Ислом таълимотларида инсон ҳуқуқлари ғояси.
Мусулмон ҳуқуқи ўз заминида норматив тизим сифатида VII-X асрларда араб халифалигида феодал жамият қарор топаётган бир даврда шаклланган бўлиб, ислом динига асослангандир7. Ислом мавжуд ҳуқуқ Аллоҳ томонидан юборилганлигига асосланади. Сарвари коинот тарихнинг муайян бир даврида башариятга ўзининг расули – Муҳаммад пайғамбар (тахминан 570 – 632 йиллар) орқали ислом таълимотини аён этди. Аллоҳ томонидан инъом этилган ҳуқуқ инсониятга бир йўла ва абадул абад берилган. Шу боис жамият бу ҳуқуққа амал қилмоғи, бинобарин муттасил ўзгариб турувчи ҳаётнинг ижтимоий шароитлари остида ўз ҳуқуқини яратишга уринмаслиги лозим. Тўғри, мусулмон ҳуқуқи назарияси илоҳий кашфиёт тушунтириш ва шарҳлашга муҳтож эканлигини эътироф этади. Мусулмон ҳуқуқшуносларининг неча асрлик сермашаққат ишлари айни ана шунга, яъни тушунтириш ва шарҳлашга кетган. Бироқ уларнинг бу саъй-ҳаракатлари янги ҳуқуқ яратишга эмас, балки Аллоҳ томонидан нозил бўлган ҳуқуқни фақатгина амалий жиҳатдан фойдаланишга мослаштиришга қаратилган, холос.
Мусулмон ҳуқуқида Римнинг кейинги даврига оид ҳуқуқдаги, қолаверса Ғарб ҳуқуқига хос қонун тушунчаси йўқ. Назарий жиҳатдан ёлғиз Аллоҳ қонунчилик ҳокимиятига эга. Амалда эса ҳуқуқшунос олимларнинг асарлари мусулмон ҳуқуқининг бирдан-бир манбаидир. Мусулмон ҳуқуқи хусусий мутахассислар томонидан яратилган ва ривожлантирилган. Давлат эмас, балки фиқҳ – ҳуқуқ илми қонун чиқарувчилик ролини ўйнайди8. Ҳуқуқ муайян нормаларнинг мажмуи сифатида ислом амал қила бошлаган дастлабки икки аср мобайнида шаклланди. Кейинги асрлар амалда бу борада ҳеч бир янгилик киритмаган. Ана шу турғунликни ижтиҳод эшикларини ёпилишига боғлайдилар. XIX асрга қадар мусулмон ҳуқуқий онгининг тадрижий ривожи диний-ҳуқуқий шарҳлар ҳамда фатволар мажмуида ўз ифодасини топган. Бу шарҳ ва фатволар эса шариатнинг анъанавий қоидалари ва принципларини янгича тарзда талқин этар эканлар, ҳеч қачон уларни очиқдан-очиқ рад этмаганлар ва уларнинг одатий жарангини ўзгартирмаганлар9.
Ислом насронийлик каби руҳ абадийлиги ғоясига эътиқод қилади. Унда бани башар Одам Атонинг тенг ҳуқуқли фарзандлари сифатида қаралади. Мусулмонлар ўз қаламравларидаги кофирларга, бединларга ҳамиша сабр-муроса билан муносабатда бўлиш, бағрикенглик фазилатини намоён этиб келганлар. Номусулмон жамоаларга одатда ўз ички ишларини бошқариш ҳуқуқи берилган.
Арабларнинг исломгача бўлган урф-одатлари ва удумларига нисбатан исломда қашшоқлар, етим-есирлар ва аёлларга муносабатда анчагина илғор тамойиллар кўзга ташланади. Гарчи қулдорлик сақланиб қолган бўлса-да, қулларга юридик ҳуқуқлар берилган, улар хусусан ишлаб топган маблағлари асосида ҳақ тўлаб озод бўлиш ҳуқуқини олганлар. Мажбурий тусда бўлмаса ҳам, ҳар қалай қулларнинг озод қилиниши дин шарофати билан содир бўладиган ҳаракат сифатида қўллаб-қувватлаб келинган. Илгари кенг тарқалган қиз болаларни гўдаклигидаёқ нобуд этиш, йўқ қилишдек ваҳший одат тақиқланган. Қотиллик учун шахсий ўч олганлик ёки бошқа жиноий қилмишлар юзасидан жавобгарлик кучайтирилган. Одил судлов дин пешволари томонидан Қуръон оятларига қатъий мувофиқ равишда амалга оширилган. Муқаддас китоб – Қуръонда эр-хотин ажралиши тўғрисидаги нормалар, никоҳ бекор бўлиши оқибати болалар учун келтириб чиқарадиган қоидалар ҳам қамраб олинган.
Шу сабабли, Э.Мейер таъкидлаб айтганидек, «ислом тафаккур олами инсон ҳуқуқларининг ривожланган назариясига эга бўлмаганлиги факти мусулмон дунёсининг анъанавий жамиятларида давлат репрессив намунада тузилганлигини англатмайди; аксинча тарихан бундай жамиятларда ижтимоий ва маданий масалаларга ҳукмдорларнинг аралашмаслигидек умумий намуна мавжуд бўлган. Ўтмишда қарор топган анъаналар, уруғ-аймоқ ва жамоалар сингари ноҳукумат институтлар шахс эркинлигига таъсир этувчи омиллар сифатида ҳукмдорларга нисбатан муҳимроқ роль ўйнаган. Давлат билан шахс ҳуқуқлари ўртасида муттасил низо ва можаролар келтириб чиқарадиган ёки ислом мутафаккирларини бундай эркинликларни ҳукмдорлар эгаллаб олишидан ҳимоя этиш билан, инсон ҳуқуқларининг ҳозирги нормалари ривожи замирида ётган ташвиш-андуҳлар билан боғлиқ масалалар устида иш олиб боришга ундайдиган шарт-шароитларнинг ўзи йўқ эди»10.
Имом Бухорий, Ат-Термизий, Ахмад Яссавий, Абул-Қосим Замахшарий сингари хадис ва тасаввуф илмининг етук намояндалари инсон ҳуқуқлари ва унинг ижтимоий моҳиятини Қуръони Карим ва Хадиси Шарифларда куйилган ислом хамда шариат талаблари асосида кўрсатиб беришга ҳаракат қилганлар. Исломнинг бу муқаддас манбаларида инсоннинг такдири ва хаёти Оллоҳ номи билан боғлик ҳолда ифодалаб берилади. Бунда ер юзидаги барча инсонларнинг Оллоҳ олдидаги тенглиги ғояси, ҳар бир инсонга Оллоҳ томонидан берилган неъматлардан уларнинг баравар фойдаланиши зарурлиги ғояси билан чамбарчас боғланиб кетганини кўрамиз11.
Куръони Карим ва Хадиси Шарифларда инсоннинг Оллоҳ ва шариатдаги хақ-ҳуқуқлари инсон фойдаланиши зарур бўлган алоҳида-алоҳида ҳуқуқлар мисолида кўрсатиб берилган. Масалан, “Куръони Карим”нинг “Бақара сураси”даги 223, 228-229, 230-оятларида эркак ва аёлнинг никоҳга кириш ёки никоҳдан чиқиш ҳуқуқи, "Ол-и имрон сураси"нинг 20-оятида ислом динига эътиқод қилиш ҳуқуқи ва инсоннинг бошқа ҳуқуқлари шариат талаблари асосида баён қилинган.
Инсон ҳуқуқларини шариат талаблари асосида кўрсатиб беришга доир бундай ёндашиш хадисларда ҳам ўзининг аниқ, ифодасини топган. Ҳар бир хадисда жамият хаётининг алоҳида бир масаласига доир талаблар илгари сурилганлиги учун хам, уларда инсоннинг хилма-хил хақ.-ҳуқуқлари уларнинг алоҳида ҳуқуқдари мисолида баён қилиб берилади. Масалан, Имом Бухорийнинг "Ал-адаб, ал-муфрад" (Адаб дурдоналари) асарида ота-она хақини адо қилиш, фарзанднинг ота-онаси олдидаги ва ота-онанинг фарзанди олдидаги хақ-ҳуқуқлари, зиёрат қилиш, турар жойга эга бўлиш ва бошқа шулар сингари хақ-ҳуқуқларнинг ҳар бири алоҳида хадисларда берилганки, бундай холни хадислар тўғрисида ёзилган ҳар бир асарда учратиш мумкин.
Турли масалалардаги сингари, инсон ҳуқуқлари масаласига доир хадисларда хам инсон ҳуқуқлари масаласи унинг хақ-ҳуқуқлари мисолида берилади. Бунда инсоннинг кимнингдир олдидаги хақи (Оллоҳнинг, унинг расули Мухаммад Пайғамбарнинг ёки жамиятнинг) унинг ҳуқуқи эканлигини ҳам англатади.
Масалан, борди-ю, бир киши иккинчи бир кишидан бирор нарса билан қарздор бўлиб қолган бўлса, бу қарзни қайтариб олиш шариатда иккинчи кишининг ҳуқуқи хисобланади ва шу иккинчи киши ўзининг қарзини қайтариб олиш ҳукуқидан фойдаланиши мумкин бўлади. Қарз олган кишининг уни қайтариб бериши эса унинг ҳуқуқи хисобланмайди. Шунга кўра исломда ва унинг манбаларида инсоннинг ҳуқуқлари унинг хақи мисолида берилганлигини кўрамиз. Жумладан, Имом Бухорий фарзандлар ота-оналарини рози қилиш ҳуқуқига эга эканлигини қуйидаги бир хадисда шундай баён қилади: “Ким ота-онасини рози қилса, унга тубо (жаннат) насиб бўлиб, Оллоҳ Таоло унинг умрини ҳам зиёда килади”12. Бунда фарзанднинг ота-онасини рози қилиши кераклиги Оллоҳ номи билан ҳар бир инсоннинг у фойдаланиши мумкин булган ҳуқуқи эканлиги назарда тутилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |