10.3. Аудиторлик маълумотлар ва далиллар Аудитор томонидан текширувдан олдин, текширув жараёнида ва унинг натижаларига кўра тайёрланган ва тўпланган барча маълумот аудиторлик маълумоти ҳисобланади. Ушбу маълумотнинг бир қисми аудиторлик исботлари тариқасида фойдаланиш учун мумкин бўлган ҳужжатлар ёки уларнинг нусхаларидир.
Аудиторлик исботлар - аудиторлик хулосасини асослашга хизмат қиладиган текширув вақтида аудитор томонидан тўпланган маълумот ва натижалардир.
Аудиторлик исботлар релевант ва етарли бўлиши лозим. Исботнинг релевантлиги - қайсидир бир муаммони ечиш учун унинг муҳимлилигидир, етарлилик эса - ҳар бир аниқ ҳолатда, аудиторлик таваккалчилиги ва ички назорат тизимини баҳолаш асосида аниқланади. Қандай бўлмасин, аудитор ҳаққоний ва асосланган хулоса тайёрлаш учун керакли сифатдаги етарли даражада исботлар тўплаганлигига тўлиқ ишонч ҳосил қилиши лозим.
Аудиторлик далиллар тўғрисида тушунча, уларни олиш амаллари 50-сон АФМСда белгиланган. Унга кўра, «Аудиторлик далиллари - аудиторлик ташкилоти томонидан аудиторлик текшируви вақтида йиқилган ва аудиторлик хулосасини асословчи маълумот (ахборот)лардир.
Аудиторлик далилларини олишда молиявий ҳисоботнинг асоси бўлган бошланғич ҳужжатлар ва бухгалтерлик ёзувлари, шунингдек, бошқа манбалардан олинган тасдиқловчи маълумотлардан фойдаланилади.
Аудиторлик далиллари етарли ва мос бўлиши керак.
Аудиторлик далилларининг етарлилиги аудиторлик ташкилотига фикр билдириш учун зарур бўлган аудиторлик далилларининг Миқдорий ўлчамини (чегарасини) ифодалайди.
Аудиторлик далилларининг мослиги аудиторлик ташкилотининг фикр билдиришида аудиторлик далилларининг аҳамияти ва ишончлилигини (аниқлигини) билдирувчи аудиторлик далилларининг сифати ўлчамини ифодалайди.
Аудиторлик ташкилоти етарли ва мос аудиторлик далилларини олиши учун қуйидаги омилларга эътибор бериши керак:
хўжалик юритувчи субъектнинг бухгалтерия ҳисоби ва ички назорат тизими характери, шунингдек дахлсиз ва назорат таваккачилигини баҳолаш;
аудиторлик ташкилоти томонидан бажариладиган ишлар ҳажми;
мавжуд маълумотнинг манбаси ва ишончлилиги (аниқлиги).
Аудиторлик далиллари, агарда ҳужжатлар ва активлар, хусусий капитал ва мажбуриятларнинг ҳақиқий ҳолати билан тасдиқланганда, ишончли ҳисобланади.
Аудиторлик ташкилоти аудиторлик далилларининг ишончлилигини баҳолашда қуйидаги умумий қоидаларга амал килиши зарур:
а) ташқи манбалардан олинган аудиторлик далиллари (масалан, учинчи шахсдан олинган тасдиқ) ички манбалардан олингандан кўра ишончлироқ ҳисобланади;
б) агар бухгалтерия ҳисоби ва ички назоратнинг мавжуд тизими самарали ишласа, ички манбалардан олинган аудиторлик далиллари ишончли ҳисобланади;
в) аудиторлик ташкилоти томонидан бевосита йиқилган аудиторлик далиллари хўжалик юритувчи субъектдан олинган аудиторлик далилларидан кўра ишончлироқ ҳисобланади;
г) ёзма равишда олинган аудиторлик далиллари оқзаки берилган далиллардан кўра ишончлироқ ҳисобланади.
Турли манбалардан йиқилган аудиторлик далиллари бир-бирига зид бўлмаса, ишончли ҳисобланади.
Агар битта манбадан олинган аудиторлик далиллари кетма-кетликда бўлмаса ёки турли манбалардан олинган аудиторлик далиллари бир-бирига зид бўлса, аудиторлик ташкилоти қўшимча, аниқ далиллар олиш имконини берувчи амалларни бажариши зарур.
Агар аудиторлик ташкилоти молиявий ҳисобот тўғрисида фикр билдириш учун етарли далиллар ололмаётган бўлса, у ҳолда аудиторлик хулосасини тузишдан бош тортиши керак.
Хўжалик юритувчи субъект (буюртмачи) аудиторлик ташкилотининг аудиторлик далилларини олиши учун зарур бўлган амалларни бажаришига тўсиқ бўлувчи ҳаракат ёки ҳаракатсизлик қилишга ҳақли эмас.
Хўжалик юритувчи субъект вакиллари ёки учинчи шахслар аудиторлик ташкилотининг аудиторлик далилларини олиш мақсадида амаллар бажаришига тўсиқ бўлувчи ҳаракатларни ёки ҳаракатсизликларни амалга оширган ҳолларда аудиторлик ташкилоти аудиторлик текширувини ўтказишдан бош тортишга ҳақли.
Аудиторлик далилларини хўжалик юритувчи субъектнинг ички назорат тизимини тестдан ўтказиш ва моҳияти бўйича текшириш амалларини ўтказиш йўллари билан олиш мумкин.
Ички назорат тизимининг тестлари аудиторлик ташкилоти томонидан хўжалик юритувчи субъектнинг бухгалтерия ҳисоби ва ички назорат тизимининг ҳолатини баҳолаш учун аудиторлик далилларини олиш мақсадида бажариладиган амалларни ифодалайди.
Аудиторлик далиллар олиниши керак бўлган хўжалик юритувчи субъектнинг бухгалтерия ҳисоби ва ички назорат тизимининг асосий жиҳатлари қуйидагилар ҳисобланади:
тузилма (бухгалтерия ҳисоби ва ички назорат тизими. хатоларнинг олдини олиш, аниқлаш ва тўғрилашга қаратилган тузилмага эга эканлиги);
иш юритиш (бухгалтерия ҳисоби ва ички назорат тизимлари самарали ишлаяптими).
Моҳияти бўйича текшириш амаллари аудиторлик ташкилотининг молиявий ҳисоботда хато-камчиликлар мавжуд ёки мавжуд эмаслигини аниқлаш учун аудиторлик далиллари олиш мақсадида бажарадиган амалларни ифодалайди.
Моҳияти бўйича текшириш амалларини бажаришда қуйидаги саволлар ўрганиб чиқилади:
ҳисобот даври якунланган санада мажбуриятлар ва активларнинг мавжудлиги;
молиявий ҳисоботда активлар, мажбуриятлар, хўжалик операциялари ва ҳодисаларнинг тўлиқ акс эттирилиши;
активлар ва мажбуриятларнинг мос қийматларда акс эттирилиши;
молиявий ҳисоботда хўжалик операциялари ва ҳодисаларнинг аниқ суммаларини акс эттириш;
даромад ва харажатларни тегишли даврларда акс эттириш.
Аудиторлик ташкилоти аудиторлик далилларини қуйидаги аудиторлик амалларининг бир ёки бир нечтасини бажариш йўли билан олади:
а) назоратлаш - ёзувлар, ҳужжатлар ва моддий активларни текшириш;
б) кузатиш - бошқа шахслар томонидан бажариладиган жараён ва ишларни ўрганиш. Масалан, аудиторлик ташкилотининг хўжалик юритувчи субъект томонидан амалга ошириладиган товар-моддий заҳираларнинг инвентаризациясини кузатиш;
в) сўров - хўжалик юритувчи субъект ва ундан ташқаридаги шахслардан маълумот йиқиш;
г) ҳисоблаш - бошланғич ҳужжатлар ва бухгалтерия ёзувларидаги арифметик ҳисоб-китобларнинг аниқлигини текшириш;
д) аналитик амаллар - аудиторлик ташкилоти томонидан олинган маълумотни таҳлил қилиш ва баҳолаш, бухгалтерия ҳисобида хўжалик фаолиятидаги ғайриқонуний ва нотўғри акс эттирилган ҳолатларни аниқлаш мақсадида хўжалик юритувчи субъектнинг муҳим молиявий ва иқтисодий кўрсаткичларини текшириш, шунингдек, хато ва камчиликлар сабабларини суриштириш»5.
Аудиторлик далил (исбот)ларнинг сифати улар олинадиган манбалар сифатига боғлиқдир. Аудиторлик исботлар ҳужжатлаштирилган манбалардан, мижоз ходимлари ва учинчи шахслардан оғзаки равишда сўровномалар вақтида ва корхонада ҳисоб ва бошқа операциялар бажарилаётганида бевосита кузатиш йўли билан олиниши мумкин. Ишончлилик ва ҳақиқийлик даражаси бўйича аудиторнинг бевосита ўзи олган маълумотлар энг қимматли ҳисобланади. Ҳужжатлаштирилган исботлар ва мижознинг ёзма тақдимномалари оғзаки равишда олинган исботлардан устун туради.