“Иқтисодиёт ва менежмент” фанининг предмети ва вазифалари (2 соат)
Р е ж а :
1.1. “Иқтисодиёт ва менежмент” фанининг моҳияти ва вазифалари
1.2. Иқтисодиёт ва менежментнинг предмети ва изланиш услублари.
1.3. Курснинг мазмуни ва вазифалари.
“Иқтисодиёт ва менежмент” фанининг моҳияти ва вазифалари
Менежментни жамиятнинг иқтисодий негизи билан боғлаб, шу билан бирга бошқарувнинг икки - ташкилий-техникавий ва ижтимоий-иқтисодий томонларини хисобга олган холда ўрганиш лозим.
Ташкилий-техникавий бошқарув аниқ истеъмол қийматини олиш учун махсулот тайёрлашда меҳнат тақсимоти ва кооперацияси билан ажралиб туради. Ижтимоий-иқтисодий бошқарув мавжуд ишлаб чиқариш муносабатлари билан боғлиқ бўлиб, менежмент мақсадларини белгилайди. Ташкилий-техникавий бошқарув меҳнат унумдорлиги ва ишлаб чиқариш самарадорлигининг ошиши учун шароит яратишга имкон берувчи фаолият туридан иборатдир. Ижтимоий-иқтисодий бошқарувнинг мақсади ишловчилар самарали меҳнат қилиши учун шароит яратиш уларни ижтимоий химоя қилишнинг ишончли умумдавлат тизимини шакллантириш, бандликни таъминлаш ва ахолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашдан иборатдир.
Мамлакатимиз Президенти И.А. Каримов ўзининг «Ўзбекистон иқтисодий ислоҳатларни чуқурлаштириш йўлида» асарида «Кучли ижтимоий сиёсат, аввало сермахсул меҳнат қилиш учун яхшироқ рағбат ва имкониятлар яратишдан, иқтисодий йўл танлаш ва фаолият кўрсатиш эркинлигига бўлган кафолатли хуқуқни қарор топдиришдан, ахолининг меҳнат ва ижтимоий фаоллигини оширишдан ҳам иборатдир», деб таъкидлаган эди.
Менежмент моҳияти ишлаб чиқариш усули, ижтимоий-иқтисодий муносабатлар даражаси, ишлаб чиқариш кучлари ривожланишига боғлиқ ҳолда ўзгаради. Ишлаб чиқариш ривожланиши ва иқтисодий алоқалар мураккаблашуви билан бошқарув ҳам мураккаблашади ва мустақил фан сифатда ажралиб чиқади. Ишлаб чиқариш воситаларига мулкчиликнинг турли шакллари мавжуд бўлган шароитда товар ишлаб чиқарувчилар ўртасида рақобат вужудга келиб, ишлаб чиқаришни бошқариш, фойдани кўпайтиришга йўналтирилади.
Менежментнинг асосини объектив иқтисодий, ижтимоий ва бошқа қонунларга асосланувчи хуқуқий илмийлик ташкил этади. Бу қонунларни ўрганиш ва уларнинг аниқ вазиятларда намоён бўлишини хисобга олган ҳолда хўжалик раҳбарлари республика халқ хўжалигини бошқаришнинг стратегия ва тактикасини белгилайдилар.
Бозор муносабатларига ўтиш ишлаб чиқариш ва бозорнинг самарали ўзаро таъсирини, давлат бошқаруви ва корхоналарнинг ўз-ўзини бошқаришнинг мутаносиб нисбатда бўлишини таъминловчи такомиллашган хўжалик механизмини яратишга йўналтирилгандир. Давлат менежментининг асл мақсади барқарор ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини кучли демократик хуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини қуришдан иборатдир.
Қадимий Шарқда эрамиздан 3000 йиллар олдин нарсаларни кирага бериш, ундан фойиз олиш каби фаолиятлар ишлатилган. Қадимий Египитликлар, Греклар олди-сотди, пул, баҳо, савдо, фойда, кредит каби иқтисодий категорияларни ишлатганлар. Ўзбек тилидаги «Иқтисод» сўзи Грекча «Оikonomika» (эканомика), яъни «Oikos» - уй, хўжалик ва «nomos» - қоида, тартиб, қонун мазмунини билдирувчи сўзлар бирлашмасидан олинган бўлиб, уй хўжалигини юритиш Қонуни мазмунини билдиришлиги бежиз эмас. Шунинг учун иқтисодий фанлар ўрганадиган категориялар қадимги шарқ олимлари қаламига мансуб бўлган асарларда учрайди (Сократ, Кеснофонт, Платон, Аристотель, Эпикур).
Қуръоннинг “Юсуф” сурасида берилган маълумотлар бўйича эрамиздан 3000 йиллар олдин Юсуф пайғамбар Миср шоҳига: «Мени шу ернинг хазиналари устига қўйинг. Чунки мен (уларни) тўла тўкис сақлайдиган ва тўғри тасарруф қилишни биладиган кишиман» деб айтганлар. Бундан келиб чиқадики, қадимда хазиналарни сақлаш, сарф қилишни иқтисодий таянчларини билган, яъни шу нарсани айтиш жойизки, Қуръонда «Оллоҳ барча нарса учун миқдор-ўлчов қилиб қўйгандир» деб ”Талоқ” сурасида ёзилган. Қуръонда мерос, судхўрлик, садақа, омонот, закот, фитр каби иқтисодий категориялар ҳам ишлатилган.
Марказий Осиё алломаларининг асарларида иқтисодиётга тааллуқли ғоялар, хўжалик юритиш бўйича фикрлар кўпдан кўп учрайди. Уларнинг қаторига Фаробий, Ибн Сино, Беруний, Юсуф Хос Ҳожиб, Амир Темур, Улуғбек, Бобур каби мутафаккирларни ижодлари киради. Мисол учун Амир Темур Тузукларини келтириш мумкин. Темур Тузукларида иқтисодиётга, давлатни бошқаришга оид ва ҳозирги замонда ҳам ўз фаолиятини йўқотмаган иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш йўл-йўриқлари, қоидаларини топиш мумкин. Унда давлатни таркибий тузилишидан тортиб, давлат бюджети даромадлари ва харажатларини шакллантириш, меҳнатни тақдирлаш, маош тўлаш, солиқ ундириш, жарималар, иному-эҳсонлар тўғрисида маълумотлар келтирилган.
Инсоният тарихига кўз ташласак, жамиятни ташкил қилинишида сиёсий ва иқтисодий жиҳатларидаги фарқлари аниқланади.
Сиёсий ҳаётда тарихан онгли (фаҳм орқали) тартибга солиш орқали жамиятни бошқариш бошланган. Давлат бошқаруви ғояси ўша даврларданоқ доҳий (қабила бошлиғи), қариялар кенгаши, халқ мажлиси кабиларда ўз аксини топган.
Ижтимоий-маданий тараққиёт ривожланиши билан давлат бошқарув функциялари мустаҳкамланиб ва турғунланиб борган. Иқтисодий ҳаётда бундай эмас. Ибтидоий жамоа давридан то капиталистик тизимгача бир бири билан онгли равишда бирлашмаган якка онгли хўжаликларни кузатамиз. Ҳар бир хўжалик субъектлари ўз ташаббуси, ўз ихтиёрича, таваккалчилигига асосан иш юритган. Уларнинг бирлиги, жамиятнинг ва халқ хўжалигининг иқтисодий жиҳатдан бирлиги якка хўжалик юритувчиларнинг ўзаро иқтисодий муносабатлари орқали амалга оширилган.
Ижтимоий меҳнат тақсимоти чуқурлаши, бозор муносабатлари шаклланиши билан хўжалик юритишни онгли равишда тартибга солиш ғояси туғила бошлайди. Чунки уюштирилмаган иқтисодий фаолиятни (минглаган хўжалик субъектларини) онгли равишда тартибга солмаслик ижтимоий ҳалокатларга олиб келиши мумкин.
Ҳозирги замон корхоналари иқтисодиётнинг (халқ хўжалигининг) уюштирилган, давлат томонидан тартибга солинадиган хўжалик субъекти бўлиб ҳисобланади.
Хўжалик корхонаси иқтисодий фанлар нуқтаи назаридан ишлаб чиқариш элементларини (меҳнат, капитал, табиий ресурслар, тадбиркорлик) ўз манфаатлари, хўжалик юритиш ва фойда олиш мақсади орқали бирлаштирган, ўз ресурсларини ўз ихтиёри билан ишлатиш ҳуқуқига эга бўлган субъектига тушунилади.
Шундай қилиб, тарихдан иқтисодий назария шаклланиб келган ва иқтисодиёт (экономика) атамаси ишлатиб келинган. Ҳозирги кунда иқтисодиёт бир неча хил мазмунда ишлатилади.
Биринчидан, иқтисодиёт деганда хўжалик (халқ хўжалиги, тармоқ, ҳудуд, бирлашмалар, корхоналар ва фирмалар) тушунилади;
Иккинчидан; иқтисодиёт бу ишлаб чиқариш, тақсимот, муомала ва истеъмол фазаларида вужудга келган инсонлар, хўжалик субъектлари ўртасидаги моддий ва бошқа бойликлар билан боғлиқ муносабатлар тушунилади;
Учинчидан, иқтисод бу сиёсат, яъни давлат сиёсати, давлатлараро алоқалар ва ҳакозолардан иборатдир;
Ва ниҳоят, тўртинчидан, иқтисод бу - фан.
Фан - бу табиат, жамият ва тафаккур, ижтимоий тараққиётни таҳлил қилиш ва умумлаштириш тўғрисидаги инсоният томонидан жамлаштирилган билимлар йиғиндисига тушунилади. Бу билимлар орқали инсоният табиат сирларини чуқур ўрганиш имкониятига эга бўлади, техника ва технологияни, табиий фанларни ривожлантиради ҳамда ижтимоий тараққиётни муҳим муаммоларини ҳал қилади.
Иқтисодиёт фанлари ва амалиёт хўжаликни оқилона ва самарали бошқариш учун унга мос хўжалик юритиш механизмини ишлаб чиққан. Унга мос иқтисодий дастаклар (баҳо, солиқ, фойда, кредит, иш ҳақи кабилар), категориялар, кўрсаткичлар, усулларни (иқтисодий ёки маъмурий усуллар, режалар, нормалаштириш кабилар) хўжалик юритувчилар ўз мақсадларига мувофиқ бошқарув жараёнларида ишлатадилар.
“Корхона иқтисодиёти” фанини ўрганиш тўғрисида сўз юритилганда албатта унинг асосий вазифаларини аниқлаб олиш керак. Унинг асосий вазифаларига қуйидагиларни киритиш мумкин:
- иқтисодий ҳодисалар ва жараёнларни, ўлчов бирликлари, кўрсаткичлари ва критерияларини аниқлаш усулларини ўрганиш;
- корхона хўжалик механизмини ҳолатини ўрганиш, баҳолаш, келажакга башорат қилиш;
- бўлажак иқтисодчиларни корхона фаолиятини таҳлил қилиш, режалаштириш, келажагини башорат қилиш усуллари билан қуроллантириш;
- хўжалик юритишни янги шакл ва усулларини аниқлаш;
- барча турдаги корхоналарнинг ривожланиш тенденциялари ва қонуниятларини аниқлаш, таклифлар бериш;
- корхонада бирлаштирилган омиллардан (ер, капитал, меҳнат, тадбиркорлик) самарали фойдаланиш йўлларини белгилаш. Чунки бу омиллар жамият, тармоқ ва соҳалар бўйича, айниқса алоҳида корхоналар бўйича олинганда, макон ва замон бирлигида, чегараланган эканлигини ҳеч ким инкор қилмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |