Ёқилғи саноати тоғ-кон ёки қазиб олувчи саноати тоифасига киради ва ёқилғи турлари, қазилма бойликларнинг жойланиши табиий, геохимик қонуниятларга асосланади. Сабаби-кўмир, нефт, газ, ёнувчи сланец, торф каби табиий бойликларнинг пайдо бўлиши ва ер юзида (остида) тарқалиши ўзига хос хусусиятларга эга.
Электр-энергетика сув, иссиқлик ва атом станцияларидан ташкил топади. Сув электростанцияларини текислик жойга кўра тоғ ва тоғолди районларда қуриш мақсадга мувофиқ. Чунки, бундай шароитда рельеф шакли –ер тузилишининг қиялиги, табиий ҳолда шаршара ва тоғлар орасидаги чўкмаларнинг мавжудлиги, қулай имкониятлар туғдиради. Бундан ташқари, сув омбори қоплаган ерлар қишлоқ хўжалигида деярли ишлатилмайди; қишлоқ манзилгоҳлари ҳам йўқ ва, бинобарин, уларни кўчиртириш талаб этилмайди. Сув омбори ва унинг атрофида спорт, дам олиш зоналарини ташкил қилиш, боғдорчилик ва балиқчиликни ривожлантириш, пастки ҳудудларда ерларни суғориш, каналлар қуриш мумкин. Баъзан ГЭСлар билан биргаликда ўрмон, ёғочни қайта ишлаш ва целлюлоза-қоғоз саноати ҳам ривожланиб боради (масалан, Сибирда).
Кўриниб турибдики, тоғли районларда қурилган ГЭСлар ҳар томонлама қулай, электр энергияси арзон. Агар шу станциялар текисликда жойлаштирилса катта майдон сув остида қолиб кетади (эҳтимол, бу ерда қимматбаҳо қазилма бойликлар бордир) ва тўғон қуриш катта маблағ талаб қилади.
Иссиқлик электр станциялари (ТЭС) икки турда бўлади: ТЭЦ ва ГРЭС. Уларнинг бир-биридан фарқи қайси мақсадда қурилганлигидадир; фойдаланиладиган ёқилғиси эса бир хил бўлиши мумкин. Масалан, ТЭЦ-«тепло-электроцентрал», яъни иссиқлик электр маркази, одатда ҳам электр қуввати, ҳам буғ (пар) талаб қилувчи саноат корхоналари-тўқимачилик, нефтни қайта ишлаш ва ҳ.к. ёнида ёки яқинида қурилади. Чунки, буғни 15-18 км. масофадан узоққа жўнатиб бўлмайди. Демак, бу станцияни жойлаштиришда ишлаб чиқариш истеъмоли асосий аҳамиятга эга.
Аммо, ТЭЦларнинг бевосита шаҳар ичида қурилиши туфайли улар атроф-муҳитни ифлослантиради. Шу сабабдан, экологик жиҳатдан бундай станцияларнинг аҳоли зич жойларда қурилиши унча маъқул эмас. ГРЭСлар эса («Государственная районная электростанция») асосан электр энергиясини беради ва шу боис уларни йирикроқ ва шаҳардан бироз узоқроқ масофада жойлаштирилади.
Атом электростанциялари кўпинча бошқа турдаги станцияларни қуриш имконияти йўқ ҳудудларда жойлаштирилади. Бунинг учун албатта экологик хавфсизлик таъминланиши керак. Шунингдек, АЭСларнинг барпо этилишида илмий-техника омили ҳам ҳисобга олинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |