Химия ва нефтни қайта ишлаш саноати. Асосий химия учун хом-ашё омили унча муҳим эмас. Чунки, бу саноат турли хил хом-ашё: ўсимлик, минерал, ишлаб чиқариш чиқиндилари, ҳатто сув ва ҳаво асосида ҳам ташкил этилаверади. Бинобарин, химия саноати катта эркинликка эга. Аммо, унга таъсир этувчи бошқа кучли омил мавжуд- бу ҳам бўлса экологиядир.
Нефтни қайта ишлаш заводлари хом-ашё районларига кўра истеъмол районларида кўпроқ учрайди. Хом нефтни келтириб турли хил маҳсулот олиш, уларнинг барчасини алоҳида –алоҳида келтиришдан кўра арзонроқ, қулай ва хавфсизроқ. Баъзан бундай заводлар магистрал нефт қувурлари ўтган жойларда ҳам ташкил этилади.
Химия саноати учун сув ва электр энергияси омили ҳам аҳамиятлироқ. Шу сабабдан бўлса керак, Чирчиқ йирик химия саноати марказига айланган.
Ўрмон, ёғочни қайта ишлаш ва целлюлоза-қоғоз саноатини жойлаштириш ҳам ўзига хос. Жумладан, ёғочни қайта ишлаш аксарият ҳолларда ўрмонзорларга яқин жойларда амалга оширилади, чунки 40 фоизгача ёғоч (новда ва шох-шаббалар) чиқиндига кетади. Целлюлоза-қоғоз ишлаб чиқариш эса асосан уч вариантда жойлаштирилади: хом ашё районида, ёғоч оқизувчи дарёларнинг темир йўллар билан кесишган нуқтасида ҳамда дарёларнинг қуйилиш қисмида. Кўриниб турибдики, бу ерда транспорт ва географик ўрин омиллари катта аҳамиятга эга.
Юқоридаги йўналишлар бўйича целлюлоза- қоғоз саноатининг жойлашувини Россия Федерацияси мисолида кўрса бўлади. Масалан, Красноярск, Волгоград, Краснокамск, Перм, Котлас, Балахна, Архангельск ва бошқалар турли вариантларда вужудга келган ушбу саноат марказларидир. Шунингдек, ёғочни қайта ишлаш саноатига мебелсозлик, дафтар-қалам, спорт буюмлари ва мусиқа асбоблари, темир йўл шпаллари, уйсозлик, гидролиз спирти олиш каби жуда кўп тармоқлар ҳам киради. Уларнинг жойлаштирилиши эса маҳсулотнинг «хом-ашё талаблиги» ҳамда транспорт жиҳатидан қулайлигига қараб ташкил қилинади. Айни вақтда, бу ерда хом-ашё, транспорт, истеъмол омиллари билан бирга сув шароитлари ҳам эътиборга олинади.
+урилиш саноати бошқа тармоқларга нисбатан «олдинда» бориши керак, зеро усиз янги ерлар ўзлаштирилмайди, корхона ва ташкилотлар бунёд этилмайди. ғишт, цемент, черепица, шифрни ишлаб чиқариш кўп жиҳатдан хом- ашёга боғлиқ. Шу сабабдан бўлса керак Россиянинг асосий цемент саноати марказлари -Вольск, Искитим, Новороссийск -атрофида бунинг учун хом-ашё, мергли, оҳактош кўп миқдорда мавжуд. Ўзбекистонда ҳам цемент ишлаб чиқариш хом-ашё омилини эътиборга олган тарзда амалга оширилган (Бекобод, Ангрен, +увасой, Оҳангарон). Бундан ташқари, цемент ишлаб чиқариш қора ва рангли металлургия марказларида ҳам ташкил қилинади. Бунинг учун домна печларининг чиқиндиси-шлак, алюминий саноатига тегишли глинозём заводлари чиқиндилари ишлатилади.
Темир-бетон маҳсулотлари ва қурилмаларини жойлаштириш истеъмол омили орқали ташкил қилинади. Шу боис уларнинг географияси кенг бўлиб, бундай корхоналар барча йирик шаҳарларда мавжуд.
Енгил саноатни ҳудудий ташкил қилишда хом-ашё, ишчи кучи ва истеъмол омиллари етакчи рол ўйнайди. Масалан, пахта тозалаш ва пиллачилик заводлари, жун ёки терини ювиш кабилар бевосита хом-ашё районларида жойлаштирилади. Сабаби, улардан олинадиган маҳсулот бирлигига жуда кўп хом-ашё сарфланади.
Тўқимачилик, пойафзал, тикув, трикотаж фабрикалари, гилам ишлаб чиқариш меҳнатталаб бўлгани учун улар катта кичик шаҳарлар, район марказларида қурилади. Шу билан бирга тўқимачилик корхоналари оғир саноат марказларида аёллар ишчи кучидан фойдаланиш мақсадида ҳам жойлаштирилади. Мазкур саноатнинг кўп меҳнат ресурсини талаб қилиши айни пайтда унинг истеъмол районларида жойлаштирилиши билан уйғунлашиб кетади. Чунки, меҳнат ресурси, аҳоли енгил саноат маҳсулотининг истеъмолчисидир, улар эса ҳамма учун ва ҳар доим керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |