_____________________________________________________________
Олий таълимнинг
5230100- Иқтисодиёт (тармоқлар ва соҳалар бўйича) таълим йўналиши
талабалари учун
“Корхона иқтисодиёти” фанидан
МАЪРУЗАЛАР КУРСИ
____________________________________________________________
Самарқанд – 2016
Кириш
Жамият тараққиётининг ҳамма босқичларида корхоналар фаолиятини ривожлантириш, уларнинг иқтисодий ҳолатини яхшилаш долзарб масалалардан бири бўлиб келган. Чунки, бозорнинг зарур товар ва хизматлар билан тўлдирилишини, одамларнинг фаровон турмуш кечиришини, аҳоли бандлигининг ўсишини таъминловчи асосий омил − янги корхоналарни ташкил этиш ва амалдагиларини модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш ҳисобланади.
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда кўп укладли иқтисодиёт амалда шаклланиб бўлган. Унинг таркибида хусусий мулк устувор ривожланмоқда. “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик мамлакатимиз иқтисодиётида ... ҳал қилувчи ўрин эгаллади ...”1. Шу билан бир қаторда, “... иқтисодиётимизнинг локомотиви бўлган йирик ишлаб чиқариш корхоналарини барпо этишга эътибор берилмоқда.
Америка Қўшма Штатларининг дунёда кўзга кўринган “Женерал моторс” компанияси билан ҳамкорликда барпо этилган, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ҳудудида ноёб бўлган, автомобиль двигателлари ишлаб чиқариладиган замонавий завод тараққиётимиз йўлида, авваламбор, минглаб ёшларимиз олдида янги уфқ ва имкониятларни очиб бергани билан ҳурматга сазовордир.
Мамлакатимизда барпо этилган ва барпо этилаётган мана шундай замонавий корхоналарда Ўзбекистоннинг келажаги яратилмоқда. Мана шундай корхоналар, мана шундай ёшлар бизнинг келажакка катта ишонч билан қарашимиз учун мустаҳкам замин туғдирмоқда ...”2.
Корхона иқтисодиёти асосларини билиш замон талаби. “Корхона иқтисодиёти” фани талабаларда аниқ иқтисодий билимларни шакллантиришга қаратилган. У малакали мутахассислар тайёрлашда ўз ўрнига эга.
Ушбу фан “Иқтисодиёт назарияси”, “Саноат иқтисодиёти”, “Маркетинг”, “Менежмент”, “Бизнес-режалаштириш”, “Персонални бошқариш” ва шу каби бошқа фанлар билан алоқадор.
“Корхона иқтисодиёти” курсини ўрганиш иқтисодиёт, менежмент ва бошқа таълим йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрловчи кўплаб олий ўқув юртларининг ўқув режаларида кўзда тутилган. Ушбу курс бўйича бир қанча дарсликлар чоп этилган бўлиб, улар барча ўқувчилар, биринчи навбатда, иқтисодиётчилар учун жуда қизиқарли ва фойдалидир.
“Корхона иқтисодиёти” фанининг мақсади − талабаларга барча иқтисодий масалалар ечимини топиш, келажакда иқтисодий билимлар олиш учун ўзига хос пойдевор бўлиб хизмат қилувчи замонавий корхоналар иқтисодиёти асосларини ўрганишга кўмаклашишдир.
Талабаларнинг “Корхона иқтисодиёти” фанида ўрганиладиган масалаларни яхши ўзлаштиришини таъминлаш мақсадида ушбу маърузалар курсида мавзулар мазмуни, аксарият ҳолларда, чизмаларда ёритилди.
Ушбу маърузалар матни Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус
таълим вазирлигининг 2010 йил 21 октябрдаги 396-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Корхона иқтисодиёти” фанининг ўқув дастури асосида тайёрланди.
Do'stlaringiz bilan baham: |