1.1.-чизма. Иқтисодиёт ва менежмент ўртасидаги ўзаро алоқадорлик.
Бозор иқтисодиёти раҳбарларга ва мутахассисларга янги иқтисодий фикрлашни, янгича иш юритишни, мингларча субъектлар ва истеъмолчилар билан ўз фаолиятини мувофиқлаштириш, ситуацияларни, жараёнларни ўз манфаати ва мақсадига йўналтириш, уларни чуқур таҳлил қилиш, келажак учун режалаштириш каби муаммоларни ҳал қилиш йўлларини билиш талабларини қўяди. Буларсиз рақобатчилик шароитида ҳар қандай корхона, фирма инқирозга учраб қолиши эҳтимолдан узоқ эмас.
Иқтисодиёт ва менежментнинг предмети ва изланиш услублари
Хар қандай фан ўз предмети, назарияси ва услубларига эгадир. Предмет бу фан нима билан шуғулланиши, унинг қайси соҳага тегишли эканлигини белгилайди. Назария бу соҳада рўй берадиган жараён ва ҳодисаларнинг рўй бериш қонуниятларини аниқлайди.
Изланиш усуллари назариядан келиб чиққан ҳолда кишилар илмий ва амалий фаолияти қандай амалга ошишини кўрсатиб бериши, фаннинг шу соҳасида ҳодисаларни умумлаштириш ва ўрганишнинг турли воситалари ва усуллари тизимини ишлаб чиқиш лозим.
“Менежмент” фанининг предмети хўжалик юритишнинг барча даражаларида бошқаришнинг қонунлари (қонуниятлари), тамойиллари ва муносабатларини ўрганишдан иборатдир.
Бошқарув муносабатлари ижтимоий-иқтисодий муносабатларининг ажралмас қисми бўлиб, турли иқтисодий, ташкилий, ижтимоий, меҳнат, руҳий ва бошқа кўринишларда бўлади. Бошқарув муносабатлари бошқарув қўл остидаги ходимлар ўртасидаги алоқа ва ўзаро таъсирнинг мураккаб мажмуини ифодалайди, демак, менежмент бу энг аввало кишиларни бошқаришдир.
Иқтисодиётни бошқаришда бевосита бошқарув объекти меҳнат жамоалари ва алоҳида ходимлардан иборатдир. Фақат уларнинг меҳнат фаолияти воситасида ишлаб чиқаришнинг моддий унсурлари, яъни меҳнат қуроллари ва предметларига таъсир этилади.
Бошқарувнинг энг асосий билиш услуби - диалектик услуб бўлиб, у менежментга ўрганилаётган ижтимий ҳодисаларнинг моҳиятини очишга ёрдам беради.
Менежментга қуйидаги бошқа услублар хам хос: воқеълик ҳодисаларини ўрганишга аниқ тарихий ёндашув; хўжалик механизми барча элементларини бир вақтнинг ўзида таҳлил қилиш ва тўлиқ бошқарув қарорларини ишлаб чиқиш имконини берувчи таркибий ёндашув, таркибий таҳлил, иқтисодий тажриба ва бошқалар.
Менежмент маҳорати унинг барча услубларини эгаллаш, уларни тўғри боғлаб қўллаш, ҳар бир аниқ вазиятда энг самаралисини топиш қобилиятига эга бўлишидан иборатдир.
“Корхона иқтисодиёти” фани юқорида келтирилганларни мазмуни ва моҳиятини очиб беради, уларни хўжаликни бошқариш учун ишлатиш шакл ва усулларини ўргатади.
“Корхона иқтисодиёти” фанининг предмети - корхонада рўй бераётган иқтисодий реалликни шакллантирадиган, тартибга соладиган ташкилий, иқтисодий шакл ва усуллар йиғиндиси, яъни корхонанинг хўжалик механизмидир.
Корхона хўжалик механизми қуйидаги элементлардан ташкил топади.
Биринчидан, ишлаб чиқаришни ташкил қилиш шакллари, корхона ва тадбиркорликнинг шакл ва турлари, уларни ихтисослаши, котезкорлашиши, концентрацияланиши ва ҳоказолар.
Иккинчидан, корхонани бошқариш таркиби, усул ва шакллари. Бу элемент иқтисодий муносабатларни бошқарув аспектига тузилишини, ишлаб чиқаришга таъсир қилиш учун ишлатиладиган маъмурий ва иқтисодий усулларни ўз ичига олади.
Учинчидан, корхонанинг давлат органлари ва иқтисодиёт бошқа субъектлари билан молиявий-кредит муносабатлари, хўжалик алоқалари.
Тўртинчидан, корхона фаолиятида ишлатиладиган иқтисодий рағбатлантириш шакллари, усуллари, иқтисодий дастаклар (баҳо, иш ҳақи, фойдалар каби).
Бешинчидан, корхона фаолиятини ишлаб чиқаришни тартибга солишни ҳуқуқий шакл ва усуллари. Юридик қонунлар, давлат органларининг норматив ҳужжатлари, кўрсатмалари, корхонанинг низоми, устави ва ҳоказолар.
Олтинчидан, ишлаб чиқаришга таъсир қилувчи ижтимоий-руҳий омиллар.
Еттинчидан, давлатнинг иқтисодий сиёсати. Бозор иқтисодиётига ўтиш даврида Ўзбекистон Республикаси давлатининг иқтисодий сиёсатининг асосий негизини Республикамиз президенти И.А.Каримов томонидан назарий асосланган бешта устувор йўналишлари ташкил қилади. Уларнинг асосий мазмуни қуйидагиларда ўз ифодасини топади:
Иқтисодиётни сиёсатдан устунлиги;
Давлат - бош ислоҳотчи;
Қонун устуворлиги;
Кучли ижтимоий сиёсат;
Бозор иқтисодиётига босқичма-босқич ўтиш.
Бу тартиб ва қоидалар корхона иқтисодиётида ўз ифодаларини топади ва корхонанинг фаолиятини йўналтиради.
Саккизинчидан, рақобат, журъат, хавфсизлик, тижорат сирларининг шакл ва усуллари.
Корхонанинг хўжалик механизми мураккаб ва кўп қиррали тушунчадир. Хўжалик мехнизмини ўрганиш орқали корхона фаолиятида рўй бераётган иқтисодий ҳодисалар ва жараёнларга баҳо бериш, уларни режалаштириш йўлларини аниқлаш имкониятига эга бўламиз.
Барча иқтисодий фанларнинг усулларини фалсафий асоси ва умумий билиш қуроли сифатида диалектика усули ишлатилади. Шу билан бирга билиш жараёнининг ривожланиши асосида илмий фикр юритишнинг умумий усуллари ҳам топилган. Улар қаторига индукция, дедукция, анализ ва синтез кабилар киради.
Диалектика грекча «dialektike» сўзидан келиб чиқиб табиат, жамият ва тафаккурнинг умумий қонунларини ўрганиш усули сифатида вужудга келган, яъни фалсафанинг табиат, жамият ва тафаккурни ўрганиш усулига диалектика деб тушунилади.
Индукция лотинча «inductio» сўзидан олинган бўлиб хабар олиш мазмунини билдиради. У фикр юритишнинг бир типи ва тадқиқ қилиш усулидир. Умуман индукция тадқиқот қилишда, хулосаларни асослашда хусусийликдан, айрим воқеликдан умумийликка ўтиш усулидир. Иқтисодий жараёнларни таҳлил қилишда умумий назарий билимга эга бўлиш учун унинг алоҳида томонлари, эмперик асослари ўрганилиб, хулоса қилинади.
Дедукция лотинча «deductio» сўзидан олиниб сўзма-сўз «чиқариш» маъносини билдиради. Дедукция ҳам индукция каби фикр юритишни бир хили ва тадқиқ қилиш усули бўлиб, индукция усулининг тескарисини ишлатади. Дедукция усули ишлатилганда умумийликдан хусусийликка қараб фикр юритилади ва тадқиқот олиб борилади.
Анализ ва синтез грекча «anajysis» ва «synthesis» сўзларидан олинган бўлиб, анализ - бўлиш, ажратиш ва синтез - мувофиқлик, муносиблик маъносини билдиради. Анализ ва синтез тадқиқот усули бўлиб, умумий мазмунни яхлитликни алоҳида таркибий бўлимларга (хусусийликга) ажратиш ва яхлитликни алоҳида таркибий бўлимлардан яратиш жараёнига тушунилади. Булар ҳам тадқиқотни логик услубларидандир. Иқтисодий амалиётда бу усуллардан кенг фойдаланилади. Бунга асос бўлиб «Иқтисодий таҳлил назарияси», «Хўжалик фаолиятининг иқтисодий таҳлили» деган фанларнинг мавжудлиги ҳисобланади.
Корхона иқтисодиёти илмий фан сифатида юқорида келтирилган фалсафанинг усулларидан ва бошқа фанларда ишлатиладиган кўп арсеналли усул ва услубларни ўз предметини ўрганишда ишлатади. Табиий йўналтирилиши бўйича бу усул ва услублар иқтисодий жараён ва ҳодисаларни таҳлил қилиш, илмий тадқиқот ўтказиш, прогнозлаш, режалаштириш қуроллари сифатида ишлатилади. Бир қатор аломатлари бўйича бу усуллар сон ва сифат таҳлили, солиштириш, кузатиш, эксперимент ўтказиш, тизимли таҳлил, моделлаштириш, эстрополяция, интерполяция кабиларга бўлинади. Булар билан бир қаторда статистик, математик башорат (гипотеза) усуллари кенг ишлатилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |