Variant № 12
1.Қонунчиликни ҳуқуқий, ҳуқуқий-ташкилий таъминлашнинг воситаларига нималар киради?
Қонунчиликни ҳуқуқий, ҳуқуқий-ташкилий таъминлашнинг воситалари назорат ва мажбурлаш ҳисобланади. Ижтимоий бошқариш тизимида назорат ҳокимият субъектлари фаолиятининг амалдаги ҳолати, қарорлар бажарилиши тўғрисида маълумот олиш имконини берадиган энг муҳим алоқа воситасидир. Ундан ижро интизомини ошириш, фаолиятни баҳолаш, нохуш оқибатларнинг олдини олиш, жараённи тезкор тартибга солиш учун фойдаланилади. Назорат қуйидагиларни қамраб олади:
а) назорат остидаги объектлар фаолиятини кузатиш, улар томонидан қоидалар ва топшириқлар бажарилиши тўғрисида объектив ахборотни олиш, маълумотларни тўплаш шакллари — ҳисоботларни маълумотларини ўрганиш, жойларда ҳужжатларни текшириш, инвентаризация, ревизия ўтказиш, тушунтиришлар тақдим этиш ва ҳоказолар;
б) тўпланган ахборотни таҳлил этиш, тенденциялар, сабабларни аниқлаш, прогнозларни ишлаб чиқиш;
в) қонунчилик ва интизом бузилишлари, зарарли оқибатлар, зарар етказилиши, бахтсиз ҳодисалар, мақсадга мувофиқ бўлмаган хатти-ҳаракатлар ва ҳаракатларнинг олдини олиш учун чоралар кўриш;
г) аниқ ҳуқуқбузарликларни ҳисобга олиш, уларнинг сабабларини аниқлаш;
д) зарарли оқибатлар, янги ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик мақсадида ноқонуний фаолиятга барҳам бериш;
е) айбдорларни аниқлаш, уларни жавобгарликка тортиш; айрим ҳолатларда назорат қилувчи органлар айбдорларнинг жавобгарлиги тўғрисидаги масалани ўзлари ҳал этишга ҳақли, бошқа ҳолатларда буни ваколатли органлар олдига қўйишлари шарт.
2.Жамоатчилик назоратининг субъектлари кимлар ҳисобланади?
Жамоатчилик назоратининг субъектлари фуқароларнинг оммавий ташкилотлари ва назорат ваколатига эга бўлган уларнинг органлари, аҳолининг кўнгилли ташкилотлари, шунингдек, фуқароларнинг ўзлари ва фуқароларнинг жамоалари (гуруҳлари) ҳисобланади. Жамоатчилик назорати давлат бошқаруви органлари, корхоналар, муассасалар, мансабдор шахслар устидан амалга оширилади. Демак ҳам жамоатчилик, ҳам давлат назорати объекти худди улар олдида турган вазифалар каби муштаракдир. Тафовут, асосан, назорат функцияларини амалга ошириш усулларидадир. Давлат назоратининг органлари давлат номидан иш кўради ва тегишли давлат маъмурий ваколатларига эга бўлади. Жамоатчилик назоратининг органлари эса қонунчилик доирасида жамоатчилик ва унинг ташкилотлари номидан иш кўради. Уларнинг ваколатлари, қоида бўйича, ҳуқуқий-маъмурий хусусиятга эга эмас, фақат алоҳида ҳолатларда давлат уларнинг айримларига ана шундай ваколатлар бериши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |