Кураш чоралари. Экинлар орасида ҳаво алмашинувини таъминлаш, ортиқча новдаларни кесиб ташлаш, ҳашарот ва каналарга қарши курашиш, иссиқхоналарда ишлаган пайтда мевага механик жароҳат етказмаслик, мевалар тупроққа тегмаслигини таъминлаш, агротехника қоидаларига риоя қилиш лозим. Мевалари қаттиқ навлар (мисол учун, Волгоград) бу касалликларга кам чалинади (Герасимов, Осницкая, 1961; NacNab et al., 1983; Watterson, 1985).
Помидорнинг сўгал (қора сўгал, қора бактериал доғланиш) касаллигини Xanthomonas campestris pv. vesicatoria бактерияси қўзғатади.
Қўзғатувчининг белгилари: Xanthomonas campestris. Бактерия таёқча шаклли, ҳаракатчан, битта қутбий (поляр) жойлашган хивчинчали, ўлчами 0,7-3x0,4-0,8 мкм. Ҳужайраларида заҳира моддаларни тўпламайди. Грам-манфий. Нитратларни тиклайди. Ўсиши учун оптимал ҳарорат 25-30°С, максимум 35-39°С, метионин ва цистеинга эҳтиёжи бор. Колониялари одатда сариқ тусли, усти силлиқ, мойсимон ёки елимсимон. Оксидазаманфий ёки кучсиз мусбат. Каталазамусбат. Пектиназа ферменти мавжуд. Хемоорганотроф, ҳар хил карбонсув ва органик кислоталар тузларини ўзлаштиради. Лакмус сутида кислота ҳосил қилмайди. Баъзан крахмални ўзлаштиради, сутни кучсиз чиритади, желатинани секин суюлтиради. Пептондан олтигугурт ангидриди ҳосил қилади. Индол ва нитратлар ҳосил қилмайди. 2-5% NaCl мавжудлигида ўса олади. Арабиноза, манноза, галактоза, трегалоза, целлобиоза ва фруктозани ўзлаштиради.
В.Ф. Пересыпкиннинг (1982) маълумотига кўра, сўгал Марказий Осиё мамлакатларида тарқалган. Бактериянинг баъзи штаммлари фақат помидорни, бошқалари помидор ва қалампир турларини зарарлайди (Watterson, 1985). Сўгал далада ва иссиқхоналарда помидор ўсимликлари униб чиқишидан то вегетация даврининг охиригача ривожланади. Уруғбаргларда чўзинчоқ, сал ботиқ, кумуштусли, кейин қўнғир, сарғиш ҳошияли доғлар, чин баргларда думалоқ, мой томганга ўхшаш, тўқ-яшил ёки қизғиш-қўнғир, сўнгра ўрталари қора тус олувчи доғлар, пояда узунчоқ, қора доғлар пайдо бўлади. Баргларда доғлар узунлиги 1-5 мм гача, яшил меваларда 6-8 мм гача етади ва нотўғри шакл олади. Касалликнинг мевадаги белгилари диагностик ҳисобланади: мева устида бироз бўртиб чиққан, қора рангли, тор ҳошияли доғлар(сўгаллар) ривожланади. Етилган мевалар кам ҳолларда зарарланади. Ўсимлик қолдиқларида қўзғатувчи бактерия бир йилгача сақланиши мумкин. Бактерия уруғ орқали ҳам ўтиши туфайли, сўгал далаларга кўчатлар билан ҳам тарқалади. Далада бактерия доғлар устига сув (шабнам, ёмғир) томчилари мавжудлигида ажралиб чиқади, ёмғир томчилари ва шамол ҳамда ҳашаротлар воситасида бошқа ўсимликларга тарқалади. Бактерия тўқималарга барг нафас олиш тешикчалари, ҳар хил яралар, ҳашаротлар чаққан жойлар, шамолда қум заррачалари урилиб пайдо қилган тешикчалар орқали киради. Экин зич бўлиши, илиқ ҳарорат (25-30°С) ва ёмғир касаллик тарқалиши ва ривожланиши учун қулайлик туғдиради. Сўгал ҳосилни, айниқса унинг сифатини пасайтиради.
Do'stlaringiz bilan baham: |