XI—XVАСРЛАРДА ҲИНДИСТОН
Деҳли султонлиги. 1206 йилда Ғазна султонларидан мустақил бўлиб олган Деҳли султонлиги XIII ва XIV аср давомида анча катта давлат сифатида яшади. Деҳли султонлиги айниқса XIII аср охири ва XIV аср бошларида кенгайди, бу вақтда унинг составига Шимолий Ҳиндистондан ташқари, Марказий Ҳиндистон вилоятлари ва Декан ясси тоғлигидаги кўпчилик давлатлар кирарди. Декан 1306—1310 йилларда султон Оловиддин Хилжий томонидан босиб рлинди. Навбатдаги султонлардан бири — Муҳаммад Туғлақ (1325—1351) деярли бутун Ҳиндистонни бўйсундириб, ҳатто Эрон билан Хитойни ҳам забт этишни орзу қилган эди. Аммо султонликнинг кенгайиши мустаҳкам характерга эга эмас эди. XIV аср ўрталарида Декан ажралиб чиқди, кўп ўтмай Деҳлидан шимолдаги кўпгина вилоятлар, шу жумладан, Бенгалия ажралиб кетди. Деҳли султонлиги составига кирган кўпчилик вилоятлар XIV асрнинг иккинчи ярмида мустақил давлатга айланиб олди. Султон Деҳлининг ўзида унча мустаҳкам ҳокимиятга эга эмасди, чунки у ерда феодалларнинг турли гуруҳлари ўртасида ҳокимият учун узлуксиз кураш борарди.
Деҳли султонлиги даврида феодал тузумининг ўзига хос хусусиятлари. XIII—XVI асрларда Ҳиндистонда феодал тузуми ўзига хос тарзда ривожланди. Бир томондан, Ҳиндистонда мусулмон ер эгалиги системаси қарор топиб, шу туфайли бутун ерлар давлат бошлиғи—султоннинг мулки деб қараларди.
Келгинди мусулмон феодаллари султоннинг ҳарбий хизматчиси бўлиб, ундан иқта — вақтинча ва умрбод фойдаланиш учун ер олардилар. Улар аҳолидан (деҳқонлардан) рента ундириб олиш ҳуқуқига эга эдилар. Иккинчи томондан, мамлакатда маҳаллий феодаллар — князлар (рожалар) сақланиб қолган эди. Улар ўз вилоятларини амалда мустақил равишда бошқариб, султонга муайян миқдорда бож тўлардилар. Урта ва майда ҳинд феодаллари — рожапутлар ва бошқалар—қисман мерос бўлиб қолган феодал мулкчилиги ҳуқуқи асосида, қисман ҳарбий хизматни ўтаб турган пайтда вақтинча бериладиган инъом тариқасида ерга эгалик қилардилар. Вақт ўтиши билан келгинди иқтадорлар ҳам ернинг меросхўр эгаларига айланиб бордилар, аммо бу жараён XIV асрнинг охиригача ҳам тугалланмади. Ерларнинг катта қисми ҳар иккала дин — маҳаллий, ҳинд дини (эски ибодатхона ер эгалиги) ҳамда янги, мусулмон (вақф ерлари) динидаги руҳонийларнинг қўлида эди. Бу даврда Ҳиндистондаги феодал тузумининг яна бир хусусияти — жамоачи деҳқон хўжаликларининг илгаригидек устун бўлиб қолганлигидир. Маҳаллий ҳинд ва келгинди турк-мусулмон феодалларининг ўзлари одатда хўжалик билан шуғулланмас, балки қарам деҳқонлардан озиқ-овқат рентаси, қисман пул рентасини ундириб олардилар. Баршчина ишлари мавжуд бўлган жойларда асосан қуллар ва паст табақа деҳқонлар меҳнатидан фойдаланиларди.
XIII—XIV асрларда Ҳиндистон феодал тузумининг характерли хусусияти—шаҳар ҳаётининг анча интенсив ривожланишидир. Қадимги тарихий давридаёқ мавжуд бўлган шаҳарлар қаторига султонлар ва уларнинг набиралари—феодалларнинг резиденцияси сифатида вужудга келган кўпгина янги шаҳарлар қўшилди. Деҳли шаҳрининг ўзи ана шундай феодал-пойтахт шаҳри учун мисол бўла олади. Бу ерда жуда кўплаб сарой аҳли ва хизматчилари, аскарлар, амалдорлар ва шу сингарилардан ташқари, кўпгина ҳунармандлар ва савдогарлар яшаб, улар султон саройи ҳамда пойтахтдаги бошқа феодалларнинг иқтисодий эҳтиёжларини қондирардилар. Ана шу шаҳар-резиденциялар ёки «шаҳар-қароргоҳлар»дан ташқари, Ҳиндиетонда XIII—XIV асрларда Бенгалия қўлтиғи билан Араб денгизи соҳилида жойлашган ҳамда халқаро савдосотиқ билан боғланган кўпгина денгизбўйи шаҳарлари муваффақиятли ривожланди. Булар орасида, хусусан, Малабар соҳилида Гоа ва Каликут, Камбай қўлтиғи соҳилида Камбай ажралиб турарди. Шимолий Ҳиндистонда карвон савдоси билан боғлиқ бир қанча шаҳарлар бор эди. Булар орасида Агра, Панипа, Лахор, Мультан энг муҳимларидир. Ҳинд ҳунармандларининг маҳсулоти бўлган жуда кўплаб буюмлар (аввало юқори сифатли ҳинд газламалари), шунингдек, турли зираворлар Европага ва Шимолий Африкага мунтазам юбориб туриларди. Ҳиндистонга -йилқи, қалайи, мис, олтин, кумуш пуллар ва шу сингарилар ташиб келтириларди.
Do'stlaringiz bilan baham: |