Формула ва тенгликларнинг расмийлаштириш тартиби
Матндаги формулалар пухта ва аниқ ёзилган бўлиши шарт. Катта ва кичик ҳарфлар, юқори ва пастки индекслар формулада аниқ берилиши керак. Формула учун белгиларнинг ўлчами куйидагича белгиланади: катта ҳарфлар ва рақамлар 5-6 мм, кичик ҳарфлар 3 мм, даража кўрсаткичлари ва индекслари 2 мм дан кам бўлмаслиги тавсия этилади.
Символларнинг маънолари бевосита формула остида уларнинг формуладаги кетма-кетлиги бўйича берилади. Ҳар бир символнинг маъносини янги қатордан бериш лозим. Берилган маъноларнинг биринчи қатори "бу ерда" сўзи ва ундан кейин икки нуқта қўйилади.
Тенглама ва формулалар матндан алоҳида бўш қаторлар билан ажратиб ёзилади. Ҳар бир формуланинг юқори ва пастки томонларида камида бир сатрдан жой қолдириш керак. Агар тенглама битта қаторга сиғмаса, сиғмаган кисм тенглик белгиси (=) дан ёки кўшиш (+), айириш (–), купайтириш (х), бўлиш (: ёки /) белгиларидан кейин кўчирилиши керак.
Курс ишидаги формулалар (агар улар биттадан кўп бўлса) параграф доирасида араб рақамлари билан белгиланади. Формула рақами параграф рақами ва формуланинг параграфдаги тартиб рақамидан ташкил топиб, ўзаро нуқта билан ажратилади. Бу нарса бетнинг ўнг томонида формула билан бир қаторда қавслар билан кўрсатилади.
Ҳаволаларнинг расмийлаштириш тартиби
Матндаги манбаларга ҳаволаларни манбанинг «Фойдаланилган адабиётлар рўйхати» бўйича тартиб рақамини квадрат қавсларда кўрсатиш ёки сатр ости эслатма (сноска) ларида келтириш лозим.
Матнда барча жадвалларга ҳавола берилиши керак. Курс ишида ўзгаришсиз фойдаланилган маълумотларнинг манбаси кўрсатилиши Word мант мухаррири менюсидан "Ссылки", кейин - "Вставить сноску" буйруғи орқали амалга оширилади.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхатини расмийлаштириш.
Адабиётлар рўйхати курс ишининг охирги қисмида келтирилади ва адабиётлар қатъий тарзда қуйидаги тартибда берилиши лозим.
Ўзбекистон Республикасининг қонунлари.
Президент фармонлари ва хукумат қарорлари.
Ўзбекистон Республикасини Президенти Ш. Мирзиёевнинг маърузалари.
Ўқув адабиётлар (дарсликлар, ўқув қўлланмалар), илмий ишлар (монография, мақола ва маъруза тезислар) ва бошқа адабиётлар алфавит тартиби билан берилади.
Йўриқномалар, турли акт материаллари ва бошқалар.
Статистик тўплам материаллар, корхона ҳужжатлари ва материаллари.
Интернет сайтлари.
Адабиётлар рўйхатида курс иши жараёнида фойдаланилган барча маълумотларнинг манбалари кўрсатилиши лозим.
Зарур ҳолларда адабиётлар келтирилган цитаталарнинг манбаси албатта ўша бетда кўрсатилиши, шу жумладан жадвал ёки схема манбаси ҳам ўша бетда кўрсатиб борилиши лозим. Агар жадвал ёки чизма муаллиф томонидан тайёрланган бўлса, қайси манбадан фойдаланиб муаллиф тайёрланганлиги ҳам таъкидлаб ўтилади.
Курс ишини бажарувчи талаба иш жараёнида кўриб чиққан лекин курс иши учун ишлатилмаган, махсус материаллар ёки фақат хизмат бўйича фойдаланиш учун чоп этилган материаллар рўйхати кўрсатилмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |