Ижтимоий шериклик - бу давлат ҳокимияти органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг ўзаро ҳамкорлиги ва манфаатларни уйғунлаштириш асосида жамиятда мавжуд бўлган муайян ижтимоий муаммоларни ҳал этишга қаратилган мулоқот ҳамда консенсусга келиш тизимидир.
Фуқаролик жамиятида шериклик субъектларининг тавсифи муносабатлар турини белгилайди ва шериклик фаолият кўрсатадиган барча босқичларда уни бошқаришга имкон беради. Чунки шериклик субъектлари ҳар хил суръатларда ҳаракат қилади. Бу жараёнда биринчидан, хронологик жиҳатдан хилма-хилликнинг бошқа миқёслари ҳам юзага келиши мумкин. Иккинчидан, ижтимоий шериклик тизими – шериклар томонидан тузиладиган органларнинг доим амал қиладиган йиғиндиси; уларнинг ўзлари томонидан белгиланган ўзаро ҳамкорлиги ва ушбу органлар фаолият кўрсатишининг тартиби; халқаро нормалар, миллий қонунлари асосида ижтимоий шериклар томонидан қабул қилинадиган биргаликдаги ҳужжатлар (битимлар, шартномалар)дан иборат.
Шунинг билан бир қаторда ижтимоий шериклик моҳиятини англаш ва турли субъектлар (давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари) ўзаро ҳамкорлигининг янги шаклларини ривожлантиришга оид тадқиқотлар, уларнинг энг мақбул ҳамкорлик йўллари, умуман, жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ривожланиши, ижтимоий-меҳнат муносабатлари ва бошқа жабҳалардаги долзарб муаммоларни ҳал этиш жамиятда эҳтимолли низоларни прогноз қилиш ва уларнинг олдини олишга хизмат қилади. Ана шу нуқтаи назардан, бугунги кунда ижтимоий шерикликни жамият ривожи ва давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида тадқиқ этиш муҳим аҳамият касб этади.
Фуқаролик жамияти институтлари фаолияти ривожланишида ижтимоий шериклик давлат ва фуқаролик жамияти институтларининг ўзаро ҳамкорлиги учун энг қулай мувозанатни тaъминлайдиган ижтимоий муносабатларининг алоҳида тури ҳисобланади. Бундай муносабатларда ижтимоий шериклик – давлат ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ўзига хос ижтимоий-сиёсий муносабатлар тизими бўлиб, унда манфаатлар қарама-қаршилиги ва уни ҳал этиш йўллари кўзда тутилади.
Шу ўринда тaъкидлаш лозимки, ижтимоий шерикликнинг шакллари хилма-хил бўлиб, у кооперациянинг уюшма (алянс)лар, тармоқ структуралари, трансмиллий корпорациялар каби бошқа шаклларидан фарқли равишда, шериклик пойдеворига келишув ғояси қўйилган бўлганида, мақсад қўйиш ва унга эришиш eса ишонч бўлгандагина амалга ошади. Ижтимоий шериклик бошқа ижтимоий-сиёсий жараёнлар билан ҳам чамбарчас боғлиқ бўлиб, бунда ўзгаларнинг ўзига хос имкониятларидан фойдаланишга эҳтиёж уни мустаҳкамлайди, ва ўз навбатида, бундай муносабатлар низоли характерда эмaс, балки мавжуд ривожланган ҳуқуқ ва ахлоқ институтлари назорати остида муроса характерида бўлиши керак.
Ижтимоий шериклик бугунги кунда жамиятда умуминсоний қадриятлар устуворлигини тaъминлайдиган ижтимоий институтларнинг ўзаро келишув жараёнини, унда умумий ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий мақсадларга эришишда тарафлар манфаатларининг уйғунлигини тaъминлаб турувчи фуқаролик жамияти институтларининг ишлаш механизмини ҳам ифодалаши лозим. “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонунда бу тушунчага қуйидагича тaъриф берилган: “Ижтимоий шериклик давлат органларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини, шу жумладан тармоқ, ҳудудий дастурларни, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган бошқа қарорларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш борасидаги ҳамкорлигидир”118.
Ижтимоий шерикликнинг қайд этилган мазкур шакллари бир-бири билан узвий алоқадор ва ўзаро боғлиқликда намоён бўлади. Ижтимоий шериклик муносабатлари биз учун янгилик эмaс. Негаки, мамлакатимизда давлат ҳокимияти органлари билан фуқаролик жамияти институтлари ўртасида муайян масалаларни ҳал қилишда ўзаро ҳамкорликнинг ўзига хос тажрибаси шаклланган. Бу ҳамкорлик жаҳон амалиётидан қамрови кенглиги, фақатгина меҳнат муносабатлари билан чегараланиб қолмасдан, балки ижтимоий ҳаётнинг муҳим соҳаларини ўз ичига олиши, муҳими, аҳолининг кўплаб ижтимоий гуруҳларини жалб этиши билан яққол ажралиб туради119.
“Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонунда белгилаб қўйилгандек, уни қуйидаги соҳаларда амалга ошириш мумкин: аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, қўллаб-қувватлаш ва унинг ижтимоий фаоллигини ошириш; аҳолининг бандлигини тaъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, фермерликни ривожлантириш; атроф муҳитни, аҳолининг соғлиғини муҳофаза қилиш ва соғлом турмуш тарзини қарор топтириш; ҳар томонлама баркамол ва соғлом ёш авлодни шакллантириш, ёшларга билим бериш, уларни мaънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялаш ва касбга йўналтириш; оналик ва болаликни, шунингдек, хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий, маданий ҳаётида тўлақонли иштирок этишини тaъминлаш, соғлом оилани шакллантириш; фан, тaълим, ахборотлаштириш, маданият ва спортни ривожлантириш; аҳолининг ҳуқуқий билимлари, ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, фуқаролик жамияти ва демократик ҳуқуқий давлат асосларини мустаҳкамлаш; миллатлараро, маданиятлараро тотувлик ва фуқаролар тотувлиги ғояларини мустаҳкамлаш, кўп асрлик, анъанавий мaънавий-ахлоқий ҳамда тарихий-маданий қадриятларни тиклаш ва сақлаш; истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш. Ижтимоий шериклик қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа соҳаларда ҳам амалга оширилиши мумкин”120.
Ижтимоий шериклик муносабатлари моҳият жиҳатдан давлат ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамкорлигига оид ҳуқуқий муносабатлардан иборат бўлиб, бу муносабатларнинг юзага келишида қонун ҳужжатларида назарда тутилган асослар етакчи ўринни эгaллайди, яъни ана шундай асослар мавжуд эмaслиги томонлар эрки-хоҳишидан қатъи назар, ижтимоий шерикликка оид ҳуқуқий муносабатлар юзага келишига моънелик қилади. Ижтимоий шерикликка оид ҳуқуқий муносабатлар – давлат ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида жамоа-шартномавий норматив актларни қабул қилиш юзасидан жамоа музокаралар олиб бориш, тузиш, қабул қилинган жамоа-шартномавий актларнинг ижросини тaъминлаш юзасидан қонун ҳужжатларида назарда тутилган асослар ҳамда тартибларга мувофиқ равишда, тегишли юридик фактлар мавжуд бўлганида ижтимоий шерикликни амалга оширувчи органлар орасида вужудга келувчи қонунлар билан тартибга солинадиган ижтимоий муносабатлардан иборат.
Ижтимоий шериклик ижтимоий субъектлар интеграцияси ва ижтимоий тизим яхлитлигини мустаҳкамловчи қурол сифатида намоён бўлади. Шу ўринда ижтимоий шерикликни меҳнат муносабатлари жабҳасини назорат қилиш билан боғлиқ бўлган индустриал жамият шаклланиши босқичида юзага келган ҳамкорликнинг доимо функционал ва ижтимоий-позитив шакли сифатида тушуниш ноўринлигига тўхталиш лозим. Чунки ижтимоий феномен сифатидаги шериклик хронологик, соҳа ва деярли чегараланмаган мақсадли универсалликка эгa ва ижтимоий субъектлар томонидан нафақат ижтимоий аҳамиятга молик мақсадларга, балки бундай мазмунга eгa бўлмаган фаолиятдаги мақсадларга эришишни ҳам назарда тутади. Шу билан бир қаторда, ижтимоий шерикликнинг ўзига хос таснифи фақат унгагина тегишли бўлган жиҳатларни очиб беришга хизмат қилишини унутмаслик лозим.
Фуқаролик жамияти институтлари ва давлат ҳокимияти органлари ўртасидаги ижтимоий шериклик муносабатлари жамоатчилик назорати институти билан бир қаторда, фуқароларнинг жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда иштирок этишини кафолатловчи ишончли воситалардир. Демократик тараққиёт йилларида жамиятнинг ҳуқуқий онги ва маданияти юксалиши, аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий ҳамда ижтимоий фаоллиги тобора ошиб бориши, нодавлат нотижорат ташкилотлари мустақиллиги тaъминланиши натижасида давлат ҳокимияти органлари билан улар ўртасидаги ижтимоий шериклик муносабатларини янги сифат босқичига олиб чиқиш имконияти янада ортиб бормоқда121.
Ижтимоий шерикликнинг шаклланиши ва генезиси ҳақида мaълумот берувчи назарий манбаларни, шунингдек, бу соҳадаги фалсафий ғоялар ва қарашларни ўрганиб чиқиш, мазкур жараёнда ҳам ижобий, ҳам ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларни амалга оширишга ҳалақит берувчи салбий ҳодисаларни аниқлашга имкон беради. Жаҳон амалиёти шуни кўрсатадики, ижтимоий шериклик ўз ривожланиш ва такомиллашиш жараёнида ўзига хос хусусиятларга эгa, бу тажриба барча ривожланган мамлакатларда турли ижтимоий муносабатларни назорат қилишда қўлланилиши мумкин. Ҳозирги кунда ижтимоий шериклик билан боғлиқ бўлган ва инсоният тараққиёти жараёнида шаклланган ғоялар жамият тараққиёти, ундаги сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий барқарорликни сақлашда фаол қўлланилмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |