«Мушриклар албатта айтадилар: «Агар Аллоҳ хоҳлаганида на биз ва на ота-боболаримиз мушрик бўлмасдик», деган сўзларни учратамиз. Бундай сўзларни айтиши мумкин бўлганлар, албатта, Аллоҳ тўғрисида тузуккина тушунчага эга бўлганлар.
Ниҳоят, манбаъларга кўра, Макка зодагонлари ислом арафасида савдо-сулҳ битимлари ва бошқа ҳар қандай ҳуқуқий ҳужжатларни «бисмика Аллоҳумма» ибораси билан бошлашни одат қилганлар. Бу арабларнинг ҳаётида бевосита ислом арафасида жуда катта ўзгариш юз берганидан далолатдир. Зеро, мазкур иборадаги «Аллоҳумма» сўзи аниқ-равшан ягона худога ишора қилади ва семантик жиҳатдан «Аллоҳ» сўзидан фарқ қилмайди (бу ерда «умма» тилшунослик нуқтаи назаридан сўз ясовчи суффикс эмас, балки «қотиб» қолган морфемадир). Милодий 615 йили Қурайший зодагонлар Ҳошимийлар хонадонини Макканинг чеккаси «Шиъб Абу Толибга» бадарға қилганларида терига ёзилган, кейинчалик қурт еб кетган ҳужжатнинг тепасига «бисмика Аллоҳумма» деб ёзиб қўйилганди. Ҳижранинг 6-йили (628 й.) айнан шу ибора билан боғлиқ қизиқ воқеа юз берди. Муҳаммад пайғамбар ва Макка мушрикларининг вакили Суҳайл ибн Амр ўртасида Ҳудайбия битими ёзилаётган пайтда расулуллоҳ «Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим» ибораси билан бошлашни буюрди. Аммо Суҳайл бунга эътироз билдириб, «бисмика Аллоҳумма» деб ёзишни талаб қилди. Котиблик қилаётган Али б. Абу Толиб қанчалик норозилик билдирмасин, Муҳаммад (сав) сулҳга эришиш мақсадида бу талабни қабул қилди. Гап шундаки, Суҳайл «Аллоҳ» сўзига эмас, балки, бутун иборага қарши эди, чунки «Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим» соф ислом ибораси бўлиб, уни мушрик қабул қилишга тайёр эмасди. Сиёсатда ва иқтисодда ўта тадбиркор, омилкор бўлган Макка зодагонларининг диний жиҳатдан “жоҳил” бўлганларини қандай изоҳлаш мумкин? Қуръонга кўра, улар Аллоҳни таниганлар, ҳатто уни-холиқ сифатида билганлар. Аммо уларнинг фаровонлиги бутпарастлик ва қотиб қолган урф-одатларга асослангани боис, ғаразли мақсадда, улар Аллоҳга ўзларининг бут-санамларини “шерик” қилганлар ва шунинг учун уларга Қуръонда “мушрик” (шерик қилувчи) номи берилган. Нима учун тош ва ёғочдан ясалган санамларнинг бефойда эканини кўриб туриб, уларга сиғинасиз, деган саволга улар, Қуръон тили билан айтганда, “зулфа” деб жавоб беришган, яъни “шафоат истаб” маъносида, бошқача қилиб айтганда, Аллоҳ ва унинг бандаси ўртасидаги воситачи сифатида. Демак, Макка аҳли тўлиғича диний жиҳатдан жоҳил, халқ ва холиқ тушунчаларидан бехабар дейиш жуда ҳам тўғри эмас экан. Уларнинг маълум қисми ягона худонинг мавжудлигига иқрор бўлган, ислом тавҳидига жуда яқин бўлган ғояларга эътиқод қилган кишилар бўлиб чиқяпти.
Арабларда этник, умумий тил ва ёзув бирлиги ҳам шакллана бошлаганди. Уларни бирлаштириш учун фақат миллий раҳнамо етишмасди. Этник, тил, ҳис - туйғулар бирлигига дин якдиллигини қўшишни амалга оширишга қодир шахсга талаб бор эди. Ана шундай қулай муҳитда айнан араблар орасидан, уларнинг ичида энг обрўли қабиладан барча кутган ислоҳотчи пайдо бўлди. Маккада, қурайш қабиласининг ҳошимийлар хонадонидан Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмутталиб янги эътиқод, янги таълимотга даъват этувчи пайғамбар бўлиб етишиб чиқди. Таълимотнинг гавҳарини фақат Аллоҳ яккаю - ягона илоҳ эканини тан олиш ташкил қилди. «Дегил: Аллоҳ - ягона. Аллоҳ - абад, ўзгармас. Туғмаган - туғилмаган. Ҳеч ким Унга тенг эрмас» (ал-Ихлос сураси; таржима бизники – А.Ҳ.). Муҳаммад (сав) Аллоҳга соя солиши мумкин бўлган барча санамларни инкор этди. Аллоҳ розилиги учун солиҳ амаллар ва башариятга хайрли хизмат қилишдан афзал иш йўқ бу дунёда, барча инсонлар миллати, ирқи, тили ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар Аллоҳ олдида тенгдирлар, деб эълон қилди у. Шундай экан, инсонлар бир – бирига биродар, ягона Худонинг бандаси сифатида ҳуқуқ ва вожиботларда ҳам тенг бўлмоқлари керак. Пайғамбар эса адолат ва энг олий ахлоқни қарор топтириш учун келган, холос.
Do'stlaringiz bilan baham: |