Жисмоний тарбия дақиқаси. Унинг мақсади – ҳордиқни чиқариш, ўқувчилар иш қобилиятини ошириш. Маълумки, узоқ вақт қимирламасдан ўтириш натижасида қўл ва оёқ бармоқларининг, тос, қориннинг қон билан таъминланиши сусаяди. Бош миянинг қон билан таъминланиши ёмонлашса, кишининг асаб ҳужайралари иш фаолияти сусаяди, бу эса, ўз навбатида, диққатга ҳам салбий таъсир кўрсатади. Бу ўзгаришлар болаларга ҳам хос. Оқибатда бола чарчайди, унинг иш қобилияти пасаяди, машғулотлардан четлашади, эътиборсиз, ҳар нарсани унутадиган бўлиб қолади, ўқув материалларини ўзлаштира олмайди. Ақлий ва жисмоний юкламани ўз вақтида алмаштириб туриш, айниқса, бошланғич синф ўқитувчиларининг иш фаолиятида муҳим ўрин тутади.
Олимларнинг кузатишларича, биринчи синф ўқувчилари узлуксиз 15-20 дақиқа давомида диққатларини жамлаб ўтиришлари мумкин экан. 35 минутли машғулотдан кейин уларда иш қобилияти кескин сусаяди.
Дарс пайтида кўриш ва эшитиш органлари, тана, айниқса, орқа курак қисми мушаклари, қўл бармоқлари кўпроқ юклама олади.
Чарчашнинг бошланғич ҳолатида марказий асаб тизимининг қўзғалиши жараёнида ўқувчилар хулқи тез ўзгаради: улар ўқиш фаолиятидан чалғийдилар, ўқитувчининг тушунтиришини эътиборсизлик билан тинглайдилар, гаплашадилар, ўринларидан туриб кетадилар.
Мана шундай ҳолатда 2-3 та жисмоний машқни тўғри танлаш чарчашни йўқотади, ўқувчилар диққатини яхшилайди, уларнинг ишлаш қобилиятини оширади.
Жисмоний машқ дақиқалари оддий, мураккаб координацияни талаб этмайдиган 2-3 та машқлар мажмуасидан иборат бўлиб, улар қўллар, тана, бош, оёқ учун мўлжаллангандир. Мушакларнинг катта қисмини қамраб оладиган ва асосан статик кучланишни йўқотадиган, нафас олишни фаоллаштирадиган, қон ва лимфа айланишларини кучайтирадиган машқлар мажмуаси танлаб олинади.
Жисмоний машқ дақиқаларини ҳамма дарсларда ўтказиш шарт. Ўқув фаолиятининг турига қараб машқлар ўтирган ёки турган ҳолда бажарилади.
1-2 дақиқагача давом этадиган 3-4-машқнинг ҳар бири 4-6 марта такрорланади. Мажмуанинг 1-машқи қўлларни ҳаракатлантирган ҳолда турлича дастлабки ҳолатлардан чўзилиш, ростланиш, ҳамма бўғимларда эгилиш машқи бўлиши керак. 2-машқ – танани ўнгга, чапга буриш, олдинга ва орқага энгашиш, 3-машқ – оёқларни букиш ва ростлаш, тиззада букилган оёқларни кўтариш, партада ўтирган ҳолда туриш ва дастлабки ҳолатга қайтиш, турган ҳолатдан ўтириш ва ҳоказолар. 4-машқ эса тинчлантирувчи ва оддий машқлар бўлиши керак. Машқлар аниқ, тўғри, чиройли, нафас олиш ритмига мос бажарилиши зарур.
Жисмоний машқ дақиқаларини мусиқа оҳанглари остида ўтказиш ҳам қўлланилади. Мусиқа ўқувчиларнинг дам олиш самарадорлиги учун қўшимча омил бўлиб, уларга ижобий ҳиссиёт беради, ҳаракат билан боғланган ҳолда иш қобилиятини оширишнинг самарадор воситаси бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |