ҲОКИМИЯТ
Ижтимоий томон: ҳокимият - ҳукмронликни ифодаловчи кучга оид муносабат. Ҳокимият ўз мақсад ва иродасига мувофиқ ҳатти-ҳаракатлар учун нисбий эркинлик беради, бу бошқа шахсларга нисбатан муайян чекловлар тизимини яратиш демакдир
Психологик томон: ҳокимият – раҳбарлик (лидерлик) муносабати.Ҳокимият бор жойда йўлбошчи ва эргашувчи томон бор. Улар ўртасидаги муносабатлар характери сиёсий режим характери билан белгиланади (пастдаги изоҳларга қаранг)
Гносеологик (билимга оид) томон: ҳокимият – билимдан мақсадга мувофиқ фойдаланиш усули. Билим ва ирода ҳокимиятга баравар равишда тегишлидир: билим ҳокимият субъектларига узоқни кўра олиш, эҳтиёткорлик қобилиятини беради, ирода эса – қатъиятлилик ва лаёқатлилик (салоҳият) ато этади.
Сиёсий томон: ҳокимият – кучларнинг амалдаги мувозанатига мувофиқ равишда таъсир қилиш, буйсундириш, мажбурлаш, истакларни амалга ошириш усулидир.
Жамиятнинг сиёсий тизими тушунчаси ҳар бир мамлакатдаги сиёсий тизим тушунчасига нисбатан кенгроқдир ва уларни белгилаб беради. Жамиятнинг сиёсий тизими ўзаро алоқадор бўлган тўртта асосий торроқ тизимни ўз ичига олади: институциявий (ташкилотга оид), коммуникатив (муносабатга оид), норматив (қоидага оид), маданий-мафкуравий.
Сиёсий институциялар – сиёсий ҳокимиятни амалга ошириш билан боғлиқ ташкилот ва муассасалар йиғиндисидир. Сиёсий институциялар ўз ичига қуйидагиларни қамраб олади: а) давлат ва унинг органлари; б) жамоат ташкилотлари; в) юридик шахс мақомидаги бошқа ташкилот ва муассасалар. Сиёсий институцияларнинг хусусияти шундаки, уларнинг фаолияти амалда доимо қонун томонидан, яъни муайян норматив ҳужжатлар орқали бошқарилади.
Сиёсий ҳокимиятнинг асосий институти давлат ҳисобланади. Давлат сиёсий системанинг марказий элементи, асоси ҳисобланади, у ҳокимиятнинг асосий манбаси ва тимсолидир. Шунингдек, сиёсий системанинг муҳим элементларини сиёсий воситачилик институциялари ҳисобланмиш партиялар, таъсир кўрсатиш гуруҳлари, манфаатдор гуруҳлар ташкил этади.
Сиёсий муносабатлар – сиёсат субъектларининг ўзаро таъсирларининг шакли, сиёсий ҳокимиятни эгаллаш, ўрнатиш, амал қилиш, қўллаш, ривожлантириш ва ўзгартириш билан боғлиқ ижтимоий муносабатлаш туридир; бу – сиёсий система институтлари, сиёсий ва ижтимоий системалар ўртасида таркиб топадиган ўзаро таъсирларнинг бир-бирига муносабатлари ва ўзаро таъсир шаклларининг йиғиндисидир.
Сиёсий муносабатларнинг марказида давлат ва жамиятнинг ўзаро муносабати туради. Давлат ва жамият муносабатлари асосан уч турдаги тўғри ва тескари алоқалар йиғиндисидан иборат (бунда "тўғри алоқа" – давлатдан жамиятга томон, "тескари алоқа" – жамиятдан давлатга томон алоқаларни англатади):
"Тескари алоқа механизми" мавжуд бўлганда ва яхши тараққий этганда, унинг аҳамиятига юқори эътибор берилса сиёсий муносабатлар демократик характерда бўлади; Бундай тартибдаги давлатда сиёсий ҳокимият ишонтириш, мувофиқлаштириш, қонунийлик, парламентаризм, фақат қонун доирасидагина мажбурлаш воситалари билан амалга оширилади. Давлат олий органлари халқнинг ваколатига эга бўлади, ҳокимият халқ манфаатлари йўлида амалга оширилади, инсон ва фуқаро ҳуқуқ ва эркинликлари кенг ҳимоя қилинади, жамиятнинг барча соҳаларида қонун устувор бўлади.
"Тескари алоқа механизми" қисман ёпиб қўйилиб, тўғри алоқаларнинг аҳамияти оширилса сиёсий муносабатлар авторитар характерда бўлади;
"Тескари алоқа механизми" тўлиқ тугатилганда ва фақат тўғри алоқалар бўлганда сиёсий муносабатлар тоталитар характерда бўлади. Ҳокимият диктаторлик, кучга асосланувчи воситалар билан амалга оширилади. Тоталитар тартибдаги жамиятда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоя қилинмайди, жамиятда қонунсизлик ва ўзбошимчалик ҳукмрон бўлади.
Ҳар бир мамлакатдаги сиёсий муносабатларга гуруҳлараро, гуруҳлардаги ички ва шахслараро муносабатлар ҳам киради. Дунё миқёсидаги сиёсий муносабатлар эса давлатлараро (халқаро) ва глобал сиёсий муносабатларни ўз ичига олади. Шундан кўриниб турибдики, сиёсий муносабатлар ташкилий тузилиши жуда мураккаб ва кўп даражали тизимлардан иборат.
Сиёсий муносабатлар ишонч ва ҳамкорлик ёки рақобат, низо ва антагонизм характерида бўлиши мумкин. Юқорида айтиб ўтилган барча сиёсий муносабатлар йиғиндиси ҳар бир жамият сиёсий системасининг қандай амал қилишини белгилаб беради.
Сиёсий нормалар – жамият сиёсий ҳаётини мувофиқлаштириб, бошқариб турувчи норма ва анъаналар йиғиндисидир. Сиёсий муносабатларнинг қандай шаклда ва қанақа доирада бўлиши фақат давлат-сиёсий институциялари билангина эмас, шу билан бирга норматив тизим (мамлакат Конституцияси, бошқа қонун ва қонунга оид ҳужжатлар), булардан ташқари ёзилмаган сиёсий анъаналар, одатлар, жамоат ташкилотлари нормалари, ахлоқий нормалар билан бошқариб турилади.
Сиёсий маданият ўз ичига қуйидаги элементларни олади:
муайян жамият учун типик бўлган ва мустаҳкамланиб қолган сиёсий ҳатти-ҳаракат намуналари ва қадрият мўлжаллари;
мазкур жамиятнинг сиёсий тизими, сиёсий институциялар ва жараёнларнинг хусусиятларини белгилаб берувчи билимлар, ҳатти-ҳаракат нормалари ва намуналари, қадрият ва анъаналари;
ижтимоий гуруҳлар ва алоҳида кишиларнинг сиёсат соҳасидаги сиёсий ҳатти-ҳаракатларга таъсир кўрсатувчи тарихий тажрибаси, хотираси, ҳатти-ҳаракат маданияти, шахсий мўлжаллари ва кўникмалари.
Сиёсий маданият у ёки бу жамиятда ҳукмрон бўлган сиёсий режимнинг вужудга келиши, характери ва хусусиятларини, ижтимоий гуруҳлар ва индивидларнинг сиёсий онги ва ҳатти-ҳаракатларини тушунтириб беради. Сиёсий маданият қисмларини ўзаро мустаҳкамловчи элемент жамиятнинг бутун фаолияти учун умумий бўлган ҳамда мафкурада акс этадиган қадриятлар, нормалар, дастурлар йиғиндиси бўлмиш сиёсий дунёқараш ҳисобланади.
Сиёсий маданият субъектлари сифатида умуман жамият ҳам, шунингдек, синфлар, ижтимоий қатламлар, муайян жамоалар ва алоҳида шахслар ҳам чиқиши мумкин. Ҳар бир мамлакат ва ҳар бир халқ ўзига хос бўлган сиёсий маданиятига эга. Ҳар бир мамлакат сиёсий онги ва ҳатти-ҳаракатларидаги тарихий таркиб топган, нисбатан мустаҳкам, одатий бўлиб қолган эътиқодлар, кўрсатмалар, тасаввурлар, ҳатти-ҳаракат намуналари унинг сиёсий маданиятини ташкил қилади ва уни бошқалардан фарқлаб туради. Масалан, кўпгина ғарб мамлакатлари учун тарихий таркиб топган формаллашган онг ва унга асосланиб ҳуқуққа, қонунга, шартномага ҳурмат, шахснинг бошқаларни ва ўз ўзини, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини юқори даражада ҳурмат қилиши, давлатнинг фуқаролар шахсий ҳаётига аралашмаслиги, индивиднинг ўз-ўзини юқори даражада чеклаши характерли бўлиб, ана шуларсиз ҳақиқий демократия ва ҳуқуқий давлатнинг бўлиши мумкин эмас.
Собиқ Совет Иттифоқи ва бошқа социалистик мамлакатлар ўрнида вужудга келган давлатлар сиёсий маданияти эса, аксинча, жамият ҳаётида давлатнинг устунлиги ва шунга боғлиқ ҳолда ҳокимиятнинг авторитар характердалиги, патернализм (яъни давлатнинг жамиятга "ҳомийлик" қилишга интилиши) ва ҳокимиятга оид муносабатларнинг патерналистик характердалиги, аҳолининг ҳокимиятга нисбатан клиентилистик (яъни давлат ҳимоясида, ҳомийлигида бўлишга одатланиб қолиш) муносабатда бўлиш, жамиятда давлатдан мустақил бўлган ва унга боғлиқ бўлмаган фуқаролик жамияти институцияларининг тараққий этмаганлиги, ҳокимиятнинг сакраллашгани ва сиёсий муносабатларнинг персонификациялашуви (яъни қонуннинг эмас, балки алоҳида шахснинг устунлиги) билан тавсифланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |