1-§.Хўжалик ширкатлари - юридик шахс сифатида Хўжалик ширкати - бу ширкат номидан ҳаракат қилувчи икки ёки ундан ортиқ шахснинг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун тузган шартномавий юридик шахс мақомига эга бўлган бирлашмасидир.
Ўзбекистон Республикасининг “Хўжалик ширкатлари тўғрисида”ги16 2001 йил 6 декабрда қабул қилинган Қонуннинг 3-моддасига мувофиқ муассисларнинг (иштирокчиларнинг) улушларига (ҳиссаларига) бўлинган устав фондига (устав капиталига) эга бўлган тижорат ташкилоти хўжалик ширкати ҳисобланади, бундай ширкатда муассислар (иштирокчилар) ёки улардан айримлари ширкат номидан тадбиркорлик фаолияти юритишда шахсан иштирок этадилар. Хўжалик ширкати, агар унинг таъсис шартномасида бошқача қоида белгиланган бўлмаса, номуайян муддатга тузилади ва қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган ҳар қандай турдаги фаолиятни амалга ошириши мумкин.
Хўжалик ширкати қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бошқа юридик шахсларнинг муассиси (иштирокчиси) бўлиши, ваколатхоналар ва филиаллар ташкил этиши мумкин.
Хўжалик ширкатларининг таъсис шартномаси ширкатни таъсис этиш ҳужжати ҳисобланади.
Таъсис шартномасида қуйидаги маълумотлар бўлиши лозим:
-таъсис этилаётган хўжалик ширкатининг тури, унинг фаолият соҳаси, мақсадлари ва муддатлари;
-муассисларнинг (иштирокчиларнинг) таркиби;
-таъсис этилаётган хўжалик ширкатининг фирма номи ва почта манзили;
-устав фондининг (устав капиталининг) миқдори ва уни ҳосил қилиш тартиби;
-хўжалик ширкати ҳар бир иштирокчиси улушининг миқдори ва номинал қиймати;
-хўжалик ширкати иштирокчилари ҳиссаларининг таркиби, уларни киритиш муддатлари ва тартиби;
-хўжалик ширкатининг устав фондини (устав капиталини) кўпайтириш ва камайтириш тартиби;
-хўжалик ширкатининг фаолиятини бошқариш тартиби;
-фойдани тақсимлаш ва зарарни қоплаш тартиби;
-хўжалик ширкатини қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби;
-қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа шартлар.
Корпоратив ҳуқуқ бўйича етакчи мутахассислардан бири ширкатларнинг келиб чиқишини оила бошлиғи оилада якка ҳукмронлигига асосланган оилавий тадбиркорликдан келиб чиққан деб ҳисоблайди.17 Дастлабки пайтларда ширкатларда асосан ширкат раҳбарининг ёши, тажрибаси муҳим роль ўйнаган бўлса, кейинчалик иштирокчилар ўртасида уддабурон, тадбиркор шахслар таъсири орта борди. Вақт ўтган сайин ширкатларнинг ўзи ҳам турларга ажрала бошлади.
Бозор муносабатлари мустаҳкамланиб бораётган ҳозирги шароитларда ҳам ширкатлар хўжалик юритувчи субъектлар тизимида ўзига хос ўрин эгаллайди. Ширкатларнинг ҳуқуқий мақоми қуйидаги ўзига хос хусусиятларда яққол кўзга ташланади.