Фавқулотдаги фойда ва зарарларнинг аудити. Молиявий натижалар тўғрисида ҳисоботнинг фавқулотдаги фойда ва зарарларни кўрсатувчи моддаси (230-сатр)да сумманинг кўрсатилмаганлиги корхонада ушбу турдаги фойда ва зарарларнинг мавжуд эмаслигидан дарак беради. Бироқ, ҳисоботнинг ушбу сатрининг бўш қолдирилганлигидан бирданига бундай хулоса қилиш керак эмас. Амалиётда ҳақиқатдан фавқулотдаги фойда ёки зарарлар мавжуд бўлиб, улар корхонада бошқа даромадлар ва давр харажатларига ёки молиявий фаолиятга доир харажатлар моддаларига олиб борилган бўлиши ҳам мумкин. Шу боис ҳам фавқулотдаги даромад ва зарарлар мавжуд эмаслигигига иқрор бўлишнинг энг муҳим шартларидан бири бўлиб корхоналарнинг барча даромадлари ва харажатларини мазмуни ва характерига кўра обдон текшириш ҳисобланади. Фавқулотдаги даромад ва зарарларни ушбу сифатда тан олиш учун бунга етарлича ҳуқуқий асослар керак. Бундай ҳуқуқий асослар бўлиб давлат органларининг қарорлари, вафқулотдаги вазиятлар бўйича ваколатли органларнинг хулосалари ва қарорлари ҳисобланади. Аудиторлик текширувларида бундай тегишли ҳужжатларнинг мавжудлиги ва улар асосида фавқулотдаги фойда ва зарарларни ҳисоб ва ҳисоботда тўғри акс эттирилганлигига баҳо берилади.
Фавқулотдаги фойда ва зарарлар бўйича аудит текширувлари натижасида қуйидагиларга эришилади:
1.Мавжуд фавқулотдаги фойда ёки зарар суммаси тасдиқланади.
2. Ҳисоб ва ҳисоботда фавқулотдаги фойда ёки зарарлар суммаларидаги четланишлар аниқланади ва исботланади
3.Четланишларни бартараф этиш бўйича таклифлар берилади.
Фавқулотдаги фойда ва зарарлар бўйича аудиторлик хатари қуйидагилардан иборат бўлади:
* .фавқулотдаги фойда ёки зарарнинг ҳақиқий суммаси нотўғри тасдиқла-ниши мумкин;
*Бош китобдаги ва ҳисоботдаги нотўғри ёзувлар кўрсатилмай қолиниши мумкин;
* четланишларни бартараф этиш бўйича таклифлар берилмай қолиниши ёки нотўғри берилиши мумкин.
Солиқ тўлагунгача фойда (зарар) аудити.Ушбу кўрсаткич реаллигини текшириш учун асос сифатида аудитор “Молиявий натижалар тўғрисида ҳисобот”нинг “Солиқ тўлагунгача фойда (зарар)” номли 240-сатрида кўрсатилган суммани олади. Шундан сўнг, аудитор ҳисоботнинг “Умумхўжалик фаолиятидан олинган фойда (зарар)” номли 220-сатри бўйича ўзи аниқлаган суммага “Фавқулотдаги фойда ёки зарарлар“ номли 230-сатр бўйича аниқланган суммани қўшиш (айириш) орқали солиқ тўлагунгача фойда (зарар) суммасини аниқлайди. Ушбу топилган сумма аудитда аниқланган “Солиқ тўлагунгача фойда (зарар)” номли 240-сатрда акс эттирилиши лозим бўлган суммани билдиради. Мазкур суммани ҳисоботда келтирилган сумма билан таққосланиши корхона ҳисоботида солиқ тўлагунгача фойда (зарар) кўрсаткичида қандай суммага четланиш мавжудлигини кўрсатади. Одатда, фавқулотдаги фойда ёки зарарлар мавжуд бўлмаганда солиқ тўлагунгача фойда (зарар) умумхўжалик фаолиятидан олинган фойда (зарар) суммасига тенг бўлади.