12.4. жорий активлар аудитини ташкил этиш ва ўтказиш кетма-кетлиги.
Жорий активларни аудиторлик текширувидан ўтказишнинг мақсади- уларнинг сақланиши, тежамли ва оқилона ишлатилиши, ҳисобга олишнинг тўғри ташкил этилишини аниқлашдан иборат. Шунингдек, ҳисобот кўрсаткичларининг ишончлилигини ва жорий активлар билан боғлиқ муомалалар ҳисоби ва солиққа тортиш услубининг Ўзбекистон Республикасида амал қилаётган қонунчилик ҳамда меъёрий ҳужжатларга мувофиқлигини аниқлаш лозим. Ушбу мақсадга муомалалар моҳиятини, ҳамда назорат тузулмаси ва бухгалтерия ҳисоби тизимини текширувдан ўтказиш ва рискларни баҳолаш орқали эришилади. Жорий активларни текшириш, улар ҳажми катта бўлган корхоналарда аудитнинг асосий қисми деб қаралади.
Жорий активлар бўйича ҳисобот кўрсаткичларининг ҳаққонийлигини текширишда бошқа аудит объектларидаги каби, даставвал, баланснинг «Ишлаб чиқариш заҳиралари» (120-сатр), «Тугалланмаган ишлаб чиқариш (130-сатр)», «Тайёр маҳсулот» (140-сатр), «Сотиш учун олинган товарлар» (150-сатр) деган моддалари, Бош дафтар, журнал-ордерлар ва бошқа ҳисоб регистрлари орасидаги тенгликни аниқлаш зарур. Шу билан бирга, синтетик ва аналитик ҳисоб маълумотларининг мувофиқлигига ишонч ҳосил қилиши муҳимдир. Моддий бойликларни ишлаб чиқариш харажатларига олиб бориш ва уларнинг баҳоларини текшириш, ишлаб чиқаришга сарфлаш меъёрлари ва бошқаларни текшириш зарур. Мол этказиб берувчилар ва пудратчиларга даъво қўзғатишнинг ўз вақтидалиги ва тўғрилиги ҳамда йўлдаги (корхонага етиб келмаган) материаллар қолдиғининг ҳаққонийлигини ҳам текшириш керак.
Текширув жараёнида аудитор қуйидагиларни аниқлаши лозим:
* заҳираларнинг ҳақиқатда мавжудлиги;
* заҳиралар билан боғлиқ барча муомалаларнинг бухгалтерия ҳисоби счётларида тўлиқ ва тўғри акс эттирилганлиги;
* барча заҳиралар корхона мулки эканлиги яъни уларга мулкий ҳуқуқ мавжудлиги, қарз сифатида акс эттирилган суммалар эса мажбурият эканлиги;
* заҳираларни ва улар билан боғлиқ мажбуриятларни баҳолашнинг тўғрилиги;
* товар-моддий заҳираларни ҳисобга олиш тамойиллари тўғри танланилганлиги ва қўлланилишининг тўғрилиги.
Ташкилий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа маълумот манбаларига қуйидагилар киради:
* корхона раҳбарининг буйруғи (ёки фармойиши) директор кенгаши мажлисининг баённомалари, таъсисчилар ва бошқа комиссиялар йиғилиш қарорлари. Агар корхона устав капиталининг миқдорини шакллантириш ёки ўзгартириш чоғида улуш сифатида материаллар, инвентар ва хўжалик ашёлари, товарлар қўшилган бўлса, шунингдек агар дивидендлар ёки даромадлар моддий қийматликлар билан тўланса ушбу ҳужжатларни ўрганиш аудитор учун ўта муҳим аҳамият касб этади;
* корхонада ўтказилган аудиторлик текширувлари ўтган йиллардаги ҳисоботлари;
* товарлар, материаллар, хом ашёлар ва ҳоказоларни етказиб бериш шартномалари;
* моддий жавобгарлик тўғрисидаги шартномалар.
Do'stlaringiz bilan baham: |