Касса муомалаларини ҳисобга олиш
Касса муомалаларини юритиш Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 1998 йил 24 январдаги 376-сонли қарори билан тасдиқланган «Юридик шахслар томонидан касса муомалаларини юритиш қоидалари» билан тартибга солинади.
Бевосита корхона кассасидан нақд пулни олиш ва сарфлаш билан боғлиқ бўлган муомалалар касса муомалалари жумласига киради. Барча мулкчилик шаклидаги корхоналар ўз кассаларида нақд пул қолдиқлари лимитлари чегарасида нақд пулларни сақлаб туришлари ва уларни тушумдан олиб, меъёрлар чегарасида фойдаланишлари мумкин.
Касса муомалаларини олиб бориш учун корхона штатидан кассир ажратилади. У ўзи қабул қилиб олган барча бойликларнинг бут сақланиши учун тўлиқ моддий жавобгар шахс ҳисобланади. Кассирни тайинлаш бўйича буйруқ чиққанидан сўнг корхона раҳбари уни касса муомалаларини олиб бориш тартиби билан таништириши, тўлиқ якка моддий жавобгарлик ҳақида у билан шартнома тузиши шарт. Кассир ўз вазифаларини ҳеч кимнинг зиммасига юклай олмайди. Кассирни вақтинчалик алмаштиришга эҳтиёж туғилганида корхона раҳбарининг қарори асосида унинг вазифалари бошқа ходим зиммасига юкланади. Ўз навбатида, у билан тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома тузилади. Кассир тўсатдан ишни ташлаб кетишга мажбур бўлганида (касал бўлганида ва бошқа ҳолларда) унинг ҳисобдорлигидаги бойликларни корхона раҳбари тайинлаган шахслардан иборат комиссия бошқа кассирга ўтказади. Бунда қайта ҳисоблаш натижалари ва бойликларни бериш ҳақида далолатнома тузилади, унга комиссия аъзолари имзо чекади.
Корхона раҳбари пул маблағларининг кассада бут сақланишини таъминлайдиган зарур шароитларни яратиши лозим. Касса учун керагича жиҳозланган алоҳида хона, сейф ажратилиши зарур. Иш охирида кассир касса сейфини калит билан бекитиши ва сурғучли муҳр билан муҳрлаши шарт. Сейф калити ва муҳр кассирда сақланади, калитнинг бошқа нусхалари кассир муҳрлаган пакетлар, қутичаларда корхона раҳбарида туради.
Кассир нақд пул белгилари ва тангаларни кассага қабул қилиб олишда Ўзбекистон Республикаси миллий валютасининг тўловга яроқлилик аломатларини аниқлаш қоидаларига риоя қилиши лозим. Бу қоидаларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Марказий Банкининг ҳақиқийлигига шубҳа туғдирмайдиган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Гербининг тасвири, атайлаб бузиш аломатлари бўлмаган, шунингдек, бузилиш тарзидан қатъий назар юза томони (ўнги)да қийматининг тўлиқ миқдори ва тасвири сақланган ҳарфли серия ва рақамлари тўлиқ сақланган қоғоз пуллар ва тангалар тўловга яроқли ҳисобланади.
Қуйидаги камчиликларга эга бўлган қоғоз пулларни корхоналар тушум сифатида сўзсиз қабул қилиши ва банкка топшириши шарт:
исталган жойида тешиклар, йиртиқлар, қирилган жойлар, доғлар, қалам ва сиёҳда ёзилган ёзувлар бўлган қоғоз пуллар;
йиртилган ва шу йиртилган жойидан элимлаб ёпиштирилган, лекин иккала қисми ҳам бир қоғоз пулга тегишли бўлган қоғоз пуллар;
бўёқ тегиб, ўз рангини ўзгартирган жойлари бўлган қоғоз пуллар;
тўлиқ катталиги сақланиб қолмаган қоғоз пуллар.
Ҳисоб-китоб счётидан кассага олинган пул ишчи-хизматчиларга иш ҳақи, мукофот тўлаш, нафақа бериш, хизмат сафари харажатларини қоплаш ва бошқа мақсадлар учун сарфланади.Банкдан олинган маблағлар белгиланган мақсадлар учун сарфланиши лозим.
Корхона кассасига нақд пулларни қабул қилиш КО-1 шаклидаги касса кирим ордери билан амалга оширилади. У икки қисмдан иборат: кирим ордери (бланкнинг чап қисми) ва унга оид квитантсия (ўнг қисми). Касса кирим ордерини бухгалтерия ёзиб беради ва бош бухгалтер ёки у ваколат берган шахс томонидан имзоланади.
Кирим ордерини кассага топширишдан олдин, албатта, кирим ва чиқим ҳужжатларини қайд қилиш журналида (КО-3 ёки КО-4 шакли) қайд қилиниши лозим. Журнал икки қисмдан иборат: чап қисмида кассага келиб тушган пул маблағлари, ўнг қисмида сарфланган пул маблағлари қайд қилинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |