Лавлагига озуқа моддалар етишмаслиги кузатилганида, лавлаги ўсимликларида қуйидаги белгилар ривожланади. Бор:ўсимлик ёш органларининг ўсиш нуқталари нобуд бўлади; розетка ўртасидаги ёш, сўнгра етилган барглар сўлғин бўлиб, сарғаяди, қўнғир тус олади, ниҳоят қораяди ва нобуд бўлади; барг бандлари ва томирларида оч тусли бўртмалар пайдо бўлади, кўпинча улар қўнғир тус олади, чатнаб, ёрилиб кетади, тешикларидан ҳавода қора тус олувчи суюқлик чиқади. Илдизмевалар ичида қора доғлар ва устида катта яралар - чириган жойлар пайдо бўлади, уларга Fusarium spp.., ва Phoma betae каби замбуруғлар кириб, касалликни кучайтиради ва лавлаги бутунлай чириши мумкин. Бор етишмаслиги ва фомоз таъсирида илдизнинг устки қисмида қуруқ чириш, илдизмевалар ичида эса бўшлиқлар пайдо бўлиши ҳам мумкин. Зарарланган илдизмевалар омборхоналарда тез чирийди. Бор етишмаслиги кўпинча кальций
моддаси кўп бўлган ишқорли тупроқларда, қуруқ об-ҳаво шароитида кузатилади. Азот: экин ўсишдан орқада қолади, баргларида хлороз ривожланиб, улар оч-яшил тус олади, қалинлашади ва қаттиқроқ
бўлиб, томирларидан бошлаб сарғаяди, баъзилари қурийди, илдизлари майда бўлиб қолади. Фосфор: экин ўсишдан орқада қолади, тўқ-яшил тус олади; пастки баргларда тепасидан бошлаб қўнғир доғлар пайдо бўлади, бундай барглар сўлади. Калий: барглар юпқа, бироз ғижимланган шакл олади; уларнинг устида, четларидан бошлаб, қуруқ тўқ-қўнғир ёки кулранг доғлар пайдо бўлади, илдизлари майда бўлиб қолади (Герасимов, Осницкая, 1961; Пересыпкин, 1982; Ганиев, Недорезков, 2005).
4. ПИЁЗ ВА САРИМСОҚ КАСАЛЛИКЛАРИ ҲАМДА УЛАРГА ҚАРШИ КУРАШ ЧОРАЛАРИ
Пиёзбоши тагидан (фузариоз) чиришини Fusarium oxysporum f.cepae замбуруғи қўзғатади. Бошпиёз ва саримсоқ далада ва омборхоналарда зарарланади.
Ўсимликларнинг барглари сарғаяди ва тепасидан бошлаб чирийди. Илдизларининг кўпчилиги ҳам чириб кетади. Пиёзбош ташқи белгиларсиз зарарланиши мумкин; уни бўйига кесилса, бўғзи ёки ички қатламларидан бир нечтаси юмшагани, баъзан қўнғир тус олгани, қатламлар орасида оч-пушти ёки оқ моғор пайдо бўлгани кўринади. Чириш одатда пиёзбошнинг тагидан (илдизи томонидан) бошланади. Қуруқ об-ҳаво шароитида зарарланган пиёзбош қаттиқ, қуруқ ва буришган бўлиб қолади.
Касаллик аломатлари секин ривожланади ва кўпинча далада кўринмасдан, омборхонага қўйилган пиёзбошларда намоён бўлади. Касаллик пиёзбошлар етилиш даврида юқори ҳаво ҳарорати кузатиладиган минтақаларда кенг тарқалган; касаллик ривожланиши учун оптимал ҳарорат 28-32°С ни ташкил этади.
Пиёз пашшаси, пиёз нематодаси, бошқа ҳашаротлар ва касалликлар таъсирида пайдо бўлган яралар, ўғит нотўғри қўлланганда ва ҳосилни йиғиб олиш пайтида етказилган жароҳатлар орқали замбуруғ пиёзбоши ва саримсоқ тўқималарига киради ва зарарлайди.
Патоген тупроқда, зарарланган пиёзбош ва ўсимлик қолдиқларида сақланади, экин ичида суғориш суви, шамол ва ёмғир, ҳашаротлар ва ўсимликларга ишлов бериш асбоб-ускуналари воситасида тарқалади. Баҳорда экилган саримсоқ кузда экилганига нисбатан камроқ зарарланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |