483-модда. Чекланган моддий жавобгарлик
Қуйидаги ҳолларда командирлар (бошлиқлар) етказилган зарар миқдорида, бироқ бир ойлик пул таъминоти маошидан ортиқ бўлмаган миқдорда моддий жавобгарликка тортилади:
ҳарбий мол-мулкни ҳисобга олишнинг, сақлашнинг, ундан фойдаланишнинг, уни сарфлаш ва ташишнинг белгиланган тартибини бузадиган фармойиш берганда;
ҳарбий мол-мулкнинг талон-торож қилиниши, камомади, йўқ қилиниши, шикастланишининг ва бузилишининг олдини олишга доир зарур чоралар кўрмаганлик зарар етказилишига сабаб бўлганда;
айбдор шахслар томонидан етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш чораларини кўрмаганда.
484-модда. Зарарнинг миқдорини аниқлаш ва зарарни ундириш тартиби
Моддий зарар (моддий ва пул маблағларининг (қимматликларнинг) талон-торож қилинганлиги, камомади, беҳуда сарфланганлиги, йўқотилганлиги, йўқ қилинганлиги, шикастланганлиги, ишдан чиқарилганлиги, улардан қонунга хилоф равишда фойдаланилганлиги ҳамда улар қонунга хилоф равишда ҳисобдан чиқарилганлиги фактлари) аниқлаганида командирлар (бошлиқлар) зарарнинг келиб чиқиши сабабларини, миқдорини ва айбдор шахсларни аниқлаш учун белгиланган тартибда терговга қадар текширувни ёки хизмат текширувини ўтказади.
Агар моддий зарарнинг сабаблари, миқдори ва айбдор шахслар терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов органлари ёки суд томонидан аниқланган бўлса, командир (бошлиқ) томонидан терговга қадар текширув ёки хизмат текшируви ўтказилмаслиги мумкин.
Ўз айби билан моддий зарар етказган ҳарбий хизматчилар, олий ҳарбий таълим муассасаларининг курсантлари (тингловчилари), ҳарбий йиғинларга чақирилган ҳарбий хизматга мажбурлар ва сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни ўтаётган шахслар моддий зарарнинг ўрнини ҳарбий хизматни (йиғинларни) ўташ даврида ёки резервга (захирага) бўшатилган ёхуд истеъфога чиқарилгандан кейин ихтиёрий равишда тўлиқ ёки қисман қоплаши мумкин.
485-модда. Моддий жавобгарликка тортиш муддатлари
Ҳарбий хизматчилар, олий ҳарбий таълим муассасаларининг курсантлари (тингловчилари), ҳарбий йиғинларга чақирилган ҳарбий хизматга мажбурлар ва сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни ўтаётган шахслар, резервга (захирага) бўшатилганлигидан ёки истеъфога чиқарилганлигидан қатъи назар, етказилган зарар аниқланган кундан эътиборан уч йил ичида моддий жавобгарликка тортилади.
(VIII1 бўлим Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 30 сентябрдаги ЎРҚ-718-сонлиҚонунига асосан киритилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.09.2021 й., 03/21/718/0920-сон)
Do'stlaringiz bilan baham: |