НАЗОРАТ САВОЛЛАРИ
Қандай бошқарув услублари бор?
Раҳбарлик усуллари бўйича раҳбарлик турларини кўрсатинг.
Авторитар, либерал ва демократик раҳбар хусусиятларини тушунтириг
Таълим муассасаси раҳбари учун зарур компетенцияларни келтиринг
Раҳбарнинг иш услуби нима?
Автократик раҳбар билан демократик раҳбарнинг қандай фарқлари мавжуд?
Либерал раҳбарга изоҳ беринг?
Гуруҳнинг самарасига қайси факторлар таъсир қилади?
3-МАВЗУ: ПРОФЕССИОНАЛ ТАЪЛИМДА СИФАТНИ БОШҚАРИШНИНГ ЗАМОНАВИЙ УСУЛЛАРИ
Режа:
3.1. Таълим сифати мазмун ва моҳияти
3.2. Таълим сифатини бошқаришнинг Исикава усули
3.3. Таълим сифатини бошқаришнинг Дёминг цикли
Таянч сўзлар: сифат, таълим менежменти, сифат менежменти, Исикава усули, таълим сифатини бошқариш, омиллар, таълим сифати, инсон, машина, материаллар, ўлчов, усул, Дёминг цикли.
3.1. Таълим сифати мазмун ва моҳияти
Таълим сифати таълим тизими ва таълим муассасаси фаолиятининг шахсий, ижтимоий ва меъёрий талабларининг реал эришиш мумкин бўлган натижалари билан тавсифланади. Шунинг учун ҳам таълим муассасаларида сифат менежментини ташкил этиш мураккаб жараёнлардан бири ҳисобланиб, олий таълим муассасаларида ўтилаётган фанларнинг назарий ёки амалий хусусиятга эга бўлишидан қатъи назар, доимо ўзгариш ва янгиланишда бўлади.
Таълимда сифат менежменти қатъий назоратга олинмаса, таълим муассасасининг ўқув жараёнида маълум муаммолар келиб чиқиши мумкин. Шунинг учун таълимда сифат менежментини ташкил этишда ўқув жараёни билан боғлиқ омилларни эътибордан четда қолдирмаслик сифат менежментининг самарали ишлашини таъминлайди.
Таълим муассасасида сифат менежментини ташкил этиш мослашган бошқарув ва узлуксиз ўқув тизимига эга бўлиш ҳамда бошқарувни миқдордан сифат даражасига ўтишни талаб этади.
Таълим муассасаси сифат менежменти таълимни ташкил қилиш, таъминлаш ва бошқариш жараёнини қамраб олган комплекс тизим бўлиб, асосан ўқув жараёнини назарда тутади. Унинг ичига қуйидагилар киради:
- профессор-ўқитувчилар, талабалар, ўқувёрдамчи персонал, маъмурий ходимлар таркиби;
- педагогик технологиялар, тарбиявий жараёнлар, ахборот таъминоти, назорат;
- моддий-техник таъминот: бинолар, дастгоҳлар, лаборатория жиҳозлари, канцтоварлар, оргтехника;
- меъёрий-ҳуқуқий ва ўқув-методик таъминот;
- мотивация. Таълим сифати муаммоларини ҳал қилишда тизимли йўналишдан фойдаланиб, барча омилларни биргаликда бошқариш зарур бўлади.
Бу занжирдан бирор-бир омилнинг тушиб қолиши таълим сифатини бошқариш тизимининг бузилишига олиб келади. Таълим сифатини таҳлил қилиш ва олинган маълумотлар асосида бошқарувни самарали йўлга қўйиш таълимнинг бир қатор сифат тавсифларини аниқлаб олишни тақозо этади. Таълим сифатининг энг муҳим тавсифлари қуйидагилардан иборат. Билимлар ҳажми касбий фаолиятни амалга оширишга мувофиқ келиши лозим. Бунда билимлар миқдори олинган ахборот миқдори эмаслигини тушуниш керак.
Билимлар тузилиши турли типдаги билимлар билан фан ва фаолиятнинг турли соҳаларига мансублик нисбатини ифодалайди. Билимларнинг унумдорлиги ва амалий қиммати уларнинг уйғунлигига боғлиқ бўлади.
Профессионал фикрлаш услуби билимларни бошқариш қобилиятини акс эттиради. Кўпинча талабалар ўз олган билимларини амалий фаолият вазифалари билан боғлай олмайдилар. Бу ерда фикрлаш услуби ўз таъсирини кўрсатади.
Вақт омили. Касбий муаммолар ва вазифаларни ечишда вақтни тақсимлаш ва ундан фойдаланиш кўникмаси таълимда вақт омилини белгилайди. Бунга маъруза ёки амалий машғулотларни олиб боришнинг технологик харитасини мисол сифатида кўрсатиш мумкин. Унга кўра, машғулот жараёнида ўқитувчи ва талабаларга турли даражадаги роллар бириктирилади. Айниқса, янги педагогик технологияларга асосан талаба машғулот даврида устун мавқега эга. Унинг машғулотдаги фаол иштироки кўпроқ ахборотларни ўзлаштиришга имкон яратади.
Иш услубини белгилаш. Таълим жараёнида мутахассиснинг касбий фаолият ҳақидаги тасаввурларини шакллантиришда устувор омиллар мавжуд бўлиб, улар унинг тафаккуридан мустаҳкам ўрин олади ва кейинчалик унинг иш услубини белгилайди.
“Таълим сифати” сўз бирикмаси мамлакатимизда илк бор 1997 йилда Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида” ва “Кадрлар тайѐрлаш миллий дастури тўғрисида” қонунларининг таълим сифати устидан давлат назоратига бағишланган модда ва бўлимларида расмий равишда қайд этилган. Бу эса ўз навбатида таълим сифатини таъминлашга доир қатор назарий ва амалий ишланмаларнинг яратилишига туртки бўлган. Ш.Қурбонов ва Э.Сейтхалиловларнинг тадқиқотларида таълим сифати деганда «таълим жараѐнининг турли иштирокчилари таълим муассасаси томонидан кўрсатилаѐтган таълим хизматларидан кутганларининг қаноатлантирилиши даражаси» ѐки «таълимда қўйилган мақсад ва вазифаларга эришиш даражаси» тушунилади. Н.Шмырева, М.Губанова ва З.Крецанлар таълим сифати – ўқувчи шахсини ҳар томонлама ривожлантиришга доир эҳтиѐжларни қондиришни таъминловчи таълим хизматлари истеъмоллилик хусусиятларининг мажмуаси, деб ҳисоблайдилар. А.Воронин томонидан таълим сифати – жамиятда таълим жараѐнининг ҳолати ва натижасини, шахснинг фуқаролик, ҳаѐтий ва касбий компетенцияларининг ривожланиши ҳамда шаклланиш эҳтиѐжлари ва умидларига мувофиқлигини аниқловчи категория тарзида талқин қилинган. Е.Домбровская таълим сифатини таълимнинг Давлат таълим стандартлари, тегишли таълим дастурининг ўқув-дастурий ҳужжатлари талабларига мувофиқлиги, деб эътироф этади. Адабиѐтлар таҳлили умумлашган маънода, таълим сифатига инсон эҳтиѐжи ҳамда жамият ва давлат манфаатларини қондирувчи хусусиятлар йиғиндиси сифатида қаралганлигини кўрсатди. Бизнинг фикримизча, таълим сифати – бу нафақат таълим олувчилар билимининг давлат стандартларига мослиги, балки таълим муассасасининг муваффақиятли фаолият кўрсатиши, шунингдек, ҳар бир педагог ва раҳбарнинг таълим хизматлари сифатини таъминлашдаги фаолияти натижасидир. Таълим сифатини таъминлаш масаласи дунёнинг барча мамлакатларида долзарб вазифалардан ҳисобланади ва кўплаб мутахассислар қизиқишини ўзига жалб этган.
Халқаро амалиётда таълим сифатининг беш асосий йўналиши алоҳида ажратиб кўрсатилади:
- таълимнинг сифатини таъминлаш таълим муассасасининг нуфузини оширишга хизмат қилади. Чунки бунда таълим муассасасининг битирувчиси меҳнат бозорида рақобатчиларга нисбатан қулайроқ мавқега эга бўлади;
- таълим стандартларига мувофиқлик йўналиши таълим муассасаларида тайёрланаётган кадрларнинг минимум талабаларга жавоб беришини таъминлайди;
- мижозни қаноатлантирувчи таълимнинг сифатини таъминлаш устувор масалалардан ҳисобланади;
- истеъмолчи сифатни белгилайди ва унинг ҳар қандай талаби бўйича мутахассисни танлаб олади. Бу йўналиш таълим муассасаларининг тижорат фаолиятини жонлантиради; - таълим муассасаси жамиятга, ўзи жойлашган минтақага фойда келтиради. Шу сабабли, профессионал таълим муассасаларини жойлаштиришда истеъмолчи эҳтиёжлари ҳисобга олиниши ва кадрлар тайёрлашни меҳнат бозори талабларига йўналтириш лозим.
Таълим сифатини назорат қилишда унга таъсир қилувчи омилларни аввалдан ўрганиш ва уларни бошқариш талаб этилади. Таълим сифатига тасодифий, маҳаллий ва субъектив омиллар таъсир кўрсатиши мумкин.
(1-расм)
Таълим сифатини таҳлил қилишда сифат назоратининг бир қатор усулларидан фойдаланиш мумкин. Амалиётда сифат назорати усуллари ишлаб чиқаришга татбиқ этилган бўлиб, таълим жараёнида ушбу усуллар камдан-кам ҳолларда қўлланилади. Ишлаб чиқариш корхоналарига татбиқ этилган сифат назорати усулларидан таълим тизимида фойдаланиш масалалари қуйида кўриб чиқилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |