16. Ҳисоб-китоб счётига инкассаторлар орқали топширилган савдо тушуми: а) 5010 счётнинг дебетида ва 5710 счётнинг кредитида акс эттирилади
б) 5110 счётнинг дебетида ва 5710 счётнинг кредитида акс эттирилади
в) 5210 счётнинг дебетида ва 5710 счётнинг кредитида акс эттирилади
г) 5530 счётнинг дебетида ва 5710 счётнинг кредитида акс эттирилади
17.Қуйидагиларнинг қайси бири нақд пулга сотишдан олинган тушумни ҳисоб-китоб счётига топширилишини акс эттиради? а) Дебет 5010 Кредит 4010
б) Дебет 5010 Кредит 9020
в) Дебет 5110 Кредит 5010
г) Дебет 5110 Кредит 9020
IX БОБ. ОЛИНАДИГАН СЧЁТЛАР (ДЕБИТОРЛИК ҚАРЗЛАР)НИНГ ҲИСОБИ
9.1. Олинадиган счётлар (дебиторлик қарзлар)нинг моҳияти, турлари ва улар ҳисобининг вазифалари
Олинадиган счётлар деганда корхонага бошқа юридик ва жисмоний шахслардан юз берган хўжалик операциялари бўйича келиб тушадиган ёки ундириладиган қарзлар тушунилади. Корхонага қарздор бўлган бундай юридик ва жисмоний шахслар дебиторлар, уларнинг қарзлари эса дебиторлик қарзлар деб аталади.
Бухгалтерия ҳисобида олинадиган счётлар (дебиторлик қарзлар) турли белгиларига қараб гуруҳланади ҳамда акс эттирилади. Чунончи, характерига кўра улар товар ва нотовар характеридаги олинадиган счётлар (дебиторлик қарзлар)га бўлинади.
Товар характеридаги олинадиган счётлар –бу товар-моддий бойликларни сотиб олиш ва сотиш билан боғлиқ жараёнларда вужудга келадиган дебиторлик қарзлардир. Уларга таъминотчиларга олинадиган товар-моддий бойликлар, кўрсатиладиган хизматлар ва бажариладиган ишлар учун олдиндан ўтказиб берилган бўнаклар, шунингдек сотилган товар-моддий бойликлар, кўрсатилган хизматлар, бажарилган ишлар учун харидорлар ва буюртмачиларнинг тўламаган қарзлари киради.