Ислом ва ҳозирги замон
Режа:
Миср.
Саудия Арабистони.
Эрон.
Жануби-Шарқий Осиё.
Ислом дунёда кенг тарқалган жаҳон динларидан бири. Осиё, Африка ва Европа қитъаларида яшовчи халқларнинг бир бўлаги исломга эътиқод қилади. Ер юзида исломга эътиқод қилувчилар сони 1 миллиарддан ошади.
XIX аср дастлабки йилларидан ислом дини тарқалган мамлакатлар иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ҳаётида катта тарихий ўзгаришлар юз бера бошлади. Бу ўзгараётган янги шароитларга диний-фалсафий, ҳуқуқий нормаларнинг XIX аср ярмидан бошланган мослашуви фанда «исломий ислоҳотлар» (ислом модернизми) номини олди. Бу жараён ҳануз давом этмоқда.
XX асрга келиб дунёда ислом омилининг таъсири кучайди. Бунга сабаб қилиб, бир томондан, дунёда бу динга эътиқод қилувчиларнинг сони кўпайиб бораётганлиги кўрсатилса, иккинчи томондан, турли расмий ва норасмий исломий ташкилотлар фаолиятларининг кучайиши келтирилади. Ушбу жараён XIX аср охирларида ислом оламида фаоллашган диний ислоҳотчилик ҳаракатлари билан боғлиқдир. XX аср охири-XXI аср бошида бу ҳаракатларнинг турли кўринишда давом этишини ислом оламидаги йирик давлатлар: Миср, Саудия Арабистони, Эрон мисолида кўришимиз мумкин.
Миср. XIX асрнинг бошларида Мисрда бошланган мустамлакачи-ликка қарши ғоявий курашлар панарабизм (араб бирлиги) ғоясини келтириб чиқарди. XIX асрнинг иккинчи ярмида эса бу ғоя панисломизм билан алмашди. Панисломизм ғоясини биринчи бўлиб илгари сурган киши Жамолиддин ал-Афғоний (1839-1897) ҳисобланади. У диний-сиёсий арбоб бўлиб, 1884 йили Парижда Муҳаммад Абдуҳ (1849-1905) билан биргаликда «ал-Урват ал-вусқо» журналини нашр этиб, унда панисломизм ғояларини тарғиб қила бошлади. Ал-Афғонийнинг ғоялари кейинчалик «Мусулмон биродарлар» (ал-Ихвон ал-муслимун) таълимотларида радикал шаклларда ривожлантирилди.
«Мусулмон биродарлар» 1928 йилда Мисрнинг Исмоилия шаҳрида мисрлик шайх Ҳасан ал-Банно томонидан ташкил этилган диний-сиёсий ташкилотдир. Ҳасан ал-Банно Жамолиддин ал-Афғоний, Муҳаммад Абдуҳ, Рашид Ризо асарларидан таъсирланиб, панисломизм ғояси билан «жиҳод», «исломий миллатчилик», «исломий давлат» таълимотларини ишлаб чиқди. «Мусулмон биродарлар» бу таълимотлар асосида ислом дини тарқалган мамлакатларда Қуръон ва шариатда ифодаланган қоидаларга тўлиқ риоя қилувчи, «исломий адолат» принциплари ўрнатилган жамият қуриш учун сиёсий курашни бошлаб юборди. Ташкилотнинг асосий мақсади омма орасида ислом таълимотларини кенг ёйиш ва ҳокимиятни зўрлик билан қўлга олиш эди.
30-йилларга бориб турли жойларда, жумладан, чет элларда ҳам ташкилотнинг бўлимлари очила бошлади. «Мусулмон биродарлар» ташкил қилинган илк даврда камбағалларга ёрдам бериш, бепул мактаб очиш ва тиббий ёрдам кўрсатиш ишлари билан шуғулланди. Бундай тадбирлар ташкилот аъзоларининг кўпайишига ва унинг омма орасида обрўсининг янада ошишига олиб келди.
1935-1938 йилларга келиб ташкилотга 40 мингга яқин киши аъзо бўлди. Унинг 60 га яқин бўлимлари бор эди. Ташкилот ўз босмахонасида рўзнома ва ойномалар чиқарар эди. «Мусулмон биродарлар» қуролли отрядлар туздилар. «Биз ҳокимиятга интилмаймиз, аксинча, ҳокимият бизга интиляпти», – деган эди ал-Банно.
70-йилларга қадар «Мусулмон биродарлар» бир неча бор ҳукумат билан яқинлашиб, кейин унинг томонидан тазйиққа учраб келди. Носир ўлимидан кейин 1970 йили ҳокимият тепасига келган Анвар ас-Содот «Мусулмон биродарлар»га кенг йўл очиб берди. У ташкилотнинг асосчиси Ҳасан ал-Банно билан фахрланишини эълон қилди. 1971 йилда «Мусулмон биродарлар» ташкилоти раҳбарлигини Шайх Умар ат-Тилимсоний ўз қўлига олди. Унинг даврида ташкилот парламент типидаги партияга айлана бошлади. Ташкилотнинг сиёсий кураш методларига ўзгаришлар киритилди: «Мусулмон биродарлар» ислом мамлакатлари ҳудудида куч ишлатишдан воз кечдилар, аммо уларнинг мафкуравий йўналишида шариат қонунларини ўрнатиш, ислом давлатини қуриш, унинг иқтисодий тузумини амалга жорий қилиш таълимотлари ўзгаришсиз қолди. «Мусулмон биродарлар» араблар бирлиги учун курашдан бош тортдилар, шу билан бирга панисломизм ҳам иккинчи ўринга тушиб қолди. Улар биринчи ўринга Мисрни «исломлаштириш» мақсадини қўйдилар.
1952 йилда «Мусулмон биродарлар» ташкилотидан ажралиб чиққан гуруҳ томонидан «Ислом озодлик партияси» («Ҳизб ат-таҳрир ал-исломий») тузилган бўлса, 70-йилларга келиб, ундан «Ислом озодлиги» («ат-Таҳрир ал-исломий») ташкилоти ажралиб чиқди. Бундан ташқари, «Мусулмонлар жамоаси» («Жамоат ал-муслимин»), «Социал ислоҳотлар жамияти» («Жамъийат ал-ислоҳот ал-ижтимоъийа») ва бошқа гуруҳлар «Мусулмон биродарлар» ташкилотидан ажралиб чиқди.
Миср ҳукумати аввалига турли диний ташкилотларнинг фаолиятларини ижобий баҳолаб, уларга кенг йўл очиб берди. 1971 йилда давлат ҳуқуқларини исломлаштириш бўйича биринчи қадамлар қўйилди – янги конституцияда эркак ва аёллар ҳуқуқларининг тенглиги исломда кўрсатилганидек бўлиши керак деб таъкидланди.
Мисрдаги диний-сиёсий партия ва ташкилотларнинг орасида энг кўзга кўрингани «Мусулмон биродарлар» ташкилоти бўлгани сабабли 1971 йилнинг ёзида Содат «Мусулмон биродарлар» ташкилоти билан алоқа ўрнатди. Мисрда Саййид Қутб, Муҳаммад ал-Баҳий, Абдулкарим ал-Хатиб каби пешқадам ислом назариётчиларининг китоблари босиб чиқарилди. Уларнинг асарларида «худосиз материализм»га қарши чақириқлар бўлиб, «мусулмонлар жамияти»ни қуриш ғоялари илгари суриларди.
70-йилларда Миср ички ва ташқи сиёсатида ислом ролининг ошишига иқтисодий-ижтимоий омиллар ҳам сабаб бўлди. Иқтисодиётнинг ортга кетиши ғарблаштириш сиёсати, Исроил билан тинчлик шартномасининг тузилиши, Мисрнинг араб дунёсида яккаланиб қолиши Мисрда исломнинг сиёсий омил сифатида намоён бўлишига олиб келди. Бу даврда янги исломий гуруҳлар вужудга келиб, мавжудлари йириклашиб, сиёсий партиялар даражасига кўтарилди.
70-йилларда бир қатор махфий диний гуруҳлар вужудга келди. Уларнинг энг йириклари «Муқаддас жиҳод» («ал-Жиҳод ал-муқаддас») гуруҳи бўлиб, у 1980 йилда «Жиҳод» номини олди. «Мусулмон биродарлар»нинг бир гуруҳи 1978 йилда «ат-Такфир ва-л-ҳижра» («Кофир деб эълон қилиш ва ҳижрат қилиш») номини олди. Улар кўпроқ тузумни танқид қилиб, аниқ ишлаб чиқилган дастурни таклиф қилмас эдилар.
1981 йил октябрда Анвар ас-Содот ўлдирилганидан сўнг Муҳаммад Ҳусни Муборак Миср президенти лавозимига ўтирди. У мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатида асосий масалалар бўйича ас-Содотнинг сиёсатига содиқ қолди. Муборак Синай озод қилиниши муносабати билан ўтказилган анжуманда Анвар ас-Содотни ўз ватани учун шаҳид бўлган қаҳрамон деб таърифлади.
Ҳусни Муборак 20-40-йилларда «модернистик» ғоялар тарафдори бўлган Абдулазиз Фаҳмий асос солган мактабда ўқиган. У исломга қаттиқ ҳурмат билан қараган ҳолда бошқа диний конфессияларга ҳам эркинлик беради. Бунга жавобан, хусусан, христиан черковининг патриархи Шенуда III ҳам тузум сиёсатини қўллаб-қувватлайди.
Миср Араб Республикасининг дастури 1971 йил 9 ноябрда қабул қилинган ва 1981 йил 22 майда ўзгариш киритилган доимий конституциясидир. Миср тузуми демократик, халқи – араб миллатининг бир бўлаги, ислом – давлат дини, араб тили – расмий тил бўлган давлатдир. Сиёсий тузуми кўппартиялилик асосига қурилган.
Амалдаги ўн икки партиядан еттитасининг, жумладан, ҳоким «Миллий демократик партия»нинг тамойилларида «ислом шариати – қонунчиликнинг асосий манбаи», деб расман қайд этилган. Қолган бешта партиянинг тамойиллари ҳам шариатга мувофиқ равишда тузилган.
«Ал-Жомиъ ал-Азҳар» X аср охирида қурилган ислом оламидаги қадимий университет, Қоҳирадаги кўзга кўринган масжид ва мусулмон дунёсидаги илоҳиёт марказидир. Ал-Азҳарнинг шайхи (Шайх ал-Азҳар) мусулмон уламоларининг оқсоқоли саналиб, бутун дунё мусулмонлари унинг фикри билан ҳисоблашадилар. 1961 йил 5 майда «ал-Азҳарни ривожлантириш ҳақида» қабул қилинган қонундан сўнг унинг мавқеи янада ошди. Бу қонунда айтилишича, ал-Азҳарнинг олий шайхи барча диний ишлар, Қуръонни талқин қилиш ҳамда ислом илмлари бўйича энг юқори шахсдир.
80-йилларда ҳам ал-Азҳар Миср сиёсатида муҳим рол ўйнади. У исломдаги ислоҳотчилик оқимининг ривожланиши учун ҳаракат қилди. 1986 йилда Шайх ал-Азҳар Жод ал-Ҳаққ Али Жод ал-Ҳаққ (1982-1995) парламент сайловларини оппозиция томонидан тўсиб қўйилишини қоралаб чиқди. Натижада ҳукумат сайловларни тинчлик билан ўтказиши учун қулай вазият вужудга келди.
1995 йил Жод ал-Ҳақнинг вафотидан кейин унинг ўрнига Муҳаммад Саййид ат-Тантовий тайинланди. Ат-Тантовий диний гуруҳлар орасида мўътадил либераллардан деб саналади.
Ҳозирги даврда ал-Азҳар Мисрнинг ташқи сиёсатида муҳим рол ўйнамоқда. Унда нафақат мусулмон Африка мамлакатларидан, балки бутун дунёдан, жумладан, АҚШ ва Европадаги давлатлардан келган талабалар таҳсил оладилар.
Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг Миср Араб Республикаси билан мамлакатимиз орасида дўстона алоқалар янада мустаҳкамланиб бормоқда. Юртимиз дунёга юз тутган бир пайтда бошқа давлатлар қатори Миср Араб Республикаси билан ҳам дипломатик алоқалар ўрнатилди. Тошкентда Миср элчихонаси очилди. 1995 йил 1 сентябри – Ўзбекистон мустақиллигининг 4 йиллик байрами билан бир вақтда Қоҳирада Ўзбекистон элчихонасининг тантанали очилиш маросими бўлди.
Тошкентда Миср элчихонаси қошида Миср маданият маркази ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Мамлакатимиз фуқаролари бу ерда Миср маданияти, тарихи, унинг эришган ютуқлари ҳақида ўзларини қизиқтирган маълумотларни олишлари мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |