Эшик-чи? Мўри-чи? Энди уйимизга меҳмонларни таклиф қилсак бўлади. Улар қандай қилиб уйчага кирадилар? Эшик олдига нима қуриб беришимиз керак?
Болаларнинг жавоби: Зина.
Тарбиячи: Тўғри, зинани биз зангори ва сариқ таёқчалардан ясаймиз. Мана зина ҳам тайёр бўлди. Қани айтингчи, зинанинг энг пастидаги таёқча қандай рангда, энг юқоридагисичи? Ўртадагисичи? Қўғирчоқ зинадан кўтарилаётганда ҳар бир зинанинг рангини айтиб ўтинг. Қўғирчоқни энг узун зинага қўйинг (калтароқ, энг калтасига). Ўртадаги таёқча қандай рангда?
Болалар жавоби.
Тарбиячи: Энди уйимиз атрофига панжара қиламиз. Бинафша рангдаги 3 та таёқчани олиб, уйчанинг чап томонига ўрнатинг, шу рангдаги яна 4 тасини уйчанинг ўнг томонига жойлаштиринг. Мана, панжара ҳам тайёр бўлди. Унинг таёқчалари қандай баландликда?
Болалар жавоби: Бир хил баландликда.
Тарбиячи: Ранглари-чи? Энди уйимиз ёнига дарахт экамиз. Дарахт танасини яшил таёқчадан ясаймиз. Шохлари эса 2 та яшил таёқчадан иборат бўлади. Дарахт танаси учун нечта таёқча керак бўлади? Шохлар учун-чи? Улар қандай рангда?
Қўғирчоқлар бир-бириникига меҳмонга борганда қаердан юрар экан? Демак, йўлакчалар керак экан. Уйлар орасига йўлакчалар қурамиз. Фақат ҳамма йўлакчалар бир хил рангда бўлсин.
Ана энди, барча қўғирчоқлар бундай чиройли уйларда маза қилиб яшайди ва бир-бириникига меҳмонга борадилар. Энди туриб, бир-биримизнинг ишларимизни кўриб чиқамиз.
(Машғулот давомида болалар ҳаракатига ёрдам кўрсатилади).
Болалар билимини ошириш ва мустаҳкамлаш учун саволлар:
1. Уйнинг деворига ва томига нечта таёқча ишлатдик?
2. Уйнинг девори қандай шаклда?
3. Уйнинг томи қандай шаклда?
4. Дераза, эшик ва мўрига нечта таёқча ишлатдик?
5. Дераза қандай шаклда?
6. Эшик ва мўри қандай шаклда?
7. Зинани нечта таёқчадан ясадик?
8. Деразани қандай рангдаги таёқчадан ясадик?
Машғулот якунида барча болаларни рағбатлантириш.
8- МАШҒУЛОТ
Миқдор (Катталик)
Мавзу: Нарсаларни бўлиш усули билан 2 та тенг қисмга бўлишни ўргатиш
Мақсад: Болаларда бутун ва қисм ҳақида тушунча ҳосил қилиш.
Кутилаётган натижалар:
Болалар шаклларни тенг 2 қисмга бўлишни ўрганадилар.
Болалар бутун ва қисмни фарқлашни билиб оладилар.
Болалар бутун ва қисм сўзларини нутқда тўғри ишлатишни ўрганадилар.
Керакли жиҳозлар:
Ҳар бир болага 2 тадан квадрат шаклидаги қоғоз варағи (ўлчами: бўйи 8 см, эни 8 см) ва қайчи.
Ҳар бир болага 2 тадан доира шаклидаги рангли қоғоз (диаметри 8 см).
“Домино” ўйини учун карточкалар.
Машғулотнинг бориши:
Тарбиячи: Болажонлар, ҳаммамиз қўлимизга квадрат шаклидаги қоғоз варағини оламиз. Унинг учларини бирлаштириб тенг қилиб буклаймиз. Букланган чизиғидан яхшилаб бармоқ юритиб чиқамиз. Энди қоғоз варағини очамиз, қайчини олиб букланган чизиқдан қирқамиз. Битта катта қоғозни ўртасидан бўлиб, 2 та тенг бўлак ёки қисм ҳосил қилдик. Бу қисмлар қандай шаклга ўхшайди. Тўртбурчакка. Бу қисмларни бутун варақнинг иккидан бир қисми дейишимиз ҳам мумкин. Энди болажонлар, қисмлардан бирини олиб бутун варақ устига қўйиб ўлчаб, таққослаб кўрамиз-қайсиниси катта? Қайси кичик?
Тўғри болажонлар, бутун варақ, қисмдан катта. Битта қисм бутун варақдан кичик.
Энди болажонлар, 2 та ярим қисмни бирлаштириб қўямиз. Бутунга тенг бўлдими, йўқми? Биз 2 та ярим қисмларни бирлаштириб, 1 та бутун квадратни ҳосил қилдик.
Болалар учун амалий иш.
Тарбиячи: Болажонлар, энди ҳаммангиз олдингиздаги доира шаклидаги варақни олиб мустақил ҳолда уни 2 та тенг қисмга бўлинг. Улуғбек, тушунтириб берчи, сен доирани нечта қисмга бўлдинг? Битта қисм бутундан кичкинами, каттами? (3-4 та боладан сўралади). Қисмларни бутун доиранинг устига қўйиб ўлчаб кўрилади.
Тарбиячи: Болажонлар, ҳозир ҳаммамиз бутун доирадан бутун олмани ясаймиз. Яримта қисмларни яримта олма шаклига келтирамиз. Бунинг учун доира шаклидаги қоғозни учларини тенг қилиб буклаймиз ва қўлимизда олма шаклига ўхшатиб йиртиб чиқамиз. Биринчи олманинг шохга илиниб турадиган бандини қиламиз, кейин пастини ўхшатамиз. Мана олмаларимиз тайёр бўлди. Энди доиранинг қисмларини устма-уст қўямиз ва яримта олма шаклига келтирамиз.
Тетиклаштирувчи машқ.
Тарбиячи: Болажонлар, бир қатор бўлиб туриб олинглар. Мен “доира” десам, доира шаклида туриб оласизлар. “2 та доира” десам, дарров 2 га бўлиниб, 2 та доира бўлиб турасизлар. “Квадрат” десам, квадрат шаклида, “2 та квадрат” десам, 2 та квадрат шаклида турасизлар.
Болалар билимини мустаҳкамлаш учун ўйин: “Домино”. “Домино” ўйини учун тайёрланган карточкаларда бутун, яримта ҳолда тасвирланган квадрат, доира шакллари бўлади. Болалар бу карточкаларни бўлиб оладилар ва домино ўйини қоидаларига риоя қилиб ўйнайдилар. Фақат ўйин давомида қандай шаклнинг бутун ёки 1 та қисмини қўйганлигини овоз чиқариб айтиши лозим.
Болалар билимини текшириш ва мустаҳкамлаш учун саволлар:
1. Иккита қисмдан нечта бутун ясаш мумкин?
2. Битта бутунни нечта қисмга бўлдик?
3. Бутун кичкинами ёки қисмми?
4. Қандай ҳолда қисм ҳосил бўлади?
5. Бутун каттами ёки қисм каттами?
6. Квадратнинг 2 дан бир қисмини кўрсатинг
9- МАШҒУЛОТ
Фазовий тасаввур
Мавзу: Атрофдаги нарсаларнинг ўзига нисбатан вазиятини сўз билан ифодалаш кўникмасини мустаҳкамлаш
Мақсад:
Болаларнинг фазовий тасаввурларини ривожлантириш.
Кутилаётган натижалар:
Болаларда атрофдаги нарсаларнинг ўзига нисбатан ҳолатини аниқлай олиш кўникмаси шаклланади.
Болалар атрофдаги нарсаларнинг ўзига нисбатан вазиятини сўзда ифодалашни ўрганадилар.
Керакли жиҳозлар:
Қўғирчоқ.
Ўйинчоқ жиҳозлар тўплами.
Турли ўйинчоқлар.
Оқ қоғоз, қалам, 2 та таёқча.
Машғулотнинг бориши:
Тарбиячи: Болажонлар, бугун хонамиздаги баъзи жиҳозларнинг ва буюмларнинг жойини ўзгартирамиз. Сизлар менга ёрдам берасизлар. Олдин жойини ўзгартирадиган жиҳозларни кўриб олсак: шкафча, столлар, стуллар, гулдон, қаламдонлар, гуллар.
Болалар: Ўнг томонга шкафни қўямиз. Хонанинг ўртасига стол-стуллар қўйилади. Шкафга гулдон ва гулларни қўямиз. Қаламдонларни столларнинг устига қўямиз.
Тарбиячи: Жуда яхши болалар, тўғри жойлаштирдингиз. Камол, шкаф сенинг ўнг томонингдами ёки чап томонингда? Лола, стол сенинг олдингдами ёки орқангда?
Жиҳозларни яна бошқача ҳолда жойлаштириш мумкинми?
Болалар жиҳозларни турли усулда жойлаштириб изоҳлаб берадилар.
Болалар учун амалий иш.
Тарбиячи: Болажонлар, қўлингиздаги қоғозга мен айтган тарафга қараб чизиқлар чизасиз. Чизиқлар чизишда мана бу таёқчалардан фойдаланамиз. Натижада ниманингдир расмини чизамиз. Демак, бошладик:
1-қоғознинг пастки чап томонидаги нуқтадан ўнг томонидаги нуқтагача, яъни шкаф томонга узун таёқча ёрдамида чизиқ чизинг.
2-чизилган чизиқнинг чап томонидаги учидан юқоридаги нуқтагача, доска томонга қаратиб калта таёқча ёрдамида чизиқ чизинг.
3-биринчи чизган чизиғимизнинг ўнг томонидаги учидан юқорига доска томонга калта таёқча билан чизиқ чизинг.
4-калта таёқчалар билан чизган чизиқларимизнинг учини бирлаштиринг. Бунда чапдаги чизиқнинг учидан ўнгдаги чизиқнинг учига чизиқ чизинг.
Болажонлар, қандай геометрик шакл ҳосил бўлди?
Болалар: Тўртбурчак.
Билимларни мустаҳкамлаш учун ўйин: “Қаерга борасан ва нимани топасан?”.
Керакли жиҳозлар: Турли ўйинчоқлар.
Ўйин мазмуни. Тарбиячи ўйинчоқларни хонанинг турли жойларига: боладан ўнг томонга ракетани, чап томонга-коптокни, боланинг олдига қўғирчоқни қўяди, унинг орқасига — машинани қўяди ва шундай дейди: “Олдинга борсанг- қўғирчоқни топасан, ўнгга борсанг ракетани топасан, чапга борсанг-коптокни топасан, орқага борсанг-машинани топасан”. “Сен қаёққа борасан ва нимани топишни истайсан?”
Ўйин 5-6 минут давом этади.
Болалар билимини ошириш ва мустаҳкамлаш учун саволлар:
1. Ўнг томоннингизда қандай жиҳоз турибди?
2. Чап томонингизда нима бор?
3. Олдингизда қайси жиҳоз турибди?
4. Орқангизда қайси ўйинчоқ турибди?
5. Ўнг ва чапни фарқлашни ўрганиб олдингизми?
Машғулот якунида болаларни рағбатлантириш.
10- МАШҒУЛОТ
Вақт ҳақида тасаввур
Мавзу: Кеча, бугун, эртага каби тасаввурларни мустаҳкамлаш
Мақсад:
Болаларнинг вақт бўйича тасаввурларини кенгайтириш.
Кутилаётган натижалар:
Болаларнинг кеча, бугун, эртага ҳақидаги тасаввурлари мустаҳкамланади.
Болаларга кеча, бугун, эртага сўзларини нутқда тушунган ҳолда тўғри қўллашни ўргатиш.
Керакли жиҳозлар:
Копток.
Доира (15 см), квадрат (15 см) ва тўртбурчак (бўйи10 см, эни 15) шаклларида қоғоз варақлар.
Рангли қаламлар.
Машғулотнинг бориши:
Тарбиячи: Болажонлар, кеча биз кун давомида қандай ишларни қилдик бир эслаб кўрингчи?
Эрталабдан ҳаммамиз боғчага келдик. Сизлар яхши кўрадиган эртаклардан бири бўлган “Қўзичоқ ва қарға” эртагини саҳналаштирдик... Кеч бўлганда ҳаммамиз уйга кетдик. Қуёш ҳам тоғлар ортига ўтиб кетгандан кейин қоронғи бўлиб тун бошланди. Ҳаммамиз ётиб ухладик. Эрталаб турсак, бугунги кун бошланибди. Бугун боғчага келдик. Эрталабдан буён қандай ишларни бажардик? Яна қандай ишлар билан шуғулланишни хоҳлайсизлар? ...
Бугун кечқурун ҳаммамиз уйимизга кетамиз. Қуёш ботиб, қоронғи бўлгандан кейин ухлашга ётамиз. Эрталаб турсак, эртанги кун бошланади. Эртага эрталабдан ҳаммамиз боғчага келамиз, мен сизларга турли қизиқарли ўйинларни тайёрлаб қўяман ва биз биргаликда ўйнаймиз.
Билимларни мустаҳкамлаш учун ўйин: “Кеча, бугун, эртага”.
Тарбиячи: Болажонлар, сизлар билан ҳозир “Кеча, бугун, эртага” ўйинини ўйнаймиз.
Болажонлар, ҳаммамиз доира бўлиб турамиз. Мен кимга “Кеча” деб коптокни отсам ўша бола кеча қилган ишларидан бирини айтади. Гапининг бошида албатта “Кеча” сўзини ишлатиши шарт. “Бугун” деб коптокни отсам, коптокни илиб олган бола “Бугун” сўзини ишлатган ҳолда битта гап айтади. “Эртага” деб коптокни отсам “Эртага” сўзини ишлатган ҳолда битта гап айтади.
Болалар учун амалий иш.
Тарбиячи: Болажонлар, ҳозир сизларга 3 та геометрик шаклларни тарқатиб чиқаман. Доира, квадрат ва тўртбурчак шаклларини.
Доира шаклини олганлар кеча қилинган ишлардан ўзингиз хоҳлаган бирор воқеанинг расмини чизасизлар ва изоҳлайсизлар. Квадрат шаклига бугунги кундаги воқеаларни тасвирлайсизлар ва изоҳлайсизлар. Тўртбурчак шаклига эртага қилишни хоҳлаган ишни тасвирлайсизлар ва изоҳлаб берасизлар. (Барча болаларнинг изоҳи тингланади).
Болалар билимини текшириш ва мустаҳкамлаш учун савол ва топшириқлар:
1. Биз биргаликда “Қўзичоқ ва қарға” эртагини саҳналаштирдик. Қачон бўлган воқеа ҳақида гапираяпман?
2. Қачон биз сизлар билан кеча, бугун ва эртага ҳақида гаплашдик?
3. Қачон Камолжон эрталабки машқни бизга бажартирди?
4. Қачон турли қизиқарли ўйинлар ўйнаймиз?
5. Кеча боғчага қайси бола энг биринчи келди?
6. Бугун боғчага қайси бола энг биринчи келди?
Машғулот якунида болаларни рағбатлантириш.
11- МАШҒУЛОТ
Сон ва саноқ
Мавзу: 10 гача бўлган сонларни ёзувда фарқлашни ўргатиш
Мақсад:
Болаларга 1 дан 10 гача бўлган сонларни ёзувда фарқлашни ўргатиш.
Кутилаётган натижа:
Болалар 1 дан 10 гача бўлган сонларни ёзувда фарқлашни ўрганадилар.
Болалар топишмоқлар ёрдамида сонларни ёзувда фарқлашни ўрганадилар.
Керакли жиҳозлар:
Сонлар ёзилган карточкалар (эни 10 см, бўйи 10 см).
1 дан 10 гача бўлган сонлар миқдорида расмлар чизилган карточкалар (бўйи 10 см, эни 6 см).
Машғулотнинг бориши:
Тарбиячи: Болажонлар, сизлар 10 гача тўғри ва тескари санашни жуда яхши ўрганиб олгансизлар. 1 дан 10 гача бўлган сонларни ёзувда ҳам танийсизларми? Бугун сизларнинг 1 дан 10 гача бўлган сонларни ёзувда қанчалик танишларингизни текшириб кўраман. Болажонлар, мана бу сонларни биласизларми?
Тарбиячи карточкаларни кўрсатиб қайси сон эканлигини айтади ва болалардан такрорлашни сўрайди.
Болалар учун амалий иш.
Тарбиячи: Болажонлар, сонларни саноғи тўғри келадиган суратлар билан туташтиринг.
Тетиклаштирувчи машқ.
Тарбиячи: Болажонлар, топшириқни ҳамма жуда яхши бажарди. Энди ўрнимиздан туриб 10 марта сакраймиз, 10 марта ўтириб-турамиз.
Билимларни мустаҳкамлаш учун ўйин: “Топган топалоқ”.
Тарбиячи: Болажонлар, ҳозир сизларга сонлар ҳақида топишмоқлар айтаман. Мен қайси сон ҳақида топишмоқ айтганлигимни топасиз, қайси сон эканлигини айтиб, карточкани кўрсатасиз.
Тўнкарилган стулга
Ўхшаб кетар бўй-бастим
Отим “яхши” 4 та ҳарф
Беш менинг яқин дўстим. (4)
Нолдан кейин тураман
Чизғичингга қараб боқ.
Сонлар ичра доимо
Биринчиман эй ўртоқ. (1)
Билимингни баҳолаб
Ноилож кўникаман.
Қачон “4”га етар деб
Кўз тикиб толиқаман. (3)
Қоматимни кўрганлар
Қиёс қилар оқ қушга.
Мендан дир-дир титрайди
Ихлоси йўқ ўқишга. (2)
Шапка кийиб бошимга
Белбоғга бойланганман.
Хизматига тайёрман
Меҳнатсевар ўртоқнинг. (7)
Копток мисол қорнимни
Соябонга оламан.
Бир, икки, уч, ўзимга
Тенг бўлина қоламан. (6)
Рассом чизар ўхшатиб
Юк кўтаргич илмоққа.
Мен муаллим совғаси
Билимдон ҳар ўртоққа. (5)
Ипак қурт пилласидай
Қўш ҳалқаман мустаҳкам.
Ўзгармас қиймат шаклим
Ўнг-терс бўлиб турсам ҳам. (8)
Қўшни бўлиб, кўпайдик
10 ҳиссага бир ва ноль.
Ҳисоблаймиз санаймиз
Бериб доим қўлга-қўл. (10)
Шаклим ўхшаш вергулга
Олтига қариндошман.
Бир хонали сонларга
Шу ёшдан карвонбошман. (9)
Тарбиячи: Болажонлар, “Топган топалоқ” ўйинида жуда яхши қатнашдингиз, баракалла.
Энди яна бир марта сонларни кўрсатаман, сизлар хор бўлиб қайси сон эканлигини айтасизлар.
Болалар билимини текшириш ва мустаҳкамлаш учун савол ва топшириқлар:
1. 3 ва 5 сони ўртасидаги сонни кўрсатинг.
2. 6 дан кейинги сонни кўрсатинг ва номини айтинг.
3. 9 дан кейин қайси сон келади?
4. 7 дан олдинги сонни кўрсатинг ва номини айтинг.
5. 8 ва 10 орасидаги сонни кўрсатинг ва номини айтинг.
Машғулот якунида болаларни рағбатлантириш.
12- МАШҒУЛОТ
Геометрик шакллар
Мавзу: Таёқчалар ёрдамида турли муаммоли вазифаларни ҳал қилишни ўргатиш
Мақсад:
Болаларнинг геометрик шакллар тўғрисидаги тасаввурларини кенгайтириш.
Кутилаётган натижалар:
Болалар муаммоли вазифаларни ҳал қилишни ўрганадилар.
Маълум миқдордаги таёқчалардан турли геометрик шакллар ясаш ва шакллар кўринишини айтилган сондаги таёқчаларни олиш йўли билан ўзгартиришни ўрганадилар.
Керакли жиҳозлар:
Таёқчалар (ўлчами 10 см).
Машғулотнинг бориши:
Тарбиячи: Болажонлар, биз сизлар билан таёқчалардан турли шаклларни, буюмларни ясашни ўрганган эдик. Бугун яна таёқчалардан турли шаклларни ясаймиз ва таёқчалардан ясалган уйча ҳамда калитчадан таёқчаларни олиш йўли билан кўринишини ўзгартиришни ўрганамиз.
Ҳар биримизда нечта таёқча бор? Биргаликда санаб, таёқчаларнинг қанчалигини билиб оламиз: 1, 2, 3, 4, 5, 6, 7, 8, 9, 10. Таёқчаларимиз нечта экан?
Болалар: 10 та
Тарбиячи: Болажонлар, ҳозир сизларнинг столларингизга геометрик шакллардан бирини қўяман. Сизлар 10 та таёқчадан шу шаклни ясайсизлар. 1-столдагилар доира шаклини, 2-столдагилар учбурчак шаклини, 3- столдагилар тўртбурчак шаклини, 4-столдагилар квадрат шаклини, 5-столдагилар овал шаклини ясайдилар. Энди ясаган шаклларимизни ўзгартирамиз ва ҳаммамиз учбурчак шаклини ясаймиз. Энди квадрат ёки тўртбурчак шаклини ясаймиз. Улуғбек, сен қайси шаклни ясадинг? Камол, сен-чи, қайси шаклни ясадинг? Энди ҳаммамиз доира шаклини ясаймиз.
Тарбиячи: Болажонлар, энди муаммоли топшириқни ҳал қилишни ўрганамиз. Ҳаммамизда 10 та таёқча бор, тўғрими? 10 та таёқчага яна битта таёқча қўшсак, таёқчалар 11 та бўлади. 11 та таёқчадан мана бундай уйча ясанг. 1 та таёқчани олиб шундай қўйингки, уйча бошқа томон билан қарасин.
Жавоб:
Тетиклаштирувчи машқ.
Тарбиячи: Болажонлар, доира шаклида туринг. Квадрат шаклида туринг. Учбурчак шаклида туринг. Энди болажонлар, ўтириб кейинги топшириқни бажарамиз.
Болажонлар, 10 та таёқча донасидан калит шаклини ясаймиз. Ушбу калитдаги 4 та таёқча донасининг ўрнини ўзгартириб шундай қўйингки, 3 та квадрат ҳосил бўлсин. Қани болажонлар бошладик.
Жавоб:
Болалар билимини текшириш ва мустаҳкамлаш учун саволлар:
1. Болажонлар, топшириқлардан қайси бири сизга кўпроқ ёқди?
3. 10 та таёқчадан ясалган калит шаклидан нечта таёқчани олиб 3 та квадрат ясадик?
4. Уйча шаклида нечта таёқчадан фойдаландик?
5. Болажонлар, уйча тасвирида сизлар билган қандай шакллар бор?
Машғулот охирида барча болаларни рағбатлантириш.
13- МАШҒУЛОТ
Миқдор (Катталик)
Мавзу: Бутунни 4 та тенг қисмга бўлишни, бутун ва қисмни таққослашни ўргатиш
Мақсад:
Болаларнинг бутун билан унинг қисмлари орасидаги муносабатлар ҳақидаги билимларини мустаҳкамлаш.
Кутилаётган натижалар:
Болалар бутунни 4 та тенг қисмга бўлишни ўрганадилар.
Болалар бутун ва қисм ҳақида тушунчага эга бўладилар.
Болалар нутқда бутун, қисм сўзларини тушунган ҳолда тўғри ифодалай оладилар.
Керакли жиҳозлар:
Бўйи 15 см, эни 20 смли қоғоз варағи (ҳар бир болага 2 тадан).
Турли ўлчамда геометрик шаклларнинг бўлаклари (турли рангда ва бир хил рангда).
Машғулотнинг бориши:
Тарбиячи: Болажонлар, эсингизда бўлса сизлар билан квадрат ва доира шаклини тенг 2 та қисмларга бўлишни ўрганган эдик. Бугун ҳам бутун ва қисм ҳақида гаплашамиз, лекин энди бутунни 4 та тенг қисмга бўлишни ўрганамиз. Ҳаммамиз қўлимизга катта қоғоз варағини оламиз ва унинг учларини тенг қилиб, чизиғини аниқ қилиб буклаймиз, кейин яна бир бор буклаймиз. Қисмлар тенг бўлиши учун текис буклаш керак. Ҳамма буклаб бўлдими? Энди қоғозларни очиб, нечта тенг қисмлар ҳосил бўлганлигини санаб чиқамиз. Қисмлар нечта экан?
Энди шу 4 та қисмларни қирқиб оламиз. Битта қисмни бутун қоғоз устига қўйиб нима катталигини аниқлаймиз. Нима катта экан бутунми ёки битта қисмми?
Битта қисм ёнига иккинчи қисмни ҳам қўйиб таққослаб кўрамиз. Бутун варақ каттами ёки иккита қисмми?
Иккита қисм ёнига учинчи қисмни ҳам қўямиз ва яна таққослаб кўрамиз. Бутун каттами ёки учта қисмми?
Учта қисм ёнига тўртинчи қисмни ҳам қўямиз ва таққослаб кўрамиз. Бирлаштирилган қисмлар бутунга тенгми ёки каттами?
Болажонлар, 4 та қисмнинг ҳар бирини нима деб аташ мумкин? Болажонлар бу қисмларни тўртдан бир ёки чорак деб айтишимиз мумкин. 4 дан бир дейишимизга сабаб бутуннинг мана шу 4 та қисмидан биридир. Болажонлар, доскада 4 та қисм турибди, улардан бирини олсам, доскада 4 дан неча қисм қолади? 4 дан 3 қисм қолади.
2 тасини олсам 4 дан неча қисм қолди? 4 дан 2 қисм қолди. Доскада қолган 4 дан 2 қисм каттами ёки менинг қўлимдагими? Доскадаги ва қўлимдаги қисмлар тенг.
Болалар учун амалий иш.
Стол устига турли шаклларни 2 та ва 4 та қисмга бўлиб аралаштирилиб қўйилади. Болалар қисмларни тўғри топиб бирлаштириб турли шаклларни ясайдилар.
Ҳар бир шакл алоҳида рангда бўлса болалар уларни бирлаштиришда қийналмайдилар. Топшириқни мураккаблаштириш учун ҳамма шаклларни бир хил рангда қилиш ҳам мумкин.
Болалар ясаб бўлганларидан кейин тарбиячи уларга саволлар беради:
1. Нечта қисмдан бутун шаклни ясадинг?
2. Қандай белгисига қараб қисмларни топдинг?
3. Бутун каттами ёки унинг 2 дан 1 қисмими?
4. Бутуннинг 2 дан 1 қисми деганда нимани тушунасиз?
5. Бутуннинг 4 дан 2 қисми каттами ёки 4 дан 1 қисмими?
6. Бутун каттами ёки унинг 4 дан 1 қисмими?
Тетиклаштирувчи машқ.
Тарбиячи: Болажонлар, ҳаммамиз ўрнимиздан турамиз, агар бутун доирани кўрсатсам, доира шаклида турасизлар. Доиранинг бир қисмини кўрсатсам, худди шу шаклда ярим доира бўлиб туриб оласизлар.
Билимларни мустаҳкамлаш учун ўйин: “Бутун ва қисмлар”.
Ҳар бир боланинг қўлига бутуннинг 2 дан бир ёки 4 дан бир қисми берилади. Болалар бир-бирларининг олдига бориб қисмларни бирлаштириб кўриб қисмлардан бутун ясашади. Кейин мана шу бутун шакллар ва қисмлар ёрдамида ўзлари ижод қилиб турли нарсаларни ясайдилар. Масалан: уйча, кемача, ракета, шкаф ва ҳ.к.
Болалар ясаб бўлганларидан кейин тарбиячи уларга савол беради:
1. Уйчани ясашда нечта бутун шаклдан ва нечта
қисмлардан фойдаландингиз?
2. Кемани ясашда нечта бутун шакл ва нечта қисмлардан
фойдаландингиз?
Машғулот якунида барча болаларни рағбатлантириш.
14- МАШҒУЛОТ
Сон ва саноқ
Мавзу: Ёнма-ён турган сонлар орасидаги муносабатларни тушунишга ўргатиш
Мақсад:
Болаларда сонлар орасидаги боғланишлар ҳақидаги тушунчаларни ҳосил қилиш.
Кутилаётган натижалар:
Ёнма-ён турган сонлар орасидаги муносабатларни ўрганадилар (10 гача бўлган сонлар ичида).
Болалар битта олдинги сон, кейинги сондан кичиклигини ва битта кейинги сон олдингисидан катталигини билиб оладилар.
Керакли жиҳозлар:
Сонлар тасвирланган карточкалар (бўйи 10см, эни 10см).
Кичик ўлчамдаги геометрик шакллар тўплами.
Кичик ўйинчоқлар.
Машғулотнинг бориши:
Тарбиячи: Болажонлар, 1 дан 10 гача бўлган сонларни ёзувда фарқлашни, тўғри ва тескари санашни ўрганиб олдингиз. 1 дан 10 гача бўлган ёнма-ён турган сонларнинг орасидаги муносабатлар ҳақида ҳам биласизларми?
Болаларнинг ҳар бирига карточкалар ва геометрик шакллар берилади. Тарбиячи сонли карточкани кўрсатади ва карточкада қайси сон тасвирланган бўлса, болалар ўзларидаги карточканинг юқори қаторига шунча доира шаклини теришади.
Тарбиячи: Болажонлар, карточкада қайси сон тасвирланган?
Болалар: 1.
Тарбиячи: Тўғри, демак сиз 1 та доира шаклини карточкангизнинг юқори қаторига санаб қўйиб чиқинг. (Тарбиячи иккинчи карточкани кўрсатади). Болажонлар, кейинги қаторга мана бу сонга тенг бўлган квадратларни териб чиқинг. Нечта квадратни териб чиқдингиз?
Болалар: 2 та квадратни.
Тарбиячи: Кейинги қаторга мана бу карточкадаги сон миқдорида учбурчакларни териб чиқинг. Нечта учбурчак териб чиқар экансизлар?
Болалар: 3 та учбурчакларни териб чиқамиз.
Тарбиячи: Болажонлар, 1 2 дан 1 та кичик, 2 1 дан 1 та ортиқ. 2 3 дан 1 та кичик, 3 2 дан 1 та ортиқ. Агар кичик сонга 1 та қўшилса, кейинги сон ҳосил бўлади. Катта сондан 1 та олинса, олдинги кичик сон ҳосил бўлади.
Худди шу тарзда 10 гача бўлган сонлар орасидаги муносабатлар тушунтириб берилади.
Болаар учун амалий иш.
Ҳар бир болага кичик ўйинчоқлар берилади. Болалардан бири бирорта сонни айтади, масалан: 6. Болалар дарҳол шу сондан олдинги ва кейинги сонларни айтадилар: 5 ва 7. 3 та сонга тенг келадиган ўйинчоқларни стол устига 3 қатор қилиб териб чиқадилар. Амалий иш шу тариқа давом этади.
Билимларни мустаҳкамлаш учун ўйин: “Атомлар”.
Болаларга ўйиндан олдин атомлар ҳақида қисқача маълумот берилади: “Болажонлар, сизлар атомлар ҳақида эшитганмисиз? Ҳар бир нарса молекулалардан ташкил топган. Молекулалар атомлардан ташкил топади. Атомлар тинимсиз ҳаракат қилиб туради, яъни бирлашиб, ажралиб яна бирлашиб. Биз ҳозир сизлар билан мана шу атомларнинг ҳаракат жараёнини ўйнаб кўрамиз”. Болалар хона бўйлаб юрадилар. Бошловчи: “Атомлар бир қаторга терилинглар”, деса болалар бир қаторга териладилар. Бошловчи: “Атомлар 5 тадан бирлашинг” деса, болалар 5 тадан бирлашадилар. Бошловчи “Атомлар ҳаракатда” деса, болалар ажралиб хоҳлаган ҳаракатини қиладилар. Бошловчи “Атомлар 6 тадан бирлашинг” деса болалар 6 тадан бирлашадилар. Бошловчи “Атомлар ҳаракатда” деса болалар ажралиб хоҳлаган ҳаракатини қиладилар. “Атомлар 7 тадан бирлашинг” деса, болалар 7 тадан бирлашадилар. “Атомлар 4 тадан бирлашинг” деса, болалар 4 тадан бирлашадилар. “Атомлар 3 тадан бирлашинг” деса, болалар 3 тадан бирлашадилар. “Атомлар 2 тадан бирлашинг” деса 2 тадан бирлашадилар. Ўйин шу тариқа давом этади.
Болалар билимини текшириш ва мустаҳкамлаш учун топшириқлар:
1. 5 сонидан олдинги ва кейинги сонларни айтинг.
2. 3 сонидан олдинги ва кейинги сонларни айтинг.
3. 7 дан битта кичик ва катта сонларни айтинг.
4. 9 сонидан олдинги ва кейинги сонни айтинг.
5. 10 сонидан олдинги сонни айтинг.
Машғулот якунида болаларни рағбатлантириш.
15- МАШҒУЛОТ
Геометрик шакллар
Мавзу: Доира ва овал шаклларини фарқлашга доир машқлар
Мақсад:
Болаларга доира ва овал шакларини ўхшаш ҳамда фарқли жиҳатларини ўргатиш.
Кутилаётган натижалар:
Болалар доира ва овал шаклларининг хусусиятларини, хоссаларини билиб оладилар.
Болалар доира ва овалнинг ўхшаш ва фарқли жиҳатларини аниқлаш усулларини ўрганадилар.
Керакли жиҳозлар:
Доира (диаметри 15 см) ва овал (диаметри 12х15 см) шакллари.
Доира ва оваллар тасвирланган карточкалар (бўйи 8 см, эни 12 см).
Катта доиралар ва оваллар, ҳар хил катталикдаги доирачалар ва оваллар.
Машғулотнинг бориши:
Тарбиячи: Болажонлар, мана бу шакллар нима деб аталади? (Болаларнинг жавоби). Тўғри, болажонлар, доира ва овал шакллари.
Болажонлар, доира ва овал шаклининг қандай ўхшаш ва фарқли жиҳатлари бор? Буни аниқлаш учун доира ва овал шаклларини бир-бири билан таққослаб кўрамиз. Доира ва овалнинг четидан бармоқ юритиб чиқамиз. Болажонлар, доира ва овалда бурчаклар йўқ, улар думалоқ узлуксиз чизиқдан ҳосил бўлган. Доирани думалатсак жуда яхши думалайди. Овал бўлса унча яхши думаламайди.
Демак овал ва доира шаклларининг ўхшаш жиҳатлари: иккаласининг ҳам бурчаги йўқлиги, шаклининг думалоқлиги.
Энди фарқли жиҳатларини аниқлаш учун овал ва доирани бир-бирининг устига қўямиз. Олдин доирани овалнинг устига қўямиз, кейин овални доиранинг устига қўямиз. Улар бир хил эканми? Улар бири-биридан фарқ қилади. Буни аниқлаш учун доиранинг ўртасини топиб нуқта қўямиз.
Доира юқорига, чапга, ўнгга бир хил кенгайганми ёки ҳар хилми? (Болаларнинг жавоби)
Овалнинг ҳам ўртасига нуқта қўйинг ва юқорига, пастга, ўнгга, чапга бир хил кенгайганми ёки ҳар хиллигини текшириб кўринг. (Болаларнинг жавоби)
Болажонлар, доира ва овалнинг фарқи нимада экан? (Болаларнинг жавоби). Тўғри болажонлар, доира барча томонларга бир хил кенгайган. Овал бўлса юқорига ва пастга камроқ кенгаяди, чапга ва ўнгга кўпроқ кенгаяди.
Болалар учун амалий иш.
Расмни давом эттиринг. 5-доира ва овални қизил рангга бўянг. 8-овал ва доирани сариқ рангга бўянг. Қолган доира ва овални хоҳлаган рангга бўянг.
Нечта овал бўлса, охирги овал шаклига шунча нуқта қўйинг.
Нечта доира шакли бўлса, охирги доира шаклига шунча нуқта қўйинг.
Тетиклаштирувчи машқ.
Тарбиячи: Болажонлар, бир-биримизнинг қўлларимизни ушлаб доира бўлиб турамиз, энди овал бўлиб турамиз. Кичкина овал бўламиз, катта овал бўламиз. Кичкина доира бўламиз, катта доира бўламиз.
Билимларни мустаҳкамлаш учун ўйин: “Рангли доиралар ва оваллар”.
Доира ва овалларни фақлаш, катта-кичик нарсаларни таққослаш.
Жиҳоз: Катта доиралар ва оваллар. Ҳар хил катталикдаги доирачалар ва оваллар.
Болаларга топшириқ: Кичик доираларни катта доирага шундай жойлаштирингки, натижада яхлит ранг ҳосил бўлсин. Доираларни катталигига қараб жойлаштириб, сўз билан ифодаланг. (Худди шу шарт бўйича оваллар билан ишлаш).
Ўйиннинг мазмуни: Ўйинда ҳамма болалар иштирок этадилар. Тарбиячи ҳар бир болага доиралар ва оваллар тўпламини бериб чиқади. Шаклларни кўриб чиқиш, катталигини, рангини, айтишни топширади. Сўнгра болаларга доира ва овалларни намунага қараб жойлаштириб чиқишни таклиф қилади.
Болалар билимини текшириш ва мустаҳкамлаш учун саволлар:
1. Амалий ишдаги охирги овалга нечта нуқта қўйдингиз?
2. Амалий ишдаги охирги доирага нечта нуқта қўйдингиз?
3. Катта рангли доирага нечта кичик доирачаларни жойлаштирдик?
4. Катта рангли овалга нечта кичик овалларни жойлаштирдик?
Машғулот якунида болаларни рағбатлантириш.
16- МАШҒУЛОТ
Вақт ҳақида тасаввур
Мавзу: Ҳафта кунлари билан таништириш
Мақсад:
Болаларда ҳафта кунлари ҳақида дастлабки тушунчаларни ҳосил қилиш.
Болаларни ҳафта кунларининг номлари билан таништириш ва фарқлашга ўргатиш.
Кутилаётган натижалар:
Болалар ҳафта кунларининг номларини билиб оладилар ва фарқлайдилар.
Болалар ҳафта кунларининг номини нутқда тўғри ифодалашни ўрганадилар.
Керакли жиҳозлар:
Ҳафта кунларини ифодаловчи доирачалари бор катта доира шакли (диаметри 15 см), (ҳар бир болага биттадан).
Ҳафта кунларини ифодаловчи (шартли равишда) 1 дан 7 гача сон билан кўрсатилган карточкалар жадвали.
Машғулотнинг бориши:
Тарбиячи: Болажонлар, мана бу топишмоқни топишга ҳаракат қилиб кўрингларчи:
Отлари ҳар хил,
Ёшлари бир хил.
Мени диққат билан эшитсангиз, топишмоқнинг жавоби нима эканлигини билиб оласизлар.
1. Болажонлар кеча қайси кун эди?
2. Бугун қайси кун?
3. Эртага қайси кун бўлади?
4. Болажонлар, бир ҳафтада неча кун бор?
5. Ҳафта кунларини катталар қандай биладилар?
Болажонлар, кеча душанба куни эди. Бугун сешанба. Эртага чоршанба. Душанба, сешанба, чоршанба, пайшанба, жума, шанба, якшанба булар ҳафта кунлари. Бир ҳафтада 7 кун бор. Биз душанба, сешанба, чоршанба, пайшанба, жума кунлари боғчага келамиз. Шанба ва якшанба кунлари уйда дам оламиз.
Болалар, топишмоқ нима ҳақида экан? (Топишмоқ яна такрорланади).
Болаларнинг жавоблари.
Болалар учун амалий иш.
Т арбиячи: Ҳафта кунларини катталар календардан биладилар. Биз катталарникидан фарқ қиладиган мана бундай календар асосида ҳафта кунларини ўрганамиз. Исталган кунни бизнинг календардан доирачалардаги рақамлардан билиш мумкин.
1 рақами-душанба
2 рақами-сешанба
3 рақами-чоршанба
4 рақами-пайшанба
5 рақами-жума
6 рақами-шанба
7 рақами- якшанбани
билдиради.
Болалар ўзларидаги календар билан ишлайди. “Ҳафта” календарини “Об-ҳаво” календари билан ёнма-ён илиб қўйиш мумкин, болалар ҳар куни стрелка билан ҳафтанинг ўтаётган кунини белгилайдилар.
Билимларни мустаҳкамлаш учун ўйин: “Ҳафта”.
Керакли жиҳозлар: Ҳафта кунларини ифодаловчи (шартли равишда) 1 дан 7 гача сон билан кўрсатилган карточкалар жадвали.
Ўйин мазмуни: Тарбиячи 1 рақами ёзилган карточка душанбани билдиришини, 2 рақами ёзилган карточка —сешанбани билдиришини ва ниҳоят 7 рақами ёзилган карточка якшанбани билдиришини тушунтиради.
Болалар хор бўлиб ҳафта кунларининг номини такрорлайдилар. Тарбиячи 7 та болани чақиради ва уларга карточкаларни беради. 7 та боланинг ҳар бири ҳафтанинг қайси куни бўлганлигини айтади.
Сўнгра тарбиячи ҳафтанинг истаган кунини айтади, масалан: “чоршанба”. Ўзини “чоршанба” деб айтган бола биринчи бўлиб туради. “Ҳафта сафлан!” командасига мувофиқ болалар чоршанбадан олдин ва кейин тўғри кетма-кетликда сафланишлари керак. Агар сафда хато бўлса бошқа болалар тўғрилайдилар ва ҳафта кунларини тартиб билан айтадилар. Ўйин шу тарзда давом этади.
Тарбиячи: Болажонлар, сизларга айтган топишмоғим нима ҳақида экан?
Тўғри, ҳафта кунлари ҳақида.
Болалар билимини текшириш ва мустаҳкамлаш учун саволлар:
1. Бир ҳафтада неча кун бор?
2. Қайси кунлари биз дам оламиз?
3. Сешанбадан кейин қайси кун келади?
4. Жума кунидан кейин қайси кун келади?
5. Чоршанбадан кейин қайси кун келади?
Машғулот якунида болаларни рағбатлантириш.
17- МАШҒУЛОТ
Сон ва саноқ
Do'stlaringiz bilan baham: |