Иш ҳужжатларининг сақланишига қўйиладиган талаблар. Аудит қилиш тугалланиши билан иш ҳужжатлари аудиторлик ташкилотининг архивига мажбурий сақлаш учун топширилиши керак.
Иш ҳужжатларининг сақланиши, уларнинг расмийлаштирилиши ва архивга топширилишини аудиторлик ташкилотининг раҳбари ёки у томонидан ваколат берилган шахс ташкил қилади.
Ўтказилаётган ёки ўтказилган аудитни қайд қилувчи иш ҳужжатларининг мазкур хўжалик юритувчи субъектнинг аудит қилиниши билан банд бўлмаган аудиторлик ташкилотининг ходимларига берилишига, қоидага кўра, йўлқўйилмаслиги керак.
Аудиторлик ташкилоти иш ҳужжатларининг ишончли сақланишини таъминлаши шарт. Сақлаш муддати Қонунчилик асосида белгиланади.
Иш ҳужжатларининг йўқолиши ёки йўқ бўлиши ҳолларида аудиторлик ташкилотининг раҳбари - натижалари тегишли далолатнома билан расмийлаштирилувчи хизмат терговини тайинлаши керак.
Иш ҳужжатларининг аудиторлик ташкилотидан олиниши Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган ҳолларда ва тартибда, фақатгина унга ваколатли бўлган органлар томонидан амалга оширилиши мумкин»6.
Аудиторлик ташкилотининг иш ҳужжатлари таркибига киритилиши мумкин бўлган ҳужжатларнинг тахминий рўйхати: 1. Хўжалик юритувчи субъектнинг ташкилий-ҳуқуқий ва ташкилий таркибига доир ахборот.
2. Хўжалик юритувчи субъектнинг таъсис ҳужжатларидан, шунингдек бошқа муҳим юридик ҳужжатлардан кўчирмалар ёки кўчирма нусхалар.
3. Аудитни режалаштириш тўғрисидаги ҳужжатлар, шу жумладан, аудит дастурлари ва унга оид ўзгартишлар.
4. Бухгалтерия ҳисоби ва ички назорат тизимларини тушунишнинг аудитор томонидан исботлари.
5. Хўжалик операциялари ва бухгалтерия ҳисоби ҳисоб-варақлари бўйича қолдиқларнинг таҳлили.
6. Хўжалик юритувчи субъектнинг фаолияти (бизнеси) муҳим кўрсаткичлари ва тамойиллари таҳлили.
7. Ўтказилган аудиторлик текширишлари туси, ўтказилиш санаси ва ҳажми ҳамда уларнинг натижалари тўғрисидаги ёзувлар.
8. Ёрдамчилар томонидан бажариладиган ишлар назорат қилингани ва таҳлил этилганига оид маълумотлар.
9. Аудиторлик текширишларини амалга оширган шахслар ва уларнинг бажарилиши вақтига оид маълумотлар.
10. Хўжалик юритувчи субъектнинг аудити ўтказилиши муносабати билан бошқа аудиторлик ташкилотлари, экспертлар ва учинчи шахслар билан олиб борилган ёзишмаларнинг кўчирма нусхалари.
11. Хўжалик юритувчи субъект билан аудит жараёнида юзага келувчи, шу жумладан, аудит ўтказиш шартлари масалалари бўйича учрашувлар вақтидаги ёзишмалар ёки муҳокама ёзувларининг кўчирма нусхалари.
12. Хўжалик юритувчи субъектдан олинган тасдиқлаш хатлари.
13. Аудит натижалари бўйича аудиторлик ташкилоти томонидан чиқарилган хулосалар.
14. Хўжалик юритувчи субъектнинг бухгалтерия ва ўзга хил молия ҳужжатларининг кўчирма нусхалари.