~ 275 ~
Таъкидлаш керакки, ислоҳотларнинг янги босқичида миллий иқтисодиётда
бозор механизмлари ва тамойилларини кенг жорий этиш, айниқса, банклар
ўртасида рақобатни таъминлашга алоҳида эътибор қаратиляпти. Сабаби, рақобат
бозор иқтисодиётида объектив воқелик бўлиб, бир томондан, тижорат
банкларининг мижозлар, омонатчилар, инвесторлар ва бошқа молиявий
ҳамкорлар ўртасидаги ички зарурий ва мақсадли иқтисодий алоқаларни
“кўринмас қўллар”, яъни талаб ва мезон орқали тартибга солиб турса, иккинчи
тарафдан, банклар ўртасида хизматлар тури ҳамда сифатини оширишга ва
баҳосини пасайтиришга катта туртки бўлади. Оддий ҳақиқат шуки, рақобатсиз
бозорда адолат ҳамда ишончни таъминлаб бўлмайди. У бозорнинг асосий
механизми ва ёзилмаган қонунидир.
Ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлар банк тизими амалиётига назар
солсак, айнан бозор тамойиллари ва механизмлари қўлланилиши юқори
натижалар берганига ишонч ҳосил қиламиз. Хусусан, 2018 йилда тижорат
банклари жалб қилган молиявий ресурслари таркибида уч йил ва ундан ортиқ
муддатга сақланадиган маблағлар улуши АҚШда 65,5 фоизни, Буюк Британияда
54,2, Хитойда 52,3 фоизни ташкил этган. Уч йилгача сақланадиган маблағлар
ҳажми эса 75 — 80 фоизга етади. Бизнинг фикримизча, бугунги кунда Ўзбекистон
банк тизими олдида турган асосий йўналишлар сифатида тижорат банклари
капитали ҳажмини мамлакат ЯИМга нисбатан 10 — 12 фоиз даражасини
таъминлаш, ресурслар таркибида 3 йил ва ундан ортиқ муддатларга жалб
этиладиган маблағлар улушини ошириш, тижорат банклари молиявий
барқарорлиги ва хизматлари сифатини баҳолашда умумэътироф этилган
замонавий усуллар ва меъёрларни жорий қилишга алоҳида эътибор қаратиш
лозим. Бундан ташқари, банкларнинг рақобатбардошлик даражасини таъминлаш
ҳамда илғор банк амалиёти асосида фаолият юритаётган тизимга
айлантириш, аҳолининг мамлакат банк тизимига ишончини янада мустаҳкамлаш
ҳам эътибор марказида бўлиши зарур. Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш
чоғида микро даражада бозор муносабатлари, яъни иқтисодиётни бошқаришда
давлат иштироки босқичма-босқич камайтирилади. Айни шу жараёнда тижорат
банклари ўз фаолиятини юқорида қайд этилган стратегик йўналишлар асосида
ташкил этиши уларга нисбатан мижозлар ва аҳолининг ишончини
мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Бир сўз билан айтганда, мамлакатимиз банк тизимида капитал етарлилиги ва
ликвидлик даражасининг юқорилиги, активлар сифати ва салоҳиятининг ошиши
ўз навбатида, иқтисодиётда инвестицион фаолликни рағбатлантириш ҳамда чуқур
таркибий ўзгартиришлар ва инфратузилмани ривожлантириш бўйича
лойиҳаларни молиялаштириш имкониятларини янада кенгайтиришга мустаҳкам
замин яратади.
Do'stlaringiz bilan baham: