Шундай қилиб, молиявий фаолиятга доир даромадлар аудитида қуйидаги натижалар олинади:
1.Ҳисоботда акс эттирилган ва акс эттирилиши керак бўлган молиявий фаолиятга доир даромадларнинг жами суммаси, шунингдек уларнинг алоҳида турлари суммаларининг ҳақиқий суммалари тасдиқланади.
2. Молиявий фаолиятга доир даромадлардаги четланишлар аниқланади ва исботланади.
3.Бош китобдаги нотўғри ёзувлар кўрсатилади.
4.Четланишларни бартараф этиш бўйича таклифлар берилади.
Молиявий фаолиятга доир даромадлар бўйича қуйидаги ҳолларда аудиторлик хатари ошиб кетиши мумкин:
* молиявий фаолиятга доир даромадларнинг жами ҳақиқий суммаси, шунингдек уларнинг ҳар бир турининг ҳақиқий суммаси нотўғри тасдиқланганда;
* молиявий фаолиятга доир даромадлардаги четланишлар нотғҳри аниқланганда;
*Бош китобдаги нотўғри ёзувлар кўрсатилмай қолинганда;
*четланишларни бартараф этиш бўйича таклифлар берилмай қолинганда ёки улар нотўғри берилганда.
Молиявий фаолиятга доир харажатлар аудити.Молиявий фаолиятга доир харажатлар аудитини қуйидаги кетма-кетликда ўтказиш мақсадга мувофиқ.
Биринчидан, “Молиявий натижалар тўғрисида ҳисобот”нинг 170-сатр “Жами молиявий фаолият бўйича харажатлар”, 180-сатр “Фоиз кўринишидаги харажатлар”, 190-сатр “Молиявий ижара бўйича харажатлар”, 200-сатр “Валюта курслари фарқидан зарарлар” ва 210-сатр “Молиявий фаолиятнинг бошқа харажатлари”да кўрсатилган ушбу харажатларнинг умумий суммалари текширишга асос қилиб олинади.
Иккинчидан, шундан сўнг тегишли сатрларда кўрсатилган молиявий фаолиятга доир харажатлар суммаларининг Бош китобда улар учун очилган счётларнинг маълумотлари билан мослиги текширилади. Ҳисобот ва Бош китобда кўрсатилган маълумотларнинг ўзаро мослиги молиявий фаолиятга доир харажатлар бўйича ҳисоб ва ҳисобот маълумотларининг ўзаро мувофиқлигидан, уларнинг мос келмаслиги эса бундай мувофиқликни таъминланмаганлигидан дарак беради.
Учинчидан, молиявий фаолиятга доир харажатлар ҳар бир гуруҳини ташкил қилувчи харажатлар счётлар кесимида махсус аудиторлик иш ҳужжатлари -жадвалларда ойма-ой тизимлаб чиқилади. Ушбу жадвалларда келтирилган молиявий фаолиятга доир харажатлар тегишли ҳужжатлар асосида тасдиқланиши керак. Масалан, фоиз кўринишидаги харажатлар банк кўчирмалари, молиявий ижара учун фоиз тўловлари ижара шартномалари ва улар бўйича асосий сумма ҳамда фоиз тўловларини тўлаш графиги билан. Валюта курслари фарқидан кўрилган зарарлар аудиторлар томонидан мустақил қайта ҳисоб-китоб қилиниши лозим.
Тўртинчидан, текширув натижаларини аниқлаш ва умумлаштириш учун молиявий фаолиятга доир харажатлар бўйича ҳисоб ва ҳисобот маълумотларини аудит текшируви маълумотлари билан мос келиш ёки келмаслигини ифодаловчи қуйидаги йиғма жадвал-аудиторлик иш ҳужжатини тузиш мақсадга мувофиқдир (18.11-жадвалга қаранг).
18.11-жадвал