Иқтисодий географик вазият ҳудудий меҳнат тақсимоти, иқтисодий районлар тури ва таркиби, мамлакат ва бошқа жойнинг иқтисодий сиғими, унинг ички тафовутлари, район ёки ҳудудий мажмуа ҳосил қилувчи асосий марказларининг мавжудлиги ва уларнинг ўзаро ҳудудий муносабати орқали белгиланади. Масалан, Ўзбекистан Республикасининг иқтисодий географик вазияти, энг аввало, унинг ишлаб чиқариш, демографик ва инфратузилма салоҳиятининг асосан воҳа ва водийларида ҳудудий мужассамлашуви билан тавсифланади.
Географийлик ёки ҳудудийлик коэффициенти жойнинг (мамлакат, минтақа ва ҳ.к.) ички тафовутлари, унинг ранг - баранглигини кўрсатади. Одатда, у энг юқори ва энг паст кўрсаткичлар нисбати орқали белгиланади ва “карра” ёки “марта” сўзлари билан ифодаланади. Бундай кўрсаткични турли соҳаларда ва турли ҳудудий даражада қўллаш мумкин: аҳоли табиий ҳаракати, суғориладиган ер (майдон) улуши, минтақа ёки қишлок туманлари экспорт салоҳияти, транспорт турининг зичлиги, аҳолининг касалланиш кўрсаткичлари ва ҳ.к. Географийлик коэффициент қанча кичик бўлса, ички ҳудудий тафовутлар оз бўлади, ва аксинча
Геодемографик тўлқинлар. Маълумки, демографик тўлқинларни фанга таниқли олим Б.Ц.Урланис киритган ва у Иккинчи жахон уруши таъсирида аҳоли туғилиш коэффициентининг вақт ўтиши билан маълум йиллар оралиғида пасайиши ва бу тўлқинларнинг аста-секин сўниб боришини тушунган эди. Агар демографик жараёнлар, асосан аҳолининг туғилиш кўрсаткичидаги ўзгаришлар вақт ва давр, макон ва замон бирлигида олинса, у ҳолда ўзига хос геодемографик тўлқинлар вужудга келади. Масалан, Ғарбий Европада ва Японияда бошланган туғилиш коэффициентининг қисқариб бориши қарама-қарши географик йўналишда давом этиб, Қозоғистон Республикасининг шимол, ғарб ва шарқий қисмини ҳам эгаллади ва ҳозирда у бу мамлакатнинг жанубий қисмига “етиб келди” ва ҳ.к.
Жойнинг “тоғлилик” коэффициенти. Ушбу кўрсаткич тоғ эгаллаган худуднинг минтақа ёки мамлакатнинг умумий майдонига нисбати орқали аникланади. Жумладан, Ўзбекистонда у тахминан 0,21, Сурхондарё вилоятида 0,70 атрофида (агар бу кўрсаткич 1,00 га тенг бўлса), кўрилаётган ҳудуд тўлиқ тоғлик ҳисобланади. Қишлоқ хўжалигида фойдали ер коэффициенти мамлакат, вилоят, қишлоқ туманида қишлоқ хўжалиги экин майдонларининг умумий ер фондига нисбатидир. Чунончи, бу кўрсаткич Андижон ёки Хоразм вилятларида 1,00 га яқин (демак, интенсив ўзлаштирилган), Қорақалпоғистон Республикаси ёки Навоий вилоятида эса у анча паст.
Do'stlaringiz bilan baham: |