1. Мақсадлилик– барча инвестициялар аниқ мақсад билан киритилади.
2. Қайтаришлик – барча инвестициялар шартнома муддати тугагач корхонага қайтарилади.
3. Тўловлилик – барча инвестициялар учун шартномага мувофиқ уларни олган хўжалик субъекти тўлов мажбуриятини олади. Тўлов мажбурияти фақат айрим ҳолларда шартнома асосида бўлмаслиги мумкин ва бу, одатда, ночор корхонага молиявий ёрдам бергандагина вужудга келади.
4. Самарали фойдаланиш – инвестор берган маблағларини олган хўжалик субъекти томонидан самарали фойдаланилаётганлигини шартнома асосида назорат қилиш ҳуқуқига эга бўлиши мумкин.
5. Сотиш объекти – қисқа муддатли молиявий инвестициялар 1 йил ичида тез ва эркин сотиладиган активлар ҳисобланади, узоқ муддатли инвестициялар эса эркин сотилмайдиган активлар ҳисобланади.
Инвестициялар бўйича бухгалтерия ҳисобининг асосий вазифаларига қуйидагилар киради:
инвестицияларни уларнинг мохиятини очиб берувчи мезонларига мос равишда хисобга олиш;
инвестицияларни тўғри баҳолаш ва қайта баҳолаш;
инвестициялар ҳолати ва ҳаракатини тўғри, ўз вақтида тегишли бошланғич хужжатлар билан расмийлаштириш ва ҳисоб регистрларида акс эттириш;
инвестициялар бўйича даромадларни ҳисоблаш тамойилига мувофиқ счетларда акс эттириш;
Инвестицияларнинг ҳар бир турини баҳолаш ва қайта баҳолаш ўзига хос хусусиятларга эга.
Қимматли қоғозларга йўналтирилган инвестицияларни баҳолашда иккита сана муҳим рол ўйнайди:
Сотиб олиш санаси
Кейинги саналар
Сотиб олиш санаси деганда, қимматли қоғозларга йўналтирилган молиявий инвестицияларни сотиб олиш, яъни уларни қабул қилиб олиш санаси тушунилади.
12-сон БХМС «Молиявий инвестициялар ҳисоби»га мувофиқ сотиб олиш санасида қимматли қоғозларга йўналтирилган молиявий инвестициялар сотиб олиш қийматида тан олиниши ва ҳисоботда акс эттирилиши лозим.
Қимматли қоғозларга йўналтирилган инвестицияларнинг сотиб олиш қиймати деганда, уларни сотиб олиш баҳоси сотиб олишга кетган харажатлар билан биргаликда олинган қиймати тушунилади. Сотиб олишга кетган харажатларга брокерлик кантораларига тўланган ҳақлар, бож тўлови, банк хизмати ҳақлари ва бошқа сотиб олишга доир харажатлар киради. Сотиб олиш қиймати қимматли қоғозларга йўналтирилган инвестицияларнинг бошланғич қийматини ёки баланс қийматини ташкил қилади.
Агар сотиб олиш санасида сотиб олиш қийматига маълум санагача бўлган давр учун ҳисобланган дивидендлар ва фоизлар ҳиссаси киритилган бўлса, қимматли қоғозларга йўналтирилган инвестициянинг баланс қиймати ўтказиб берилган суммадан сотувчи томонидан бўнак сифатида тўланган фоиз ва дивидендлар суммасини чегиришдан кейин қолган қийматда акс эттирилиши лозим. Чунки сотиб олиш вақтида олинган сумма ва сотиб олиш қиймати ўртасидаги фарқ инвесторнинг инвестицияга киритган маблағлари учун аванс тариқасида олган даромади ҳисобланади. Бу аванс сумма инвестицияни сотиб олишдан то қайтарилганича бўлган даврда инвестор томонидан доимий даромад сифатида бир маромда ҳисобдан чиқарилиб бориши керак.