Орттирилган иммунитет танқислиги синдроми тўғрисидаги дастлабки хабарлар АҚШда рўйхатга олинган. 1981 йилда Лос-Анжелес ва Нью-Йорклик гомосексуалистларда пневмоцист пневмониянинг 5 ҳолати ва Капоши саркомасининг 26 ҳолати аниқланган. Уларнинг кўпчилигида одамнинг иммунитет танқислиги вируси – ОИВ туфайли юзага келган Т–ҳужайрали иммунитет танқислиги аниқланди. Биринчи марта ОИВ инфекциясининг якуний босқичи таърифланди ва кейинчалик унга «Орттирилган Иммунитет Танқислиги Синдроми» (ОИТС) деган ном берилди.
Одамнинг иммунитет танқислиги вируси 1983 йилда иккита лабораторияда мустақил равишда франциялик олим Люк Монтанье раҳбарлигидаги Пастер институти ва Роберт Галло раҳбарлигидаги АҚШдаги саратон касаллиги миллий институтида ажратиб олинди.
1986 йилда француз олимлари томонидан Африканинг ғарбий минтақаларида инсон учун патоген бўлган, ОИТСни келтириб чиқарадиган яна бир ретровирус аниқланди ва у ОИВ-2 деб аталди.
ОИВ нинг тузилиши. Геномнинг ноёб тузилиши ва фермент - қайталама транскриптазанинг мавжудлиги ретровируснинг ўзига хос хусусияти ҳисобланади. Вирус таркибида қайталама транскриптазанинг мавжудлиги генетик ахборотнинг тескари йўналишини: ДНКдан РНКга эмас, аксинча РНКдан ДНКга томон йўналишини таъминлайди.
ОИВнинг етилган вириони – диаметри 100-150 наномикрон (нм)га яқин бўлган шарсимон шаклдаги заррача. Унда РНКнинг 2та молекуласи, ферментлар, нуклеопротеинлар ва оқсиллар мавжуд. Нуклеокапсиднинг ўзида 2000га яқин р24 оқсили мавжуд.
Нуклеокапсид р17 матрица оқсилидан иборат бўлган қобиқ билан ўралган, устида 72 та гликопротеинли тиканак (шип) қадалган ташқи икки қатламли липопротеин қобиқ жойлашган. Ҳар бир тиканак трансмембран гликопротеин (gp41)нинг 3 молекуласидан ва юза гликопротеин (gp120)нинг 3 молекуласидан иборат.
ЭПИДЕМИОЛОГИЯСИ ОИВ инфекцияси узоқ давом этувчи сурункали юқумли инфекциялар қаторига кирадиган антропоноз касалликдир. Шахснинг вирусни юқтириб олишга мойиллиги унинг жинси ва ёшидан қатъий назар бир хил ҳисобланади. Одам иммунтанқислик вирусини юқтириб олган шахслар инфекциянинг манбаи ҳисобланади.
ОИВ қуйидаги биологик суюқликларда юқори концентрацияда учрайди: