Сиёсий- ҳуқуқий таълимотларда инсон ҳуқуқлари масаласи.
Инсон ҳуқуқлари масаласи тўғриси бахс кетганда, унинг бешиги қаерда, инсон ҳуқуқларига оид ғоялар қаерда кенг ривожланган, бугунги кунда инсон ҳуқуқлари масаласига кимни хиссаси кўп деган саволлар, бахслар бу соҳадаги ғарблик ва шарқлик олимлар ўртасидаги қизғин тортишувларга сабаб бўлмоқда. Шу мақсадда, олдинги параграфларимизда инсон ҳуқуқларига оид ғарб дунёси томонидан эришилган ютуқлар ва уларнинг хиссасига тўҳталиб ўтган бўлсак, бу параграфда шарқнинг ролига эътиборни жалб этамиз. Бу таққослашдан мақсад, инсон ҳуқуқларига оид ғарбона ва шарқона тушунчаларни қарама-қарши қўйиш эмас, балки уларни ўзаро қиёсий таққослаш ва ўзаро боғлиқда ўрганишдан иборат, холос.
Юнон–Македония, Рим, Византия ва Усмония империяларида европаликлар ҳам, осиёлик ва африкаликлар ҳам яшагани боис улар ўртасида маданий алмашинув жараёни узлуксиз кечган. Чунончи, «ғарбий» Рим ҳуқуқи «шарқий» яҳудийлар ҳуқуқига, қолаверса «ғарбий» насронийлар ҳуқуқига таъсир этган, ана шу насроний ҳуқуқ эса мустамлака босқинлари даврида кўпгина «шарқий» ҳуқуқий анъаналарга ўз таъсирини ўтказган. Шу сабабли ҳам инсон ҳуқуқлари Шарқда қандай шаклланганлигини таҳлил этмай туриб, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқнинг келгуси ривожини англаб олиш қийин2.
Зардуштийлик динида инсон ҳуқуқлари масаласи. Қадимги шарқда инсон ҳуқуқлари тўғрисида фикр юритилганда, биринчи ўринда Зардўштийлик динининг муқаддас китоби Авестога тўҳтаб ўтиш мақсадга мувофиқдир. Инсон ҳуқуқлари муаммолари Марказий Осиёнинг фалсафий ва ижтимоий-сиёсий таълимотларида ўз аксини топди. Бунга қадимги ва ўрта асрлардаги Марказий Осиёнинг диний-фалсафий ва ҳуқуқий тизимларининг таҳлил гувоҳлик бермоқда, ҳусусан, ар.ав.VIII асрда пайдо бўлган зардўштийлик динини мисол қилиб олишимиз мумкин. Бизга маълумки, бу дин фалсафасининг марказида яхшилик ҳудоси Ахурамазда ва ёмонлик ҳудоси Ахриманлар ўртасидаги кураш ётади.
Зардуштийликда марказий ўринлардан бирини қонун, шартнома ва танлаш категориялари эгаллайди. Зардўштийликнинг муқаддас китобининг учдан бир қисмини қонунлар ташкил этиб, уларнинг мақсади, мукаммал барча муносабатларда уйғунлашган гуллаб-яшнайдиган жамиятни қуришдир. Шартномага ишонч алоҳида қадрият ҳисобланган (шартнома, оғзаки ва ёзма бўлган). Шунинг учун ҳам зардуштийликдаги асосий ҳудолардан бири – Митра – шартнома ҳудоси бўлганлиги бежиз эмас.
Шартномага, бошқалар хаётига ва мулкига ҳурмат принципларига ҳокимият тушунчаси қурилган бўлиб, у Авестода марказий ўринлардан бирини эгаллайди.
Таабийки, фозил ҳукмдор наффақат қонунга амал қилиши, шу билан бирга зўравонликка ҳам йўл қўймаслиги керак.
Зардуштийлик исломга қадар бўлган ўз ривожининг неча минг йиллик даврида ўзига хос диний-фалсафий тизим сифатида шаклланди ҳамда ва Марказий Осиё ва Эрон халқларининг аксарияти учун ҳуқуқнинг универсал манбаи бўлган. Ҳуқуқшунос Н.Сафо-Исфиҳонийнинг таъкидлашича, «қонун тушунчаси зардуштийликнинг илк босқичлариданоқ унинг муҳим таркибий қисми бўлган. Зардуштийликка хос муқаддас китобнинг учдан бир қисми турли босқич ва соҳадаги қонунга тааллуқли эди», зардуштларнинг «амалий қонунлар»ни ўзида мужассам этган муқаддас китоби - Авестонинг мақсади эса «ҳар жиҳатдан ва ҳамма муносабатларда уйғунликка эришиладиган уюшган, гуллаб-яшнаётган жамият барпо этиш»3 дан иборат бўлган. Зардуштийлик ҳуқуқининг диний хусусиятига қарамай, этник мансублиги, дини, ёши, жинси ва қайси табақадагилигидан қатъи назар шахс ҳуқуқлари унда Рим ҳуқуқидан кам бўлмаган даражада шаклланган ва қарор топган. Шу боис тадқиқотчилар зардуштийлик қонунлари «одамларнинг хоҳиш-иродаси эркинлигига эътибор беради» деб таъкидлашлари бежиз эмас.
Умуман олганда, зардуштийлик ҳуқуқ манбаи бўлиб хизмат қилишдан ташқари жамият ҳаётининг ҳуқуқ билан боғлиқ барча соҳаларини ўзида тўлиқ жамлашга интилган. Зардуштийлик динининг ана шу хусусияти уни яҳудийлик (иудаизм) ва насронийлик билан бир қаторга олиб чиққан. Шу боис ўз ҳуқуқий тизимини яратиш у ёқда турсин, ҳуқуқий муносабатларга киришишдан умуман ўзини четга оладиган мажусийлар - гностиклар, буддапарастлар ва монихейлардан фарқлаш учун зардуштийлар, яҳудийлар ва насронийларни мусулмон илоҳиётчилари «қонун кишилари» (афтидан «ўз қонунлари бор кишилар») деб ҳисоблашлари бежиз эмас.
Do'stlaringiz bilan baham: |