Сотиб олувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари. Шартномага берилган таърифни таҳлил этиб, сотиб олувчи унга етказиб берилаётган товар тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш учун мўлжалланган бўлишини талаб этишга ҳақлидир. Бундай сотувчи зиммасидаги мажбурият ушбу шартномада маҳсулот етказиб берувчи сифатида қатнашувчи тарафнинг аввало тадбиркорлик субъекти бўлиши ва айниқса ушбу фаолият билан шуғулланиш учун ваколатли бўлиши (улгуржи савдо билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлиши) талаб этилганлиги сабабдир. Товарлар сотиб олувчига вақтида етказилиши шарт. Агар товарнинг етказиб бериш муддати ўтказиб юборилган бўлса, сотиб олувчи ушбу товарларни қабул қилишни рад этишга ҳақли бўлади. Товарларни қабул қилишни рад этишнинг ҳам ўзига хос тартиби мавжуд. Рад этиш билдириш хатини топшириш орқали амалга оширилади. Яъни сотиб олувчи товар етказиб берувчини товарларни қабул қилмаслиги ҳақида ёзма ҳолда хабардор қилиши талаб этилади. Билдириш хати икки нусхада тузилиб, биттаси маҳсулот етказиб берувчига берилади. Иккинчиси эса ушбу билдириш хатини топширилганлигини тасдиқлаш учун сотиб олувчида сақланади. Маҳсулот етказиб берувчи билдириш хати орқали хабардор қилингунига қадар етказиб берган товарларини сотиб олувчи қабул қилишини ва уларни ҳақини тўлашини талаб қилиш ҳуқуқига эга. Етказиб берилган товар ҳақини тўлашдан бош тортиши ёки тўлашни кечиктиришига қонун йўл қўйилмайди. Бу борада ушбу норма диспозитивлигини этиборда тутиш лозим. Яъни шартномада бошқача тартиб назарда тутилиши ҳам мумкин. Жумладан, шартномада товарларни жўнатиш разнорядкаси бўйича шартнома шартларини аниқ бажарилиши юзасидан қатъий шартлар белгилаб қўйилган бўлса, товарни қабул қилишни рад эта олмайди. Рад этган тақдирда маҳсулот етказиб берувчи кўрган барча зарарларни қоплаши шарт бўлади.
Шу боис сотиб олувчи (олувчи) шартномага мувофиқ етказиб берилган товарларнинг қабул қилинишини таъминлайдиган барча зарур ҳаракатларни амалга ошириши лозим. Жумладан етказиб берилган товарларни тез ва сифатли қабул қилиш учун шароитларни яратиб қўйиши. Товарни туриб қолмаслигини таъминлаши шарт. Етказиб берилган товарни текшириб унинг сифатини аниқлашни ҳам шу турдаги товарларни аниқлаш ва сифатини текшириш учун одатда кетадиган вақтдан ўтиб кетмаслигини таъминлаши керак. Албатта бундай талабларни барчасини қонунда акс эттирилиши жуда қийин шу боис бундай талаблар тўғри бажарилганини ёки бажарилмаганини аниқлаш сотиб олувчи (олувчи) томонидан қабул қилинган (ёки қабул қилиниши керак бўлган) товарларни қонун ҳужжатларида (ФКда, алоҳида қабул қилинган қонунларда, ВМнинг қарорларида шунингдек турли низомларда), маҳсулот етказиб бериш шартномасида ёки иш муомаласи одатларида белгиланган муддат (ёки маддатлар)да кўздан кечириши талаб этилади. Ушбу кўздан кечириш натижасида товарлар миқдори ва сифати юзасидан аниқланган номувофиқликлари ва камчиликлари тўғрисида товар етказиб берувчини дарҳол ёзма равишда хабардор қилиши лозим. Дарҳол деган сўзни изоҳлаганда шуни эътиборга олиш керакки, сотиб олувчи ўзининг максимал имкониятларини ишлатган ҳолда ўта масъулиятлилик билан бунга ёндашиб, имкони борича қисқа муддатда ёзма (факс, интернет, телеграмма ҳамда почта орқали) ёки зарурат тақозо этса оғзаки (телефон орқали шунингдек модемограмма) шаклда зарур маълумотни тақдим етиши англашилади.
Етказиб берилган товарлар транспорт ташкилотидан олинган тақдирда сотиб олувчи (олувчи) товарларнинг транспорт ва юк ҳужжатларида кўрсатилган маълумотларга мувофиқлигини текшириши, шунингдек бу товарларни транспорт ташкилотидан белгиланган қоидаларга риоя этган ҳолда қабул қилиши лозим. Транспорт ташкилоти етказиб берилган товарга қўйилган талаблар (товар сифати, тури ва ассортименти ҳамда ишлаб чиқариш браки) учун жавоб бермаганлиги боис, сотиб олувчи маҳсулот етказиб бериш шартномасига мувофиқ маҳсулот етказиб берувчи унга топшириш учун юборган товарларни сақлаш учун масъул бўлмайди. Чунки унинг мажбурияти фақат товарларни унга қандай топширилган бўлса шундай топширишдан иборат. Сотиб олувчи унга етказиб берилган товарларни қабул қилишни рад этган тақдирда ушбу товарларнинг токи маҳсулот етказиб берувчи олиб кетмагунга (ёки олиб кетиш чорасини кўрмагунга) қадар бут сақланишини таъминлаши (масъулиятли сақлаш) шарт бўлади. Товарлар юзасидан эътирозни ва нима сабабдан товар рад этилаётганини дарҳол маҳсулот етказиб берувчи хабардор бўлиши юзасидан барча чораларни кўриши шарт бўлади.
Маҳсулот етказиб берувчи бундай хабарни олганидан сўнг сотиб олувчи томонидан масъулиятли сақлашга олинган товарни зудлик билан олиб чиқиб кетиши чорасини кўриши ёки сотиб олувчининг огоҳлантирган ҳолда ва барча зарарларни қоплаган ҳолда, оқилона муддат ичида ушбу товарни тасарруф этиши шарт бўлади. Агар маҳсулот етказиб берувчи ўзини масъулиятсиз тутиб оқилона муддатларни бузиб товарни тасарруф этмасдан ёки олиб кетмасдан ўзини пайсалга олса, сотиб олувчи товарни реализация қилиб кўрган зарарларни ундан чегириб қолиб, қолган маблағларни маҳсулот етказиб берувчига қайтаришга ёки маҳсулот етказиб берувчига товарларни қайтариб юбориш билан боғлиқ зарур харажатлари у томонидан қопланиши шарти билан қайтариб юбориш чораларини кўришга ҳақли бўлади.
Сотиб олувчи ўзининг ҳаракатларини қонун ҳужжатларига ва шартнома шартларига мос ҳолда амалга ошириши лозим бўлади. Агарда сотиб олувчи етарли асосларсиз маҳсулот етказиб берувчидан товарни қабул қилиб олишни рад этган бўлса, маҳсулот етказиб берувчи бу ҳолат (асоссиз маҳсулотни қабул қилишни рад этиш) ни исботлай олса сотиб олувчидан товар ҳақини тўлашни талаб қилишга ҳамда унга етказилган моддий ва маънавий зарарларни қопланишини талаб қилишга ҳақли бўлади.
Сотиб олувчи билан маҳсулот етказиб берувчи шартнома тузиш вақтида товарларни сотиб олувчи томонидан танлаб олиши тўғрисидаги шарт белгиланиши мумкин. Товарларни танлаб олиниши сотиб олувчи жойлашган ерда ёки маҳсулот етказиб берувчи жойлашган ерда амалга оширилиши мумкин. Аммо аксарият товарларнинг ҳусусиятларидан келиб чиқиб, товарларни танлаб олиш улар ишлаб чиқариладиган ёки сақланаётган жойда амалга оширилиши мақсадга мувофиқ бўлади. Шу боис маҳсулот етказиб бериш шартномасида сотиб олувчининг етказиб берувчи жойлашган ерда товарларни танлаб олиши назарда тутилган бўлса, сотиб олувчи ўзига топширилаётган товарларни улар топшириладиган жойда кўздан кечириши лозим. Товарларнинг шартномага номувофиқлиги аниқланганда, у бундай товарларни олишдан бош тортишга ҳақли бўлади.
Сотиб олувчининг товарларни танлашни товарнинг хусусиятидан келиб чиқиб маҳсулот етказиб берувчи билан келишиб шартномада белгиланган муддат ичида, бундай муддат белгиланмаган бўлса, маҳсулот етказиб берувчи сотиб олувчига жўнатишга мўлжалланган товарларнинг тайёрлиги тўғрисида билдириш хати орқали маълум қилгандан сўнг, агар сотиб олувчи оқилона муддатда товарларни танлаб олмаса маҳсулот етказиб берувчи шартномани бажаришдан бош тортиб, уни бир томонлама бекор қилиши ва кўрган зарарларини қопланишини талаб қилиши мумкин. Шунингдек, сотиб олувчи буюртмасига кўра ишлаб чиқарилган ёки сотиб олиб келинган товарларни ҳақини сотиб олувчи томонидан тўлашни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
Маҳсулот етказиб бериш шартномасида етказиб берилган товарлар учун ҳисоб-китобларни амалга оширишнинг ўзига хос жиҳатлари мавжуд. Умумий қоидага кўра тарафлар келишувида ҳисоб-китобларнинг алоҳида тартиби ва шакли белгиланмаган бўлса, ҳисоб-китоблар тўлов топшириқномалари билан амалга оширилади. Агар сотиб олувчи товар ҳақини тўлашни бошқа шахс (товарни қабул қилувчи) зиммасига юклаган бўлса ҳам, маҳсулот етказиб берувчи олдидаги ҳақ тўлаш мажбуриятидан озод бўлмайди. Шунинг учун товарни қабул қилувчи етказиб берилган товар ҳаққини тўламаса, маҳсулот етказиб берувчи товар ҳақини тўлашни сотиб олувчидан талаб қилишга ҳақли бўлади. Агар сотиб олувчи бир турдаги бир неча шартномалар орқали маҳсулот етказиб берувчи билан ҳуқуқий муносабатга киришган бўлса ва барча шартномаларнинг умумий ҳисоб-китобини амалга ошириши келишилган бўлса-ю, аммо умумий суммадан камроқ ҳақ тўланса, маҳсулот етказиб берувчи сотиб олувчига қайси шартномага ҳақ тўланган деб ҳисобланиши лозимлиги танлаш имконини бериши лозим69.
Шартнома хусусиятидан келиб чиқиб, етказиб берилаётган товарлар оддий ва мураккаблигини инобатга олган ҳолда шартномада улар учун ҳақ тўлашнинг ўзига ҳос қоидалари ФКнинг 449-моддасида ўрнатилганини кўришимиз мумкин. Жумладан, шартномада товарларни тўпламга кирадиган алоҳида қисмлар бўйича етказиб бериш назарда тутилган бўлса, сотиб олувчи товарлар ҳақини, башарти шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, тўпламга кирадиган сўнгги қисм жўнатилганидан (танлаб олинганидан) кейин тўлаши белгиланган.
Агар маҳсулот етказиб бериш шартномасида товарлар ҳақи олувчи (тўловчи) томонидан тўланиши назарда тутилган бўлса ва у ҳақ тўлашдан асоссиз бош тортса ёки товарлар ҳақини шартномада белгиланган муддатда тўламаган бўлса, етказиб берувчи сотиб олувчидан етказиб берилган товарлар ҳақини тўлашни талаб қилишга ҳақли бўлади.
Шунингдек маҳсулот етказиб бериш шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, сотиб олувчи (олувчи) товар келтирилган кўп марта ишлатиладиган идиш ва ўраш материалларини етказиб берувчига қонун ҳужжатларида белгиланган тартиб ва муддатларда қайтариши шарт.
Бошқа идиш ва ўраш материаллари фақат маҳсулот етказиб бериш шартномасида назарда тутилган ҳоллардагина етказиб берувчига қайтарилади. (ФКнинг 450-модда)