Макроиқтисодий даражада иқтисодий ўсишнинг асосий қиймат кўрсаткичлари қуйидагилар ҳисобланади:
ЯММ (ИММ) ёки миллий даромаднинг мутлоқ ҳажми ва унинг ўсиш суръати;
ЯММ (ИММ) ёки миллий даромаднинг аҳоли жон бош ҳисобига тўғри келадиган миқдори ва унинг ўсиш суръати;
ЯММ (ИММ) ёки миллий даромаднинг иқтисодий ресурс харажатлари бирлиги ҳисобига тўғри келадиган миқдори ва унинг ўсиш суръати;
Иқтисодий ўсишни аниқлашда ҳар учала кўрсаткичдан ҳам фойдаланиш мумкин, лекин уларнинг аҳамияти турлича.
Масалан: агар диққат марказида иқтисодий потенциал муаммоси турса, биринчи кўрсаткичдан фойдаланиш кўпроқ мос келади. Алоҳида мамлакат ва регионлардаги аҳолининг турмуш даражасини таққослашда, кўпроқ иккинчи кўрсаткичдан фойдаланилади. Иқтисодий самарадорликни баҳолашда учинчи кўрсаткичга устиворлик берилади.
Одатда иқтисодий ўсиш % (фоиз) да ўсишнинг йиллик суръати сифатида аниқланади. Масалан, агар ўтган йили реал ЯММ 60 млр. сўмни ва жорий йилда 70 млр. сўмни ташкил қилган бўлса, ўсиш суръатини жорий йилдаги реал ЯММ нинг базис даврдаги ҳажмига бўлиш йўли билан аниқлаш мумкин. Бу ҳолда ўсиш суръати 16,6% ни (70/60*100) ташкил қилади.
Мамлакатнинг иқтисодий ўсиш суръатини характерлайдиган кўрсаткичлар (реал ЯММ ва аҳоли жон бошига реал ЯММнинг ўсиши) миқдорий кўрсаткичлар бўлиб, улар
- биринчидан маҳсулот сифатининг ошишини тўлиқ ҳисобга олмайди ва шу сабабли фаровонликнинг ҳақиқий ўсишини тўлиқ характерлаб беролмайди;
- иккинчидан, реал ЯММ ва аҳоли жон бошига ЯММнинг ўсиши бўш вақтнинг сезиларли кўпайишини акс эттирмайди ва фаровонлик реал даражасининг пасайтириб кўрсатилишига олиб келади, – учинчидан, иқтисодий ўсишни миқдорий ҳисоблаш бошқа томондан унинг атроф муҳитга ва инсоннинг ҳаётига салбий таъсирини ҳисобга олмайди. Иқтисодий ўсишнинг алоҳида томонларини характерловчи кўрсаткичлари ҳам мавжуд бўлиб, улардан асосийлари ишлаб чиқарувчи кучлар ривожланиш даражаси, меҳнат унумдорлиги ва иш вақтини тежаш, шахсий даромад ва фойда массаси, миллий иқтисодиётнинг тармоқ тузилиши кабилар ҳисобланади.
Ишлаб чиқарувчи кучлар даражаси қуйидаги кўрсаткичлар билан характерланади:
а) ишлаб чиқариш воситаларининг ривожланиш даражаси, яъни унинг унумдорлиги.
б) ходимнинг малакаси ва тайёргарлик даражаси.
в) ишлаб чиқаришнинг моддий ва шахсий омили ўртасидаги нисбат.
г) меҳнат тақсимоти, ишлаб чиқаришнинг ташкил этилиши, ихтисослаштирилиши ва кооперацияси.
Иқтисодий ўсишнинг жаҳон амалиётида кенг қўлланиладиган бошқа кўрсаткичи иқтисодиётнинг тармоқ тузилиши ҳисобланади. У тармоқлар бўйича ҳисоблаб чиқилган ЯММ кўрсаткичи асосида таҳлил қилинади.
Меҳнат унумдорлигининг ўсишини аниқлаб берувчи асосий омил ҳар бир ишловчига тўғри келувчи асосий капитал ҳажми ҳисобланади. Маълум вақт ичида, капиталнинг ҳажми мутлоқ кўпайиши мумкин, аммо ишчи кучи сони тезроқ ўсса, меҳнат унумдорлиги пасаяди, чунки ҳар бир ишчининг асосий капитал билан қуролланганлик даражаси камаяди.
Таълим ва малакали тайёргарлик, меҳнат унумдорлигини оширади ва натижада анча юқори иш ҳақига эга бўлиш имкониятини беради. Инсон капиталига инвестициялар қўйиш меҳнат унумдорлигини оширишнинг муҳим воситаси ҳисобланади. ўз - ўзидан аниқки, ишчи кучи сифатининг энг оддий кўрсаткичи таълим даражаси ҳисобланади. Хозирги даврда республикамиз халқ хўжалигида банд бўлганларнинг 30% га яқини олий ва ўрта махсус таълимга эга. Лекин олий ва ёки ўрта махсус таълимга эга бўлганлар, аниқ соҳалардаги билимлари даражаси бўйича бошқа ривожланган мамлакатлардаги ишчилардан анча орқада ва кўпчилиги таълим олган соҳаси бўйича фаолият турида банд эмас. Шу сабабли кейинги йилларда республикамизда мактаб, олий ва ўрта махсус билим юртларида таълим беришнинг прогрессив (тест ва рейтинг) тизимлари жорий қилинмоқда. Кадрлар тайёрлашнинг миллий дастурида қўйилган вазифаларни амалга оширишда ҳам ижобий натижаларга эришилмоқда.
Амалий ҳаётда иқтисодий ўсишни тўхтатиб турувчи омиллар ҳам мавжуд бўладики, улар меҳнат муҳофазаси, атроф муҳитнинг ифлосланиши ва шу каби ҳолатлар натижасида келиб чиқади. Кейинги йилларда Республикада давлат томонидан атроф муҳит ифлосланишининг олдини олиш, ходимлар меҳнат шароитини яхшилаш ва соғлиғини муҳофаза қилишни тартибга солишда муҳим тадбирлар амалга оширилди. Бу ўз навбатида иқтисодий ўсиш суръатига салбий таъсир кўрсатади. Чунки бундай тадбирларни амалга ошириш тегишли ҳаражатларни тақозо қилади. Шу орқали меҳнат унумдорлигини ошириш учун зарур бўлган маблағлар бошқа томонга жалб қилинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |