Карбонат ангидриди газининг атмосферада мавжудлиги ҳам биосфера учун зарур омилдир. Унинг атмосферадаги умумий миқдори 2300 млрд. тоннага тенг бўлиб, у тирик организмларнинг нафас олиши, вулқонлар отилиши ва ёниш жараёнларида ҳосил бўлади. Нафас чиқариш жараёнида бир соатда одам ўртача 20 литр карбонат ангидриди чиқаради. Баъзи йирик ҳайвонлар эса нафас билан атмосферага соатига 150 литргача карбонат ангидриди ажратиб чиқаради. Бундан ташқари америкалик мутахассислар ҳисобига кўра 80 млрд.т карбонат ангидриди ҳавога океанлар сувидан чиқади.
Карбонат ангидридининг меъёрий миқдори тириклик учун зарурдир. Яшил ўсимликларда кечадиган фотосинтез жараёнида асосий хомашё карбонат ангидриди ҳисобланади. Бинобарин, шу моддасиз фотосинтез амалга ошмас, кислород ва углеводлар ҳосил бўлмас эди. Аммо атмосферада унинг кўпайиши нохуш ҳолатларга олиб келади. Нафас олинадиган ҳаво таркибида бу газ миқдорининг 1% га ошиши одамни нохуш қилади, 25% га ошиши эса уни ўлимга олиб келиши мумкин.
Атмосфера ҳавосида карбонат ангидриди миқдорининг кўпайиши ердаги иқлимга таъсир қилиш – қилмаслиги тўғрисида мутахассислар турлича фикрдалар. В. И. Лебедев (1976) маълумотларига кўра атмосферада карбонат ангидридиининг кўпайиши ер иқлимига таъсир килмайди, балким у ўсимликлар томонидан кўпроқ ўзлаштирилиб, фотосинтез жараёнини тезлаштиради ва шунга мувофиқ ўсимликларнинг ҳосилдорлигини оширади. Аммо, кўпчилик мутахассислар фикрича атмосферада карбонат ангидриди миқдорининг ошиши Сайёрамиз иқлимини ўзгартиради. Чунки карбонат ангидриди гази ўз табиатига кўра қуёшдан келаётган қисқа тўлқинли нурланишни ерга яхши ўтказади, аммо ердан синиб чиққан узун тўлқинли иссиқлик нурланишини юқорига ўтказмай, тутиб қолади. Шунинг учун ҳам ҳавода бу газ миқдорининг ошиши Ерда «Иссиқхона эффекти»ни ошириб, иқлим ҳароратининг кўтарилишига олиб келиши тўғрисидаги фикр ҳақиқатга яқинроқдир. Б.М. Смирнов (1978) маълумотларига кўра ҳаводаги карбонат ангидридининг миқдори 2025 йилда 1978 йилга нисбатан 35% кўпайиши мумкин. Бу эса Ер юзи ўртача ҳароратини 0,2–0,50С га кўтариши мумкин. У. Келлогнинг 1977 йилдаги башоратларига кўра карбонат ангидридининг миқдори 70-йиллар ўрталарига қараганда 2050 йилга бориб 50 % кўпаяди, шунга мувофиқ ҳавонинг ўртача йиллик ҳарорати 1,5- 6,00С гача кўтарилиши мумкин. Ҳаво ҳароратининг бундай кўтарила бориши ўз навбатида дунё музликларига таъсир ўтказмай қолмайди – уларнинг эриши тезлашиб, табиий офатларни келтириб чиқаради. Ҳозирги кунда баъзи мамлакатлар ҳудудида рўй бераётган тўфонлар ва сув тошқинларининг кўпаяётганлиги Келлог маълумотларининг тўғрилигидан далолат беради.
Озон (О3) кислороднинг аллотропик шакл ўзгариши бўлиб, у ультрабинафша нурлари ҳамда ҳаводаги электр заряди таъсирида кислород молекулаларининг парчаланишдан ҳосил бўлади. Бу газ атмосферанинг 70 км баландлигигача бўлган қаватида учрайди, бироқ унинг энг зич жойлашган ўрни 25-30 км баландлик оралиғида бўлиб, бу ерда у «озон пардаси» (озон экрани) ни ҳосил қилади. Агар гипотетик маънода озон гази сиқилса, бу парданинг қалинлиги 1-3 мм ни ташкил қилади. Унинг оғирлиги атмосфера ҳавоси умумий оғирлигининг 10 миллиондан бир қисмига тенг. Лекин шунга қарамай озоннинг биосферадаги аҳамияти беқиёс каттадир. Агар Ер юзига келаётган қуёш нурининг 20% атмосферада тутиб қолинадиган бўлса, унинг 13% фақатгина озон пардасида тутилади. Озон қавати ўзида айниқса қуёш нури таркибидаги ультрабинафша нурларини кўпроқ тутиб қолади. Ультрабинафша нурининг меъёрда бўлиши тириклик учун муҳимдир, чунки у яшил ўсимликлар томонидан фотосинтез жараёнига иштирок эттирилади, аммо унинг ерга кўп тушиши терини куйдириб, тери – рак касалликларини келтириб чиқаради, етарли бўлмаслиги эса турли патоген микроорганизм-ларнинг кўпайишига шароит яратади.
Озоннинг Ер юзини ортиқча ультрабинафша нурлардан ҳимоя қилишидан ташқари унинг ер усти ҳавосидаги табиий миқдори нафас олиш жараёнини енгиллаштиради. Бу меъёрий миқдор 0,0001 мг/л бўлиб, бундай ҳаво тоза ва шифобахш ҳисобланади. Бироқ ҳавода озоннинг кўпайиб кетиши организмга зарар қилади – унинг миқдори 0,02-0,03 мг/л га етганида одамнинг нафас йуллари яллиғланиб, зотилжам касаллиги келиб чиқади.
Озон пардасини табиий ҳолатда сақлаб қолиш ҳозирги куннинг муҳим экологик масалаларидан биридир. Чунки атмосферага чиқариб ташланаётган баъзи техноген моддалар, айниқса хлор ва азот оксидлари озонни парчалаб, унинг камайишига, озон пардасининг сийраклашишига сабаб бўлмоқда. Озон қатламига тушган хлорнинг битта молекуласи 100 мингта озон молекуласини, азот оксидининг битта молекуласи эса 10 та озон молекуласини парчалайди. Озоннинг парчаланишига айниқса реактив самолётларнинг учиши, ядро қуролининг портлатилишидан ҳосил бўлган техноген моддаларининг улуши кўпроқ. Реактив самолётларнинг учиш баландлиги атмосферада озоннинг энг кўп жойлашган қаватига (20-25 км) тўғри келади. Реактив двигателлардан чиқадиган сув буғлари ва азот оксиди озонни парчалаб, озон экранининг ҳимоялаш хусусиятини пасайтиради. Озон қатламининг емрилишига космик ракеталар ҳам ўз улушини қўшади. Масалан, АҚШ томонидан учирилаётган «Шаттл»нинг челногида қаттиқ ёқилғи ёнишидан ҳар бир учишида 50 км баландликка кўтарилгунча ҳавога 187 т. хлор ва водород хлориди ҳамда 7 т. азот оксидларини ташлайди. Ташланган бу миқдор 10 млн. т. озонни парчалашга етади. «Энергия» тизимидаги рус ракетасида эса ёқилғи сифатида водород ва кислороддан фойдаланилади ва шунинг учун ҳам у «Шаттл»га қараганда озон учун 7 минг марта кам хавфли ҳисобланади.
Бундан ташқари, озоннинг парчаланишида совутгич техникасида ишлатиладиган хлорфторуглерод бирикмалари (ХФУ) яъни фреон моддасининг ҳам жиддий таъсири бор. Бу тўғрида Халқаро анжуманлар ўтказилиб, бутун дунё миқёсида фреон ишлаб чиқаришга қарши компания бошлаб юборилди. Вена конвенцияси ва Монреал анжумани баёнига кўра дунё мамлакатларининг ҳар бирига киши бошига йилида 0,3 кг. гача фреон ишлатилишига рухсат берилган. Ҳозир бу кўрсаткич ривожланаган мамлакатларда 3-4 кг, Ўзбекистонда эса 0,1 кг ни ташкил қилади. Лекин 2000 йилнинг август ойида инглиз олимлари Хьюптт ва Леви Си-эн-эн телекомпаниясидан чиқиш қилиб, фреон озон пардасига етиб бормай, ҳавода тез парчаланиб кетишини исботлашга ҳаракат қилдилар. Ҳозирга кунда совутгичларда фреоннинг озонга таъсир этмайдиган турлари –R-23, R-32, R-125a, R-134a, R-143a, R-404a, R-407a, R-410, R-507a, R-508a* дан фойдаланилади. Нима бўлгандаям, озон пардасини сийракланишдан асраш замонамизнинг долзарб масаласи бўлиб қолмоқда.
_______________________________________________________
*Озонни парчаловчи фреон турлари: R-11, R-12, R-113, R-114, R-115
Атмосферанинг ифлосланиши ва уни ифлословчи манбалар
Атмосферада газ балансининг бузилишига нафақат у ёки бу газдан фойдаланиш, балким унга атмосферанинг турли хилдаги заҳарли ва зарарли моддалар билан ифлосланиши ҳам таъсири қилади. Атмосферанинг ифлосланиши ҳавога ниҳоятда кўп миқдорда чиқаётган чанг-тўзон, тутун, микроблар, углерод оксиди, водород сульфиди, углеводородлар, органик моддалар, сульфидлар, нитратлар, қўрғошин, темир, фтор бирикмалари, радиоактив моддалар ва пестицидлар билан боғлиқ.
Do'stlaringiz bilan baham: |