3-боб. Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни тузиш ҳуқуқи учун тендер ўтказиш тартиби 20. Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш учун очиқ ва ёпиқ тендер ўтказилиши мумкин. Ёпиқ тендер, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим, давлат сири ҳисобланган, шунингдек, давлатнинг мудофаа қобилияти ва хавфсизлигини таъминлашда стратегик аҳамиятга эга бўлган объектга нисбатан тузиладиган ҳолатларда ўтказилади.
Ёпиқ тендер ўтказиладиган ҳолда, тендер эълон берилмасдан ўтказилади, тендер қатнашчиларига эса давлат шериги томонидан ёзма хабарнома юборилади. Давлат шериги ёзма хабарнома юборилмаган бошқа шахслардан таклифларни рад этади.
Ёпиқ тендер ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
21. Давлат шериги давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни тузиш ҳуқуқи учун тендерни ўтказиш регламентини белгиловчи тендер ҳужжатларини тайёрлайди, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги билан келишади ва тасдиқлайди.
22. Тендер ҳужжатларида қуйидагилар акс эттирилиши лозим:
талабгорларнинг малака талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатларга талаблар;
давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим объектининг жойлашган манзили;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан келишилган (хусусий шерикка ер участкаси ажратилиши кўзда тутилган давлат-хусусий шериклик лойиҳаси бўйича) ваколатли органлар ва ташкилотларнинг ер участкаси танлаш бўйича ҳужжатлари ва хулосалари, ер участкасининг майдони ва жойлашган манзили;
давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим объектининг техник-иқтисодий кўрсаткичлари;
давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим объектини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, ташкил этиш, жиҳозлаш, модернизациялаш, молиялаштириш, фойдаланиш ва хизмат кўрсатиш муддатлари;
давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим лойиҳаси;
давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим объекти ва хусусий шерик томонидан кўрсатиладиган хизматлар сифат кўрсаткичлари ва уларга қўйиладиган минимал талаблар;
давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим ижросини таъминлаш мақсадида, давлат шериги томонидан тақдим этиладиган молиялаштириш ҳажми, мулклар рўйхати ёки мулк ҳуқуқи;
давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим томонларининг ўз зиммаларига оладиган хавф-хатарлари;
давлат-хусусий шериклик лойиҳалари параметрлари акс этадиган валютани ва уларни таққослаш ва баҳолаш мақсадида ягона валютага келтириб, ҳисоб-китобларда фойдаланиладиган валюта курсини кўрсатиш;
тендер мезонлари баёни;
тендер сўровлари (таклифлари)ни тақдим этиш тилига талаб;
тендер сўровлари (таклифлари)нинг мазмуни, усули, манзили, тендер сўровлари (таклифлари)ни тақдим этиш ва амал қилиш муддатлари;
тендер сўровлари (таклифлари) бўйича таъминотни киритиш шартлари;
тендер сўровлари (таклифлари) бўлган конвертларни очиш жараёни, манзили, санаси ва вақти.
23. Давлат шериги Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги билан келишган ҳолда, тендер ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқига эга. Давлат шериги тендер ҳужжатларига ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар киритиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб, беш иш кунидан кечиктирмасдан барча талабгорларга тендер ҳужжатларига киритилган ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар матнини тақдим этади. Бунда тендер сўровлари (таклифлари)ни тақдим этишнинг сўнгги муддати давлат шериги томонидан талабгорлар тендер сўровлари ва тендер таклифларидаги ана шу ўзгартиш ва (ёки) қўшимчаларни ҳисобга олишлари учун камида ўттиз кунга чўзилади.
24. Тендер ҳужжатлари улар асосида хусусий шерик танлаб олинадиган тендер мезонларини, шу жумладан талабларни ўз ичига олади.
Тендер мезонлари турлича талқин этилмаслиги ва уларда камситувчи қоидалар бўлмаслиги, шунингдек давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим предмети билан боғланган бўлиши керак. Тендерда, дастлабки малакавий танлов босқичидаги тўғридан-тўғри музокараларда иштирок этиш учун, соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга оширишдаги қизиқишини маълум қилиши учун талабгор қуйидаги мезонларга мос келиши шарт:
ҳуқуқий лаёқатга эга бўлиш;
тўлов қобилиятига эга бўлиш;
давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим бўйича мажбуриятларни бажариш учун молиявий ва (ёки) моддий, техник ва (ёки) малакали меҳнат ресурсларига эга бўлиш;
давлат шериги билан манфаатлар тўқнашувига олиб келувчи бевосита ёки билвосита алоқаларда бўлмаслик.
25. Қайта ташкил этиш, тугатиш ва (ёки) банкротлик босқичида бўлган, шунингдек мулкига тақиқ қўйилган талабгорларни тендерда иштирок этишига йўл қўйилмайди.
26. Ғолибни танлаб олиш босқичида фойдаланиладиган мезонлар, шу жумладан:
хусусий шерик томонидан давлат шеригига тўланадиган тўлов ҳажми;
чекланган нархлар ва тарифлар;
давлат шериги, якуний истеъмолчи томонидан тўланадиган тўлов ҳажми;
давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни бажаришга жалб қилинадиган хусусий шерикнинг маблағ ҳажми;
давлат томонидан хусусий шерикка кўрсатиладиган ёрдам ҳажми;
жамоат инфратузилмасини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, ташкил этиш, жиҳозлаш, модернизациялаш, молиялаштириш, фойдаланиш ва хизмат кўрсатиш муддатлари;
давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддатлари;
давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг техник ва технологик афзалликлари, функционал ва инновацион характеристикаси.
27. Тендер бир босқичли ёки икки босқичли бўлиши мумкин. Тендернинг босқичлари тендер ҳужжатларида белгиланади.
28. Умумий қиймати эквивалентда 1 млн. АҚШ долларигача бўлган давлат-хусусий шериклик лойиҳалари учун бир босқичли тендер ўтказилади.
Бир босқичли тендер жараёни ўз ичига қуйидагиларни олади:
тендер ўтказиш тўғрисида оммавий ахборот воситаларида ҳамда давлат шериги ва Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлигининг расмий веб-сайтларида эълон қилиш;
давлат шериги томонидан тендер таклифлари сўровини юбориш;
талабгорлар томонидан тендер таклифларини тақдим этиш;
талабгорларнинг тендер таклифлари бўйича конвертларини очиш;
тендер таклифларини баҳолаш;
ғолибни аниқлаш;
ғолиб билан якуний музокаралар ўтказиш;
хусусий шерик билан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни имзолаш.
29. Икки босқичли тендер жараёни ўз ичига қуйидагиларни олади:
1) дастлабки саралаш:
тендер ўтказиш тўғрисида оммавий ахборот воситаларида ҳамда давлат шериги ва Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлигининг расмий веб-сайтларида эълон қилиш;
давлат шериги томонидан дастлабки саралашда қатнашиш учун таклифнома юбориш;
тендер аризаларини йиғиш ва баҳолаш, шу жумладан, талабгорнинг малакасини тасдиқловчи ҳужжатларни йиғиш;
дастлабки саралашдан ўтган талабгорлар рўйхатини шакллантириш.
2) ғолибни танлаш:
давлат шериги томонидан тендер таклифлари сўровини юбориш;
талабгорлар томонидан тендер таклифларини тақдим этиш;
талабгорларнинг тендер таклифлари бўйича конвертларини очиш;
тендер таклифларини баҳолаш;
ғолибни аниқлаш;
ғолиб билан якуний музокаралар ўтказиш;
хусусий шерик билан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни имзолаш.
30. Дастлабки саралашда қатнашиш учун аризаларни йиғиш муддати эълон чоп этилган санадан сўнг ўттиз кундан кам бўлмаслиги керак.
31. Дастлабки саралашда талабгорлар сони иккитадан кам бўлмаслиги лозим.
32. Ғолибни аниқлаш босқичида давлат шериги дастлабки саралашдан ўтган талабгорларга тендер таклифлари ва давлат-шериклик тўғрисидаги битим лойиҳасини тақдим этиш бўйича сўровнома юборади.
Тендер таклифларини тақдим этишнинг сўнгги муддати сўровномада кўрсатилади ҳамда у дастлабки саралашдан ўтган талабгорларга тендер таклифлари ва давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим лойиҳасини тақдим этиш бўйича сўровнома юборилган санадан бошлаб камида қирқ беш кун бўлиши лозим.
33. Битта тендер таклифи мавжуд бўлганда ва тендер комиссияси тендер таклифини тендер таклифларини тақдим этиш тўғрисидаги сўровномага мос деб топганда тендер ўтказилган деб топилади.
34. Талабгор тендер таклифлари сўровида белгиланган шартларда тендер таклифининг кафолат таъминотини тақдим этиши лозим.
35. Талабгорлар томонидан тақдим этилган барча тендер таклифлари сўровнома талабларига мос келмаганда тендер комиссияси тендер ўтказилмаган деб топади ва қайтадан тендер эълон қилишга ҳақли.
36. Тендер комиссияси ғолиб тўғрисидаги маълумотни давлат шериги ва Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлигининг расмий веб-сайтларида эълон қилади.
37. Талабгорларнинг тендерда қатнашиш учун қилган харажатлари, тендер натижаларидан қатъи назар қопланмайди, мазкур Низомнинг 17-бандида кўрсатилган ҳоллар бундан мустасно.
38. Агар тендер комиссияси ғолиб томонидан тақдим этилган маълумотларда номувофиқликни аниқласа, тендер комиссияси ғолибни тендердан четлатиш тўғрисида қарор қабул қилади. Ғолиб тендердан четлатилган тақдирда, тендер комиссияси тендер ғолиби сифатида захирадаги ғолибни тайинлайди.
39. Ҳеч бир талабгор биттадан ортиқ тендер таклифини бериш ҳуқуқига эга эмас. Талабгор тендер таклифларини тақдим этишнинг сўнгги муддатига қадар хоҳлаган вақтда тендер таклифини ўзгартириши ёки қайтариб олиши мумкин.