12-модда. Мажлис ва йиғинларда иштирок этиш
Университет ходими, талабаси ва докторантлари турли тадбирлар (мажлислар, тантанали йиғилишлар, учрашувлар, байрамлар)даги иштироки жараёнида сўзга чиқувчиларга нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишлари, тадбир давомида тинчлик ва осойишталикни сақлашлари шарт, раислик қилувчи ва модераторнинг рухсатисиз гапириш ва сўзга чиқиш мумкин эмас. Зарурат туғилганда нутқлар ўртасида мажлислар залидан чиқиб-кириш мумкин.
13-модда. Биноларда юриш-туриш қоидаларига амал қилиш
Биноларга кириш ва чиқиш жойларида, шунингдек, йўлакларда талабалар ходимларни, эркаклар аёлларни, ёшлар эса катталарни ўзларидан олдин ўтказиб юборишлари лозим.
Бинога кираётган ҳар бир шахс биноларга кириб-чиқишни назорат қилиш учун тайинланган масъул шахс ёки навбатчига ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни (хизмат ёки талабалик гувоҳномаси, паспорт ва ҳ.к.) очиқ ҳолда кўрсатишлари ёки махсус берилган
карта орқали турникетлардан ўтишлари шарт.
Ходим, талаба ва докторантлар университет ҳудудида йўлнинг ўнг томонидан юришлари, шунингдек, йўлак ва холларда мобиль алоқа воситалари орқали баланд овозда гаплашмасликлари керак. Бир-бирларига дуч келганда саломлашишлари, бунда талабалар ходимларга, ёшлар катталарга биринчи бўлиб салом беришлари тавсия этилади.
14-модда. Ходим, талаба ва докторантларнинг расмий мулоқот меъёрлари
Университет ходими, талабаси ва докторантлари ташкилот ва муассасалар, оммавий ахборот воситалари ҳамда фуқаролар билан ўзаро муносабатга киришганда қуйидаги расмий мулоқот меъёр ва қоидаларига амал қилишлари керак:
ўз ҳаракатларини университет манфаатларини кўзлаб амалга ошириши, унинг имижини сақлаши ва ошириши, университет, унинг ходимлари, талабалари ва докторантлари номи ва манфаатларига зиён етказадиган ҳаракатларни амалга оширмаслиги, шунингдек, улар билан мулоқот қилганда ҳамда ижтимоий тармоқлардаги ёзишмаларида намунали хулқ-атвор билан университет ҳақида юксак ижобий таассурот уйғотиши;
университет, унинг ходими, талабаси ва докторантлари ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган ёки нотўғри талқин қилинган, нотўғри талқин қилиш учун имкон берадиган маълумотларни тарқатмаслиги, бундай маълумотлар тарқалишига йўл қўймаслиги, шунингдек, жамоат олдида ва ижтимоий тармоқларда бу мавзуда чиқишлар қилмаслиги;
ходим, талаба ва докторантларнинг розилигисиз уларнинг шахсий ҳаётига оид маълумотларни ошкор қилмаслиги;
ходим, талаба ва докторантлар ҳақида уларнинг касбий ва ўқув фаолиятига оид бўлмаган маълумотларни аниқлаштирмаслиги;
хизмат ахборотларини тақдим этиш қоидаларига амал қилиши;
сўралган ахборотни етарлилик (ҳаддан ташқари қисқа, шу билан бирга ўта керагидан ортиқ) ва ишончлилик (қайта текширишни талаб қилмайдиган) талабларига мувофиқ ҳолда тақдим этиш;
ўз хизмат вазифаларини бажариш жараёнида олинган маълумотлардан мақсадга мувофиқ бўлмаган тарзда фойдаланмаслиги, шунингдек, уларни университет раҳбарияти рухсатисиз тарқатмаслиги;
ходим, талаба ва докторантларнинг таълим жараёнидаги фаолияти ва касбий ҳаракатларини асоссиз танқид қилмаслиги, жамоат олдида чиқишлари, шуниндек, оммавий ахборот воситалари ва турли хил ижтимоий тармоқларда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ва университет фаолияти, унинг ходимлари ҳаракатларини ҳақиқатга тўғри келмайдиган, асоссиз ва аниқ далилларга асосланмаган ҳолда муҳокама қилмаслиги ва улар ҳақида баҳо бериб, фикр-мулоҳазалар билдирмаслиги.
Do'stlaringiz bilan baham: |