Песталоццининг ижтимоий-педагогик ва фалсафий қарашлари. Песталоцци ўз халқини оёққа турғазишни орзу қилди, у меҳнаткашларни ўқитиш ва тарбиялаш йўли билан уларнинг турмушини ўзгартириш мумкин, деб ўйлади. У халқ бошига тушган кулфатларнинг манбаи иқтисодий шароит эмас, балки маърифатнинг йўқлиги деб билди.
Песталоцци ҳамма одамлар тарбия ва илм олиш ҳуқуқига эга бўлиши лозим, мактаблар жамиятни ижтимоий жиҳатдан ўзгартиришнинг муҳим воситаларидан бири бўлиши кераклигини таъкидлади. Унинг фикрича, ҳар бир кишининг ҳақиқий инсоний кучлари ҳаракатга келиб, мустаҳкамлангандагина энг муҳим ижтимоий масалалар ҳал қилинади. Бунга тарбия йўли билан ҳам эришиш мумкин.
Песталоццининг фикрича, меҳнат одамни тарбиялаш ва ўстиришнинг энг муҳим воситасидир, меҳнат одамнинг жисмоний кучларинигина эмас, шу билан бирга, ақлини ҳам ўстиради, шунингдек, унда ахлоқ ҳам таркиб топтиради. Меҳнат билан шуғулланаётган одам меҳнатнинг жамият ҳаётида жуда катта аҳамияти бор деган ишонч туғилади, бундай ишонч эса одамларни аҳил ва мустаҳкам ижтимоий иттифоқ қилиб, бир-бирига боғловчи энг муҳим кучдир.
Песталоццининг фикрича, билиш сезги органлари орқали идрок қилишдан бошланади ва тасаввурларни қайта ишлаш йўли билан ғоялар даражасига кўтарилади, ғоялар эса, гарчи равшан бўлмаса ҳам одамнинг онгида таркиб топтирувчи куч тариқасида мавжуд, лекин ўзининг намоён бўлиши ва жонланиши учун сезгилар етказиб берувчи материалга муҳтождир.
Песталоццининг дунёқараши инсонпарварлик руҳи билан, демократик интилишлар руҳи билан суғорилган ҳамда баъзи бир материалистик даъволарни ва диалектик қоидаларни ўз ичига олган эди.
Тарбиянинг мақсади ва моҳияти. Песталоццининг фикрича, тарбиянинг мақсади одамнинг барча табиий кучларини ва қобилиятларини ўстириш, ўстирганда ҳам ҳар томонлама ва бир-бирига уйғун равишда ўстиришдир. Тарбиянинг болага кўрсатаётган таъсири унинг табиатига уйғун бўлиши лозим.
Песталоцци тарбиянинг моҳияти тўғрисидаги тасаввурга асосланиб, тарбиянинг янги методларини — инсоннинг кучини инсон табиати билан мувофиқлаштириб, ўстиришга ёрдам берадиган методларни яратишга интилади. Болани тарбиялашни, дейди у, унинг туғилган куниданоқ бошлаш лозим: “Бола туғилган соат — унга таълим беришнинг биринчи соатидир”. Шу сабабли чинакам педагогика онани тўғри тарбиялаш методлари билан қуроллантириши керак. Педагогика санъати эса шу методикани ҳар бир она, жумладан, оддий деҳқон аёл ҳам эгаллаб оладиган қилиб соддалаштириб бериши лозим. Оилада табиатга мувофиқ қилиб бошланган тарбия мактабда ҳам давом эттирилиши лозим.
Барча инсоний кучлар ва имкониятлар энг оддий нарсалардан ривожлана бошлайди ва секин-аста мураккаброқ даражага кўтарила беради. Тарбия ҳам ана шу йўлдан бориши лозим.
Ҳар бир болага хос бўлган туғма куч ва қобилиятлар кўрсаткларини табиий тартибга мувофиқ одам камолотининг абадий ва ўзгармас қонунларига мувофиқ ҳолда мунтазамлик билан машқ қилдириб, ўстириш керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |