ОНА ТИЛИ ТАЪЛИМИ МУАММОЛАРИ. ЎҚУВ ИЗОҲЛИ ЛУҒАТИНИ ТУЗИШ ТАМОЙИЛЛАРИ
2.1. Она тили таълими муаммолари ва унда ўқув луғатларининг ўрни ва роли
Таълим мақсадидан келиб чиққан ҳолда унинг мазмуни ва усули белгиланади. Таълим мақсадининг ўзи эса ижтимоий талаб ва буюртма асосида шакллантирилади. Таълимнинг мазкур уч компоненти, уларнинг моҳияти жамиятнинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий, маънавий тараққиёти даражаси билан боғлиқ. Жамиятда қарор топган ижтимоий муносабатлар, умумий маълумотга бўлган эҳтиёж, кадрларнинг касбий тайёргарлигига, жамиятдаги педагогик ҳолатга қараб тараққиётнинг турли босқичларида таълимнинг моҳияти, методи, ташкилий-услубий шакллари ҳам у ёки бу даражада ўзгариб боради.
Жамият тараққиётининг маълум бир палласида ҳар бир фан бўйича таълимнинг қайси босқичида нимани, нима мақсадда ва қай йўсинда ўқитиш масаласи умуммиллий муаммо даражасига кўтарилади. Натижада муаммо ечимига жамоатчилик диққат-эътибори қаратилади, тегишли соҳа илмий салоҳияти бу муаммо ечимига йўналтирилади. Таълим мақсади белгиланиб, таълим мазмуни тайёрланади, шунга мувофиқ таълим усули ишлаб чиқилади.
Ўтган асрнинг 20-30 йилларида она тили таълими зиммасида оммавий саводхонликни таъминлаш, адабий тил меъёрларини оммалаштириш, ўқитишни замонавий усулларда йўлга қўйиш вазифаси турар эди. Адабий тил меъёрларини ишлаб чиқиш, албатта, тилшуносликнинг формал йўналиши зиммасида эди. Тилнинг ҳар бир сатҳи бўйича адабий тил меъёрларини ишлаб чиқиш ва тил бирликларидан шу меъёрлар асосида фойдаланиш фан ва таълимни уйғунлаштирди. Зеро, адабий тил меъёрлари кишиларга лингвистик билимлар асосида сингдирилади ва формал тилшунослик шунга йўналтирилган тилшунослик билимларини шакллантириш, таълим эса бу билимларни бериш йўлидан борди. Бунда, албатта, рус формал тилшунослиги анъаналари ва рус тилини ўқитиш усулига таянилди. Бу “Узбекская ССР” қомусида қуйидагича эътироф этилади: “Рус мактаблари учун С.Г.Бархударовнинг “Рус тили” дарслиги стабил қўлланма сифатида қабул қилиниши билан, ўзбек умумтаълим ўрта мактабларида ҳам дарсликлар яратила бошлади: “Грамматика” (1-том. ”Морфология”, 1938, О.Усмонов, Б.Авазов), “Ўзбек тили грамматикаси” (1-2-том. 1943, А.К.Боровков, А.Ғуломов, З.Маъруфов, Т.Шермуҳамедов). Кейинчалик тиллар меъёрларини ўрганишда бу дарсликлар назарий асос бўлди.”26 Тиллар бўйича С.Г.Бархударовнинг ушбу дарслиги ўша давр тартибларига мувофиқ, бутун Иттифоқ бўйича таълим ва талқин бир хиллигини таъминлашга хизмат қилган.
Ўзбек формал тилшунослиги ХХ асрнинг 70-йилларига келиб ўз олдида турган тарихий вазифани деярли бажариб бўлди. Бу давр тилшунослиги ютуқлари мактаб она тили таълими мазмуни учун материал бўлиб хизмат қилди.
Ўтган асрнинг биринчи чорагида ҳали адабий тил жамият ҳаётининг барча соҳаларига кириб бормаганлиги туфайли уни сингдириш зарурати таълимнинг барча босқичларида тил қурилишини ўргатиш, ўқитишни тақозо қилди. Бу зарурат қарийб чорак аср давомида – адабий тил расмий доиралар, таълим, иш юритиш, радио, телевидение, матбуот, ноширлик каби соҳаларга тўлиқ кириб бормагунча ва уларда тўла-тўкис қарор топмагунча заруратлигича қолаверди. Ўтган асрнинг 60-йилларига келиб адабий тил меъёрлари мазкур соҳаларда тўла-тўкис ўрнашди дейиш мумкин, яъни зарурат асосида қўйилган ижтимоий буюртма адо этилди. Энди бир вақтлар зарурат мақомидаги ҳодиса анъанага айлана бошлади. Бошқача айтганда, давр, зарурат ва унга мувофиқ равишда вазифалар ҳам ўзгарди. Жамият ҳаётининг бирор соҳасини адабий тилсиз тасаввур қилиб бўлмайдиган ва ёш авлод адабий тилни нафақат мактаб партасида, балки радио, телевидение, оила, боғча кабиларда ҳам оладиган бўлди. Лекин ўқувчиларга мактабга борганидан то уни тамомлагунича (ҳатто касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда ҳам) бошдан-оёқ заруратсиз равишда тил қурилиши ҳақида билим бериш, самарасиз тил илми билан қуроллантириш марказий ўринни эгаллаб қолаверди.
Ўтган асрнинг 90-йилларига келиб мавжуд она тили таълимининг яроқсиз ҳолга келиб қолганлиги, уни тубдан ислоҳ қилиш кераклиги, таълим мақсади, мазмуни ва усулини янгилашзарурати аён бўлиб қолди. Чунки Ўзбекистон тараққиётнинг ижтимоий ҳимояга асосланган бозор иқтисодиёти йўлини танлади. Мулкчилик муносабатлари қарор топиб, жамият аъзолари онгида боқимандалик кайфияти, фикрий танбаллик ҳисси ўрнини иқтисодий тафаккур, тадбиркорлик, йўқдан бор қилиш, ички имкониятларни ишга солиш истаги эгаллаши, ақл-идрокка қудратли яратувчи куч сифатида қараш, четдан мадад кутмаслик туйғуси шаклланиши зарур эди..
Бозор иқтисодиёти таълимда тарбияланувчининг мустақил ва ижодий фикрлаш кўникмаси ва малакасини ҳосил қилишни тақозо қилар экан, шунга мувофиқ, ўқитиш усули иқтисод ва мафкуранинг ўзи каби кескин ислоҳ қилишни тақозо этди. Чунки анъанавий репродуктив (лот: re – “такрорлаш”, produco – “яратаман”) усул моҳиятан бозор иқтисодиёти талабларига зид эди. Президентимиз И.Каримов “Баркамол авлод – Ўзбекистон тараққиётининг пойдевори” номли маърузасида бу масалага алоҳида эътибор қаратди: “Таълим-тарбия ислоҳоти ҳақида гапирар эканмиз, унинг мазмунини лўнда қилиб ифода этиш мумкин: бизга битирувчилар эмас, мактаб таълим-тарбиясини кўрган шахслар керак.” Бунда битирувчи деганда, албатта, мактаб дастурида белгиланган билимларни эгаллаган шахслар назарда тутилмоқда. Бу Президентимизнинг қуйидаги фикрида яққол ифодаланган: “Албатта, билим керак. Аммо билим ўз йўлига. Мустақил фикрлаш ҳам катта бойликдир.”
Демак, бозор иқтисодиёти билимли шахсгагина эмас, балки билим олиш йўлларини пухта ўзлаштирган, мустақил идрок қилиш кўникмасига эга бўлган онгли фуқарога эҳтиёж сезади. Зеро, республикамизда таълимнинг умумий мақсади негизига мустақил ижодий фикрловчи ҳамда юксак маънавиятли шахсни тарбиялаш мўлжали қўйилди. Таълимнинг умумий мақсади эса ҳар бир фан ўз мақсад ва вазифаларини белгилаб олишни тақозо этадики, бу, хусусан, умумий ўрта таълимнинг Давлат таълим стандарти ва ўқув дастурида берилган она тили таълими мақсадида ўзининг яққол ифодасини топди, яъни таълим ўқувчининг онгли ва фаол равишда ўз малака ва кўникмаларини шакллантиришига, таълим усули, мазмуни ҳамда таълим воситалари ана шу вазифаларнинг аниқ ва пухта бажарилишига йўналтирилди.
Демак, маълум бўладики, ўқувчиларнинг ижодий тафаккурини юксалтириш, тафаккур маҳсулини оғзаки ва ёзма шаклларда нутқ шароитига мос равишда тўғри ва равон ифодалаш кўникмасини шакллантириш ижтимоий зарурат сифатида намоён бўлди ва она тили таълимининг бош мақсади қилиб белгиланди. Бу ижтимоий буюртмани адо этиш учун Ўзбекистон ҳукумати томонидан “Ўзбек тили Доимий анжумани” ташкил этилиб, унинг асосий вазифаси замонавий она тили таълимини йўлга қўйишдан иборат қилиб белгиланди. Давлат таълим стандартлари, ўқув дастурлари ва унга мувофиқ замонавий дарсликлар яратишга киришилди.
Таълим мақсади таълим усулини белгилади. Зеро, репродуктив усул бўлган дедуктив ўқитиш методи ижодий тафаккур ривожи учун мос эмас эди. Шунинг учун ўқитишда индуктив усулга ўтилди. Дарсликларда бу усулга устуворлик берилди. Бироқ таълим мазмунида тил қурилишини ўқитиш, тил бўйича самарасиз билим беришдан иборат эски ва чайир анъана сақланиб қолаверди. Тўғри, бу борада айрим ижобий қадамлар ҳам қўйилди. Масалан, ўзбек тили қурилиши талқинларида рус тили андозавийлигига барҳам берилди. Лекин тил қурилиши талқини қандай бўлишидан қатъи назар, унга устуворлик бериш анъанасига барҳам берилмади. Муболағасиз равишда айтиш мумкинки, бугунги кунда бошланғич синфларда дейсизми, таянч синфлар ёки академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида дейсизми, тил қурилиши бўйича эгалланадиган билимлар қиймати тил бўйича кўникма ва малака эгаллашдан устунлик қилади. Бунга олий ўқув юртларига кириш тест синовларида қўйилаётган саволлар мазмунидан ҳам амин бўлиш мумкин. Чуқурроқ эътибор берилса, она тили таълими мақсади ижодий тафаккур соҳиби ва тил имкониятини эгаллаган шахсни тарбиялаш эмас, балки тилшунос олимни етиштиришга ўхшайди. Шу билан бирга, айтиш мумкинки, таълимнинг турли босқичларида бир хил билим силсиласи ҳануз такрор ва такрор (албатта, чуқурлаштирилган ҳолда) берилмоқда.
Давр она тили дарсликларидан ўқувчиларга ўзбек тили қурилиши ҳақидаги билимни эмас, балки тўла маънода она тили имкониятини эгаллаш механизм ва усулларини беришини тақозо қилмоқда. Том маънодаги замонавий таълимда тилшуносликнинг илмий масалаларига доир қоидалар кескин қисқартирилиб, унча чуқурлаштирилмаган лингвистик маълумотлар тафаккур ва нутқ ўстириш амалиёти “сояси”да бўлиши ва унга хизмат қилиши, ўқувчининг мияси зинҳор самарасиз лингвистик қоида ва идроки тил қурилишига доир бефойда машқлар билан банд қилиб қўйилмаслиги мақсадга мувофиқ. Бу эса она тили таълими жараёнида асосий диққатни ўқувчининг сўз бойлигини ошириш, сўзларнинг маъно нозикликлари, фарқ ва ўхшашликларини ҳис қилиш ва англаб етиш, бехато талаффуз қилиш ва ёзиш, сўзларни боғлаб гап, гаплардан эса матн туза олиш, бирикмалардаги маъновий ва грамматик, матндаги мантиқий хатоликларни топиш ва тузатиш, ўзгалар фикрини тўғри англаш, бир фикрни турли шаклда ифодалаш, узилган фикрнинг давомини тиклаш каби қатор мантиқий операцияларни бажариш, нутқ вазиятини тўғри баҳолаш ва тил имкониятларидан унга мос равишда фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш ва малакасини ўстиришга қаратиш зарурлигини тақозо қилмоқда. Ўқувчига мана шу амалиёт учун керак бўлган айрим фонетик, лексик ва грамматик қоидаларнигина бериш, фикрни ифодалаш ва англашнинг турли механизм ва усулларини, уларни турли нутқ шароитига мос равишда қўллаш йўлларини тавсия этиш, бунга асосланган машқ ва топшириқлар тизимини ишлаб чиқиш, нотиқлик ва маданий нутқ, маданий мулоқот машғулотларига эътиборни кучайтириш зарур.
Она тили таълими таълимнинг турли босқичларида такрорийликдан холи қилиниб, узвийлик ва узлуксизлик тўла маънода қарор топиши лозим. Яъни бошланғич таълим она тили дарслари ихтиёрига адабий тилни эгаллаш учун зарур лингвистик билимлар беришни қолдириш мақсадга мувофиқ. Таянч синфларда эса ўқувчи тил имкониятини эгаллаш билан машғул бўлиши зарур. Умумий ўрта таълимнинг 5-9 синфларида ўқувчиларнинг руҳий-физиологик ҳолати ўзига хос бўлиб, уларда ижодийлик, ўзлаштирилган билими, эгаллаган кўникма ва малакаси асосида ижод қилиш, яъни яратиш, бунёд этишга, янгилик ва ғайриоддийликка қизиқиш кучайиши педагогикада асосланган.
Таълимнинг махсус босқичи (академик лицей ва касб ҳунар коллежлари) да она тили ўқитиш системаси эса танланган соҳа нутқ маданияти, соҳа тили, соҳа терминологияси ва мулоқот маданиятини ўстириш билан шуғулланмоғи лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |