Савол ва топшириқлар
И.Тюненнинг «халқалари» нима?
А.Вебернинг саноат штандорти ҳақида нималарни биласиз?
В.Кристаллер ва А.Лёш илмий ғоялари моҳиятини тушунтириб беринг.
Янгиликлар давр ва ҳудудда қандай тарқалади?
6-маъруза . Саноатнинг ҳудудий ташкил қилиш омиллари
Режа
Саноат тармоғи ҳақида тушунча.
Саноатнинг ҳудудий ташкил қилиш хусусиятлари ва унга таъсир қилувчи омиллар.
Оғир саноат тармоқларини жойлаштириш.
Енгил ва озиқ-овқат саноатини жойлаштириш.
Умуман тармоқ деганда корхоналарнинг маълум ўхшаш хусусиятларига кўра гуруҳланиши тушунилади. Саноат тармоқлари одатда уч асосий мезон асосида ажратилади. Улар:
Хом-ашё бирлиги бўйича ажратилган саноат тармоқлари (машинасозлик ва металлни қайта ишлаш, ўрмон, ёғочни қайта ишлаш ва целлюлоза-қоғоз саноати ва ҳк.);
Истеъмол бирлиги, яъни муайян мақсадда маҳсулот ишлаб чиқарувчи тармоқлар (енгил ва озиқ-овқат, қурилиш, электр энергетика ва б.);
Технологик жараён асосида ташкил этилган саноат тармоғи (химия ва нефтни қайта ишлаш)
Саноатнинг тармоқлар тизими ниҳоятда мураккаб ва у борган сари ўзгариб бормоқда. Энг йирик тармоқлар сифатида ёқилғи, энергетика, қора ва рангли металлургия, химия ва нефтни қайта ишлаш, машинасозлик ва металлни қайта ишлаш, қурилиш, ўрмон, ёғочни қайта ишлаш, целлюлоза-қоғоз, енгил, озиқ-овқат, полиграфия ва бошқалар ажратилади. Улар ҳам ўз навбатида тармоқ ва тармоқчалардан иборат. Бу жиҳатдан машинасозлик саноатининг турланиши айниқса бой; фақат транспорт машинасозлигининг ўзи бир нечта қисмларни ўз ичига олади.
Юқоридаги тармоқлар орасида энг анъанавий, қадимий тарихга эга бўлган, шубҳасиз, енгил (тўқимачилик) саноатидир. У даставвал мануфактурадан бошланиб, сўнгра йирик машина индустриясига ўтди, бошқа саноат тармоқларининг ривожланишига туртки берди. Албатта, озиқ-овқат, металлни қайта ишлаш саноатлари ҳам анча қадимий. Айни вақтда машинасозлик, электр энергетика ва химия нисбатан «янгироқ» бўлиб, улар ҳозирги замон илмий-техника тараққиётини акс эттирувчи тармоқлар жумласига киради.
Саноат тармоқлари оғир ва енгил, ишлаб чиқариш воситалари ва истеъмол моллари ишлаб чиқарувчи йирик гуруҳларга (А ва В) ажратилади. Бироқ бундай ажратиш шартли хусусиятга эга бўлиб, улар орасидаги фарқ борган сари камайиб, «юпқалашиб» бормоқда.
Сўнгги йилларда саноат тармоқлари таркибида қуйидаги ўзгаришлар содир бўлмоқда:
- саноат тармоқларининг янада парчаланиб бориши, янги-янги тармоқларнинг вужудга келиши;
тармоқлар орасида интеграция жараёнларининг ривожланиши, тармоқлараро мажмуаларнинг шаклланиши;
фан-техника ютуқлари билан бевосита боғлиқ тармоқларининг тезроқ ривожланиши.
Саноатнинг тармоқлар тизимини баҳолашда энг аввало унинг турланганлигини (диверсификациялашуви) ҳамда янги технологияларга асосланган, «юқори қават» тармоқларининг мавжудлигини эътиборга олиш керак. Баъзи районлар фақат тоғ-кон, хом-ашё қазиб олишга ихтисослашган, бошқаларида эса асосан таъмирловчи саноат корхоналари бўлиши мумкин. Табиийки, бундай районларнинг саноати яхши ривожланмаган!
Саноат тармоқларини ҳудудий ташкил этиш ўзига хос хусусиятга эга. Улар иқтисодий географик маконда ёки харитада нуқтасимон шаклга эга. Демак, мазкур тармоқда ишлаб чиқариш ва ҳудудий мужассамлашув даражаси анча юқори. Бу эса саноат ишлаб чиқаришининг қишлоқ хўжалигига кўра иқтисодий самарадорлигини юқори бўлишига олиб келувчи сабаблардан биридир.
Саноат корхоналарини жойлаштиришга таъсир этувчи омиллар сони кўп. Улар асосан хом-ашё, ёқилғи, энергетика, истеъмол, ишчи кучи, иқтисодий географик ўрин ва бошқалардан иборат. Бу борада экология ва бозор иқтисодиёти омилларининг аҳамияти тобора кучаймоқда. Шу билан бирга қайд этиш жоизки, турли хил саноат тармоқларини жойлаштириш муайян омиллар асосида амалга оширилди. Уларни қисқача кўриб чиқамиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |