2. Чиқиндилар ва уларнинг хавфлилик даражасига кўра синфланиши
Цивилизациянинг ривожланиши ва турмуш даражасининг юқорилаб бориши билан кундалик ҳаётимизда чиқиндилар сон ва сифат жиҳатдан кўпаймоқда. Айниқса синтетик ўрама материаллар, полиэтилен идишлар, целлофан, пенопласт сингари қийин парчаланадиган чиқиндиларнинг кўпайиши улардан атроф муҳитни муҳофаза этиш заруриятини кескинлаштиради. Янги чиқиндилар турининг кўпайиши уларнинг меёрий вазнини белгилаш ишини қийинлаштиради. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда қаттиқ маиший чиқиндиларнинг йиллик ҳажми 30 млн. м3 бўлиб, унинг нисбий оғирлиги 395-400 кг/м3 га тенг. Бу чиқиндиларнинг асосий қисми шаҳарларда пайдо бўлади. Шаҳарлик аҳолининг жон бошига чиқиндилар ҳосил бўлиши суткасига ўртача 1,2 кг ни, йиллик кўрсаткич эса 453 кг ни ташкил қилади. Бу чиқиндиларнинг 53% органик таркибга эга бўлиб, улар ўзларининг осон парчаланиш хусусиятига кўра муҳитни нафақат механик, балки кимёвий ва биологик ифлосланишига ҳам сабаб бўлади. Таркиби органик моддалардан иборат бўлган чиқиндиларда патоген микроорганизмлар тез ривожланади ва оқибатда улардан муҳит ифлосланиб, баъзи шаҳарларда юқумли касалликлар тарқалади. Масалан, 1348-1350 йилларда Исландиядан Ҳиндистонгача бўлган масофада жойлашган мамлакатларда айнан шу сабабли ўлат касаллиги тарқалиб, аҳолининг 1/3 қисми қирилиб кетган. Тадқиқотлар кўрсатишича, органик таркибли чиқиндиларда ич терлама касаллиги (паратиф) таёқчалари 107 кунгача, терлама (тиф) касаллиги таёқчалари 150 кунгшача яшайди. Шунинг учун ҳам аҳолини чиқиндилар зараридан ҳимоя қилиш чуқур тарихий илдизга эга. Ҳали эрамиздан 3000 йил илгари Ўрта Ер денгизининг Крит оролида (Греция) қаттиқ чиқиндилар ерда қазилган хандақларга ташланиб кўмилган. Эрамизнинг VI асрида Римда қабул қилинган Юстиниан I Кодексида чиқиндиларни шаҳар ва қишлоқлар ташқарисидаги ахлатхоналарга ташлаш белгиланган. Бундай тартиб кейинчалик бошқа мамлакатларда ҳам ўрнатилган.
Қаттиқ чиқиндилардан иккиламчи ашё сифатида қисман фойдаланиш иши XVIII асрда Шотландияда бошланган: Эдинбург шаҳри атрофидаги ахлатхонага келтирилган чиқиндилар қўл кучи ёрдамида сараланган ва улардаги фойдали компонентлар қайта ишлашга юборилган. Ахлатни қайта ишлаш Нью – Йоркда 1895 йилда бошланган. Кўчаларга ҳар хил чиқиндини солиш учун шакли ва ранги турли хил бўлган ахлат яшиклари қўйилган, аҳоли уларга уй чиқиндиларини саралаб солган. Қайта ишлашга яроқли чиқиндиларни қайта ишлаш учун махсус фабрика қурилган. Чиқиндиларни ёқиб, улардан иссиқлик энергияси олиш иши дастлаб 1874 йил Лондонда, кейинчалик Гамбургда (Германия) ва Нью – Йоркда ташкил қилинган. Бу жойларда ахлат кичикроқ хоналарда ёндирилган. Ахлатни тўлиқ саралаб, қайта ишлайдиган завод биринчи марта 1932 йилда Голландияда ишга туширилган. Ҳозирги кунда дунёда 1000 дан ортиқ ахлат ёндирувчи заводлар ва озроқ миқдорда ахлатни қайта ишловчи корхоналар мавжуд.
Қаттиқ чиқиндилар классификацияси. Қаттиқ чиқиндилар пайдо бўлишига кўра саноат чиқиндилари ва уй - рўзғор чиқиндиларига бўлинади.
Саноат чиқиндиларига саноатда маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнида фойдаланилган хом ашёнинг истеъмол учун яроқсиз ҳолга келган қолдиқлари киради. Буларга кончилик саноати ишлаб чиқаришда вужудга келадиган ағдармалар, металлургия саноатининг шламлари, пирометаллургиядан ажралиб чиқадиган шлак, қурум кабилар, электроэнергитикада ҳосил бўладиган кул, қурум ва радиоактив ёқилғи қолдиқлари, транспорт ташлама чиқиндилари ва шу кабиларни мисол келтириш мумкин.
Уй - рўзғор чиқиндиларига хонадонлардан чиқадиган турмуш учун яроқсиз бўлган қаттиқ моддалар киради. Буларга мисол қилиб, озуқа маҳсулотларидан чиқадиган органик қолдиқлар, ўрама материаллар, чорвачиликдан ҳосил бўладиган ахлатлар, қурилиш чиқиндилари ва шунга ўхшашларни киритиш мумкин. Кейинги пайтларда маиший оқовалар таркибидаги чўкма моддаларни ҳам уй - рўзғор қаттиқ чиқиндилари қаторига қўшиш қабул қилинган.
Қаттиқ чиқиндиларнинг хавфлилик даражаси уларнинг атроф муҳитга кўрсатадиган зарарли таъсирига кўра аниқланади. Унга кўра қаттиқ чиқиндилар 5 та синфга бўлинади:
Do'stlaringiz bilan baham: |