Хўжалик юритувчи субъектларнинг молиявий ҳисоботларини текшириш бўйича ўтказилган аудиторлик текширувлари натижалари тўғрисида аудиторлик ҳисоботи ва хулосасининг мазмуни, таркиби ва тузилиш тартиблари республикамизнинг махсус 70-сон АФМС «Аудитор ҳисоботи ва молиявий ҳисобот тўғрисида аудиторлик хулосаси» (янги таҳрирда) белгиланган. Ушбу янги таҳрирдаги стандарт Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг 2016 йил 9 ноябрдаги 85-сон буйруғи билан тасдиқланган ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2016 йил 1 декабрда 2844-сон билан рўйхатдан ўтказилган. 70-сон АФМС (янги таҳрирда) 700-сон АХС “Молиявий ҳисобот тўғрисида фикрни шакллантириш ва хулосани тузиш”, 705-сон АХС “Аудиторлик хулосасида модификацияланган фикр”ва 706-сон АХС “Аудиторлик хулосасида “Муҳим ҳолатлар ва “Бошқа маълумотлар” бўлимлари” асосида ишлаб чиқилган, Ушбу стандарт Ўзбекистон корхоналари фаолиятини мустақил аудитдан халқаро тамойиллар асосида ўтказиш амалиётини кенг жорий этишни таъминлайди, шунингдек аудиторлик текширувларини ўтказиш амалиётини такомиллаштириш имкониятини яратади. Мазкур стандарт ўтказилган аудиторлик текшируви натижалари бўйича аудиторлик ҳисоботи ва аудиторлик хулосасини тузишнинг ягона тартибини белгилайди ва унинг мазмуни Аудитнинг халқаро стандартларига мос келади. Стандарт фақатгина аудитнинг халқаро стандартларига нисбатан баён этиш усули ва ҳужжатни расмийлаштириш жиҳатлари билан фарқ қилади.
70-сон АФМСга мувофиқ аудиторлик ҳисоботининг таркиби қуйидаги қисмлардан иборат:
номи («Аудиторлик ҳисоботи» ёки «Аудиторлик ташкилотининг ҳисоботи»: иккала ном ҳам тенг аҳамиятли);
кириш қисми;
таҳлилий қисм;
якуний қисм.
Шу билан бирга, аудиторлик текширувининг буюртмачиси билан келишган ҳолда, аудиторлик ҳисоботи қўшимча қисмлардан ҳам иборат бўлиши мумкин
Аудиторлик ҳисоботининг кириш қисмида аудиторлик ташкилоти ва аудиторлар тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек аудиторлик текширувини ўтказишга доир умумий маълумотлар кўрсатилади. Унинг таҳлилий (асосий) қисмида аудиторлик текширувини олиб бориш жараёнлари ва текширув натижалари, мавжуд хато-камчиликлар, уларнинг сабаблари кўрсатилади. Ушбу қисм алоҳида мавзулар (бўлимлар)ни акс эттирувчи параграфларга бўлиниши мумкин. Ҳисоботнинг якуний (хулоса) қисмида текшириш объекти (объектлари) бўйича аудиторлик хулосаси, аниқланган четланишлар ва қонунбузарликларни бартараф этиш, шунингдек хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий хўжалик фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича тавсиялар ва таклифлар берилади.
Аудитор ҳисоботи икки нусхада тузилади ва унинг бир нусхаси буютмачига топширилади, иккинчи нусхаси аудиторлик текширувида қолади. Аудиторлик ташкилотида қоладиган нусханинг охирида аудиторлик текширувини буюртган ташкилот рахбари ва бош бухгалтерининг аудитор ҳисоботи билан танишганлиги ва унинг бир нусхасини олганлиги тўғрисида тилхат ёзилади ва имзоланади. Агар аудиторлик текшируви мулкдорлар, прокуратура ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари буюртмаси билан ўтказилган бўлса, у ҳолда аудиторнинг ҳисоботи уч нусхада тузилади ва унинг бир нусхаси аудитни буюртган томонга тақдим этилади. Ушбу ҳолатда аудитор ҳисоботи билан танишганлик ва уларни нусхаларини олганлик тўғрисидаги тилхатлар аудит ўтказилган хўжалик юритувчи субъектнинг рахбари ва бош ҳисобчиси, шунингдек аудитни буюртган орган (шахслар) томонидан имзоланади.
Аудиторлик ҳисоботининг ҳажми варақлар сони жиҳатидан, одатда, чегараланмайди. Аудитор ҳисоботининг ҳар бир варағи аудиторлик текширувини ўтказган аудитор (аудиторлар) ва аудиторлик ташкилоти раҳбари томонидан имзоланади.
Аудитор ҳисоботида акс эттирилган ахборот махфий ҳисобланади ва ошкор қилиниши мумкин эмас. Ушбу ахборотдан фойдаланган шахслар ахборотни ошкор қилганлик учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликга тортилади.
Аудиторлик ташкилоти ўтказилган аудиторлик текшируви натижалари бўйича тайёрланган аудиторлик ҳисоботига асосан аудиторлик хулосасини тузиши лозим.
Аудиторлик хулосасида аудиторлик ташкилотининг ижобий ёки модификацияланган фикри ифодаланиши мумкин.
Ижобий фикр - бу аудиторлик ташкилотининг аудиторлик хулосасида ифодаланган хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий ҳисоботи унинг молиявий ҳолатини, молиявий натижаларини ҳаққоний акс эттирган ва бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун талабларига мувофиқ келган ҳолатдаги фикри.