Ишлаб чиқаришда шовқиннинг юзага келиш сабаблари ва манбалари
Умумий маълумотлар. Шовқиннинг инсон организмига таъсири
Инсоннинг мавжуд бешта сезги аъзоси ичида эшитиш ўзига хос аҳамият касб этади. Айнан эшитиш орқали инсон бошқа одамлар билан мулоқот қилади, хавф-хатарни англайди ва ўз маданиятини юксалтиради. Инсон ўзининг эшитиш сезгилари орқали тоза товушларни, аралаш товушларни ва шовқинни фарқлайди. Тоза товуш бир хил частотадаги синусоидаль тебранишлардан иборатдир.
Инсонни ўраб турган муҳитда турли хил товушлар мавжуд бўлиб, уларни инсон эшитиш аъзоси ёрдамида эшитади. Товуш физик катталик бўлиб, фақат эластик муҳитда (ҳаво, сув, газ ва б.) тарқалади, вакуум муҳитида товуш тарқалмайди.
Аралаш товуш бир неча тоза товушнинг йиғиндисидан иборат. Шовқин эса ҳар хил частота ва тебранишдаги товушлар аралашмасидир.
1660 йили Роберт Бойль (1627-1661йй) товуш тарқалиши учун газсимон суюқлик ёки қаттиқ жисм ҳолатидаги муҳит зарурлигини исботлайди. Товуш тарқалишига сабаб бўладиган муҳитга боғлиқ ҳолда шовқин механик ва аэрогидродинамик кўринишда бўлади.
Товуш интенсивлигининг ўлчов бирлиги «Бел» қабул қилинган. У телефон яратилишининг асосчиси Александр Грейама Бел (1847-1922 й) шарафига аталган. Инсон қулоғи бир хил босимдаги, турли хил частота ва қаттиқликдаги товушларни эшита олади. Товуш қаттиқлиги ( громкость )-«фон» билан ўлчанади. Бир фон – 1000 Гц частотадаги ва 1дБ интенсивликдаги товуш қаттиқлигига тенгдир.
Инсон қулоғи 16 Гц.дан 20000 Гц.гача бўлган товуш частоталарини эшитиш қобилиятига эга. Инсон 800…4000 Гц частотали товушларни яхши эшитади, 16…100 Гц частотали товушларни сезиларли даражада эшитади.
1861 йили анатомик олим Альфонсо Корти (1822 – 1876 й) инсоннинг эшитиш аъзоси- қулоқни текшириб, унинг ишлаш тартибини ўрганиб чиққан.
Одатда, биз қулоқ деганда ташқи кўринишдаги қулоқ чаноғини (супрасини) тушунамиз. Ушбу қулоқ супрасидан бош суяк томон ички эшитув йўли ўтган бўлиб, у балоғатга етган одамларда 2 см. гача бўлади. Ундан кейин хусусий эшитув аъзоси, ўртача қулоқ, яъни барабан бўшлиғи бошланади. У ташқи эшитув йўлидан барабан пардаси билан чегараланган. Барабан бўшлиғида учта майда суякча-болғача, яъни ички тоғай ва эшитув суякчалари жойлашган. Ҳар бир товуш тўлқинида болғача суякчалар тоғайга, тоғай эса ўз навбатида эшитув суякчаларига таъсир этади. Ушбу суякчалар барабан пардаси тебраниш амплитудасини 2-3 мартагача кучайтиради. Ўрта қулоқдан кейин эса спиральсимон найча жойлашган бўлиб, у ўзига хос суюқлик билан тўлатилган бўлади. Спиральсимон найчада мембрана яширинган бўлиб, у 16 мингга яқин сезувчи толасимон ҳужайралардан ташкил топгандир. Бу Альфонсо Корт шарафига «корт аъзоси» деб номланади.
Товуш тўлқини барабан пардасидан суякчалар орқали спиральсимон найчага узатилади ва бу вақтда мембранада титраш тарқалади. Титраш «корт аъзоси»даги толасимон ҳужайраларни ҳаракатга келтиради, натижада ҳужайралар эгилиб, буралиб деформацияланади ва унда электрик сигналлар ҳосил бўлади. Бу электрик сигналлар эшитиш нервларини қўзғатади. Бу шартли белгили электрик импульслар мияга узатилади ва у мияда қайта ишланиб англанади. Ана шундай механик тебранишларни электрик импульсларга айлантириб бериш қобилиятига эга бўлган инсон қулоғи 0 дан 130 дБ гача бўлган товуш интенсивлигини эшита олади. Лекин, инсонга турли хил частотадаги товушлар турлича таъсир этади. Шовқиннинг инсонга таъсирини физиологик баҳолаш мақсадида, у паст частотали (300 Гц.гача), ўрта частотали (300…800 Гц) ва юқори частотали (800 Гц дан Юқори) шовқинларга ажратилади.
Инсон хоҳ кундузи, хоҳ тунда, иш вақтида ҳам, дам олиш вақтида ҳам, уйқуда ҳам маълум даражадаги шовқин таъсирида бўлади. Масалан, баргларнинг шитирлаши 10-40 дБ, соатнинг чиқиллаши қулоқдан 1 м узоқликда 25-35 дБ, ухлаётган одамнинг нафас олиши 25 дБ атрофида, оддий сўзлашув вақтида –50-60 дБ, қаттиқ бақириб сўзлашганда –75 дБ, 100 км/соат тезликда ҳаракатланаетган енгил автомобил-110 дБ, реактив самолет-120-130 дБ товуш интенсивлигидаги шовқин ҳосил қилади.
Инсонни доимий юқори интенсивликдаги шовқин таъсирида бўлиши унинг соғлигига таъсир этади, у тез чарчайди, психологик реация тезлиги камаяди, хотираси сусаяди. Шунингдек, шовқин инсоннинг диққатини бир жойга жамлашига халақит қилади, ҳаракатнинг аниқлигини ва мувозанатини бузади, товуш ва ёруғлик сигналларини қабул қилиш қобилиятини сусайтиради ва натижада турли хил бахтсиз ҳодисаларни келиб чиқишига сабаб бўлади. Бундан ташқари шовқин қон босимининг ошишига, кўз қорачигининг кенгайишига, ошқозон-ичак фаолиятининг бузилишига, юрак ва томир уришининг тезлашига, асаб тизимининг бузилишига, уйқусизлик содир бўлишига ва эшитиш қобилиятининг сусайишига ҳам олиб келади. Айниқса инсон қулоғи эшитмайдиган шовқинлар, яьни инфратовушлар ( товуш частотаси 16-20 Гц дан кичик шовқинлар ) ва ультратовушлар (товуш частотаси 20000 Гц.дан катта) инсон соғлигига катта таъсир кўрсатади.
Do'stlaringiz bilan baham: |