АМАЛИЙ ТАВСИЯЛАР
Мазкур диссертация мавзуси доирасида ўтказилган педагогик кузатув, сўровнома, жорий тадқиқотлар, педагогик тажриба натижалари ва уларнинг қиёсий таҳлилига асосан юқори малакали белбоғли курашчилар тайёрлаш жараёнига қуйидаги амалий тавсияларни татбиқ этиш мақсадга мувофиқдир:
Замонавий белбоғли кураш бўйича ўтказилаётган мусобақалар давомида рақибни кўтариб, уни турли техник-тактик усуллар ёрдамида ташлаш ҳаракатлари аксарият ҳолларда статик ҳамда динамик мувозанатни йўқотиш ва натижада вазиятни бой бериш билан якунланади. Тадқиқот натижалари билан исботландики, бунинг асосий сабаби ушбу курашчиларда статик ва динамик мувозанатни сақлаш функциясининг ўта заиф ривожланганлигида экан. Демак, тадқиқоқтимизда қўлланилган ва статик-динамик мувозанатни сақлаш хамда мазкур фаолиятни бошқарувчи вестибуляр анализаторнинг функционал имкониятини баҳолашга мўлжалланган модификациялаштирилган ва янги мазмунли белбоғли курашга моделлаштирилган барча тестлар курашчилар амалиётига татбиқ этилиши лозим.
Тадқиқотлар давомида қўлланилган ва ишончлилиги тасдиқланган ушбу тестларни қўллашда стандартлик шартлари, методик тартиб ва дидактик принципларга риоя қилиш тавсия этилади. Бундай педагогик ёндашув натижалар объективлиги ва уларнинг информативлик қийматини таъминлашга имкон яратади.
Олинган натижалар даражаси ва унинг ўзгариш динамикаси, натижаларнинг функционал аҳамияти, уларнинг пульсометрик қиймати хамда ҳар бир тест юкламасидан кейин юракнинг қисқариш ритмини ифодаловчи кўрсаткичларни текширувчилар ва тренерлар эътиборига етказиш орқали машғулотлар мазмуни, ҳажми, шиддатига зарурий ўзгартиришлар киритиш талаб этилади.
Турли ҳаракатлар давомида, шу жумладан “юксиз” ва “юк билан” айланма ҳаракатлар таъсирида статик-динамик мувозанат функциясини (қобилиятини) жадал шакллантириш мақсадида ишлаб чиқилган ва самарадорлиги тажриба асосида исботланган экспериментал машқлар мажмуаси, функционал органлар фаоллигини тиклашга мўлжалланган релаксацион-стретчинг машқларининг барча ёш ва малакали белбоғли курашчилар амалиётига татбиқ қилиниши мақсадга мувофиқ.
Юрак ва бошқа функционал органлар фаолиятини, шунингдек жумладан жисмоний компонентлар, статик-динамик мувозанат сақлаш имкониятларини тикловчи релаксацион-стретчинг машқларининг машғулот ва мусобақалар олдидан ҳам, уларнинг якунида ҳам қўллаш фойдали натижа беради.
Тадқиқотларни тренер билан ҳамкорликда ўтказиш, натижаларни олиш, таҳлил қилиб, хулоса чиқариш амалий тавсиялар ишлаб чиқиш ва уларни машғулотларга жорий этиш шуларнинг илова қилинган андоза-харитага асосан амалга оширилиши тавсия этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |