4.3. Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган корхоналарни тугатиш
Амалдаги қонунчиликга кўра давлат рўйхатидан ўтказилган вақтдан бошлаб молия-хўжалик фаолиятини юритмаётган ва белгиланган муддатларда ўзларининг Устав капиталларини шакллантирмаган корхоналар тугатилади. Бу жараён ўзига хос хусусиятларга эга.
Тугатувчи ихтиёрий тугатиш тўғрисида қарор қабул қилингандан сўнг кейинги иш кунидан кечикмай қуйидаги хужжатларни жўнатади:
а) рўйхатдан ўтказган органга - ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги қарор нусхасини жўнатади, қарорда корхона давлат рўйхатидан ўтказилган вақтдан бошлаб молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаганлиги тўғрисидаги маълумот мавжуд бўлиши керак;
б) корхонанинг асосий ҳисоб рақамига хизмат кўрсатувчи банкка ва корхонанинг хорижий валютадаги маблағлари жамланадиган ваколатли банкка:
ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги қарор нусхасини;
имзолар намуналари ва тугатувчи муҳрининг босма изи қўйилган, нотариал тасдиқланган карточкаларнинг икки нусхасини;
Рўйхатдан ўтказган орган хабардор қилинган санадан бошлаб қуйидагилар таъқиқланади:
корхонанинг таъсис ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш;
мол-мулкни бегоналаштириш билан боғлиқ бўлган ёхуд мол-мулкни учинчи шахслар томонидан фойдаланиш учун беришга сабаб бўладиган битишувларни амалга ошириш.
Корхонанинг миллий ва хорижий валютадаги ҳисоб рақамларидан маблағларни ҳисобдан чиқаришга фақат тугатувчининг топшириғига биноан йўл қўйилади. Шунингдек корхонага хизмат кўрсатувчи барча иккиламчи депозит ҳисоб рақамлари ёпилади.
Тугатувчи ихтиёрий тугатиш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин қуйидаги тадбирларни амалга оширишга киришади:
а) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда корхона ходимлари билан меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатларни тўхтатиш чора-тадбирларини кўради;
б) корхонанинг активлари ва мажбуриятларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хатловдан ўтказади;
в) бир ёки бир неча даврий босма нашрларда корхонанинг тугатилиши тўғрисида эълонлар берилишини ташкил қилади, эълонларда қуйидагилар кўрсатилади:
корхонанинг тўлиқ ва қисқартирилган номи;
корхонанинг жойлашган жойи, солиқ тўловчи идентификация тартиб рақами;
рўйхатдан ўтказилган санаси ва рўйхатдан ўтказган орган тўғрисидаги маълумотлар (номи ва манзили);
ихтиёрий тугатиш тўғрисида қабул қилинган қарор тўғрисидаги маълумотлар (санаси, тартиб рақами);
давлат рўйхатидан ўтказилган вақтдан бошлаб корхона томонидан молия-хўжалик фаолияти амалга оширилмаганлиги тўғрисидаги маълумотлар.
Тугатувчи корхонани давлат реестридан чиқариш учун рўйхатдан ўтказган органга ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги эълон чиққан санадан кейин бир ойдан эрта бўлмаган муддатда қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
корхонанинг ихтиёрий тугатилганлиги тўғрисида бир ёки бир неча даврий босма нашрларда чиққан эълонни;
давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳномани;
банкларда ҳисоб рақамлари очилмаганлиги тўғрисидаги хат ёки, агар мавжуд бўлса, асосий ҳисоб рақами ёпилгани тўғрисидаги банк маълумотномасини;
муассисларнинг улар ўртасида мол-мулк тақсимланганлиги тўғрисидаги қарорини;
корхонанинг муҳр ва штампларини;
корхона ҳужжатлари давлат архивига топширилганлигини тасдиқловчи маълумотномани.
Рўйхатдан ўтказган орган юқорида кўрсатилган ҳужжатлар олингандан сўнг кейинги иш кунидан кечиктирмай корхона давлат солиқ хизмати органига қуйидагиларни тасдиқлаш учун сўровнома юборади:
корхона томонидан давлат рўйхатидан ўтказилган вақтдан бошлаб молия-хўжалик фаолияти амалга оширилмаганлигини тасдиқлаш учун;
тақдим этилган ҳужжатларда банкларда ҳисоб рақамлари очилмаганлиги тўғрисидаги хат мавжуд бўлганда - корхона томонидан ҳисоб рақамлари очилмаганлигини тасдиқлаш учун.
Рўйхатдан ўтказган органнинг қарори қабул қилинган кунидан кейин бир иш куни мобайнида тугатувчига берилади ёки унга почта орқали жўнатилади.
2. Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва белгиланган муддатларда ўзларининг Устав капиталларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш. “Юридик шахс ... олти ой мобайнида (савдо ва савдо-воситачилик корхонаси эса –– уч ой мобайнида) банк ҳисобварақлари бўйича пул операцияларини ўтказиш билан боғлиқ молия-хўжалик фаолияти амалга оширилмаган, ... ва (ёки) давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан бир йил ичида устав фонди таъсис ҳужжатларида назарда тутилган миқдорда шакллантирилмаган тақдирда, қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, шунингдек ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа ҳолларда суднинг қарорига мувофиқ”16тугатилади.
Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг Устав капиталини шакллантирмаган корхоналар фаолиятини тугатиш тартиби − Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 3 июлдаги Қарори билан тасдиқланган “Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш тартиби тўғрисида Низом”да белгилаб берилган.
Корхоналар фаолиятини келгусида давом эттиришининг мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги масалани ҳал этиш, шунингдек, корхоналарни тугатиш жараёнини хўжалик судлари қарорлари бўйича амалга ошириш (уларнинг муассислари, қатнашчилари уларни тугатишга рози бўлмаган, шунингдек кўрсатиб ўтилган шахсларнинг турар жойини аниқлаш ва уларни тугатиш жараёнига жалб этишни таъминлаш мумкин бўлмаган ҳолларда) қуйидаги идораларда амалга оширилади:
Адлия органлари томонидан давлат рўйхатидан ўтказилган корхоналар бўйича - Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги махсус комиссиялар томонидан;
Шаҳарлар, туманлар ҳокимликлари томонидан давлат рўйхатидан ўтказилган корхоналар бўйича - ушбу ҳокимликлар ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш инспекциялари комиссиялари томонидан амалга оширилади.
Тугатиладиган корхоналарни аниқлаш ва ҳисобга олиш тартиби.
Савдо ва савдо-воситачи корхоналар томонидан уч ой мобайнида, бошқа хўжалик юритувчи субъектлар томонидан эса - олти ой мобайнида банк ҳисоб рақамлари бўйича пул операцияларини ўтказган ҳолда молия-хўжалик фаолияти амалга оширилмаган ҳолларда тижорат банклари уч кун муддатда солиқ хизмати органига ахборот тақдим этади, ахборотда қуйидагилар кўрсатилади:
банкда ҳисоб рақами очилган ва охирги операция ўтказилган сана;
банк ҳисоб рақамларида пул маблағларининг мавжудлиги;
мавжуд дебиторлик ва кредиторлик қарзларнинг, кредиторлар рўйхати кўрсатилган ҳолдаги 2-картотеканинг мавжудлиги;
корхонанинг мансабдор шахслари.
Банк ҳисоб рақамлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисида суднинг тегишли қарори тақдим этилган тақдирда банклар кейинги иш кунидан кечикмай хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳисоб рақамларини ёпадилар.
Бунда хўжалик юритувчи субъектларнинг ёпилаётган ҳисоб рақамларидаги маблағлар қолдиқлари фойдаланиш ҳуқуқисиз тижорат банклари томонидан махсус ҳисоб рақамларига ўтказилади ва унда жамланган маблағлар тижорат банклари томонидан биринчи навбатда хўжалик юритувчи субъектларнинг бюджетдан ва бюджетдан ташқари фондлардан қарзини тўлашга, қолган сумма эса - тўловларнинг календарь навбати бўйича уларнинг кредиторлик қарзини тўлашга йўналтирилади.
Солиқ органи банк муассасасидан юқорида кўрсатилган маълумотлар олинган кундан бошлаб икки ҳафта муддатда молия-хўжалик фаолиятини сўнгги олти ой мобайнида амалга оширмаган корхоналарни (банк операцияларини уч ой мобайнида амалга оширмаган савдо, савдо-воситачи корхоналарни) аниқлайди. Улар қаторига қуйидагиларни ҳам киритиш мумкин:
давлат рўйхатидан ўтказилган вақтдан бошлаб молия-хўжалик фаолиятини бошламаган корхоналар;
мол-мулкка эга бўлмаган ёки мол-мулкини аниқлаш мумкин бўлмаган корхоналар;
муассисларининг турар жойини аниқлаш, тугатиш жараёнига мазкур шахсларни жалб қилишни таъминлаш имкони бўлмаган (муассислари бедарак бўлган) корхоналарни.
Қонунчиликда белгиланган муддатда ўзларининг устав жамгармаларини шакллантирмаган корхоналарни аниқлаш рўйхатдан ўтказган орган томонидан амалга оширилади.
Солиқ органлари, қонунчиликда белгиланган муддатларда молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган корхоналарнинг аниқланишига кўра, рўйхатдан ўтказувчи органга мол-мулки бўлмаган ёки муассислари бедарак бўлган корхоналарни тугатиш тўғрисида тақдимнома юборади.
Рўйхатдан ўтказувчи орган солиқ органининг тақдимномасини ёки махсус комиссиянинг хулосасини олган кундан бошлаб бир ҳафта муддатда муассисларга асосларини кўрсатган ҳолда ёзма равишда, корхонани ихтиёрий тугатишни таклиф этади.
Агар корхона икки ҳафта муддатда (акциядорлик жамияти - бир ой муддатда) ихтиёрий тугатишга киришмаган ёхуд корхона муассислари ихтиёрий тугатишни амалга оширишни рад этган, шунингдек кўрсатиб ўтилган шахсларни аниқлаш мумкин бўлмаган тақдирда, рўйхатга олувчи орган бир ҳафта муддатда хўжалик судига корхонани тугатиш тўғрисидаги даъво аризасини белгиланган тартибда юборади.
Хўжалик суди томонидан корхонани тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда тугатиш жараёни унинг топширигига кўра махсус комиссия томонидан амалга оширилади.
Махсус комиссия корхонанинг пул маблағларини битта банкда сўмлардаги ягона ва валютадаги ягона ҳисобварақларида жамлайди.
Махсус комиссия уч кун муддатда бир ёки бир неча даврий босма нашрларда корхонанинг тугатилиши тўғрисида эълон берилишини ташкил этади. Тугатиш тўғрисидаги эълонда юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги, кредиторларнинг талаблари кўрсатилган аризаларни қабул қилиш муддати кўрсатилади, бу муддат мазкур эълон чиқарилган вақтдан бошлаб икки ойдан кам бўлмаслиги керак.
Махсус комиссия кредиторларни аниқлаш чора-тадбирларини кўришга ва уларни юридик шахснинг тугатилиши тўғрисида хабардор қилишга, дебиторлик қарзларни ундириб олишга, корхонанинг мавжуд мол-мулкини хатловдан ўтказишга мажбур.
Кредиторлар томонидан талаблар тақдим этиш муддати тугагандан сўнг махсус комиссия оралиқ тугатиш баланси лойиҳасини тузади. Оралиқ тугатиш баланси рўйхатдан ўтказувчи орган билан келишилгандан кейин махсус комиссия томонидан тасдиқланади.
Тугатилаётган корхона кредиторларига пул маблағлари оралиқ тугатиш балансига мувофиқ, у тасдиқланган кундан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 56-моддасида белгиланган навбатга кўра махсус комиссия томонидан тўланади.
Агар тугатилаётган корхонанинг мавжуд пул маблағлари кредиторлар талабларини қондириш учун етарли бўлмаса махсус комиссия корхонанинг мол-мулкини қонунчиликда белгиланган тартибда сотади.
Молия хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва қонунчиликда белгиланган муддатда ўзларининг устав жамгармаларини шакллантирмаган тугатилаётган корхоналарнинг маблағлари ва мол-мулки етарли бўлмаган тақдирда, уларнинг бюджетга ва бюджетдан ташқари жамгармаларга мажбурий тўловлар бўйича тўланмаган қарзлари Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси тақдимномасига кўра Ҳисоб-китоблар механизмини такомиллаштириш ва бюджетга тўловлар интизомини мустаҳкамлаш бўйича Ҳукумат комиссияси қарори билан ҳисобдан чиқарилади.
Кредиторлар билан ҳисоб-китоблар тугаллангандан кейин махсус комиссия кредиторлар билан ҳисоб-китобларни тасдиқловчи банк тўлов ҳужжатлари нусхаларини илова қилган ҳолда тугатиш баланси лойиҳасини тузади ва келишиш учун рўйхатдан ўтказувчи органга юборади. Тугатиш баланси ҳудудий махсус комиссия томонидан тасдиқланади.
Юридик шахснинг Кредиторлар талаблари қондирилгандан ва тугатиш баланси тасдиқлангандан сўнг қолган мол-мулки унинг ушбу мол-мулкка мулкни ҳуқуқларга ёки шу юридик шахсга нисбатан мажбурий ҳуқуққа эга бўлган муассисларига берилади.
Махсус комиссия банкдаги тугатиш ҳисобварағини ёпади, ички ишлар органларига йўқ қилиш учун муҳр, бурчакли ва бошқа штампларни топширади, тегишли маълумотномалар олади.
Корхонанинг тугатиш ҳужжатлари тўлиқ пакети тўплангандан сўнг махсус комиссия тугатилаётган корхонани юридик шахсларнинг давлат реестридан чиқариш тўғрисида қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда ариза билан рўйхатдан ўтказувчи органга мурожаат қилади:
давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома;
банк муассасасининг тугатиш ҳисобварағи ёпилганлигини тасдиқловчи маълумотномаси;
ички ишлар органининг корхонанинг муҳрлари ва штамплари йўқ қилиш учун топширилганлигини тасдиқловчи маълумотномаси;
махсус комиссиянинг тугатиш балансини тасдиқлаш тўғрисидаги қарори, солиқ инспекцияси томонидан тасдиқланган тугатиш балансини илова қилган ҳолда;
солиқ органининг бюджетдан ва бюджетдан ташқари жамгармалардан қарзларнинг мавжуд эмаслиги ёки уларнинг ҳисобдан чиқарилганлиги тўғрисидаги маълумотномаси;
корхонанинг ҳужжатлари Давлат архивига топширилганлигини тасдиқловчи маълумотнома.
Рўйхатдан ўтказувчи орган юқорида кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар асосида уч кун муддатда корхонани унинг тугатилиши муносабати билан юридик шахслар давлат реестридан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилади. Юридик шахслар давлат реестрига тугатиш ҳақида ёзиб қўйилгандан сўнг корхонани тугатиш якунланган, корхона эса мавжуд эмас деб ҳисобланади.